16.12.2014

ОЧИҚЛИК ВА ШАФФОФЛИК АСОСИЙ МЕЗОН

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил бошида бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида иқтисодиётнинг барча тармоқларига ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айни вақтда, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича ишларни изчил давом эттириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда барча соҳалардаги сингари, суд-ҳуқуқ тизими такомиллашувини ҳам замонавий ахборот-коммуникация техно­логия­ларисиз тасаввур қилиш қийин.

Ўтган қисқа давр ичида хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хўжалик судлари фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг шаффофлигини таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хўжалик судлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даврида, энг аввало, Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратиш, уларнинг вақти ва маблағларини тежаш мақсадида хўжалик судларида даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш тартиби жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг расмий сайтида даъво ариза ва илтимосномаларни қабул қилиш бўйича марказлаштирилган элек­трон дастурий таъминот ишга туширилди. Мазкур дастурий таъминот орқали хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномалар, апелляция ва кассация шикоятлари ҳамда назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризалар электрон шаклда ҳам тақдим этиб борилмоқда. Статистик таҳлилларга қараганда, жорий йилнинг бошидан ноябрь ойига қадар хўжалик судларига жами 218.913 даъво ариза ва шикоят келиб тушган бўлса, шундан 32.251 таси ёки 14,7 фоизини электрон кўринишдаги даъво аризалар ва шикоятлар ташкил қилган.

Айни пайтда суд муҳокамаси иштирокчилари ёки мурожаат муаллифларига турли хат-хабарлар ҳамда суд ҳужжатларини электрон шаклда жўнатилиши тартиби жорий этилган бўлиб, ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган ҳар бир судья электрон рақамли имзо билан таъминланган. Суд ҳужжатининг ҳақиқийлиги мазкур электрон рақамли имзо билан тасдиқланади. Яна рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг бошидан 1 ноябрь кунига қадар хўжалик судлари томонидан суд муҳокамаси иштирокчилари, мурожаат муаллифларига жами 46 минг 626 та суд ҳужжатлари электрон кўринишда юборилган.

Ҳозирда хўжалик судларида иш юритишнинг ягона корпоратив тармоққа, электрон маълумотлар базасига бирлаштирилган ҳолда олиб борилиши амалиётга жорий қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ва барча қуйи хўжалик судлари фаолиятини бирлаштирган ягона электрон маълумотлар базаси 2014 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб ишга туширилди, бунинг учун зарур сервер ва бошқа ускуналар, ахборот-коммуникация технологиялари ўрнатилди. Эндиликда мазкур электрон маълумотлар базаси воситасида қуйи хўжалик судларининг фаолияти Олий хўжалик суди томонидан онлайн тарзда мониторинг ва назорат қилиб борилмоқда. Бундан ташқари, барча статистик ҳисоботлар қуйи хўжалик судлари томонидан электрон базага кундалик киритиб борилаётган маълумотлар асосида шаклланиб бормоқда.

Таъкидлаш керакки, хўжалик судлари фаолиятига жорий этилган ушбу электрон маълумотлар базаси суд раислари, судьялар ҳамда ходимларнинг ўзларига юклатилган вазифаларни амалга оширишда уларнинг янада масъулиятини кучайтиришга, хўжалик судлари фаолиятининг очиқлигини янада таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Хўжалик судларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан боғлиқ сўнгги янгиликлардан бири сифатида ҳозирги кунда суд мажлисларининг видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганини айтиб ўтиш мумкин.

Олий хўжалик судининг қонунчилик ташаббуси ҳу­қуқидан фойдаланган ҳолда тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2014 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган, деб топиш тўғрисида»ги қонунида ўз ифодасини топди ва Хўжалик процессуал кодексига киритилган суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ мазкур ўзгартишлар жорий йилнинг 1 сентябрь кунидан бошлаб амалиётга татбиқ қилина бошланди.

Олий хўжалик суди Раёсати қарори билан «Видеоконференцалоқа режимидаги хўжалик судининг мажлисини ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Вақтинчалик низом тасдиқланди. Ушбу Низомнинг 3-бандига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконфе­ренцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланишига суд жараёнларининг барча бос­қичларида йўл қўйилади. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш, бундай суд мажлисини ўтказиш, шунингдек, суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатлар билан ишлаш масалаларида судья ва суд ходимлари мазкур Низом талабларига тўлиқ риоя этишлари лозим бўлади.

Суд мажлисларининг видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётгани натижасида суд процесси иштирокчилари, шу жумладан, ишни кўраётган суддан бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектлари ўзлари яшайдиган ҳудуддан чиқмасдан, вақтлари ва маблағларини тежаган ҳолда суд жараёнида иштирок этишларига имконият яратилди. Видеоконференцалоқа тизимининг жорий этилиши натижасида ишларни кўришда тезкорликка ва процессуал муддатларнинг тежалишига эришиляпти. Статистик кўрсаткичларга қараганда, 1 сентябрдан бошлаб ўтган икки ой ичида Республика хўжалик судлари бўйича ведеоконференцалоқа режимида жами 435 та суд мажлиси ўтказилган бўлса, ушбу суд мажлисларида иштирок этган 909 нафар фуқаронинг вақт ва маблағлари билан боғлиқ харажатлари тежалишига эришилган.

Бундан ташқари, видеоконференцалоқа тизими Олий хўжалик судининг қуйи хўжалик судлари тизими билан узвий алоқасини таъминламоқда. Эндиликда судлар фаолиятига тааллуқли ҳар қандай маълумот жойлардаги судларга тезкорлик билан етказилмоқда, масофавий йиғилишлар, семинарлар ва конференциялар ўтказилмоқда. Бунда Олий хўжалик суди томонидан ҳозирги вақтда ўтказилаётган турли йиғилишларда, жумладан, Раёсатнинг кенгайтирилган йиғилишлари, Пленум йиғилишлари, судьяларнинг конференцияларда иштирок этиш учун сарфланаётган маблағлар ва вақтнинг тежалишига эришилаяпти.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, хўжалик суди тизимида амалга оширилаётган бу ислоҳотлар, аввало, одил судловни амалга оширади ва қонун устуворлигини таъминлайди. Хўжалик судларининг фаолиятини бугунги замон ва тараққиёт талабларига мос равишда такомиллаштириб боришга хизмат қилади.

 

Азиз ҚУДРАТОВ,

Жиззах вилоят хўжалик судининг судьяси.

Жасур АХБУТАЕВ,

Суд катта маслаҳатчиси.

 



DB query error.
Please try later.