Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
16.12.2014

ҲАВАС ВА ИШТИЁҚ

ўн ёшли Темур Азизовни чемпионлик сари ундамоқда

Бугун мамлакатимиздаги қайси спорт майдони ёки иншоотига борманг, катта ҳавас ва иштиёқ билан машғулотларда қатнашаётган болаларни кўриб кўзингиз қувонади. Уларнинг орзулари билан қизиқсангиз, «Жаҳон чемпиони, Олимпия чемпиони бўлмоқчиман», дейишади.

— Ҳозирда тўгарагимизда  эллик нафарга яқин шогирдимиз кураш сирларини ўрганмоқда. Уларнинг орасида истеъдодлилари кўп, — дейди пойтахтимиздаги «Пахтакор» стадиони қошидаги юнон-рум кураши тўгараги мураббийи Хайрулла Абдуллаев. — Масалан, Исмоил Асанов, Сардор Зарифжонов, Диёр Аҳмедов, Лазиз Омоновлар ўз вазн тоифаларида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионати, халқ­аро турнирлар ғолиблари бўлган. Яқинда яна бир истеъдодли шогирдимиз Абдулазиз Ғулом­қодиров (85 кг) ўсмирлар ўртасида Белорусда ўтган нуфузли халқаро мусобақадан олтин медаль билан қайтди.

Кураш залидамиз. Машғулотларни бошлашдан аввал мураббий ўз шогирдлари билан саломлашар экан, халқ­аро турнирдан ғалаба билан қайтган Абдулазиз Ғуломқодировни ўз олдига чорлади. Ғолиб шогирдининг қўлини сиқиб табриклади, бошқаларни ҳам ундан ибрат олишга чақирди. Ёш спортчилар Абдулазизни қарсаклар билан олқишлади.

— Уч йилдан бери юнон-рум кураши билан шуғулланаман, — дейди ўн ёшли Темур Азизов. — Ҳозирда Миробод туманидаги 60-мактабнинг 5-«Д» синфида ўқияпман. Ҳафтада уч кун дарслардан кейин шу залга машғулотга қатнайман. Оилада уч ўғилмиз. Акам Азизбек сузиш билан шуғулланади. Оиламизда  суҳбатларимиз ҳам кўпинча спорт ҳақида бўлади.

— Нега айнан юнон-рум курашини танлагансиз?

— Ўртоқларимнинг кўпчилиги теннис ва футболга қизиқади. Менга эса кўпроқ юнон-рум кураши ёқади. Бу спорт тури билан жиддий шуғулланиб, келажакда жаҳон чемпиони бўлишни хоҳлайман. Икки йилдан бери болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган шаҳар ва республика биринчиликларида иштирок этиб келяпман. Ўтган йилнинг кузида болалар ўртасида 48 кг вазн тоифасида ўтказилган республика турнирида ўзимнинг биринчи олтин медалимни қўлга киритдим. Бунақа сов­ринлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бунинг учун, аввало, устозим Хайрулла Абдуллаевдан миннатдорман. Мени доимо қўллаб-қувватлаётган ота-онамга ҳам раҳмат айтаман.

— Ўзбекистонлик жаҳон чемпионларидан кимларни биласиз?

— Эркин кураш бўйича бир неча карра жаҳон ва Олимпия чемпиони Артур Таймазовни ҳаммамиз биламиз. Юнон-рум кураши бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Дилшод Орипов, Олимпия чемпиони Александр Дуктуришивилига ҳавасим келади. Улардек бўлишим учун жуда кўп шуғулланиш кераклигини устозим доимо уқтиради. Биз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мен ҳам келгусида албатта жаҳон ва Олимпия чемпиони бўламан.

Ёш ва умидли полвон Темур Азизовнинг беғубор орзулари ҳақида эшитаркансан, унинг дадил ва бурро cўзларидан кўнглинг тоғдек кўтарилади. Зеро, эртанги кун полвонлари, бўлғуси жаҳон чемпионлари ишонч ва қатъият билан сўзлайди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.




DB query error.
Please try later.