16.12.2014

Ўзбекистонда халқаро талабларга тўла жавоб берадиган сайлов тизими яратилган

Шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловларни кузатиш жараёнида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан уч юздан зиёд вакил иштирок этиши кутилмоқда. ЎзА мухбирлари мамлакатимизга ташриф буюрган халқаро кузатувчиларнинг айримлари билан учрашиб, уларнинг таассуротлари, сайлов жараёнлари тўғрисидаги фикрлари билан қизиқди. 

Йошико Кавабата, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети профессори (Япония): 

– Ўзбекистон Республикаси сайловига оид барча қонун ҳужжатлари, уларга киритилган ўзгаришлар билан танишиб чиқдим. Мамлакатингизда фуқаролар сайлов ҳуқуқининг амалда ижросини таъминлаш мақсадида халқаро талабларга тўла жавоб бера оладиган сайлов тизими яратилган. 

Халқингиз сайлов руҳи билан яшаётганининг гувоҳи бўлдим. Оммавий ахборот воситаларида чоп этилаётган мақолалар, теле-радио каналлари орқали намойиш этилаётган аксарият кўрсатув ва эшиттиришлар сайловга бағишланган, кўчалар ва биноларда депутатликка номзодларнинг плакатлари ҳамда сайловчиларни овоз беришга чорловчи шиорлар осилган. Телевидение орқали сиёсий партиялар вакиллари ва депутат номзодларнинг чиқишларини, уларнинг сайловолди ташвиқотлари ва баҳс-мунозараларини кўрдим. Бу жараён ғоят қизғин ва фаол ўтаётгани сайловчиларнинг овоз бериш жараёнида муносиб номзодни танлаш имкониятини кенгайтиради. 

Депутатликка номзодлар ичида хотин-қизлар вакилларининг кўплиги мамлакатингиз сайлов тизимидаги ютуқлардандир. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органлари депутатлигига номзодлар орасида хотин-қизлар учун 30 фоиз квота белгилангани мамлакатингизда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий самарасидир. Ўзбекистонда бу борада эришилган ютуқларга ҳавас қилса арзийди. 

Евгений Слобода, МДҲ Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи: 

– Миссиямиз вакиллари шу кунгача Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги сайлов участкалари билан танишди. Барча сайлов участкаларида сайловга юксак даражада тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. 

Ўзбекистонда сайловларни демократик руҳда ўтказиш учун жуда кўп иш қилинган. МДҲ кузатувчилар миссияси Ўзбекистонда ўтган олдинги парламент сайловларида ҳам қатнашган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги такомиллашиб, энг юқори демократик талабларга тўлиқ жавоб беради. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлигини таъминлаш кафолатлари кучайтирилган. 

Борис Қандов (АҚШ): 

– Ўзбекистон мустақиллик йилларида барча соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритди. Халқ фаровонлиги муттасил ошиб, мамлакатингизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда. Бу Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлининг ғоят тўғри ва ҳаётий эканидан далолат беради. Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳсинга сазовор. 

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига оид ҳужжатлар билан танишиб, бу борадаги барча саволларимга тўлиқ жавоб топдим. Мамлакатингизда сайлов тизими ва уни ўтказиш жараёни тобора такомиллашиб бораётгани, қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат тамойилларига риоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда сайловчилар учун барча қулай шарт-шароит яратилган. Депутатликка номзодлар орасида ёш авлод вакиллари кўплиги диққатимни тортди. Бу мамлакатингизда ёшларга қаратилаётган улкан эътибордан далолатдир. 

Нодира Манзурова, Ирода Умарова, ЎзА


DB query error.
Please try later.