13.12.2014

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ ҚОНУНГА МУВОФИҚ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши мониторинги натижалари муҳокама этилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарган ушбу мажлисда халқаро кузатувчилар, мамлакатимиз сиёсий партиялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон сайлов қонунчилигига асосан барча сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга адолатли, очиқ ва ошкора сиёсий рақобатлашиш учун тенг имконият ҳамда шароитлар яратилгани таъкидланди.

Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар шу йилнинг 15 ноябридан ўз сайловолди дастурларини, мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир позицияларини сайловчилар ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган сайловолди ташвиқотини бошлади.

Сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар барча оммавий ахборот воситаларида алифбо тартибида чиқиш қилмоқда. Ушбу тартибга мувофиқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Ўзбекис­тон Халқ демократик пар­тиясининг материаллари эълон қилинмоқда.

Мажлисда сайловолди ташвиқоти бошлангандан буён ўтган давр мобайнида сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар томонидан қонунчиликни бузиш ҳолатлари қайд этилмагани таъкидланди.

Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» теле ва радиоканалларида прайм-тайм вақтида чиқиш жадвалига риоя қилинмоқда. Бунда ҳар бир партияга бир хил эфир вақти, яъни ҳафтасига теле ва радиоэфир учун 238 дақиқадан (жумладан, кўрсатув учун 2 марта 15 дақиқадан), сиёсий партиялар етакчиларига эса 5 дақиқадан вақт ажратилган. Пар­тия­ларнинг теле ва радиороликлари беш дақиқали (ҳар бир партия учун 75 сониядан) ва икки дақиқали блокларда (30 сониядан) эфирга узатилмоқда.

Бундан ташқари, сиёсий партиялар вакиллари, депутатликка номзодлар теледебатлар ўтказмоқда.

Маҳаллий теле ва радиоканалларда партияларнинг роликлари ягона блокда кунига икки марта эфирга берилмоқда. Сиёсий партияларнинг вилоят органлари раҳбарлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзодларнинг чиқишлари учун 5 дақиқа, партия фаоллари, депутатликка номзодлар иштирокидаги кўрсатув ва эшиттиришларга 15 дақиқа вақт ажратилган. Ҳар бир сиёсий партия ва депутатликка номзодлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маҳаллий теле ва радиоканалларда ҳафтасига жами 900 дақиқадан ортиқ эфир вақтидан фойдаланмоқда.

«Халқ сўзи», «Народное слово» ва «Правда Востока» газеталарининг ҳар сонида сайловолди ташвиқоти материаллари чоп этилмоқда. Бунинг учун нашрларнинг иккинчи саҳифаси бепул ажратиб берилган. Сиёсий пар­тия­лар ўз матбуот нашрлари саҳифаларида ҳам сайловчилар овози учун кураш олиб бормоқда.

Сайловолди ташвиқоти кампаниясида ташқи рекламадан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 1212 махсус конструкция, 25 электрон мониторда ягона блокда сиёсий партияларнинг 30 сониялик роликлари намо­йиш этилмоқда.

Мажлисда 21-Бухоро, 34-Навоий ва 126-Темирйўлчилар округ сайлов комиссиялари раисларининг Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисига сайловни ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолари учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 9-12 декабрь кунлари ўтказилган ҳудудий семинар-тренингларнинг дастлабки якунлари сарҳисоб қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси вакилларининг сайлов округлари ва участкалари биноларининг техник ва ёнғин хавфсизлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг сайлов участкаларини алоқа воситалари билан таъминлаш бўйича мониторинг натижалари ҳақи­даги ҳисоботлари тингланди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Сардор ТОЖИЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.