13.12.2014

ҲАР БИР ИНСОН МАЛАКАЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди дастурида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар учун мақбуллигини таъминлаш, дори-дармон воситаларига нарх қўйиш устидан давлат назоратини кучайтириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 114-Қамаши сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Умида ­ГАЗИЕВА билан суҳбатимиз партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган масалалар мазмун-моҳияти, электорат вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятига бағишланди.

— Тиббиёт ходими сифатида ўз сайловолди дастурингизда тизимнинг қайси йўналишларини ривожлантиришга эътибор қаратгансиз?

— Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини изчил ислоҳ қилиш натижасида аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишнинг яхлит замонавий инфратузилмаси шакллантирилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, ўз дастуримда қишлоқ врачлик пунктларида тиббий хизмат сифатини яхшилаш, фаолиятини такомиллаштириш, жисмоний имконияти чекланган кишилар ва бошқа тоифаларга имтиёз асосида бериладиган дори воситалари рўйхатини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори воситалари ва тиббий анжомлар нархлари устидан давлат назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини тақиқлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратганман.

Ҳозирда менинг номзодим қўйилган сайлов округида 150 мингдан ортиқ сайловчи бор. Улар билан учрашувлар давомида одамларни ўйлантираётган, соҳада ечимини кутаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратаяпман.

Бугунги кунда Қамаши туманида истиқомат қилаётган 200 минг нафардан зиёд аҳолига 16 та қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатмоқда. Улар барча замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Партиямиз Сайловолди дастурида биринчи тиббий ёрдамдан қулай ва тезкор фойдаланиш, айниқса, олис қишлоқлар аҳолиси учун биринчи тиббий ёрдам тармоғини кенгайтириш масаласи алоҳида кўрсатилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, чекка ҳудудларда тез тиббий ёрдам постларини ташкил қилиш масаласининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш лозим, деб ўйлайман.

Бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги энг муҳим масалалардан бири — бу малакали кадрлардир.  Ҳозирда республика бўйича ҳар ўн минг аҳолига 23 нафар врач тўғри келади. Аммо бу рақам барча ҳудудларда бир хил эмас. Мазкур кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 17,8 Қамаши туманида эса 11,2 нафарга тўғри келади. Шу боис сайловолди дастуримда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларида мақсадли қабул амалиётини кенг жорий қилишни янада такомиллаштириш, айниқса, умумамалиёт шифокорларини талабдан келиб чиқиб тайёрлаш масаласини зудлик билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратганман.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда врачлар малакасини ошириш йўналиши қайта кўриб чиқиш зарур.

— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини ошириш, бу борада уларга берилган имтиёзларни сақлаб қолиш, кенгайтириш бўйича қандай таклифларни илгари сураяпсиз?

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кенгайтириш ва унинг сифатини оширишни ўзининг муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партиямизнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламига малакали тиббиёт-санитария ёрдами ва асосий тиббий хизматларни бепул кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши устидан тизимли депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатишни асосий вазифаси, деб билади.

Шуларни инобатга олган ҳолда, мен жисмоний имконияти чекланган, ҳисобда турадиган инсонларга рецепт асосида берилаётган дори воситалари билан боғлиқ муаммо бўлмаслиги тарафдориман. Шу орқали биз аҳолининг, айниқса, электорат вакилларининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаймиз.

Шу билан бирга, дори воситалари сотилиши устидан давлатнинг қатъий назоратини ўрнатиш лозим.

Сайловолди дастуримда, яна бир долзарб масала — тиббиёт коллежларини битираётган ёшларни иш билан таъминлашга эътибор қаратилган. Фикримча, бунинг энг оддий ва самарали йўли —  бу вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари эҳтиёжига қараб, ҳудудлар кесимида тиббиёт коллежларига ўқувчилар қабул қилиш зарур.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, аҳолининг, хусусан, ижтимоий муҳофазага муҳтож кишиларнинг қишлоқ врачлик пунктларига бўлган ишончи кундан-кунга ортиб бормоқда. Чунки, бугун одамлар ҚВПларда даво топаяпти. Саломатликларини тиклаяпти, малакали тиббий хизматдан фойдаланаяпти.

Президентимиз қарорига асосан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, қишлоқ жойларда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамширалари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Патронаж ҳамшираларнинг асосий функционал вазифаси — аёллар ва болаларни уйига бориб кўриш, врач кўрсатмаларини бажариш, аҳолининг санитария-эпидемия бўйича хотиржамлигини таъминлаш, санитария-гигиена жиҳатидан тарбиялаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тадбирларини ўтказиш ҳисобланади.

Патронаж ҳамширалар фаолиятининг сифати ва пировард натижалари-профилактика эмлашлари, флюрографик текширишлар билан қамраб олиш, касалликка чалинишни олдини олиш, болалар ва оналар ўлими ҳолатлари мавжуд эмаслиги билан баҳоланади.

Шу боис қишлоқ врачлик пунктларининг муҳим йўналиши ҳисобланган — патронаж ҳамширалар фаолиятини янада такомиллаштириш лозим. Чунки, улар ҳар бир оилага кириб, уларнинг саломатлигига масъул бўлади. Бу эса электоратимиз манфаатларига тўла мос келади. Шу боис мазкур йўналиш бўйича илғор хориж тажрибасини татбиқ этган ҳолда, патронаж ҳамширалар малакасини ошириш, уларни мунтазам равишда рағбатлантириб бориш зарур, деб ўйлайман.

— 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинди. Бу аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, кексалар, пенсионерлар манфаатларини таъминлашни ўзининг асосий вазифаси ҳисоблайдиган Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

— Бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларининг рўйхати шакллантирилган бўлиб, улар саломатлиги доимий назоратга олинган. Ҳозирда вилоятда 248 нафар уруш, 9 мингга яқин меҳнат фронти қатнашчилари ҳаёт кечирмоқда. Улар бир йилда бир марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Санаторияларда саломатликларини тиклашади.

Бизда уларнинг саломатлигини доимий равишда назорат қилиш, тиббиёт муассасалари ва санаторийларда соғломлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган. Яъни, уруш ёки меҳнат фронти қатнашчиси истиқомат қилаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасаси уларнинг саломатлигини доимий назорат қилади. Бу қандай тартибда амалга оширилади? Биринчи навбатда, тиббиёт муассасасида даволанган кишининг касаллик тарихидан кўчирмалар уч нусхада ёзилади. Бир нусхаси ўзи истиқомат қилаётган қишлоқ врачлик пункти ёки оилавий поликлиникага ўша куниёқ юборилиб ҳудуд шифокори унга таянган ҳолда соғломлаштириш ишларини йил давомида олиб боради.

Ҳар бир кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ижтимоий касалликлар билан ҳисобда турадиган беморларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш мақсадида режа ишлаб чиқилган. Унга асосан кўп тармоқли марказий поликлиникалар тор соҳа мутахассислари беморларни мунтазам назоратга олиб, ўз вақтида соғломлаштириш тадбирларини амалга оширмоқда. Ана шу механизм асосида биз барча уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғлигини доимий назорат қиламиз.

Агар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлансам, ана шу масалаларни жорий қилишнинг ҳуқуқий меъёрларини яратишга ҳаракат қиламан. Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатламини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни янада чуқурроқ ўрганишга ва уларни ҳал этиш бўйича зарур чораларни кўришга диққат эътиборимни қаратаман.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами учун кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, соҳада учраётган айрим муаммоларни ҳал этиш бўйича муҳим таклифлар ўз ифодасини топган.

Ҳурматли сайловчилар! Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз берсангиз, энг мақбул, энг ишончли йўлни танлаган бўласиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.