13.12.2014

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ КАФОЛАТЛАШ

демократик ислоҳотларнинг муҳим асоси

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловларига саноқли кунлар қолди. Ҳозирда мамлакатимиздаги бошқа партиялар каби Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари ви­лоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида муносиб қатнашиш учун ҳаракат қилмоқда. Сайловчилар, электорат вакиллари билан учрашувлар ўтказиш орқали партиямиз Сайловолди дас­турини, унда белгиланган масалаларни жамоатчиликка етказишга, уларнинг ҳаётий аҳамиятини очиб беришга эътибор берилмоқда.

Хусусан, партиямиз суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш юзасидан ўзининг  устувор йўналишларини илгари сурмоқда. Сайловолди дастуримизга мувофиқ, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир инсонга фуқаролик ва умуминсоний ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берувчи шароит яратиш кучли  фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, партиямиз аҳолининг давлат ва жамият қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари, ҳаётий эҳтиёжларига оид қонунлар ва бошқа қарорларни тайёрлаш ҳамда қабул қилиш жараёнларида ошкоралик таъминланишини қўллаб-қувватлайди. Ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифларга эгамиз.

Аввало, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун меъёрларининг бевосита таъсир этишига аҳамият бериш, яъни қонун ҳужжатлари имкон қадар  ҳавола нормаларсиз қабул қилиниши керак.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мажбурийлигини белгилаш — муҳим масала. Бундай қонунлар қабул қилинишида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари эҳтиёжлари ўрганилиши, ижтимоий сўровнома, мониторинг орқали таҳлил қилиниши мақсадга мувофиқ. Бу қонун ҳужжатларининг ҳаётийлигини янада оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид жамоатчилик катта қизиқиш билдирадиган масалалар бўйича меъёрий ҳужжатлар қабул қилишдан аввал улар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувлари ўтказилишини муҳим, деб биламиз. Партиямиз Сайловолди дастуридаги ушбу позициялар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ келади.

Ўзбекистон ХДП келажакда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партиялар­аро рақобат механизмларини ривожлантиришни давом эттириш, парламентдаги рақобат муҳитини ўстириш, бу борадаги ­фаолият кафолатларини янада мустаҳкамлаш тарафдори.

Қонунларга тўлиқ амал қилиниши ҳамда ижро ҳокимияти органлари фао­лияти устидан парламент назорати институтини кучайтириш, жумладан, парламент томонидан янги тайинланган ҳукумат ­фаолияти дастурини маъқуллашнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу дастур бажарилиши тўғрисидаги йиллик ҳисоботини Олий Мажлис томонидан эшитиш амалиётини жорий қилиш мамлакатимизда парламент ислоҳотларини чуқурлаштиришда долзарб аҳамият касб этади.

Ахборот-коммуникация технологияларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига кенг жорий этиш фуқароларнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг интерфаол давлат хизматлари ягона портали ва бошқа тегишли тармоқ ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш лозим. Хусусан, қонунлар ҳамда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг фуқаролар қонуний манфаат­ларига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матни ҳамма учун очиқ бўлиши керак. Улар билан эмин-эркин танишиш имконини берадиган махсус шохобчалар тармоғини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Партиямиз фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида даъво аризалари киритилганда олинадиган давлат божи миқдорларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи қонун меъёрларини ишлаб чиқишни режалаштирган. Шунингдек, суд ва суд процесси иштирокчилари ўртасида ўзаро самарали алоқа ўрнатилишини, жумладан, суд ҳужжатлари ва хабарномаларини етказишнинг замонавий услубларини жорий этиш, шу орқали процессуал механизмларни янада такомиллаштириш устида иш олиб бориш кўзда тутилмоқда.

Суд ҳокимияти самарадорлигининг асосий мезонларидан бири — суд қарорларининг ижроси таъминланиши, деб ҳисоблаймиз.  Суд қарорлари бажарилиши устидан судларнинг назоратини кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларига эҳтиёж бор.

Бугунги кунда демократик ислоҳотлар изчил ва босқичма-босқич давом этмоқда ва ҳаётда ўз самараларини бермоқда. Шу муносабат билан одил судловни амалга ошириш заминини ташкил этувчи қонунларни янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча имкониятларни ўрганиш зарурати келиб чиқди. Зеро, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон шаъни, қадр-қиммати, қонуний манфаатига хизмат қилар экан, демак, ушбу тизимга инсонпарварлик руҳини янада чуқур сингдириш зарур. Бу масала жамият ҳаётини демократлаштиришга, инсонпарварлик тамойилини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги, маънавий-мафкуравий хавфсизлиги қонунларнинг сифати, ҳаётийлигига боғлиқ. Қонун устуворлиги адолат кўрсаткичидир. Шунинг учун ЎзХДП барча соҳаларда сифатли қонунлар қабул қилинишига эришиш, қонун устуворлигини таъминлаш масаласини асосий вазифалардан бири, деб қўймоқда.

Хулоса қилиб айтганда, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган ғоялар мамлакатимизда амалга ошириб келинаёт­ган инсонпарвар демократик ислоҳотлар бош мақсадига мос келади. Сайловолди платформамизда фуқароларнинг ҳуқуқларини янада кафолатлаш мақсадида илгари сурилган таклифлар ҳаётимизни тобора эркинлаштириш ва демократлаштиришга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун сайловчиларни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғоялари ва номзодларига овоз беришга чақирамиз.

 

Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА,

Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар доктори.

133-Кўкча сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод.



DB query error.
Please try later.