13.12.2014

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИДА

Сайловчилар Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодларини қўллаб-қувватламоқда

Азиз сайловчилар! Сайловда келажак учун овоз берилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сизнинг мақсадларингизни, орзу интилишларингизни рўёбга чиқариш учун курашади.

Сизнинг танловингиз биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Келажак сари Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан бирга қадам ташланг!

Мамлакатимизда сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантириш соҳа­сида чуқур демократик ўзга­­ришлар амалга оши­рилди.

Конституциямизнинг 117-мод­дасига киритилган сўн­г­ги тузатишларга мувофиқ, Марказий сайлов комис­сиясини демократик асос­да шакллантириш тизими ва шунингдек, унинг асосий фаолият, принциплари конс­титуциявий жиҳатдан мустаҳкамланди.

Ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловларни ташкил этиш учун масъул бўлган сайлов орган­ла­рининг бутун тизими мус­тақиллигининг кафо­латлари кучайтирилди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунга кўра, депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, сайловчилар билан учрашувлар сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар томонидан мустақил равишда ўтказилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказувчи барча округларда ЎзХДП номзодларининг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

Одамлар билан юзма-юз мулоқотлар чоғида номзодлар ўз сайловолди дастурлари, партия дастури ва унда илгари сурилган мақсад ва ғояларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритишмоқда.

— 86-Чирчиқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ЎзХДПдан кўрсатилган номзод Арофат Худойбердиеванинг сайловчилар билан учрашувида иштирок этдим, — дейди Тўлғаной Усмонова. — Номзоднинг сайловолди дас­турида илгари сурилган таклифлар менга маъқул келди. Хусусан, унинг мактабгача таълим, ўрта махсус таълим, олий таълим тизимида ўзаро алоқа ва ҳамкорликни кучайтириш борасидаги фикрлари кўпчиликка манзур бўлди. Чунки депутатликка номзод устувор вазифа сифатида белгилаган йўналишлар жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида билимли, ўз устида мунтазам ишлайдиган, машаққат ва синовлардан чўчимайдиган, танлаган соҳасини ривожлантириш йўлида тинимсиз изланадиган кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман.

124-Оқтепа сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Дилфуза Исломованинг сайловчилар билан учрашувида ҳам сайловчилар томонидан шундай ижобий фикрлар билдирилди. Депутатликка номзод халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси сифатида қатор ижтимоий масалаларни ўрганиш ҳамда уларни доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқишда фаоллик кўрсатгани, депутат сифатида тажриба тўплагани алоҳида таъкидланди. Жорий йилдаги сайловларда унинг сайловолди дастуридан ўрин олган масалалар таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятли экани қайд этилди.

— Бошқа партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг учрашувларида ҳам иштирок этдим, — дейди сайловчи Олтинбек Собиров. — Менга энг маъқули ЎзХДП номзодларининг чиқишлари бўлди. Ўзим таълим соҳасида фаолият юритаман. Шунинг учун ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг таълим соҳаси самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларини қўллаб-қувватлайман ва бу танловим мамлакатимизда баркамол авлод тарбияси йўлидаги ислоҳотлар самарасини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.

— Самарқанд вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 14 нафар ЎзХДП номзодлари кўрсатилган, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бўрибой Бўронов. — Шу кунларда уларнинг барчаси сайловолди учрашувларида фаол иштирок этишмоқда. Номзодлар сайловчилар билан мулоқот ва мунозараларда ўзларига бўлган ишонч­ни тобора мустаҳкамламоқда.

57-Оқдарё сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоди кўрсатилган, Оқдарё туманидаги «Меъмор Алишер Кумушкент» хусусий корхонаси раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Суннатилла Хўжамқулов билан педагогика коллежида ўтказилган учрашувда дастлаб унинг ишончли вакили Раҳим Раҳматов номзоднинг сайловолди дастури унинг ўзига хос томонларига тўхталди.

— Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири, — деди депутатликка номзод ўз сўзида. — Шундай экан, уларнинг мустақил равишда ўз фаолиятларини ташкил этишига, қолаверса, тенгдошлари учун иш ўринлари яратишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлашимиз, улар учун янада кенг шароит яратиб беришимиз лозим. Бунинг учун имтиёзли микрокредитлар ажратиш тизимини соддалаштириш зарур, деб ҳисоблайман.

Менинг сайловолди  дастуримдан аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ҳисоб-китоб тизимига замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам ўрин олган.

Коммунал хизматлар нархлари ва тарифлари шаклланиши жараёнлари очиқлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Бундан ташқари, қурилиш ишларини лойиҳалаштиришда ушбу ҳудуд инфратузилмасини ҳар томонлама ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак.

Агар сайловчилар ишончини қозониб, депутат этиб сайлансам, партиямиз Сайловолди дастури ҳамда ўзим олға сураётган масалаларни амалга ошириш учун курашаман.

Учрашувда сайловчи Шуҳрат Толлиев депутатликка номзод Суннатилла Хўжамқуловга шундай савол берди:

— Айрим коллеж ўқувчилари узоқдан қатнаб ўқишади. Уларнинг келиб-кетиш харажатлари бор. Бунинг устига ҳамма қишлоқда ҳам автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Сиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлансангиз, бу муаммони қандай ҳал этардингиз?

— Қайсидир бир соҳада муаммо борми, демак унинг ечими ҳам бор. Мазкур масалани ҳал этиш учун эътибор керак. Менинг назаримда бу вазият ўз вақтида маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан ўрганилиши, сессиялар кун тартибига киритилиши керак эди. Бунда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ташкилотлари мутасаддилари фаолиятини тан­қидий кўриб чиқиш ҳамда уларнинг масъулиятини ошириш зарур.

Номзод билан учрашувлар Оқдарё туманидаги 11-умумтаълим мактабида, хизмат кўрсатиш, агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида ҳам бўлиб ўтди. Сайловчилар номзодга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.

Сурхондарё вилояти 74-Денов сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Қаҳрамон Мирзаев билан учрашув бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар номзоднинг сайловолди дастури, келгуси режалари билан яқиндан танишишди.

— Бу йил сайловда биринчи марта овоз бераман, — дейди Шавкат Нуриллаев. — Бугунги учрашувда депутатликка номзоднинг фикрлари, илгари сураётган таклифлари менга маъқул тушди.

— Миллий сайлов қонунчилигимизга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, — аскар Акбарали Норов. — Бу бизнинг сайлаш ҳу­қу­қимизни амалга оширишимизда муҳим аҳамиятга эга.

76-Узун сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан кўрсатилган номзод Тоҳир Саидбобоев билан ташкил этилган учрашувда партия фаоллари ва электоратимиз вакиллари иштирок этди. Самимий ва ошкора руҳда ўтган тадбирда вилоят марказидан қарийб 200 километр олисда жойлашган туманда аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида ечимини кутаётган масалалар борлиги таъкидланди.

— Биз фақат муносиб номзодларга овоз беришимиз керак, — дейди ЎзХДП аъзоси Искандар Ташанов. — Чунки биз сайлайдиган депутат эртага парламентда бизнинг номимиздан иш кўради. У жойлардаги муаммоли масалаларни чуқур билиши, уларни ҳал қилишда ташаббускор бўлиши керак. Мен партиямиздан кўрсатилган номзод Тоҳир Саидбобоевда шундай шижоатни кўрдим. Бугун у билан яқиндан танишиб, режаларини билиб, сайловда ушбу номзодга овоз беришни мақсад қилдим.

— Депутат халқ дарди билан яшаши керак, — дея суҳбатга қўшилади яна бир сайловчи Тоҳир Ўроқов. — Ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш ҳамон долзарблигича қолмоқда. Шу билан бир қаторда коммунал тўловларда номутаносиблик кузатилмоқда. Гарчи тўғридан-тўғри ваколатига кирмаса-да, депутатлар шу масалаларга қонуний ечим топишда жонбозлик кўрсатиши керак, деб ўйлайман. Депутатликка номзодлар билан учрашганимда уларнинг қатъияти, талабчанлигига, билимига эътибор беря­п­ман.

Учрашувларда сайловчилар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бу борада илгари сурилаётган таклифларнинг аҳамияти тўғрисида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Фикр алмашувлар чоғида сайловчилар Халқ демократик партияси ғоялари ҳаётий ва эзгу ғоялар эканини таъкидлашди. 

 

Лазиза ШЕРОВА,

Абдурасул САТТОРОВ,

Абдумалик ҲАЙДАРОВ.

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.