11.12.2014

КОНСТИТУЦИЯ – ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Давлатимиз раҳбари билдирган фикрлар, илгари сурган ғоялар халқимизнинг руҳи ва кайфиятини кўтариб, эртанги кунга ишончини оширди.

Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганига бағишланган маросимдаги маърузаси мушоҳада қилинса, ўйлаб фикр юритилса, мамлакатимизда ҳар йили юксак демократик мезонлар сари, халқимизнинг турмушини фаровонлаштириш йўлида катта қадамлар ташланаётгани, салмоқли ютуқларга эришилаётгани аён бўлади.

Ўтган йили Конституциямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлат ҳокимияти ва бош­­­қарувини демократлаштириш, парламент ваколатларини кенгайтириш, кўппартиявийлик тизими асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича олдимизда турган вазифаларга эътибор қаратилган эди. Бу йил «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Қонун орқали ана шу вазифалар ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилди.

Асосий Қонунимизга киритилган мазкур ўзгартишлар юртимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисининг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамасининг, умуман, ижро этувчи органларнинг масъулиятини ошириш, жамоатчилик ва парламент назорати институтларини кучайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу борадаги барча ислоҳотлар чуқур таҳлил этилди. Шу билан бирга, молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётгани, товар бозорларида талабнинг кескин камайиб бораётгани ва конъюктуранинг беқарорлиги кўпгина давлатларда иқтисодий ўсиш суръат­ларининг пасайишига, инвестиция фаоллигининг сусайиши ва четга капитал чиқиб кетишининг куча­йишига олиб келаётгани алоҳида таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш зарурлиги, бунинг учун, аввало, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинишига эътибор қаратилди.

«Энг муҳим устувор вазифаларимиз қаторида иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни узлуксиз техник ва технологик янгилаб бориш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этишни асосий мақсадимиз сифатида кўришимиз керак», деди ­Президентимиз. Ушбу вазифаларнинг ҳар бири ўзининг чуқур асосларига эга. Мамлакатимиз иқтисодиётининг дунёда қанчалик рақобатбардош бўлиши, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга дунёда ишонч ва талабнинг ортиши, халқимизнинг турмуши янада фаровонлашиши ана шу омилларга боғлиқ.

Бу масалалар мамлакатимиз парламенти, халқ вакиллари бўлмиш депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди, деб ўйлайман. Чунки жамиятдаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, уларнинг муваффақиятини кафолатлаш энг аввал тегишли қонунларни такомиллаштиришдан бошланади. Президентимиз белгилаб берган масалалар амалга ошиши учун қонунчиликка қандай ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш кераклиги, қандай янги қонунларга эҳтиёж борлиги ҳақида чуқур таҳлиллар ўтказиш зарур бўлади.

Бош Қомусимиз қабул қилинганига бағишлаб ўтказиладиган тантанали маросим ҳар йили яна бир жиҳати — янги йилга ном берилиши билан эсимизда қолади. Байрам яқинлашгани сари ўзаро суҳбатлар, турли давраларда шу ҳақда гап бўлади. Келаси йил қандай номланиши ҳақида фикрлар сўралади, таклифлар айтилади. Ана шундай мунозаралар пайтида бир нарса — халқимиз, жамоат­чилик ўртасида бирдамлик, ҳамжиҳатлик ортиб бораётгани, одамларда келгуси йилдан фақат яхшилик кутиш фазилати ўсаётгани яққол кўзга ташланади. 2015 йилнинг «Кексаларимизни эъзозлаш йили» деб эълон қилингани халқимиз кўнглидаги иш бўлди. Албатта, махсус дастур ишлаб чиқилиб, кексаларнинг турмуш, дам олиш, соғломлаштириш шароитларини яхшилаш йўлида катта ташкилий ишлар амалга оширилади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, кексаларга эътибор, уларни қадрлаш, эъзозлаш партиямиз дастурий ғояларига ҳамоҳангдир. Демак, бу борада ишлаб чиқиладиган давлат дастурига таклифлар киритишимиз, партиямиз электорати манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз зарур бўлади.     

 

Анвар БОЙҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.