11.12.2014

МАНЗИЛЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

ижтимоий барқарорлик кафолатидир

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, энг долзарб вазифа ҳисобланади. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ.

Айниқса, бозор иқтисодиёти муносабатлари чуқурлашгани сари ижтимоий ҳимоянинг ҳам аҳамияти ортиб бораверади. Жаҳон мамлакатлари тажрибаси кўрсатаяптики, иқтисодий муаммоларни, иқтисодий инқирозни бартараф этиш мумкин. Аммо ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий инқироз оқибатларини юмшатиш осон кечмайди. У жуда катта куч, вақт, энг муҳими, узоқни ўйлаб оқилона сиёсат юритишни талаб этади. Айрим мамлакатларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига, ижтимоий масалаларни ҳал этишга эътиборсиз қараш, нотўғри ёндашувлар жуда катта ижтимоий танглик, ижтимоий бўҳронларни келтириб чиқаргани, улкан йўқотишларга олиб келгани кўпчиликка маълум. Мазкур жиҳатларда ижтимоий соҳани ривожлантиришининг аҳамияти янада чуқурроқ намоён бўлади.

Ўзбекистонда ижтимоий соҳага жамият эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Мамлакатимизни тараққий эттиришнинг миллий модели асосини ташкил қиладиган беш тамойилнинг бири ҳам кучли ижтимоий сиёсат юритишдан иборат. Мазкур тамойил асосида мустақиллик йилларида мамлакатимизда беқиёс ишлар амалга оширилди.

Аввало, ижтимоий соҳа, хусусан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаси тубдан ислоҳ қилинди. Бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. 1991 йилдаёқ Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида Қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, давлат пенсия таъминоти тўғрисида, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида, аҳолининг соғлиғини сақлаш тўғрисида, турли соҳалар ходимларининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш тўғрисида, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш тўғрисида, кам таъминланган оилаларга нафақа тайинлаш тўғрисида ва бош­қа ўнлаб қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатларининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши, ҳар йили давлатимиз бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳаларни молиялаштиришга сарфланаётгани ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантириш, ижтимоий ислоҳотлар босқичма-босқич, тизимли равишда, изчил олиб борилиши натижасида мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик сақланиб, одамларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб, бунёдкорлик фазилатлари тобора ошиб бормоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизни изчил ривожлантиришга мустаҳкам асос яратмоқда.

Ўзбекистон ХДП мустақиллик йилларида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, келгусида ҳам мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, унинг кам таъминланган гуруҳлари турмуш даражасини яхшилаш учун фойдаланишга қаратилган стратегик йўналишни фаол қўллаб-қувватлайди. Шунинг билан бирга, партиямиз ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни тобора ривожлантириб бориш, янги босқичга кўтариш зарур, деб ҳисоблайди ҳамда ўзининг барча ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари саъй-ҳаракатларини ушбу йўналишдаги амалий ишларда иштирок этишга қаратади.

Партиямиз Сайловолди дастурида қайд этилганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари орқали ўзининг келгуси даврда амалга оширишни мўлжаллаган дастурий мақсад ва вазифаларини Ўзбекистон тараққиётининг бош стратегик мақсади – аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб белгилайди.

Партия, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига амал қилган ҳолда, давлат ҳокимиятининг сайланма органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўяди. Булар касбий малака, доимий иш жойи ва маошга эга бўлмаган ёлланма ишчилар, иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар, моддий ёрдам, ижтимоий нафақа ва манзилли ижтимоий ҳимоянинг бош­қа турларига эҳтиёжманд инсонлардир.

Дунё тажрибасини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, халқимиз менталитетини ҳисобга олган ҳолда танланган йўлимизга кўра, бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ва энг аввало, жамият манфаатларига қаратилган бўлиши лозим. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП иқтисодий ислоҳотларда, аввало, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатига йўналтирилган сиёсат юритиш орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш зарур, деб ҳи­соблайди.

Бунинг учун меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Аввало, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш талаб этилади. Шунинг билан бирга, алоҳида эътибор ва ғамхўрликка, парваришга муҳтож қатлам — пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг янада самарали тизимини ривожлантириш зарур.

Ушбу вазифаларни ҳал этиш иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларини танлашда давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлашни талаб этади, бу эса амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ижтимоий самарадорлигининг зарурий шарти ҳисобланади.

Аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг энг самарали шакли, бу шубҳасиз, уларни иш, барқарор даромад манбаи билан таъминлашдир. Шу тамойилдан келиб чиқиб, партиямиз мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини оширишга қаратилган мақсадли чораларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Партия давлат ҳокимияти барча идораларининг аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича энг муҳим вазифаси – меҳнатга лаёқатли одамларни ишга жойлаштириш, аввало, ёшлар бандлигини таъминлашдан иборат бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.

Партия келгусида ҳам аҳоли бандлиги ва янги иш ўринлари ташкил этиш дастурларининг асосий параметрларини ишлаб чиқишда фаол қатнашади ва бу масала бўйича ўзининг лойиҳаларини илгари суради. Шунингдек, давлат дастурларининг жойларда ижро этилиши устидан самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини давом эттиради.

Ўзбекистон ХДП бандлик ва иш ўринлари яратиш ҳудудий дас­турлари ва муайян тармоқлар талабига мувофиқ, олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлаш дастуридан келиб чиқиб, яқин келажакда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ўз партия гуруҳлари орқали жойларда товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли инвес­тиция дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ташаббусини илгари суради.

Бизнинг фикримизча, бугунги кунга келиб, меҳнатга лаёқатли аҳоли кўп бўлган ҳудудларда саноат корхоналарини ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган махсус минтақавий жамғармаларни тузишни рағбатлантириш зарурати юзага келмоқда. Шунингдек, зарар кўриб ишлаётган корхоналарни тижорат банкларининг инвестициялари ҳисобига модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳамда барқарор иш ўринларига эга бўлган янги корхоналар ташкил этиш ва кейинчалик уларни асосан мазкур корхоналар ходимларига сотиш амалиётини янада ривожлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ўрта махсус таълим тизимида корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кадрлар тайёрлаш амалиётини ривожлантириш ҳам битирувчиларни иш билан таъминлаш, ҳам саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Шунинг билан бирга, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзлари мустақил равишда иш ўрнига эга бўлишларини таъминлаш, якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш, улар ташкил этаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда мавжуд тўловлардан озод этиш йўли билан уларнинг бандлигини таъминлашни рағбатлантириш ғоя­ларини илгари сурмоқдамиз.

Жамиятда шундай инсонлар борки, жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан меҳнат қилиб, барқарор даромад манбаига эга бўлиш учун интилади. Албатта, уларнинг бу ҳаракати қўллаб-қувватланиши керак. Айниқса, ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, шу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш чораларини кўриш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахсларни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини фақат давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига самарали таъминлаб бўлмайди, албатта. Демак, кам таъминланган оилалар аъзоларига ўз ишини очиши, мус­тақил бизнесини йўлга қў­йиши учун уларга беғараз ссуда ва грант бериш институтини жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга. Агар улар ўз ишини йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаига эга бўлса, нафақат уларнинг ижтимоий ҳимояси учун бюджетдан пул ажратишга ҳожат қолмайди, балки уларнинг ўзлари солиқ тўловчиларга айланиб, давлат бюджети даромадларини тўлдириш манбаига айланади.

Умуман, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ ғоялар мамлакатимизда ижтимоий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашни янги босқичга олиб чиқишга, ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлашга, аҳоли турмушини фаровонлаштиришга хизмат қилади.

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Юридик бўлими катта референти,

74-Денов сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод.



DB query error.
Please try later.