11.12.2014

КЕКСАЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ

улуғ инсоний фазилатдир

Конституциямиз қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз томонидан 2015 йилни мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилиниши юртимизда яшаётган ҳар бир инсон қалбида меҳр-оқибат, инсонийлик туй­ғуларини янада кучайтирди. Юртбошимиз маърузаси кенг жамоатчилик, хусусан, фахрийларимиз, ёшларимиз, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари томонидан ўрганилмоқда.

Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси Қашқадарё бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят ­Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Акром ­АКБАРОВ бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди.

— Мамлакатимизда янги йилга Кексаларни эъзозлаш йили деб ном берилиши, биз каби оқсоқолларни умрига умр, кучига куч қўшди, — дейди у. — Бу хушхабарни эшитиб, вилоятдаги кўпчилик инсонлар бизни чин дилдан қутлади.

Давлатимиз томонидан кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш, ижтимоий муҳофаза қи­лиш борасида доимий равишда эътибор ва ғамхўр­лик кўрсатилиб келинмоқда. Хусусан, пенсия ва нафақаларнинг муттасил ошиб бориши, кексаларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, уларнинг саломатлигини тиклаш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда.

Президентимизнинг 2011 йил 30 майда қабул қилинган «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ҳамда 2014 йил 13 октябрдаги «1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, шунингдек, уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Президентимиз ўз маърузасида ...Халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришга, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказиш, ҳаётимизни тобора пок­лаш ва файзу баракали қилишда, бир сўз билан айтганда, уни маънавий юксалтиришда, бугун Яратганнинг бизга берган ҳар бир кунини маъноли ва сермазмун ўтказишда беқиёс ҳисса қўшаётган ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат ва эъзоз-эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, дея таъкидлади.

Ўз ҳаётини, оиласини пиру бадавлат ота-оналар, бобо бувиларсиз тасаввур қила олмайдиган ўзбек ­халқи учун бу сўзларнинг аҳамияти ва қадри осмон қадар баланддир. Бугун кексаларимиз ўзларига яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳам оиласи, ҳам давлатимиз ғамхўрлиги остида яшаяпти. Ўзим мисолимда гапирадиган бўлсам, мен ва умр йўлдошим олаётган пенсия ўзимиздан ортиб, невараларимизга совға-саломлар олишга, тўйларида тўёналар беришга ҳам бемалол етади.

Қашқадарё вилоятида бўладиган тадбирлар, тўйлар бизнинг иштирокимизсиз ўтмайди. Қаерга бормайлик ҳурмат ва иззат кўрамиз. Бу, ниманинг шарофати? Бу энг аввало, Президентимизнинг бизни қўллаб, алқаб, эъзозлаб ҳурматимизни жойига қўяётганида, шунингдек, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик туфайлидир. Тинч юртда инсон қадрланади, эъзоз ва эътибор топади.

Биз кекса авлод вакиллари ёшлар билан учрашувларда, аввало, тинчлигимизни кўз қорачиғидек асраш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни ривожлантириш учун бутун халқимиз бир тану, бир жон бўлиши кераклигини тушунтирамиз. Бунинг учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни айтамиз.

Мана, янги йилга ҳам табора яқинлашмоқдамиз. 2015 йил Кексаларни эъзозлаш йили юртимизга тинчлик, қут-барака олиб келсин. Ёшларимиз соғ-саломат камолга етсин. ­Президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.