11.12.2014

МУСТАҲКАМ ҚОНУНЛАРГА ТАЯНГАН ДАВЛАТ

кучли ва қудратли бўлади

1992 йил 8 декабрь мустақил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган тарихий кун сифатида давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Ҳар қандай давлат тараққиёти бевосита қонун устуворлигига боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Қонунга бўйсунган, унда белгиланган талабларга сўзсиз риоя этган жамиятгина ривожланиш йўлидан оғишмай ҳаракат қилади. Шу маънода олиб қарасак, мамлакатимизда тинч ва осуда ҳаёт ҳукм суриши, ютуқ ва марраларимиз ортиб бориши ҳамда жамия­тнинг демократия йўлидан жадал ривожланишида эркинлигимиз ҳамда манфаатларимизни ифода этган асосий Қонунимизнинг аҳамияти беқиёс.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан «Конс­титуция — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати» мавзусида ўтказилган тадбирда сўзга чиққан депутатлар ва ҳуқуқшунослар, партия фаоллари ва ёшлар Конституция асосида юртимизда давлат бошқарувини янада демократлаштириш, кучли фуқаролик жамия­тини шакллантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлашди. Бош Қомусимизнинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари, умуминсоний қадриятлар ва миллий бағрикенглик тамойили акс этгани, эркин ва обод жамият қуриш, ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш ғояси унинг асосий мазмунини ташкил этишини алоҳида қайд этишди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Биз Конституция ҳақида гапирганда, доимо уни Асосий қонун, Бош ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этамиз. Чунки жамиятнинг ҳар бир жабҳаси, одамлар кундалик ҳаёти Бош Қомусимизда белгиланган меъёрлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис уни чуқур ўрганиш, ҳаётимиздаги аҳамиятини англаш, тар­ғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб бориш ҳар доим долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Айниқса, партия­мизнинг асосий ғояси ҳисобланган аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ҳуқуқига эга эканлиги билан боғлиқ масалаларнинг Конс­титуцияда алоҳида эътиборга олингани партиямиз электорати манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу боис партиямиз ташкилотлари ва депутатлар Бош Қомусимиз тарғиботига дои­мий равишда жиддий эътибор қаратиб, у асосида қабул қилинган қонунлар ижроси устидан жойларда самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Тадбирда мутахассислар томонидан Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат ҳокимия­ти ва бошқарувининг янада демократлашуви, унинг мустақил тармоқлари ўртасида ваколатларнинг қайта тақсимланиши, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими ривожланиши, шунингдек, сайлов тизимининг янада такомиллашувининг муҳим омилига айланганлиги юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Абдуманноб РАҲИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қо­нунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раи­си, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда инсонпарвар давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадида барча соҳалар, хусусан, қонунчилик тизимида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг кафолати сифатида намоён бўлмоқда. Чунки, ҳуқуқий демократик давлатда ҳар қандай масала қонун асосида, адолатли йўл билан ҳал этилади. Гап шу ҳақда кетганда, таъкидлаш жоизки, Конституциямиз қонунчилигимизни ривожлантиришга мус­таҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Масалан, сайлов тизимини олайлик. «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Қонунга мувофиқ, мамлакатимизнинг миллий сайлов тизими янада демократлашди. Унга кўра, Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми, унинг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига асосланиб фаолият юритиши кафолатланди. Бу мамлакатимизда шу йил 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларни янада уюшқоқлик ва очиқлик билан ўтказишда катта аҳамиятга эга. 

Бобоқул ТОШЕВ, Адлия вазирлигининг Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори:

— Бош қомусимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатни модернизациялаш ҳамда демократик ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишнинг зарурий конс­титуцион асосларини вужудга келтирди. Хусусан, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини самарали ҳал қилиш бўйича ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулияти ошди, Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнида парламент назорати сезиларли даражада мустаҳкамланди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар юзасидан халқ депутатлари Кенгашлари тегишли қарорлар қабул қилиши белгилангани депутатлик корпуси назоратини янада кучайтириш механизмини яратди. Асосийси, юртимизда кечаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ривожланган демократик давлат барпо этиш, халқимизга муносиб турмуш шарт-шароитларини яратиб бериш каби эзгу мақсадларимизга эришишда бу муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, тадбирда ҳу­қуқий ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилишида сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини янада ошириш  масаласи иштирокчилар диққат марказида бўлди. Бу борада доимий равишда амалий чоралар режаси ишлаб чиқиш ҳамда уни амалиётда қўллаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.