04.12.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

ТОШКЕНТ ШАҲРИ

 

Дилфуза ИСЛОМОВА (124-Оқтепа сайлов округи)

1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаган. Мутахассислиги ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Педагогика фанлари номзоди. 2009 йилда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати этиб сайланган. 

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Учтепа туманидаги 228-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаган. 2008 йилдан мазкур мактаб директори. 

Педагогик фаолияти давомида унинг 10 га яқин илмий мақола ҳамда методик қўлланмаси чоп этилган. У ўзи раҳбарлик қилаётган таълим  масканида ўқитувчилар малакасини ошириш, дарс жараёнида замонавий ахборот-коммуникация, илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Дилфуза Исломова халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси сифатида ижтимоий масалани ўрганиш ҳамда уларни доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқишда фаол иштирок этган.

— Бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишдир, — дейди у. — Масофадан туриб малака оширишни ташкил қилиш, ҳар бир таълим муассасасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кириб боришини тўлиқ таъминлаш бунда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Шунингдек, ўқувчиларнинг фанларни яхши ўзлаштириши, турли йўналишларда ўз иқтидорини намоён этиши учун тўгараклар фаолиятини  кучайтириш, баҳс-мунозара тарзидаги беллашувларни кўпроқ ташкил этиш керак. Бундан ташқари, барча мактабларда чет тилларни ўрганиш учун махсус жиҳозланган хоналарни ташкил этиш, уларни ўқув-кўргазмали воситалар, интерфаол синф доскалари ва дидактик материаллар билан тўлиқ таъминлаш лозим.

Сайловолди дастуримда ана шу йўналишдаги ишларни қонуний асослар билан янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Дилфуза Исломова илгари сураётган таклифлар мамлакатимизда етук, замонавий билимларни эгаллаган ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Унинг бу таклифлари қонунларда ифода этилса, ёшларимизнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

 

Юсуф ДАДАЖАНОВ (125-Дархон сайлов округи)

1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Мутахассислиги кўп каналли электралоқа муҳандиси.

Меҳнат фаолиятини 1985 йилда Тошкент махсус алоқа қурилиш-монтаж бошқармаси мураббий-муҳандислигидан бошлаган. Сўнг «Ўзбек алоқа қурилиш» Республика қурилиш-монтаж ишлаб чиқариш жамиятида муҳандис, Техник ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, «Истиқлол» кўп тармоқли фирма директори, «Алоқа Инвест» акция­дорлик жамияти техник ишлаб чиқариш бошлиғи, Давлат алоқа инс­пекцияси қурилиш бўлими бошлиғи, Тошкент вилояти Давлат алоқа инспекцияси бошлиғи, «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «Тошкент шаҳар телефон тармоғи» филиали директори ўринбосари, «Телеком қурилиш» масъулияти чекланган жамияти бош директори лавозимларида фаолият олиб борган. 2012 йилдан «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси «Telekom Invest» филиали директори.

У ўзига топширилган ҳар қандай вазифани вақтида масъулият билан бажаришга одатланган. Аҳолининг ижтимоий ҳимоя­га эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз қарашлари, позициясига эга.

— Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш доирасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси электоратининг интерфаол давлат хизматлари ягона портали ва бошқа тегишли тармоқ ресурсларидан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман, — дейди у. — Шу боис одамларга қонунлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бош­қаруви вилоят, туман ва шаҳар идораларининг фуқаролар манфаатига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матни билан танишиш имконини берадиган шохобчалар тармоғининг ташкил этилишига эришишни сайловолди дастуримда асосий вазифалар қаторида белгиладим. Чунки аҳоли улардан хабардор бўлса, ўз муносабатини билдира олади. Бундан ташқари, бу тегишли қарорлар жойларда самарали ижро этилиши, бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилишига ҳам хизмат қилади.

Юсуф Дадажонов алоқа, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича катта тажрибага эга. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланса, бу борада қонунларни янада такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшиши мумкин.

 

Феруза МАДАМИНОВА (126-Темирйўлчилар сайлов округи)

1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Мутахассислиги география фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини 1985 йилда ҳозирги Яшнобод туманидаги 244-умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида меҳнат қилган. Сўнг тумандаги 206- ва 244-мактаблар директори лавозимларида фаолият олиб борган. 2012 йилдан Миробод туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Номзод туманда хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, турли мафкуравий таҳдидларга қарши кураш олиб бориш, қизларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, эрта турмуш ва эрта туғуруқнинг олдини олиш, соғлом турмуш-тарзини шакллантириш, қизларни спортга жалб этиш каби масалалар юзасидан қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

— Бугун мамлакатимизда энг муҳим масалалардан бири аҳолини иш билан таъминлаш экани барчамизга маълум, — дейди у. — Иш ўринлари яратиш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Шунинг учун янги иш ўринлари яратилган корхона ва ташкилотларга имтиёзлар бериш тартибини такомиллаштириш, иш жойи яратиш борасидаги ташаббусларни рағбатлантириш зарур, деб ўйлайман.

Айниқса, хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этишнинг янги, замонавий қулай йўллари бўйича ўз таклифларим қонун лойиҳаларидан жой олишига ҳаракат қиламан. Мисол учун, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун грантлар бериш тизимини ривожлантириш, фоизсиз ссудалар ажратишни йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, болаларни мактаб давридаёқ маълум бир касбга йўналтириш ишларини ҳам такомиллаштириш керак. Зеро, у қайси коллежда ўқишини ўзи мустақил танласин ва етук мутахассис бўлиб етишсин. Агар сайловчилар мени депутатликка лойиқ топишса, партиядошларим билан бирга, мазкур йўналишдаги муаммоларнинг қонуний ечимини топишга астойдил ҳаракат қиламан.

 

Шухрат МАМАДЖАНОВ (127-Қорақамиш сайлов округи)

1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Мирзо Улу­ғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини бакалавр ва магистратурасини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос. 2-даражали адлия маслаҳатчиси.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида бошлаган. Маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси катта маслаҳатчиси, Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бош­қармасининг етакчи маслаҳатчиси, бош маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, бош­қарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган. 2012 йилдан Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бош­қармаси бошлиғи. 

Шуҳрат Мамаджанов мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш ва адлия органлари фаолиятини такомиллаштириш ишларида фаоллик кўрсатган. Номзод ўз сайловолди дастурида ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда уларнинг бевосита таъсир этишига, яъни ҳавола нормаларсиз қабул қилинишига эришиш лозим, деб ҳисоблайди.

— Агар қонунда муайян масалаларни ҳал этишни бошқа қонунларга ҳавола этиш ҳоллари қанча кўп бўлса, бу қонунларни турлича талқин қилиш бир хилда ижро этмаслик ҳолатлари шунча кўпая­ди, — дейди у. — Шунинг учун қонунда бир хил масала аниқ ёзилиши, уларни ижро этиш механизмлари ҳам аниқ кўрсатилиши керак. Мен агар депутат этиб сайлансам, қонунлар нормаларини шу нуқтаи назардан янада такомиллаштиришга, айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси билан бевосита боғлиқ қонунларни қайта кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратаман. Бундан таш­қари, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ қонунлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мажбурий этиб белгиланиши тарафдориман.

 

Рустам КАМИЛОВ (128-Саноат сайлов округи)

1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент кимё-технологиялари институтини тамомлаган. Мутахассислиги — инженер-технолог.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда «Ўзбектуризм» миллий компаниясида бошлаган ва етакчи мутахассис, бош мутахассис бўлиб ишлаган. 1996-1997 йилларда ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси инспектори, катта инспектори лавозимларида фаолият кўрсатган. 2004-2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг етакчи маслаҳатчиси, 2012-2013 йилларда Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари хизматининг шўьба мудири лавозимларида меҳнат қилган. 2013 йилдан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

У банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолини муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан самарали таъминлаш борасида долзарб ғояларни илгари сурмоқда. Бунинг учун ишлаб чиқариш соҳасини юқори технологиялар асосида янада жадал ривожлантириш борасида ўз таклифларига эга. Хизмат кўрсатиш ва сервисни, айниқса, қишлоқ жойларида кенг йўлга қўйиш, давлат ҳокимияти барча идораларининг авваламбор ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича масъулиятини ошириш ҳамда бу борада самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишни изчил давом эттириш лозим, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, у ўз сайловолди дас­турида иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларининг йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳар миқёсида коллеж битирувчиларининг мутахассислиги бўйича банд­лигини таъминлашга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиқиш ва амалда ижро этиш борасидаги масъулиятни ошириш, ҳар бир битирувчининг истиқболдаги иш жойини аввалдан аниқлаш, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини мазкур иш ўринларида ўташларини таъминлаш тарафдоридир.

Рустам Камилов мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор. ЎзХДП ташкилотларини янада мустаҳкамлаш, депутатлик тузилмалари ташаббускорлигини ошириш, партия ғояларини ҳаётга татбиқ этиш ишларига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирланган.

 

Гузал ТОХТАЕВА (129-Дўмбиробод сайлов округи)

1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги — педиатр шифокор.

Меҳнат фаолиятини 1986 йилда Тошкент шаҳар 6-болалар шифохонасида бошлаган. 2002-2014 йилларда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти қўмитаси мутахассиси, Марказий кенгаши мутахассиси, Тошкент вилояти кенгаши раиси, Марказий кенгашнинг Тошкент шаҳри бўйича масъул ташкилотчиси, Марказий кенгаш раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2014 йилдан Ўзбекистон Соғ­лиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари.

У касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. 2008 йилда Москва шаҳрида Халқ­аро меҳнат ташкилотининг семинар-тренингида, 2010 йил Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Халқаро Конфедерациясининг навбатдаги Қурултойида Ўзбекистон Республикасидан делегат сифатида  қатнашиб,  Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши билан Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хал­қ­аро Конфедерацияси ўртасида Ҳамкорлик келишувини имзолаш жараёнида иштирок этган.

Гузал Тохтаева сайловолди дас­турида жисмоний имконияти чекланган кишилар ва бошқа айрим тоифаларга имтиёзли асосда бериладиган дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар рўйхатини кенгайтириш ғоясини илгари сурмоқда. Бундан ташқари, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори воситалари ва тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан давлат назоратини кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.

— Дори воситалари рекламасини тартибга солиш айни пайтда долзарб масала, — дейди у. — Чунки рекламанинг ижтимоий таъсири жуда катта. Одамлар бирор дард­га чалинса, шифокорга кўриниш ўрнига рекламада кўрсатилган дори воситаларини истеъмол қилиш натижасида турли хасталикларнинг ривожланиб кетиши каби ҳолатлар кузатилмоқда. Агар депутат этиб сайлансам, юқоридаги масалалар юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ташаббуслар билан чиқишни режалаштирганман.

 

Хамдам АБДУЛЛАЕВ (130-Бодомзор сайлов округи)

1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент давлат техника университетини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-механик.

Меҳнат фаолиятини 1986 йилда Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис-конструкторликдан бошлаган. 1993-1996 йилларда «Қишлоқхўжаликмаш» концернида етакчи мутахассис ва «Ўзавтосаноат» акциядорлик компаниясида бош мутахассис вазифаларида ишлаган. 1996 йилдан «Grand Techno Group» масъулияти чекланган жамияти бош­қаруви раиси.

Унинг ташаббуси билан корхонани модернизация қилиш ишлари изчил олиб борилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Чунончи, 2009 йилда енгил автомобиллар учун бошқарув чамбараги каркаси ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилди.

Хамдам Абдуллаев Ўзбекис­тон ХДП дастурий мақсадларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, олий ўқув юртларида мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ва ташкилотларнинг буюртмасига асосан мутахассислар тайёрлашни рағбатлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш таклифини илгари сурмоқда.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мустақил равишда иш ўрнига эга бўлишга интилишини рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш зарур, дейди у. Бунинг учун якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишдаги турли тўловлардан озод этиш керак, деб ўйлайман. Бундан ташқари, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш борасидаги қонунчиликни ривожлантириш ҳам айни пайтда жуда долзарб. Агар депутат этиб сайлансам, шу масалаларнинг ечими ва ижобий ҳал этилиши учун ҳаракат қиламан.

 

Дилдора АБИДОВА (131-Астробод сайлов округи)

1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Мутахассислиги — кимё фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини 1978 йилда Чилонзор туманидаги 2- тери таносил диспансерида оддий ходимликдан бошлаган.  ЎзМУ кимё факультети лаборанти, катта лаборанти, кичик илмий ходими бўлиб ишлаган. 1996-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент шаҳар статистика бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 2014 йилдан Мирзо Улуғбек туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

У хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида кўпгина ишларни амалга ошириб келмоқда.

Ўз сайловолди дастурида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оналарнинг ҳу­қуқий, сиёсий билимларини ошириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Вояга етмаганлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш долзарб масала, дейди у. Шунингдек, ҳомиладор аёллар орасида камқонлик ва ногирон фарзанд туғилишининг олдини олиш, никоҳдан аввал ўтиладиган тиббий кўрикни янада қатъийлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада жамоатчилик, хусусан, маҳалла оқсоқоллари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклаш зарур.

Дилдора Абидова, шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш соҳасида жамоатчилик ҳамда парламент назоратини кучайтириш ғояларини илгари сураяпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланса, мазкур таклифларни қонунларда акс эттириш учун курашади.

 

Жамол АЧИЛОВ (132-Тўқимачи сайлов округи)

1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолиятини «Ҳожи Носир» масъулияти чекланган жамиятида юрист-консультантликдан бошлаган. 2007-2012 йилларда Тошкент шаҳар Олмазор туман суд ижрочилари бўлимида суд ижрочиси,  Адлия вазирлиги Иқтисодий қонунчилик бош­қармасида катта маслаҳатчи, етакчи ва бош маслаҳатчи, Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бош­қармасида бош маслаҳатчи ва бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2012 йилдан Адлия вазирлигининг Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Номзод ўз сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш, хусусан, даъво аризалари киритилганда олинадиган турли тўлов миқдорларини мақбуллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш масалаларини илгари сурмоқда.

Боқувчисини йўқотган даромадли оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини янада такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман, дейди у. Бунда мазкур оила аъзоларини иш билан таъминлаш, улар ўз ишини ташкил этиши учун янада кенг шароит яратиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ижтимоий ёрдам ташаббускорликка йўл очиши, одамларнинг оёққа туриб кетишига замин яратиши зарур.

Жамол Ачилов ёш бўлишига қарамасдан, ҳуқуқ соҳасида яхши тажриба тўплаган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланса, қонунларнинг яратилиши жараёнида фаол иштирок этишига шуб­ҳа йўқ.

 

Гулчехра ТУЛАГАНОВА (133-Кўкча сайлов округи)

1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос. Юридик фанлар доктори. 

Меҳнат фаолиятини Яккасарой туман ижтимоий таъминот бўлими инспекторлигидан бошлаган. 1994-2014 йилларда «Янгиобод» фирмасида юрист, Тошкент шаҳридаги 271-мактабда тарих ва ҳуқуқшунослик фанлари ўқитувчиси, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, Тошкент адвокатлар ҳайъати адвокати, 1-Яккасарой туман нотариал идорасининг стажёр-нотариуси вазифаларида ишлаган. Ҳозирда Тошкент давлат юридик университети жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси доценти.

Гулчехра Тулаганова олиб борган илмий тадқиқотларнинг натижалари қонунни қўллаш амалиётида муваффақиятли татбиқ этилган. Унинг илмий асосланган таклифлари Ўзбекистон Республикаси «Жиноят-процессуал» кодексининг бир неча моддаларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишда инобатга олинган. Унинг 100 дан ортиқ илмий мақола, 4 монография, 5 дарслик, 5 ўқув-услубий ва 15 ўқув қўлланма, 3 илмий-амалий рисоласи чоп этилган.

Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси «Жиноят-процессуал» кодексига шарҳларнинг муаллифларидан биридир.

Агар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлансам, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари, хусусан, ногиронлар, пенсионерлар, кам даромадли оилалар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш ташаббуси билан чиқаман, дейди у. — Партиядошларим имкониятларидан фойдаланиб, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ўртасида ҳуқуқий шартномавий муносабатларни янада ривожлантириш, бу борада ЎзХДП электоратининг ҳуқуқий белгиларини оширишни назарда тутадиган қонунлар лойиҳаларини таклиф этамиз.

Гулчехра Тулаганова ҳуқуқ соҳасидаги етакчи олимлардан биридир. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланса,  қонун ижодкорлигини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўша олиш салоҳиятига эга.

 

Фуркат САГДУЛЛАЕВ (134-Қўйлиқ сайлов округи)

1964 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-механик.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида бошлаган. Кейинчалик шу корхонада кадрлар тайёрлаш муҳандиси, техника таъминоти муҳандиси, бўлим бошлиғи, молия бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган. 2001-2011 йилларда «Симурғ» ОАЖ директорининг ўринбосари, «Азия Паепласт» корхонаси директори вазифаларида ишлаган. 2011 йилдан «Тошкент механика заводи» акциядорлик жамиятининг техника таъминоти ва транспорт бош­қармаси бошлиғи.

У меҳнат фаолияти давомида мамлакатимизда олиб борилаётган аҳоли бандлиги соҳасидаги сиёсатни такомиллаштиришда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан корхонада кўплаб иш ўринлари  яратилиб, бир неча таълим муассасаларининг битирувчилари иш билан таъминланди. Депутатликка номзод сифатида эса  мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта иш ўринларига эга бўлишлари учун тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Фуркат Саъдуллаев давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ механизмларини яратиш таклифини илгари сураяпти. Шунингдек, уй-жой-коммунал хизматлар нархининг ижтимоий мақбуллик даражасини ошириш коммунал хизматларнинг арзон ва муқобил турларини ривожлантириш бўйича тегишли меъёрий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришни режалаштирган.

Агар депутат этиб сайлансам,  партиямиз электорати манфаатлари ҳимояси йўлидаги кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқчиман, — дейди у. Депутатлар партия ғояларини қонунда акс эттирадиган асосий куч экан,  менга ана шу имконият берилса, ундан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламан.

 

Дилмурад АТАЕВ (135-Шайхонтоҳур сайлов округи)

1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Мутахассислиги — қурувчи-муҳандис, молиячи.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда «Ўзбекистон темир йўллари» тизимидаги Тошкент темир йўли оралиғининг 4-йўналишида бошлаган. 1993-2012 йилларда Давлат мулк қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармасида етакчи ва бош мутахассис, Юнусобод туман ҳокимлиги Назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари, Давлат мулк қўмитаси бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган. 2012 йилдан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Инвестиция департаменти бошлиғи.

Дилмурад Атаев Тошкент шаҳрида канализация, шаҳар кўчаларини ёритиш тизимини, маиший чиқиндиларни қайта ишлашни янада ривожлантириш ҳамда Сергели ва Юнусобод туманларида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти лойиҳалари юзасидан инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, коммунал соҳани ривожлантиришга оид янги лойиҳалар устида ҳам иш олиб бормоқда.

— Ҳаёт ўзи кўрсатаяптики, бозор иқтисодиёти шароитида аҳолининг айрим қатламлари давлат ва жамиятнинг аниқ манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёж сезади, — дейди у. — ЎзХДП айнан ана шу қатлам манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган. Бу масалага оид қонунлар содда, аниқ, халқ учун тушунарли бўлиши, жамият ҳаётида қонун устуворлигини таъминлашга эътиборимизни қаратишимиз зарур, деб ўйлайман. Шу вақтга қадар тўплаган тажрибамдан келиб чиқиб, чиқиндиларни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш соҳасида рақобатни ривожлантириш масалаларини тартибга солиш юзасидан қонунчилик ташаббуслари билан чиқмоқчиман.


DB query error.
Please try later.