04.12.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Фарғона вилояти

 

Икромжон АБДУЛЛАЕВ (90-Бешариқ сайлов округи)

1963 йилда Бешариқ туманида туғилган. 1986 йилда ҳозирги Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини тугатган. Мутахассислиги — муҳандис-механик.

Меҳнат фаолиятини 1986 йилда Тошкент тепловоз депосида уста, муҳандис-технологликдан бошлаган. 1991-2006 йиллар давомида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компания­сига қарашли корхона ва ташкилотларда турли вазифаларда меҳнат қилган. 2006-2008 йилларда бошқарма бошлиғи биринчи ўринбосари, локомотивлардан фойдаланиш бошқ­армаси бошлиғи, 2008 йилдан бошлаб темир йўлларда юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инс­пекцияси бошлиғи  биринчи  ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Икромжон Абдуллаев ўз сайлов­олди дастурида меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаб, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўринларига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш билан боғлиқ вазифаларни қўйган деб ҳисоблайди.

— Депутат бўлиб сайлансам, темир йўл соҳасида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш борасидаги ҳуқуқий меъёрларни яратишни мақсад қилганман, — дейди у. — Шу билан бирга, уларнинг меҳнатларига яраша муносиб ҳақ тўланиши, дам олиши, саломатликларини тиклаш учун қулай шарт-шароит яратиш масалаларига эътиборни оширишга ҳаракат қиламан. Бу эса ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жойларда иш сифатининг ортишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

Отабек ИРКАБАЕВ (91-Данғара сайлов округи)

1979 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини менежмент мутахассислиги бўйича битирган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутати.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Қўқон локомотив депосида техник вазифасидан бошлаган. 1995-2012 йиллар давомида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компаниясида турли лавозимларда ишлаган. 2012 йилда компаниянинг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди бош­қармаси бошлиғи ўринбосари, Қўқон минтақавий темир йўл узели бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган. 2012 йилдан бошлаб Қўқон минтақавий темир йўл узели бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Отабек Иркабаев ижтимоий хизматлар, ташкил этилаётган маслаҳат марказлари мақбуллигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийналаётган одамларнинг улардан фойдаланишлари учун тенглик таъминланаётганлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишни муҳим масала, деб билади.

Отабек Иркабаев мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар моҳиятини чуқур англайди. Унинг сайловолди дастуридан соҳадаги илғор хорижий тажрибаларни, янгиликларни амалиётга жорий қилиш билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олган.

— Депутат бўлсам, темир йўл тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни янада кучайтиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга ҳаракат қиламан, — дейди у. — Темир йўл қанчалик ривожланса, мамлакатимизнинг иқтисодиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги шунчалик юқори суратлар билан ўсади.

 

Хамидулло ЭСАНОВ (92-Яйпан сайлов округи)

1965 йилда Бувайда туманида туғилган. Ма­­риуполь металлургия институтининг ишлаб чиқаришда пай­ванд­лаш ва металлургия асослари факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1989 йилда «Ўзнефтегазмаш» акциядорлик компаниясига қарашли Қўқон механика заводи техника бўлимида  муҳандис-технолог вазифасидан бошлаган. Кейинчалик у бош пайвандчи, техника, ишлаб чиқариш бўлимлари бошлиғи, техника масалалари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаган. 2004-2009 йилларда «Ўзнефтегазмаш» акциядорлик компаниясига қарашли Қўқон механика заводи очиқ акциядорлик жамияти эксплуатация бўлими бошлиғи бўлган. Ҳозирги кунда Қўқон механика заводи очиқ акциядорлик жамиятида техника масалалари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишламоқда.

Хамидулло Эсанов сайловолди дастурида асосий эътиборни қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, уларга қулайликлар яратиш, газ, сув, электр қувватини узлуксиз равишда етказиб бериш билан боғлиқ масалаларга қаратган.

— Депутат бўлиб сайлансам, ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, фермер хўжаликлари фаолиятидаги айрим муаммоларни ҳал этиш, уларда хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга эътибор қаратаман, — дейди у. — Шунингдек, ногиронларни ижтимоий инфратузилмалар, турар-жой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароит яратиш, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш, аҳолига хизмат кўрсатадиган транспорт тизимини, тежамкор ер усти транспорти турларини ривожлантириш, инфратузилмасини яхшилаш ва бошқа қулайликларни таъминлашнинг қонуний асосларини янада такомиллаштиришда иштирок этишни режалаштирганман.

 

Нуман АКБАРОВ (93-Қўқон сайлов округи)

1961 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. 1984 йилда ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган.

У ҳар бир ишда ташаббускор, алоқа соҳасига янги ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган жонкуяр раҳбарлардан ҳисобланади.

Депутатликка номзод Фарғона вилояти телекоммуникация ин­фратузилмасини ривожлантириш, техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, ҳудудларга замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш лойиҳаларида фаол қатнашиб келмоқда.

2012-2013 йилларда NGN-Янги авлод тармоғи (Next Generation Network) лойиҳаси асосида маҳаллий телекоммуникация тармоғини реконструкция қилиш натижасида Фарғонада 34 688 рақам сиғимли 29 та, Қўқон шаҳрида 25088 рақам сиғимли 15 та,  ­Марғилонда 11072 рақам сиғимли 4 та рақамли «MSAN» кичик станциялари ишга туширилди. Шунингдек, 80 километрдан ортиқ оптик толали алоқа кабеллар ўрнатилиши ва 48 та электрон автомат телефон станцияларининг ўзаро боғланишига муносиб ҳисса қўшди.

2013 йилда юқори тезликдаги интернет хизматларини ўз ичига олган шиша толали алоқа кабели – биногача (Fiber to the building) лойиҳаси бўйича 22 та кўп қаватли уйга 3,8 километр шиша толали алоқа кабеллари ётқизилишида бевосита иштирок этди.

Нуман Акбаров ташаббуси билан 179 километр оптик алоқа линияси ётқизилиб, вилоятдаги мактаб ва касб-ҳунар коллежлари «ZiyoNET» ахборот таълим тармоғига уланди. Натижада ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун қулай имконият яратилди.

У ўз сайловолди дастурида ахборот-коммуникация технология­ларини жорий этиш доирасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг интерфаол давлат хизматлари ягона портали ва ­бош­қа тармоқ ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, аҳолига қонун ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матни билан танишиш имконини берадиган шохобчалар тармоғининг ташкил этилишига эришишни илгари сурмоқда.

 

Алишербек ПАЙГАМОВ (94-Бағдод сайлов округи)

1981 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини бакалавр ва магистратурасини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2003 йилда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ахборот-таҳлил бош бошқармаси ахборот таъминоти гуруҳи мутахассиси сифатида бошлаган. Кейинчалик Ахборот-таҳлил бош бошқармаси МДҲ, Осиё ва Африка давлатлари бошқармаси етакчи мутахассиси, 2005-2007 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Ахборот-таҳлил бош бошқармаси МДҲ давлатлари бўлими етакчиси, бош мутахассиси, 2007 йилда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича учинчи котиб, 2007-2008 йилларда биринчи котиб, 2008-2013 йилларда маслаҳатчи вазифаларида фаолият кўр­сатган.

2013 йилдан эса Ташқи иқтисодий алоқалар, инвес­тициялар ва савдо вазирлигининг Ахборот-таҳлил бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, ҳозирги вақтда эса бош­қарма бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Алишербек Пайгамов ўз сайловолди дастурида банд­лик ва иш ўринлари яратиш ҳудудий дастурлари ва муайян тармоқлар талабига мувофиқ, яқин келажакда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда жойларда товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ташаббусини илгари сурмоқда.

 

Хадича НАЗАРОВА (95-Риштон сайлов округи)

1968 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. 1990 йилда Самарқанд давлат тиббиёт инс­титути педиатрия факультетини битирган.

Меҳнат фаолиятини Жиззах шаҳридаги туғуруқхонада бошлаган. 1994 йилдан Жиззах туман марказий туғуруқхонасида, 1998 йилдан бошлаб Қўқон шаҳар туғуруқ комплексида шифокор вазифасида ишлаган.

Хадича Назарова 2000 йилда Қўқон шаҳар тадбиркор аёл уюшмасига аъзо бўлган. У «Бахтингиз ва соғлиғингиз ўз қўлингизда», «Обод шаҳрим» каби лойиҳаларни амалга оширган.  2001 йилдан эса «Саломатлик плюс Экология» нодавлат нотижорат ташкилоти раи­си вазифасида фаолият кўрсата бошлади.

Унинг ташаббуси билан 2002 йилнинг август-декабрь ойларида «Бирдамлик» лойиҳаси амалга оширилган. Унга кўра, бир неча маҳаллаларга сув ва оқава тармоғи ўтказиш ва юқумли касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилди. Шунингдек, 2006 йили «Саломатлик сари бир қадам» лойиҳаси асосида ўсмирлар ўртасида ОИТБ/ОИТС касалликларининг олдини олишга қаратилган семинар тренинглар ташкил этди.

2007 йилдан «Соғлом она – соғ­лом фарзанд» лойиҳаси директори ва миллий тренери сифатида фаолият юритган. Лойиҳа республика ҳудудларида амалга оширилиб, ҳар бир вилоятда 30 нафардан «Саломатлик тарғиботчиси» маҳаллий тренерлар тайёрланди. Улар ўсмирлар ўртасида камқонлик ва бошқа касалликларнинг олдини олиш борасида семинар тренинглар ўтказишди. 

Хадича Назарова ўз сайловолди дастурида меҳнатга лаёқатли аҳоли кўп бўлган минтақаларда одамларнинг барқарор равишда етарли маош олишини таъминлаш мақсадида саноат корхоналарини ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил қилишни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган махсус минтақавий фондлар ташкил этишни рағбатлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш масаласини илгари сурмоқда.

— Депутат бўлсам Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш билан боғлиқ бандлар акс этишига ҳаракат қиламан, — дейди у. — Шунингдек, уларнинг ижтимоий суғурта ва ёшга доир нафақа билан таъминланганлиги даражасини кафолатланишига эришишни мақсад қилганман.

 

Бахромжон ОБИДЖОНОВ (96-Олтиариқ сайлов округи)

1970 йилда Олтиариқ туманида туғилган. Ҳозирги Ўзбекис­тон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 1993 йилда Олтиариқ туманида оддий ишчиликдан бошлаган. 1996 йилдан Фарғона вилоят Давлат Солиқ бош­қармасида Матбуот хизмати бош мутахассиси, 2005 йилдан «Давр минбари» газетаси бош муҳаррири, 2010 йилдан ҳозирги вақтга қадар «Фарғона ҳақиқати» ва «Ферганская правда» газеталари Бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.

Бахромжон Обиджонов «Фар­ғона ҳақиқати» ва «Ферганская правда» газеталарининг мазмун-моҳиятини ошириш, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тўлақонли ёритиш, ислоҳотлар самараларини кўрсатиб беришга қаратилган материаллар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда ҳар иккала нашр ҳам вилоят нашрлари орасида алоҳида нуфузга эга.

Бахромжон Обиджонов муҳаррирлигидаги мазкур газеталар 2012 йилда журналистика соҳасида «Олтин қалам» бош миллий мукофотини қўлга киритган.

У журналист сифатида жойларда аҳолининг барча қатламлари, хусусан, кам таъминланган оилалар, доимий иш билан банд бўлмаган аёллар, айниқса, ёшларни ўзи эгаллаган соҳалари бўйича иш билан таъминлашга оид масалаларни чуқур ўрганиш, унинг ечими бўйича зарур чоралар кўрилишига ҳаракат қилмоқда.

Депутатликка номзод ўзининг сайловолди дастурида Оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада эркинлаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш билан боғлиқ масалаларни илгари сурган.

Шунингдек, Оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, жамиятда матбуотнинг таъсир кучини оширишга хизмат қиладиган таклифлари билан қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этмоқчи. Шу билан биргаликда депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирмоқчи.

 

Нозим КАСИМОВ (97-Қўштепа сайлов округи)

1970 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. 1994 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини мазкур инс­титутда бошлаган. У институт касаба уюшма қўмитаси раиси, халқ бадиий ижодиёти факультети декани, халқ ижодиёти кафедраси доценти, халқ томоша санъати факультети декани лавозимларида ишлаган. 2012 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Филология фанлари номзоди, профессор.

Нозим Касимов 50 дан ортиқ илмий ва публицистик мақолалар, ўқув ва услубий қўлланмалар яратган. 40 дан ортиқ халқ куйи ва қўшиқларини нотага солган. Унинг раҳбарлигида «Чашма» фольклор-этнографик ансамбли фаолият юритиб, бир неча танлов ва фестивалларда фахрли ўринларни эгаллаган. У республикамиздаги бир қатор фольклор-этнографик ансамбллар билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйган. 1998 йилда «Ўзбек халқ лапарлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Унинг «Ўзбекистон бастакорлари» (I,II китоб), «Мусиқа фольклор ижрочилиги», «Фольклор мусиқа ижрочилиги» каби ўқув ва услубий қўлланмалари олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ҳамда фольклор-этнографик ансамбллар иш фаолиятида кенг қўлланиб келинмоқда.

Депутатликка номзод ўзининг сайловолди дастурида маданий-гуманитар соҳаларда ижтимоий тенг­лик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, таълим тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, кам таъминланган, барқарор даромадга эга бўлмаган оилаларни қўллаб-қувватлаш, қобилиятли ва истеъдодли болаларни эрта аниқлаш ва уларга давлат грантлари ажратиш орқали моддий имкониятлар яратиб беришга қаратилган тизимни йўлга қўйиш тарафдори.

— Депутат бўлиб сайлансам, ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари сурмоқчиман, — дейди у. — Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қад ростлаётган мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада кучайтириш, уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш, ўқитиш сифатини ошириш масалаларига эътибор қаратишни мақсад қилганман.

 

Бунёджон ЭШОНКУЛОВ (98-Марғилон сайлов округи)

1982 йилда Фурқат туманида туғилган. Ҳозирги Тошкент давлат юридик университетининг бакалавр ва магистратурасини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2003 йилда «Нур Зиё Плюс» масъулияти чекланган жамиятда ҳуқуқшуносликдан бошлаган. 2005-2006 йилларда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази методисти, 2007-2010 йилларда Адлия вазирлиги Маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси катта маслаҳатчиси, етакчи ва бош маслаҳатчиси, 2010-2012 йилларда Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бош­­қармасида бўлим бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. 2012 йилдан ҳозирги кунга қадар Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

У меҳнат фаолияти давомида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича 10 га яқин таклиф киритган. Уларнинг аксарияти қонунларда ўз ифодасини топган.

Бунёджон Эшонкуловнинг сайловолди дастуридан ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунлар ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳавола нормаларсиз қабул қилинишига эришиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мажбурийлигини белгилаш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.

Депутатликка номзод, шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурий эканини белгилаб берувчи процессуал механизмларни такомиллаштиришда фаол иштирок этишни мақсад қилган.

 

Рустам СУЛАЙМОНОВ (99-Фарғона сайлов округи)

1963 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. 1986 йилда Фарғона политехника институтини  ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Иқтисодчи-муҳандис.

Меҳнат фаолиятини 1987 йилда Фар­ғона туманида ҳисобчиликдан бошлаган. 1990-1992 йилларда халқ депутатлари Фарғона вилоят ижроия қўмитасининг етакчи мутахассиси, 1992-1995 йилларда вилоят ҳокимлигининг етакчи мутахассиси, 1995-1996 йилларда «Фарғонасут» акциядорлик жамияти вилоят бирлашмаси директори ўринбосари, 1996-2000 йилларда Қувасой шаҳар ҳокимининг умумиқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, шаҳар иқтисодиёт ва статистика бўлими бошлиғи, 2000 йилда Фарғона вилоят иқтисодиёт ва статистика бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2002-2006 йилларда Фар­ғона вилоят Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармасида турли вазифаларда ишлаган. 2006 йилдан ҳозирги вақтга қадар Фар­ғона вилоят Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бош­қармаси бошлиғи  лавозимида меҳнат қилмоқда.

Фарғона вилоятидаги иқтисодий ислоҳотларни жадал суръатларда олиб борилишига ўз ҳиссасини қўшиб, бу соҳадаги чет эл тажрибаларини юртимизда татбиқ қилиш учун Япония, Германия давлатларида ташкил қилинган халқ­аро ўқув курсларини ўтаб, ўз билим ва кўникмаларини ошириб келган.

Рустам Сулаймонов ўз сайловолди дастурида айрим пул-кредит муносабатларида норматив-ҳуқуқий база ва тегишли ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга эришиш тарафдори.

Хусусан, терминал тармоғи ва онлайн тўловлар тизимини янада кенгайтириш орқали аҳолининг нақд пулсиз тўлов воситаларига ишончини ошириш ва бундан уларнинг манфаатдорлигини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, аҳолига тўланадиган нақд пул ва пластик карточкалар асосидаги нақдсиз тўловлар ўртасидаги энг мақбул нисбатни таъминлашга эришишни мақсад қилган.

— Депутат бўлсам, тегишли идоралар ва мансабдор шахсларнинг савдо тармоғи, шу жумладан, деҳқон бозорларида терминалларнинг узлуксиз ишлаши ва аҳолига пластик карточкалар ҳисоб-рақамидаги маблағлар доирасида банкомат ёки банк кассалари орқали нақд пул маблағларининг бемалол берилиши учун масъулиятини ошириш бўйича таклифларимни илгари сурмоқчиман, — дейди у. — Шунингдек, давлат ва жамият қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари истакларини инобатга олиб, уларга тўланаётган пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг банк пластик карточкаларига ўз вақтида ўтказилиши устидан қатъий назоратни таъминлашда иштирок этиш асосий мақсадимдир.

 

Дилмурод САБИРОВ (100-Водил сайлов округи)

1975 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. 1998 йилда Фарғона политехника институти қурилиш факультетини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-қурувчи.

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Фарғона вилояти «Саноат фуқаролик қурилиши» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Саноат қурилиш монтаж» ташкилотида бошлаган. 1998-2000 йилларда Фарғона фуран бирикмалари заводининг янги цехлари қурилишида иштирок этган. 2000 йилдан бошлаб «Сано­атқурилишмонтаж» фирмасида иш бошқарувчи вазифасида меҳнат қилган. 2002-2004 йилларда бош пудратчи ташкилотида иш бошқарувчи лавозимида ишлаб, Фарғона шаҳар олимпия захиралари коллежи ва бош­қа муҳим иншоотлар қурилишида меҳнат қилган.

Дилмурод Сабиров 2006-2014 йиллар давомида «Farg’onaazot» акциядорлик жамиятида бир қанча вазифаларда ишлаган. 2014 йилдан шу кунга қадар «Farg’onaazot» акциядорлик жамияти мукаммал қурилиш ва бино, иншоотларни қуриш ва таъмирлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

У Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси сифатида дастурий мақсад ва ғоялар тарғиботи, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда ишларида фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Депутатликка номзод сайлов­олди дастуридан меҳнатга лаёқатли кишилар кўп бўлган минтақаларда аҳолини барқарор равишда етарли маош олишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи ҳуқуқий меъёрлар яратилиши каби масалалар ўрин олган.

— Депутат бўлиб сайлансам, корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрлар тайёрлаш амалиётини ривожлантириш ва унинг тегишли меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга ҳаракат қиламан, дейди у. — Шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг ўқувчилар касбий малакасини кафолатловчи ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш борасидаги масъулиятини ошириш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асослари ва ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, яъни уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни мақсад қилганман.

 

Абдувахоб АБДУМАЛИКОВ (101-Тошлоқ сайлов округи)

1975 йилда Қўштепа туманида туғилган. 1998 йилда Фарғона политехника институтини инженер-технолог мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1992  йилда Қўштепа туманида бошлаган. 1998-2007 йилларда Қўштепа туман ҳокимлиги мутахассиси, бош мутахассиси, иш юритиш бўлими бошлиғи, ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари вазифаларида ҳамда «Водийгазтаъминот» шўъба корхонаси Қўштепа туман филиали директори лавозимида ишлаган.

2007-2014 йилларда Фар­ғона вилоят ҳокимлигида ижро интизомини назорат қилувчи масъул ходим, умумий бўлим етакчи мутахассиси, ташкилий-назорат гуруҳи бош мутахассиси, 2014 йилдан бошлаб умумий бўлим мудири лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Абдувахоб Абдумаликов ўз сайловолди дастурида мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган мақсадли чора-тадбирларни янада кучайтиришга, давлат дастурлари асосида ялпи ички маҳсулотдаги ҳажмини ўсиши, ички истеъмол бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

— Депутат бўлсам, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт­боплигини ошириш меха­низмларини такомиллаштиришга ҳаракат қиламан, — дейди у. — Шунингдек, аҳоли бандлиги борасидаги сиёсатни устувор йўналиши сифатида банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолини ишлаб чиқариш соҳасининг юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги корхона ва ташкилотларда муносиб ҳақ тўланадиган бар­қарор иш ўринлари билан таъминлаш тарафдориман.

Абдувахоб Абдумаликов давлат сиёсати ва мамлакатимизда ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан яхши хабардор мутахассис.

 

Сидикжон МУМИНОВ (102-Қува сайлов округи)

1956 йилда Риштон туманида туғилган. 1978 йилда ҳозирги Фарғона давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1973 йилда Фарғона механика заводида ишчиликдан бошлаган. 1978 йилдан Фар­ғона давлат университети «Педагог» газетаси масъул котиби, ўзбек тилшунослиги кафедраси ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, доценти, нутқ маданияти кафедраси доценти, университет докторанти, умумий тилшунослик кафедраси доценти, ўзбек филологияси факультети декани, маънавият ва маърифат бўлими профессори вазифаларида фаолият кўрсатган. У филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Сидикжон Муминов 1990 йилда номзодлик, 2000 йилда докторлик диссертацияларини ёқлаган. Унинг шу кунга қадар ўндан ортиқ ўқув-услубий қўлланма ва рисолалари, нуфузли илмий журнал ва тўпламларда 100 га яқин илмий мақолалари эълон қилинган. Бир неча халқаро илмий анжуманларда маърузалари билан иштирок этган.

2013 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан таъсис этилган грант танловида «Ижтимоий экология муаммолари»  монографияси тайёрлаш ва чоп этиш мавзусидаги лойиҳа билан қатнашиб, грант соҳиби бўлган.

Сидикжон Муминовнинг сайловолди дастуридан сифатли таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш, бепул ва муайян имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим давлат муассасалари тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.

— Депутат бўлсам, кам таъминланган оилаларнинг олий ўқув юртида тўлов-контракт асосида ўқиётган фарзандлари учун таълим кредитлари беришни кенгайтириш ғоясини илгари сурмоқчиман, — дейди у. — Бундан ташқари, педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳаракат қиламан.

Сидикжон Муминов 2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси Мус­тақиллигининг 20 йиллиги» кўкрак нишони ҳамда бир неча бор вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари  билан тақдирланган. 

 

Аваз УРИНБОЕВ (103-Бувайда сайлов округи)

1978 йилда Олтиариқ туманида туғилган. 2005 йилда Фарғона политехника институтини, 2008 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1996 йилда бошлаган. 1997-1999 йилларда Акциядорлик-тижорат «Ўзтадбиркорбанк»нинг Олтиариқ бўлимида ишлаган. 1999 йилдан «Асака» банкнинг Олтиариқ филиалида кредит бўлими мутахассиси, лойиҳалаштириш ва молиялаштириш бўйича мутахассис, бош менежер-маркетолог, бош мутахассис лавозимларида ишлаган.

2005-2011 йилларда Марказий банк­нинг Фарғона вилоят Бош бош­қармасида тижорат банкларни назорат қилиш бўлими бош иқтисодчиси, Банклар ва нобанк кредит ташкилотларини назорат қилиш бўлими бош иқтисодчиси, Валюта иқтисодиёт бўлими бошлиғи, 2011 йилдан Қўқон филиали бошқарувчиси лавозимларида меҳнат қилган. 2012 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкнинг Фарғона вилоят бўлими бошқарувчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Аваз Уринбоев ўзининг сайлов­олди дастурида таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратган.

— Депутат бўлиб сайлансам, давлат ва жамият қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламларига пенсия ва ижтимоий нафақалар банк пластик карточкаларига уларнинг истакларини инобатга олган ҳолда ўтказилиши ва уларнинг ўз вақтида берилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича ўз таклифларимни бермоқчиман, — дейди у. — Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, «Саховат», «Мурувват» ва Меҳрибонлик уйлари, ногирон болалар учун мактаб-интернатларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш учун шароит яратишни кучайтиришга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга, ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва тегишли болалар муассасалари тарбияланувчиларини ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилаётган бюджет маблағларининг қатъий белгиланган мақсадлар йўлида сарф­ланиши устидан назоратни кучайтириш тарафдориман.

 

Абдусамад ХАЙДАРОВ (104-Қувасой сайлов округи)

1981 йилда Қувасой шаҳрида туғилган. 2004 йилда Фарғона политехника институтини, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тугатган. Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати.

Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Фарғона маиший хизмат касб-ҳyнар коллежи ўқитyвчиси сифатида бошлаган. 2008-2010 йилларда Қувасой шаҳар ҳокимлиги етакчи мутахассиси, бош мутахассиси вазифаларида ишлаган. 2010-2011 йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Фар­ғона вилоят бўлими раиси ўринбосари, 2011-2014 йилларда Қувасой иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари, директори лавозимларида ишлаган. 2014 йилдан ҳозирги вақт­га қадар Фарғона шаҳар ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари вазифасида ишламоқда.

Депутатликка номзод 2005 йилда «Инвент» лойиҳаси асосида Германияда, 2007 йилда «Истеъдод» фонди гранти асосида Малайзияда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ўтаган. У «Таълим тўғрисида»ги қонун, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дас­турини ҳаётга татбиқ қилиш, ёш авлодни етук мутахассис бўлиб етишишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Абдусамад Хайдаровнинг сайловолди дастуридан жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.

—      Депутат бўлиб сайлансам, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратаман, — дейди у. — Бундан ташқари, бепул ва муайян имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим давлат муассасалари тармоғини кенгайтириш бўйича таклифларимни бермоқчиман. Шу билан бирга, талабаларга таълим кредитлари беришни кенгайтириш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ва ташкилотларга мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртларига грантлар ажратишни қўшимча рағбатлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жисмоний имкониятлари чекланган талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳаракат қиламан.



DB query error.
Please try later.