06.12.2014

УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР

замонавий, арзон ва янада сифатли бўлиши зарур!

«Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлган муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий топтириш зарур».

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан

Ҳаётимизнинг фаровонлик даражаси, турмушимиз сифатини кўрсатадиган муҳим омиллардан бири, шубҳасиз, уй-жой масаласи, коммунал хизматларнинг барча учун мақбуллигидир. Коммунал хизмат кўрсатишнинг ривожлангани нафақат жамият маданияти, маиший турмуш тарзи даражасини ифода этади, балки иқтисодий салоҳият ўсиши ва инвестициялар жалб қилиш учун ҳам муҳим шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Айнан шунинг учун ҳам уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг узвий таркибий қисми ҳисобланади.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси уй-жой-коммунал соҳага тегишли масалалар билан фаол шуғулланиб келмоқда. Партиямизнинг дас­турий ҳужжатларида бунга алоҳида эътибор қаратилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари бу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ аниқ ташаббусларни илгари сураяпти.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган беш йил давомида 45 мингга яқин фуқаро мурожаат қилган бўлса, уларнинг 18,2 фоизи уй-жой-коммунал хизматлари билан бевосита боғлиқ бўлган. Кўтарилган муаммоларнинг аксариятини жойларнинг ўзида ҳал этишга ёрдам берилган, албатта. Аммо партия ташкилотлари, фаолларимиз ва экспертларимиз, ҳокимият вакиллик органларига сайланган депутатларимиз томонидан ўтказилган таҳлиллар бу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, уй-жой-коммунал соҳасини ривожлантиришни янги босқичга кўтариш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунга асосланиб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайлов­олди дастурида бу масалалар муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Коммунал соҳада рақобат муҳитини яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар акс эттирилди.

Шундай қилиб, партиямиз сайловолди дастурида товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги ғояси илгари сурилмоқда. Албатта, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган манзилли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири аҳоли, шу жумладан, унинг кам даромадли қатламларининг бирламчи эҳтиёжи учун зарур бўлган товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлашдан иборатдир. Партиямиз бу масалада мустақил тараққиёт йилларида эришилган натижаларни юқори баҳолайди ва ижтимоий аҳамиятга молик товар ҳамда хизматларга нархларнинг шаклланиши устидан давлат назорати самарадорлигини янада ошириш тарафдоридир. Коммунал хизматларнинг нархлари, тарифлари ўсиши эса ойлик маош, пенсия, стипендиялар ҳамда ижтимоий нафақаларни ошириш кўрсаткичларидан юқори бўлмаслиги зарур, деб ҳисоблайди.

Шу мақсадда ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар бозорида устун мавқега эга бўлган субъектларнинг монополистик фаолиятини чеклашга йўналтирилган сиёсат самарадорлигини ошириш зарур. Монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларга нарх ва тарифлар белгилашда очиқликни, уларнинг кам даромадли аҳоли қатламлари учун мақбуллигини таъминлаш бўйича давлат бошқарувини кучайтириш керак, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, уй-жой ва коммунал хизматлар, ижтимоий инфратузилма объектлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, кам даромадли қатламлари учун мақбул бўлиши зарур.

Кейинги йилларда амалга оширилаётган қишлоқ аҳоли пунктларида замонавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қу­ришга қаратилган кенг кўламли дастурлар аҳоли турмуши ва яшаш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу ишларни изчил давом эттириш билан бирга, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлган муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий эттириш зарур. Бу эса аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд, кам даромадли қатламларининг ҳам сифатли уй-жой шароитлари, ижтимоий инфратузилма билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Коммунал хизматлар ва кўп қаватли уйларда турар жойдан фойдаланиш харажатларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эгадир. Шу муносабат билан партиямиз тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган коммунал хизматларни кўрсатишнинг арзон ва муқобил турларини ривожлантириш ғоясини илгари сурмоқда. Шунингдек, табиий монополия субъектлари бўлган корхоналарнинг хизматлари, жумладан, электр ва иссиқлик қуввати, газ таъминоти, ичимлик суви ва канализация хизматларига нарх ва тарифларни ўрнатишнинг иқтисодий асосланган аниқ мезонларини ишлаб чиқиш талаб этилмоқда.

Мамлакатимизда уй-жой-коммунал соҳаси билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни яратиш мақсадида тегишли қонунлар, Президентимиз фармон ва қарорлари, ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинган ҳамда тегишли дастурлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Фуқаролик, Уй-жой, Шаҳарсозлик кодекслари, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида», «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ижара тўғрисида», «Ипотека тўғрисида», «Электр энергияси тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида», «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Аммо коммунал хизмат кўрсатиш соҳасининг тоза ичимлик суви, иссиқлик, газ таъминоти, оқова сувлар ва ободончилик каби соҳалари алоҳида қонун билан тартибга солинмаган. Бу соҳаларда фаолият асосан Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва қонуности ҳужжатлардан иборат бўлган 50 дан ортиқ қонун ҳужжати билан тартибга солинган.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида эса мавжуд қонунларимизнинг кўпчилигини уларни қўллаш амалиёти ва мамлакатимизда бозор муносабатлари ривожланишининг ҳозирги даврдаги янги реал ҳолатидан келиб чиқиб, жиддий қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган. Демак, уй-жой-коммунал соҳасидаги қонунчиликни ривожлантириш бизнинг асосий вазифаларимиздан бўлиб қолмоқда.

Бу соҳада ишлаб чиқиладиган янги қонун ҳужжатлари юқоридаги муаммолар билан бирга, коммунал соҳага замонавий технологияларни киритишни янада жадаллаштириш, коммунал хўжалиги хизматларини ташкил этишда, коммунал хизматлар нарх­ларининг ўзгариши, хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ундирилиши каби муаммоларни самарали ҳал этишга ҳам хизмат қилиши керак.

Шу билан бир қаторда, соҳадаги айрим корхоналар томонидан кўрсатилаётган коммунал хизматлар учун тўловлар билан боғлиқ баъзи муаммолар учраб тургани ҳам сир эмас. Соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш орқали уларга самарали ечим топиш имкониятлари жуда катта. Тобора шиддат билан тараққий этиб бораётган бугунги куннинг ўзи коммунал хизмат ходимларининг иш жараёнларига ахборот тизимларини қўллаш ва уларнинг масъулиятли ишини автоматлаштириш заруратини келтириб чиқарди. Автоматлаштирилган ахборот тизимларининг қўлланилиши эса коммунал тўлов ҳисоб-китобларига кетадиган харажатларни камайтириш ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун ҳам, аҳоли учун ҳам катта қулайликлар туғдиради.

Хулоса қилиб айтганда,  мамлакатимизда уй-жой-коммунал хўжалиги муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонунчиликни Ўзбекистонда амалга оширилаётган бозор ислоҳотларининг суръати ва мантиқий талабларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш зарур. Буларнинг барчаси уй-жой-коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада замонавийлаштириш, уларнинг арзон ва сифатли бўлишини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Алишер СОДИҚОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси, 75-Сариосиё сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод.

 



DB query error.
Please try later.