06.12.2014

ТАРАҚҚИЁТ ВА ФАРОВОНЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИ ҲУЖЖАТ

Конституциямиз нафақат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари, айни чоғда миллий қадрият ва анъаналаримизни ҳам ўзида тўлақонли мужассам этгани туфайли халқаро экспертларнинг эътиборини тортиб келмоқда.

Дарҳақиқат, дунёнинг маш­ҳур ҳуқуқшунослари ва давлат арбоблари доимо эътироф этиб келаётганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунёдаги энг мукаммал маъно-мазмунга эга қомуслардан бири сифатида ўзбек давлатчилигининг кўп асрлик тарихий тажрибасини, ривожланган давлатлар конституциявий амалиётининг асосий тамойилларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини ўзида тўла мужассамлаштирган.

Давлатимиз раҳбари мамлакат Асосий қонунининг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қобуснома эканлиги, халқ иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида акс эттирган, бевосита халқ салоҳияти, хоҳиш-иродаси маҳсули сифатида дунёга келганлигини алоҳида қайд қилади.

Жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган Конституциямизнинг муқаддимасидаёқ инсон ҳу­қуқларига алоҳида урғу берилади. Зотан, ҳар бир давлатда демократиянинг нечоғлик қарор топгани инсон ҳуқуқ ва эркинликларига қай даражада риоя этилаётгани билан ўлчанади.

Бош Қомусимизнинг энг муҳим ғояларидан бири шундаки, унда мамлакатимиз кўп миллатли аҳолисининг мақсади, хоҳиш-иродаси ўз аксини топган, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, адолатпарвар ташқи сиёсатга асосланган демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий вазифалари мукаммал тарзда белгилаб берилган.

Конституциямизда давлат органлари ва мансабдор шахс­лар фуқаролар олдида масъул эканлиги, фуқаролар манфаатининг устуворлиги мустаҳкамланган. Конституциямизнинг мақсад ва моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, уни бахт­ли қилишдан иборат. У жамият ва унинг аъзолари олдига буюк мақсадлар қўяди. Ана шу эзгу мақсадларга эришиш йўлларини ўзида мужассам этади. Давлат, оила ва жамият, бир сўз билан айтганда, давлат ва инсон манфаатлари ўзаро уйғунлаша борган сари мамлакат тараққиёти жадаллаша боради.

Давлатимиз раҳбарининг 2001 йил 4 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида»ги Фармойиши асосида Конституциямизнинг мазмун-моҳияти мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб, олий ўқув юртигача бўлган барча таълим муассасаларида алоҳида қизиқиш билан ўрганилмоқда. Бу жараёнда ёшлар нафақат ўз ҳуқуқларини билади, балки уларда ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуси мустаҳкамланади. Юртимизнинг ҳар бир фуқароси Бош Қомусимизни ўрганиш асосида ўзининг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқларини ўзлаштирибгина қолмай, юртимизнинг маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши тартиби сингари муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнларни ҳам англаб етади.

Бу ўз-ўзидан шахс ва давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга замин яратади.

Бинобарин, Конституция олий юридик ҳужжат сифатида давлат тузилиши ва унинг ҳуқуқий тизимини белгилаб берувчи мезон ҳисобланади. Бугунги кунда унга асосланган ҳолда қабул қилинган беш юздан ортиқ қонунни ва ўттиз мингдан ортиқ қонуности ҳужжатларини ўзида мужассамлаштирувчи миллий қонунчилик базаси қарор топди. Конституция ижтимоий йўналтирилган бозор муносабатларининг ривожланиши учун зарур шарт-шароит ва кафолатларни яратиб берди.

Албатта, Конституциямиз шарофатидан улкан ютуқларга эришаётирмиз. Хоразм вилоятида биргина жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарорларга асосан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, сарфланган миллиардлаб маблағлар, изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, энг аввало, бахтимиз Қомуси — Конституциямиз берган ваколат ва имкониятлар самараси, десак ҳар жиҳатдан тўғри бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз инсон ҳу­қуқлари кафолати сифатида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош ҳуқуқий ҳужжати бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Ҳожи-Мурод ИСОҚОВ,

Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, юридик фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.