04.12.2014

САЙЛОВДА КЕЛАЖАК УЧУН ОВОЗ БЕРИЛАДИ

Мамлакатимиз катта сиёсий воқеа — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар арафасида турибди. Бугун халқимиз, кенг жамоатчиликнинг диққат-эътибори ушбу воқеага қаратилган. Сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар сайловолди таш­виқотини қизғин олиб бормоқда.

Асосий мақсад — сиёсий пар­тиялар сайловолди дас­тури ва улардан депутат­ликка кўрса­тилган номзод­лар билан сай­лов­чиларни яқиндан та­ниш­­тириш, сай­лов уюш­қоқ­­лик билан ўтишини таъминлаш, энг муҳими, номзодлар ора­сидан муно­сиблар депутат­ликка сай­ланишига эришиш. Чунки бугун биз кимга овоз бери­шимиз келажакда ҳаё­ти­миз қандай бўлишини белгилайди. Бошқача айт­ганда, эртага халқимиз фа­ро­вонлиги, мамла­ка­тимиз тараққиёти, ҳақ-ҳуқуқ­лари­миз ҳимояси, қонунларимиз ҳаётийлиги депу­татларга боғлиқ бўла­ди.

Сайловларнинг аҳамияти, сай­ловчининг бурчи, овоз бериш тартиблари тўғриси­да жамо­атчиликка, айниқса, ёш­ларга мута­хассислар фикр-муло­ҳа­залари, так­лифларини етказиш мақса­дида таҳририятимизда «Сай­ловнинг давлат бошқа­рувини янгилаш ҳамда жа­мият ҳаётини демократ­лаш­тиришдаги ўрни ва аҳа­мияти» мавзусида давра суҳ­бати ўтказилди.

Давра суҳбатини «Ўзбекистон овози» ва ­«Голос Узбекистана» ­газеталари бош муҳаррири Сафар ­ОСТОНОВ олиб борди.

— Дунё тажрибасидан маълумки, сайловлар қандай ўтиши мамлакатдаги ҳуқуқий меъёрлар, сайлов ҳуқуқи эркинлиги қандайлиги ва фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятига боғлиқ, — деди у. — Ҳар бир сайловчи кимга ва нима учун овоз беришини онгли равишда мус­тақил ҳал этиши лозим. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида сайлов тушунчасига кенг ўрин берилиб, ҳар бир шахснинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқи миллий давлатчилигимиз моделининг асосини ташкил этиши таъкидланди. Сайловлар мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий меъёрларнинг нечоғлик демократик руҳда эканини намоён этиши ҳам Концепцияда қайд этилган.

Сайловлар юқори савияда ўтиши учун, аввало, фуқароларда сайлов ўзи нима, у нима учун ўтказилади, биз нима учун овоз берамиз, овозимиз нимага хизмат қилади, каби саволларга жавоб бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Сайлов участкасига келган ҳар бир овоз берувчи буни тушунса, демак, сайлов фаоллик ва уюшқоқлик билан ўтади, давлатимизнинг юқори вакиллик органларига халқимиз кўнглини топган, чиндан ҳам ишонч қозонган одамлар сайланади.

Фуқаролар сайловда онгли равишда овоз бериши учун ўз бурчини, вазифасини аниқ тасаввур қилиши керак. Сайловчи, аввало, қайси номзод кимлиги, унинг салоҳияти, соддароқ айтганда, нима ишларга қодирлигини яхши билиши зарур. Шундан сўнг кимга овоз бериш унинг ихтиёрида. Кимга ишонса, қайси ғоя, қайси номзод дастури маъқул бўлса, шунга қараб овоз беради. Шунинг учун сайлов ҳақида, унинг ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида, сайлов куни овоз бераётганда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисида сайловчиларга яна бир бор тушунча бериш муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­ция­си аъзоси:

— Сиз мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Концепцияда сайлов билан боғлиқ тўртинчи бандни эслатиб ўтдингиз. Дар­ҳақиқат, ушбу дастурий ҳужжатда сайлов халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бош­қарувидаги иштирокининг асосий шакли эканлигига ҳам урғу берилган. Концепцияда таъкидланганидек, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар фақат кўппартиявийлик тамойили асосида ўтказилади.

Мамлакатимизда бугун демократик сайлов тизими шакллангани, бунинг учун тегишли қонунлар такомиллаштирилгани, сиёсий партиялар кучайганини ҳисобга олиб хулоса қиладиган бўлсак, навбатдаги сайловлар ҳар қачонгидан қизғин ўтишига тўла асос бор. Бироқ сайлов қандай ўтиши, энг аввало, сайловчининг ҳуқуқий-сиёсий билимига боғлиқ. Маълум бир қисм сайловчи онг­ли равишда овоз берса-ю, бошқа бир қисм сайловчи фаол фуқаролик позициясини намоён этмаса, номига овоз берса, бу ҳолат сайловнинг умумий натижаларига путур етказади, жамият тараққиётига салбий таъсир қилади.

Бугунги депутат билан 10-15 йил олдинги депутат эмас, уларнинг имкониятлари ҳамда ваколатлари ўртасида ҳам катта фарқ бор. Бу йил профессионал, яъни икки палатали парламент тизимига ўтганимиздан кейинги учинчи сайлов. Парламентнинг мавқеи, ваколатлари, фаолият кўлами кенгайиб боргани сари у ерда ишлайдиган вакилларнинг ҳам тажрибаси, салоҳияти ўсиб бориши керак. Шунинг учун сайловнинг энг муҳим хусусияти унда кўплаб номзодлар орасидан муносиб номзодларнинг сайланиши, халқона тилда айтганда, сараланишидир. Бу, юқорида айтилганидек, сайловчининг дунёқарашига, фуқаролик позициясига боғлиқ. Сайловчи, энг аввало, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари дастурларига жиддий эътибор қаратиши керак.

Сотиболди БОБОҚУЛОВ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курслари директори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор:

— Жамиятда маълум бир ютуқларга эришиш учун барча меъёрларни бир хилда олиб бориш керак. Қонунларни ҳам жамият ҳаёти ва талабларига мослаштириб такомиллаштириш тақозо этилади. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар сайловлар демо­кратик асосда ўтказилишида, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўлиқ амалга ошишида муҳим омил бўлади. Масалан, бир муҳим меъёрга тўхталиб ўтайлик. Қонунга кўра, сайловга бир кун қолганда сайловолди ташвиқотини тўхтатиш лозим. Бу ўтган сайловларда кузатилган нуқсонларни бартараф этишга хизмат қилади. Қонунчиликка киритилган ҳар бир меъёр шу маънода аҳамиятли.

Қонунчилигимизда шундай тизим яратилганки, партиялар дастурини тарғиб қилиши учун, номзодлар мақсади ва фикрларини сайловчига етказиши учун, ниҳоят, фуқаролар ўзлари маъқул кўрган номзодга овоз бериши учун қулай имкониятга эга. Яна бир долзарб масала сайловчиларнинг номзодларга муносабатини кучайтиришдир. Яъни, улар номзод билан қизиқиши, уни ўрганиши керак. Шунда сайловчи муносиб номзодга овоз беради. Шундагина сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришларнинг ҳаётимизда самараси кўринади.

Ҳозир оммавий ахборот воситаларида «Мен биринчи марта овоз бераман», деган рукн пайдо бўлди. Унда ёшлар жамиятимиз ривожланишига бефарқ эмаслигини билдиришмоқда, сайлов эртанги ўзгариш ва ютуқларимизда муҳим ўрин тутишини таъкидлашмоқда. Очиғи, мени ёшларнинг бундай сўзлари жуда тўлқинлантирди. Фаол, уйғоқ ёшлар муносиб номзодларга овоз бериши учун уларга аввало сайлов нима, фуқаролик бурчи нимадан иборатлиги тўғрисида кўпроқ тушунча бериш керак.

Даврон ОЛИМОВ, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими:

— Агар дунё давлатлари қонунчилиги, сайлов ўтказиш тартибларига назар ташлайдиган бўлсак, ҳозирда БМТга аъзо 200 дан ортиқ давлатнинг бор-йўғи 60 дан ортиғида Марказий сайлов комиссияси ташкил этилган. Бошқа давлатларда сайловларни ижро ҳокимияти назорат идоралари ўтказади. Масалан, айрим давлатларда сайловни Ички ишлар вазирлиги ўтказади. Бу ҳам қайсидир маънода ижро этувчи ҳокимиятнинг бевосита сайловларга таъсири ҳисобланади. Бизда Марказий сайлов комиссияси Конституциявий мақомга эга ва у давлат идораларидан мустақил фаолият юритади. Фуқароларимиз буни, албатта, билишлари керак.

Сайловчи қандай асосларга таяниб муносиб номзодни танлайди? Менимча, бу ўринда энг муҳим асос партияларнинг дастури, ғоялари бўлиши керак. Бунинг учун партия ташкилотлари жойларда сайловчиларга ўз дастурлари ва ғояларини етказиб бериши зарур. Аммо, айрим туман, шаҳарларда сайловчилар сиё­сий партияларнинг таъсири, фаоллигини етарли даражада сезмаяпти. Менимча, қаерда сайловчи партиялар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида яхши тасаввурга эга бўлмаса, ўша ерда тарғибот етишмаяпти. Шунинг учун ҳам сайловчи партия ғояси ёки дастурига эмас, балки номзоднинг шахсига, унинг ўзи эртага нима бера олишига кўпроқ эътибор беради. Бундан келиб чиқадики, сайловолди ташвиқоти ҳар томонлама самарали, таъсирчан ташкил этилиши муҳим. Токи сайловчилар овоз бериш учун бир қарорга келаётганда номзодларнинг шахсий хусу­сият­лари билан бирга, партия­ларнинг ғоялари, дастурларини ҳам тушуниб, ҳисобга олсин.

Ҳозир сайловолди ташвиқоти сиё­сий партиялар нашрларида анча фаол олиб бориляпти. Лекин, менимча, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини аудио-визуал оммавий ахборот воситалари орқали ҳам олиб боришга эътиборни кучайтириши керак. Чунки, бугунги кунда кўпчилик, айниқса, ёшлар асосий ахборотларни интернетдан оляпти. Бунга эътибор бериш, тарғибот масаласига эркин муносабатда бўлиш лозим, деб ўйлайман. Афсуски, ҳозирча фойдаланувчилари ва ўқувчилари кўп бўлган интернет нашрлар, ижтимоий тармоқларда сиёсий партиялар вакилларининг сайлов олдидан чиқишлари яққол кўзга ташланмаяпти.

Эркин ХОЖИЕВ, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлар номзоди, доцент:

— 2009 йилдаги сайловлардан кейин сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришларга эътибор берадиган бўлсак, уларнинг аксарияти бир мақсадга, у ҳам бўлса, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари эркинлигини таъминлашга қаратилмоқда. Масалан, қонунчиликка киритилган муддатидан олдин овоз бериш институтини олайлик. Қонунга кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланади ва сайловга бир кун қолганда тўхтатилади. Демак, кимдир хизмат юзасидан ёки бош­қа бир зарурат билан сайлов куни тураржойида бўлмаса, олдинроқ овоз бериш имкониятига эга.

Сайлов билан боғлиқ қонунчиликка 2014 йилнинг ўзида уч марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди. Бу борада Маъмурий жавобгарлик кодексига 8 моддадан иборат янги бўлим қўшилди.

Хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, кейинчалик ҳам бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш зарур бўлади. Масалан, сайлов билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ишини судгача бўлган жараёнларда ким юритиши, баённома тузиш ёки судга олиб чиқиш масалалари қандай ҳал этилишига янада аниқлик киритилиши керак, деб ўйлайман.

Сайловларда турли кўринишдаги қонунбузилишлари ва фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқларини ғайриқонуний равишда чеклаш ҳолатлари ҳам кузатилиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай ҳолатлар юз бермаслиги ва уларнинг олдини олиш учун, аввало, сайлов қонунчилиги талабларини ҳар бир сайловчи ҳамда сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари яхши билишлари зарур.

Қонунлардаги меъёрларни билган одам доим ҳушёр бўлади, нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳам билади, ҳурмат қилади. Қонунга зид хатти-ҳаракатларни тез пайқайди, унга ўзининг тезкор муносабатини билдира олади. Гап айланиб яна бир нуқтага келяпти: сайлов қандай ўтиши жамиятнинг ҳуқуқий-сиё­сий маданияти даражасига боғлиқ. Бўлажак сайлов ўтган сайловга нисбатан қонунчилик янада ривожланган, сайловчилар ҳуқуқий-сиёсий мадания­ти сезиларли даражада ўсган бир шароитда ўтяпти.

Суяржон ҚУРБОНҚУЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси:

— Марказий сайлов комиссияси қарори билан сайлов кампанияси бошланганидан буён икки ойдан зиёд вақт ўтди. Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатларига кирадиган барча ишларни вақтида ва белгиланган тартибда амалга ошириб келмоқда. 9 мингдан ортиқ сайлов участ­калари тузилиб, участка сайлов комиссиялари шакллантирилди. Уларнинг таркибида 90 минг нафардан зиёд фуқаро ­фаолият олиб бормоқда. Қонунга мувофиқ уларнинг биронтаси ҳеч қайси сиёсий партияга аъзо эмас. Демак, улар ҳамма партияга бирдек қараб, сайловни юқори даражада ташкил қилишга бел боғлаган.

Марказий сайлов комиссиясининг сайлов кампанияси бошлангани ҳақидаги қарорида ташкилий ишлар билан бирга, сайловчилар орасида турли тушунтириш ва тарғибот тадбирларини олиб боришга эътибор қаратилди. Бу жараёнда қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари, мутахассислар фаол иштирок этяпти.

Бир маҳалладаги тадбирда иштирокчи аёл синглиси чет элда ўқиётгани, унинг овоз бериш тартиби қандай бўлиши ҳақида савол берди. Биз унга қонуний тартиб-қоидалар, 44 давлатдаги мамлакатимиз ваколатхоналарида сайлов участкалари тузилгани, улардаги ташкилий шароит ҳақида тушунча бердик. Бу бир мисол. Умуман, учрашувларда аҳолининг сайлов билан боғлиқ жараёнларга қизиқиши олдинги сайловларга нисбатан анча юқори экани яққол сезилмоқда. Демак, тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз лозим. Шуни ҳисобга олиб, сайлов участкаларини сайловга алоқадор барча маълумотлар билан таъминлаш чораларини кўрдик. Одамларда сайлов ҳақида туғилган ҳар қандай саволга участка сайлов комиссиясида жавоб бўлиши керак. Бу, аҳолининг сайловга бўлган умумий муносабати ва кайфиятини белгиловчи муҳим омил эканини унутмаслигимиз лозим.

Серикбек МУРАТАЕВ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиси:

— Ҳақиқатдан ҳам, тарғибот ишлари муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, аҳолининг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Бу йил биринчи марта овоз берадиган 2,5 миллион нафардан ортиқ ёш сайловнинг аҳамияти, мазмун-моҳиятидан, тегишли қонунчиликдан хабардорлиги сайловнинг савиясига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун кўпроқ олий таълим муассасаларида тарғибот тадбирларини самарали ўтказишга, уларда имкон қадар кўпроқ ёшларни қамраб олишга эътибор бериляпти.

Сайловда фаол иштирок этиш дегани сайлов куни сайлов участкасига чиқиб, сайлов варақасига белги қўйиб қайтиш билангина белгиланмайди. Биз буни кенгроқ тушунишимиз зарур. Мана, шу кунларда депутатликка номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказяпти. Сайловдаги энг муҳим жараён аслида шу. Айнан шу жараёнда фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги, маданияти кўринади. Одамлар бу учрашувларга иштиёқ билан бориши, депутатликка номзодлар билан, уларнинг дастурлари, ғоя ва мақсадлари билан танишиши, савол-жавоб, мунозара қилиши, партияларнинг бир-биридан фарқини, қайси номзод кимлигини, қўлидан нима иш келишини билиши керак.

Сиёсий-ҳуқуқий фаоллик ва маданият, фуқаролик позицияси энг аввал оила муҳитида шаклланади. Ҳар бир оила бошлиғи, ота-она бунга эътибор бериши лозим, деб ўйлайман. Оила аъзолари даврасида, дас­турхон атрофида суҳбат жараёнида сайлов ҳақида, овоз беришнинг маъноси ва аҳамияти ҳақида биринчи нав­батда катталар фикр билдирса, ёшларга ўрнак бўлса, бу ҳар қандай тарғиботдан таъсирлироқ, самаралироқ бўлади. Чунки ота-она ва ёши улуғлар фикри, муносабатига қараб ҳаракат қилиш, улардан ибрат олиш менталитетимизга хос хусусият. Агар ота-она фарзанд­лари олдида мамлакатдаги муҳим сиёсий жараёнга бефарқ муносабатда бўлса, бу болалар тарбиясига, дунёқарашига ҳам салбий таъсир қилади. Оилада бир кунда қанча мавзуда суҳбат бўлади. Оила даврасида сайлов ҳақида фикр­лашиш оила аъзоларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошишига хизмат қилади.

Азиза ИБРОҲИМОВА, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, Президент стипендиати:

— Тарғибот-ташвиқот тадбирларида турли фикрлар, ҳар хил кайфиятдаги муносабатларга дуч келамиз. Айрим ҳудудлардаги тадбирлар ёки учрашувларда одамларда олдинги сайловда сайланган депутат фаолия­тидан қониқмагани ҳа­қида гаплар бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда масъулиятнинг бир томони сайловчиларнинг ўзига бориб тақалади. Сабаби, сайловчилар овоз беришдан олдин номзоднинг кимлиги билан, унинг дастури, мақсади, келгуси режалари, қолаверса, инсонийлик фазилатлари билан яхши танишиб, овоз бермоғи зарур. Шунинг учун номзодлар билан учрашувларда фуқаролар фаол бўлиши, уларни ҳар жиҳатдан синовдан ўтказиши керак.

Халқимиз, катта авлод вакиллари одатда ҳаётимиз, кундалик турмушимиз билан боғлиқ масалаларда пухта ўйлаб қарор қабул қилади. Мисол учун, бўлғуси келин ёки куёвни танлашда, қариндошлик ришталарини ўрнатишдан олдин сўраб-суриштирилади,  кўпнинг фикрини билиб, ке­йин бир қарорга келинади. Бу бизнинг миллий қадриятимиз. Депутатликка номзодларни танлашда ҳам шундай талабчанлик муҳимдир. Биз сайлайдиган депутат эртага давлатнинг юқори идорасида ишлайди, ҳаётимиз билан боғлиқ қонунлар қабул қилинишида қатнашади, бизнинг вакилимиз сифатида бизнинг номимиздан иш кўради. Шундай экан, нега биз бу масалага жиддий қарамаслигимиз керак?.. Бир тадбирда кўпни кўрган отахон шундай деди: Ҳеч қандай омил мамлакатнинг яхши ривожланишига тўғри танланган кадрларчалик таъсир кўрсата олмайди. Бу фикр ҳаммамизга ўрнак бўлиши керак, назаримда.

Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи:

— Сайловлар қанчалик адолатли ўтмасин, қанчалик жонкуяр ва салоҳиятли депутатлар сайланмасин, вакиллик ҳокимияти жамият ҳаётининг муҳим стратегик масалаларини ҳал қилиш бўйича етарли ваколатга эга бўлмаса, қонунларни ишлаб чиқиб қабул қилишда, уларни ўзгартиришда фикри, позициясини билдира олмаса, сайловнинг давлат бошқарувини демократлаштиришдаги аҳа­мия­ти йўқолади.

Мамлакатимизда парламент ислоҳотларини чуқурлаштиришда, вакиллик ҳокимиятининг давлат бош­қарувидаги ўрнини мустаҳкамлаб боришда бу масалалар алоҳида эътиборга олиняпти. Ўтган сайловдан кейинги вақт мобайнида нафақат сайлов билан боғлиқ қонунчилик, шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ишлаш тартиби, масалаларни муҳокама қилиш жараёнлари ривожланди, янада демократлашди, улар қабул қиладиган қарорларнинг таъсир кучи, ҳуқуқий мақоми ошди.

Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонунлар лойиҳалари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар кўриб чиқилаётганда ҳар бир депутатнинг, фракцияларнинг фикри, муносабати, таклифи албатта ҳисобга олинмоқда. Уларнинг қабул қилиниши ёки қилинмаслиги сабаблари юзасидан ялпи мажлисда асослантирилган тушунтириш берилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари тегишли ҳудудни ривожлантириш билан боғлиқ энг муҳим масалаларни муҳокама этиб, қарорлар қабул қиляпти, мазкур қарорлар ижрога қаратиляпти, депутатлар маълум долзарб масалаларни ўрганиб, сессиялар муҳокамасига олиб чиқяпти, уларнинг таклифлари қарорларга асос бўляпти.

Сайловчилар, айниқса, ёшлар бу жараёндан яхши хабардор бўлиши керак. «Депутат бўламан деганлар қуруқ ваъда беради, аслида уларнинг ваколати кўп нарсага етмайди» мазмунидаги нотўғри муносабатлар асоссизлигини ҳамма билиши зарур.

Ҳилола МАМАДАЛИЕВА, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил инс­титути катта мутахассиси:

— Мамлакатимизда бу галги сайловлар бутунлай янгича ҳуқуқий шароитда ўтади. Нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, дунё таниган сиёсатшунослар, олимлар шу ҳақда, умуман, Ўзбекистон халқи демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида муҳим ютуқларни қўлга киритаётганини такрор ва такрор эътироф этишмоқда. Бундай муносабатлар шунчаки расмиятчилик учун эмас, балки ҳаётий фактга асосланиб билдирилмоқда.

Маълумки, бу йилги сайлов натижаларига қараб, сиёсий партиялар янги ҳукуматни шакллантиришда бевосита иштирок этади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади. Ушбу меъёр парламент демократиясининг энг муҳим белгиларидан бири, десак, тўғри бўлади. Шундан ҳам кўриниб турибдики, яқинлашиб келаётган сайловнинг давлат бошқарувини янгилаш ҳамда жамият ҳаётини демократлаштиришдаги ўрни ва аҳамияти жуда катта. Бу муҳим масалаларни одамлар яхши билиши ва сайловчи сифатида ўз масъулиятини англаши зарур.

Сайловчилар кимга овоз беришида, номзодлар орасидан муносибларини танлай олишида кўп нарса номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотига боғлиқ. Ўтган сайловлар жараёнлари билан боғлиқ таҳлиллар айнан шу масала ўта долзарб эканини кўрсатди. Сайловчилар билан юзма-юз суҳбатларнинг таъсир кучи ниҳоятда катта. Сайловчиларнинг сиёсий партия ёки номзод ҳақида фикри ана шу жараёнда кўпроқ шаклланади.

Депутатликка номзод ёки унинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувларда дадил ва ишонч билан гапирмаса, саволларга аниқ, асосли жавоб беролмаса, кўп нарса йўқотади. Айтаётган гапимиз ҳаётий бўлса, одамлар бизни, албатта, эшитади, тушунади, қўллаб-қувватлайди. Сиёсий пар­тия­лар, уларнинг етакчилари, номзодлар, ишончли вакиллар сайловолди ташвиқоти тадбирларида бу масалага жиддий эътибор қаратишлари зарур, деб ўйлайман.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, сайлов давлат бошқарувини янгилаш ҳамда жамият ҳаётини демократлаштиришда муҳим ўрин тутади. Мамлакатнинг тараққиёти, халқимизнинг ҳақ-ҳуқуқи таъминланиши, турмуш шароити қандай бўлиши сайланадиган депутатларга боғлиқ. Кимлар депутат этиб сайланишини эса сайловчиларсизу биз кимга овоз беришимиз ҳал қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.