Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.12.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Қашқадарё вилояти

 

Фуркат НАРМАТОВ (112-Қарши сайлов округи)

1977 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Фарғона давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — тарихчи.

У 1996 йилдан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилоят Кенгашида бўлим мудири, 2010 йилдан раис ўринбосари, 2012 йилдан ҳозиргача унинг раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Фуркат Нарматов меҳнат фаолияти давомида ёшлар муаммоларини ечиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш,  зарур ҳолатларда амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан вилоятдаги Меҳрибонлик ва Ногиронлар уйлари оталиққа олиниб, мазкур муассасалар тарбияланувчилари ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, маънавий-маърифий ҳамда хайрия тадбирлари ташкил этишда фаоллик кўрсатмоқда.

Фуркат Нарматов сайлов­олди дастурида кам таъминланган, барқарор даромадга эга бўлмаган оилалар фарзанд­ларига давлат грантлари ажратиш, уларни истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Бундан таш­қари, дас­турдан ногирон болалар учун зарур махсус адабиётлар ва қўлланмалар сотиб олишни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини замон ва хал­қ­аро талаблар даражасида ривожлантириш каби муҳим таклифлар ўрин олган.

— Депутат бўлиб сайлансам, энг аввало, тўлов контракт асосида ўқиётган талабалар учун таълим кредитлари ажратиш, ёш оилалар учун имтиёзли ипотека ҳамда истеъмол кредитлари бериш механизмларини янада соддалаштириш масалалари бўйича таклифларимни қонунчиликда ифода этилиши учун ҳаракат қиламан, — дейди у. — Бундан таш­қари, яратилаётган янги иш ўринларида ёшлар учун махсус квоталар ажратиш, меҳнат муносабатларида уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари эътиборга олиниши бўйича ҳам ўз фикрларимни илгари сураман.

 

Шахида НАМАЗОВА (113-Бешкент сайлов округи)

1966 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Ҳозирги Қарши давлат университетини тугатган.

Меҳнат фаолиятини Қарши шаҳридаги 10-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1989-1998 йилларда Қарши туманидаги «Феруза» фермер хўжалиги ишчиси, 1998 йилдан ҳозирги вақтга қадар мазкур фермер хўжалиги раҳбари лавозимида меҳнат қилиб келмоқда.

Шахида Намазова тажрибали фермер сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб келмоқда. У Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси эканлигидан ҳақли равишда фахрланади.

У корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларини йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар бандлигини таъминлашнинг самарадорлигига эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

— Депутат бўлсам, мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган фермер хўжаликлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаман, — дейди у. — Айниқса, фермер хўжаликларида кафолатланган иш ўринлари ташкил этиш, уларда ёшлар учун махсус квоталар белгилаш каби масалалар қонунчиликда ўз ифодасини топишига ҳаракат қиламан. Бу эса ўз навбатида, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, битирувчиларга якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли микрокредитлар бериш, улар ташкил этаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишдаги мавжуд йиғим ва божлардан озод этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш ва амалга ошириш сайловолди дастуримнинг асосий йўналишлари ҳисобланади. Бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахсларнинг қонуний фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий механизм­ларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга қаратилган таклифларим ҳам муҳим масаладир.

 

Умида ГАЗИЕВА (114-Қамаши сайлов округи)

1968 йилда Қамаши туманида туғилган. Самарқанд давлат тиббиёт институти педиатрия факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Қарши шаҳридаги вилоят болалар шифохонасида бошлаган. 1992-2000 йилларда Қаршидаги 2-болалар поликлиникасида педиатр, 2000-2002 йилларда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри,  2002-2005 йилларда бошқарма бошлиғининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари, 2006 йилдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Депутатликка номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган. У Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари мавзусига бағишланган магистрлик диссертациясини ёқлаган.

Умида Газиева Япония, Эстония, Россия давлатларида ўтказилган халқаро илмий конференцияларда иштирок этган. Хориж тажрибасини соғлиқни сақлаш тизимига татбиқ қилишда ижобий натижаларга эришган. Шунингдек, у қишлоқ врачлик пунктларини биринчи тиббий ёрдам дорилари билан узлуксиз таъминлаш ва улардан мақсадли фойдаланиш, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишда қишлоқ врачлик пунктлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар ва туман шифохоналари ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тар­ғиб қилиш борасида кўплаб таклиф ва тавсиялар ишлаб чиққан.

Бундан ташқари, маҳаллаларда саломатлик кунларини ташкил этиш, туман тиббиёт бирлашмалари ички дорихоналари, вилоят даволаш профилактика муассасалари марказий стерилизация пунктлари, стерил дори тайёрловчи дорихоналари, лабораторияларини реконструкция қилиш, тиббиёт архивини ташкил этишда фаол иштирок этган.

Умида Газиеванинг сайловолди дастуридан қишлоқ врачлик пункт­ларида тиббий хизмат сифатини яхшилаш, мазкур тармоқ фаолиятини янада такомиллаштириш, жисмоний имконияти чекланган кишилар ва бошқа айрим тоифаларга имтиёз асосида бериладиган дори воситалари рўйхатини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори воситалари ва тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан давлат назоратини кучайтириш, дори воситалари рекламасини тақиқлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш каби муҳим масалалар ўрин олган.

 

Илхам КУРБАНОВ (115-Нишон сайлов округи)

1961 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Қарши филиалини тамомлаган. Мутахассислиги — инженер-гидротехник.

Меҳнат фаолиятини 1982 йилда Қашқадарё вилоят сув хўжалиги лойиҳалаш гуруҳида техник-қидирувчи ва муҳандис-лойиҳачи сифатида бошлаган. Кейинчалик «Ўзмахсуссувқурилиш» трестида механик ва уста вазифасида ишлаган. 1986-1992 йилларда вилоят «Агросаноат» уюшмасида янги ерларни ўзлаштириш бўйича бош муҳандис, 1992-1993 йилларда «Отчопар» уюшмасида директор ўринбосари, 1993-1996 йилларда «Агросаноат» уюшмасининг ер-сув хўжалиги бўлими муҳандиси, бўлим бошлиғи, 1996-1997 йилларда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим муҳандиси, 2003 йилда коллектор дренаж тизимлари бошқармаси бошлиғи, 2003-2010 йилларда «Аму-Қашқадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги Гидрогеология-мелиоратив экс­педиция бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган. 2010 йилдан Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бош­қармаси бошлиғи.

Илхам Курбанов Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастуридан ўрин олган қатор долзарб масалалар қонунчиликда акс этиши учун астойдил курашмоқчи. Хусусан, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ер участкалари билан таъминлаш, давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисмини аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари учун уй-жой қуришга йўналтириш каби ҳаётий масалаларга эътибор қаратган.

— Қонунчилик палатаси депутати бўлиб сайлансам, биринчи нав­батда, аҳолига хизмат кўрсатувчи транспорт тизимини, тежамкор ер усти транспорти турларини ривожлантириш учун инфратузилмани яхшилаш бўйича таклифларимни бермоқчиман, — дейди у. — Жумладан, велосипед йўлакларини қуриш ва бошқа қулайликлар яратиш масаласини илгари сураман. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта  ишлаш корхоналарини ташкил қилиш орқали ёшларни иш билан таъминлаш, ваколатли идоралар томонидан аҳолига табиий монополия субъектлари бўлган корхоналарнинг хизматларига нарх ва тарифлар ўрнатишнинг иқтисодий асосланган аниқ мезонларини ишлаб чиқишнинг қонуний асосларини яратиш сайловолди дастуримнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

 

Фурқат РАХМАТОВ (116-Косон сайлов округи)

1983 йилда Китоб туманида туғилган. Тошкент давлат техника университетининг информатика ва ахборот технологиялари йўналишини тамомлаган. Ҳисоблаш техникаси ва бош­қариш тизимларининг элементлари ва қурилмалари соҳаси бўйича магистр. Техника фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 2006 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети амалий информатика кафедраси ассистенти сифатида бошлаган. 2011 йилдан кафедра катта ўқитувчиси, 2012 йилдан кафедра мудири лавозимларида фаолият олиб борган. 2013 йилдан ҳозирги вақтга қадар Тошкент ахборот технологиялари университетининг дастурий инжиниринг факультети декани лавозимида меҳнат қилиб келмоқда.

Фурқат Рахматов Тошкент ахборот технологиялари университети ёш олимлар кенгаши раиси сифатида кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда. 2013 йилда унинг муаллифлигида яратилган «Koмпьютер тизимларига техник хизмат кўрсатиш» ўқув қўлланмасидан республикамиз касб-ҳунар коллежларида дарслик сифатида фойдаланилмоқда. У сигналларга рақамли ишлов бериш тизимлари ва уларнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқишга бағишланган 15 дан зиёд илмий мақолалар ва дастурий воситалар учун 4 та муаллифлик гувоҳномасига эга.

Унинг ташаббуси билан факультет қошида университетнинг иқтидорли талабалари иштирокида «Робот технологиялар» инновацион гуруҳи ташкил этилган. Мазкур гуруҳ аъзоси бўлган талабалар томонидан яратилган мобиль қурилмалар учун дастур «BestSoft Challenge — 2013» танловида совринли ўринни эгаллади.

Фурқат Рахматов ўз сайловолди дас­турида таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш тарафдори. Шунинг­дек, минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, жамиятнинг барча қатламларига таълим имкониятларидан эркин ва тенг фойдаланишни таъминлайдиган мактабгача, ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини ташкил этиш тизимини янада ривожлантиришни мақсад қилган.

— Депутат бўлиб сайлансам, бепул ва имтиёзли ставкалар бўйича амалга оширилаётган мактабгача таълим давлат тармоғини кенгайтириш, тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун таълим кредитлари бериш тизимини янада соддалаштириш бўйича таклифларимни илгари сурмоқчиман, — дейди у. — Шу билан бирга, таълим тизимида энг сўнгги ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш, бу йўналишда ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш сайловолди дастуримнинг асоси ҳисобланади.

 

Ханифа ТЎРАЕВА (117-Касби сайлов округи)

1968 йилда Муборак туманида туғилган. Ҳозирги Қарши давлат университетини география-биология йўналиши бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1990 йил Муборак туманидаги 21-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1993-2001 йилларда 3-умумтаълим мактабида, 2001-2011 йилларда Муборак туманидаги 21-мактабда директор ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. 2011 йилдан ҳозирги вақтга қадар Муборак туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Ханифа Тўраева фаолияти давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, фаоллигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ишларида кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда.

Аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган инсонларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, бундай оилаларга моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар тўлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини микрокредитлаш ва микромолиялаш тизимини такомиллаштириш унинг сайлов­олди дастурида асосий ўрин эгаллаган.

— Депутат бўлсам, аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, корхона ва ташкилотларда улар учун алоҳида квоталар ажратилишини, қонунчилик меъёрларини яратишни мақсад қилганман, — дейди у. — Шунингдек, оиланинг муқаддаслигини сақлаб қолиш, қизлар эрта турмуш қуришининг олдини олиш, никоҳдан олдинги тиббий кўрикдан ўтиш тизимини янада қатъийлаштириш устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш депутатлик ишимнинг муҳим йўналиши бўлади.

Ханифа Тўраева «Мустақилликнинг 15 йиллиги», «Мустақилликнинг 20 йиллиги» кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

 

Шокиржон ШУКУРОВ (118-Китоб сайлов округи)

1975 йилда Китоб туманида туғилган. Ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги  Давлат бошқаруви академиясини тугатган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Китоб туман хусусийлаштириш бўлимида мутахассисликдан бошлаган. 1995-2001 йилларда туман хусусийлаштириш бўлимида ҳи­собчи, 2001-2003 йилларда Китоб туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш бўлими мудири вазифаларида ишлаган.

2010 йилдан буён Китоб туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастуридан келиб чиққан ҳолда, у ўз сайловолди дастурида қуйидаги ишларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйган. Аввало, меҳнатга ҳақ тўлашни изчил ошириб бориш, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ставкаларини мақбуллаштириш ҳисобига жисмоний шахслар даромадларига ўрнатилган солиқ ставкаларини босқичма-бос­қич пасайтириш, солиққа тортиладиган базанинг кенгайтирилиши ва самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқларни тартибга солишни яхшилаш сиёсатини қўл­лаб-қувватлайди.

— Ушбу чоралар аҳолининг, аввало, унинг кам таъминланган қатламлари харид қобилиятини оширади, — дейди у. — Бу эса иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи, иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатларини изчил ошириб боришнинг мустаҳкам асоси ҳисобланади. Мазкур чоралар меҳнатга нисбатан кам ҳақ тўланадиган жойларда иш берувчилар ва ходимлар ўртасида очиқ меҳнат муносабатларини ўрнатишга, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ва бош­қа кафолатларга амал қилинишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Шокиржон Шукуров, шунингдек, ойлик маош, пенсиялар, стипендиялар ва уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийларига тўланадиган ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш, айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли товар ва хизматлар бозоридаги монопол ҳолатини чеклашга йўналтирилган  сиёсат самарадорлигини ошириш тарафдори. Бундан ташқари, монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга нарх ва тарифлар ўрнатишдан аҳолининг кам таъминланган қатламлари манфаатларини ҳисобга олиш зарур, деб ҳисоблайди.

 

Саттор РАХМАТОВ (119-Чироқчи сайлов округи)

1973 йилда Китоб туманида туғилган. Тошкент педиатрия тиббиёт инс­титутини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Китоб туманида бошлаган. 1997-1998 йилларда Шаҳрисабз шаҳридаги оналар ва болалар шифохонасида, 1998-2002 йилларда Китоб туман болалар поликлиникасида врач, 2002-2010 йилларда Китоб туман болалар поликлиникасида бош шифокор вазифаларида ишлаган.

2004-2009 йилларда 22-Айрончи сайлов округидан халқ депутатлари Китоб туман Кенгаши депутати, 2009 йилда 119-Чироқчи сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Қуйи палатанинг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

Саттор Рахматов Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фаолияти давомида қонунларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари билан боғлиқ нормаларнинг акс этишида муносиб иштирок этмоқда.

У ўзининг сайловолди дастурида аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кенгайтириш ва унинг сифатини ошириш билан боғлиқ масалаларга асосий эътибор қаратган. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда аҳолини ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига малакали тиббиёт-санитария ёрдами ва асосий тиббий хизматларни бепул кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши устидан тизимли депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тарафдори.

— Депутат бўлиб сайлансам, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига оид бошқа масалаларга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мажбурийлигини белгилаш бўйича таклиф бермоқчиман, — дейди у. — Шунингдек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал маслаҳатлашувлар ўтказишнинг мажбурий эканлигини белгилаб берувчи процессуал механизмларни тасдиқлаш муҳим, деб ҳисоблайман. Айниқса, ҳукумат сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари билан, жойлардаги ҳокимликлар эса партия­ларнинг тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши муҳим аҳамиятга эга.

Саттор Рахматов ЎзХДП сайлов­олди дастуридан келиб чиқиб, аввало, тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш бўйича аниқ таклифларни илгари суришни мақсад қилиб қўйган.

 

Феруза ЭШМАТОВА (120-Шаҳрисабз сайлов округи)

1979 йилда Яккабоғ туманида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини (бакалавр, магистратура) тамомлаган. Юридик фанлар номзоди.

Меҳнат фаолиятини 2002 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети халқаро ҳуқуқ ва қиёсий қонунчилик кафедраси ўқитувчиси сифатида бошлаган. 2003-2006 йилларда Халқаро ҳуқуқ йўналиши бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб борган. 2006 йилдан ҳозирги вақт­га қадар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси доценти сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2007 йилда «Халқаро парламент ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий хусусиятлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Феруза Эшматова 30 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар, ўқув қўлланма ва монографиялар муаллифидир. У қонун лойиҳалари юзасидан ўтказилган муҳокамаларда иштирок этган.

Феруза Эшматова ўз сайлов­олди дастурида ҳар бир инсонга унинг шахсий фазилатлари ва истеъдодини ривожлантириш, фуқаролик ва умуминсоний ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берувчи зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамиятини шакллантиришни янада кучайтириш бўйича таклифларини илгари сурмоқда.

Шунингдек, у ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли масалаларни тартибга солишга бевосита таъсир қилувчи кучга эга қонунларни қабул қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига оид бошқа масалаларга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойи­ҳаларини жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экс­пертизасидан ўтказиш ғояларини қўллаб-қувватлайди.

Феруза Эшматова суд-ҳуқуқ тизимида туманлараро ҳамда шаҳар даражасидаги фуқаролик судлари тармоғини кенгайтириш орқали аҳолининг ҳуқуқлари янада асосли ва адолатли ҳимоя қилинишига ҳисса қўшишни мақсад қилган.

 

Лола САОДАТОВА (121-Яккабоғ сайлов округи)

1972 йилда Яккабоғ туманида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида радиожурналистликдан бошлаган. 1996-2000 йилларда Қамаши туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия масъул котиби бўлиб ишлаган. 2007 йилдан буён Маънавият тарғи­бот маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари сифатида ишлаб келмоқда.

Лола Саодатова ўз фаолияти давомида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш, ёш авлодни миллий ғоя, миллий мафкура ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Унинг ташаббуси билан вилоятда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида «Глобаллашув ва ёшлар тарбияси», «Оила барқарорлиги: муаммолар, тажрибалар, истиқболлар», «Соғлом авлод тарбиясида маънавиятнинг ўрни» каби мавзуларда илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Шунинг­дек, «Диний экстремизм ва терроризм — жамият барқарорлигига таҳдид», «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва назоратсизликнинг олдини олиш юзасидан ота-оналар учун эслатма», «Огоҳлик, ҳушёрлик ва бирдамлик — давр талаби» сингари  мавзуларда қўлланма  ва буклетлар чоп этилишида фидойилик кўрсатди.

Лола Саодатова Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Фаол аёллар» қаноти Қашқадарё вилоят бўлими етакчиси сифатида ҳам жамиятда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳит яратишга қаратилган тарғибот ишларини тизимли ташкил этишда фаол иштирок этмоқда.

Унинг сайловолди дастуридан хотин-қизларни иш билан таъминлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини такомиллаштириш, олис ва чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда спорт билан шуғулланиши учун мўлжалланган инфратузилмани янада ривожлантириш каби масалалар ўрин олган.

 

Комила КАРАМОВА (122-Fузор сайлов округи)

1960 йилда Қарши шаҳрида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1982 йилда Нишон туман газетасида бошлаган. 1994-1995 йилларда Қарши шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси, сўнгра  йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қарши шаҳар Кенгаши  раиси ўринбосари, раиси ҳамда «Насаф» газетаси бош муҳаррири лавозимларида фаолият олиб борган.

Комила Карамова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси. У Қонунчилик палатасидаги фаолияти давомида қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати, хайрихоҳлари, тарафдорлари манфаатлари билан боғлиқ меъёрлар акс этиши учун фаол ҳаракат қилди. Хусусан, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунларни такомиллаштириш бўйича ўз таклифлари билан қатнашди. Шунинг­дек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясининг аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.

Сайловчилар билан учрашувлар натижасида қатор қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда партиянинг дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб таклифларини билдирмоқда. Қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш, ижтимоий масалаларга бағишланган қатор тадбирларни ўтказишда намуна бўлмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг минтақавий кенгашлари томонидан ташкил этилган кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ишида фаол қатнашиб, аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига депутатлик сўрови юборди. Уларни тегишли тартибда ҳал қилишга эришди. 

— Яна депутат бўлиб сайлансам, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бош­қа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш устида иш олиб бормоқчиман, — дейди у. — Шунингдек, кам таъминланган оилалар вакилларига ўз ишини очиши учун беғараз ссуда (грант) бериш институтини қўллаш йўли билан уларни оилавий тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича меъёрий асосларини янада такомиллаштиришга ҳаракат қиламан.



DB query error.
Please try later.