02.12.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Самарқанд вилояти

 

Дилшода СУЛТАНОВА (50-Регистон сайлов округи)

1970 йилда Пайариқ туманида туғилган. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. Мутахассислиги – архитектор.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда ўзи таҳсил олган институтда ассис­тентликдан бошлаган ва стажёр-тад­қиқотчи, аспирант бўлган. 2004 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ва институтда катта ўқитувчи, 2006 йилдан доцент вазифасини бажарувчи, 2007 йилдан эса доцент лавозимида ишлаган. 2006-2009 йилларда докторантурада таҳсил олган.

2008 йилдан Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Тасвирий санъат кафедраси доценти ҳамда жамоатчилик асосида вилоят «Олима аёллар» уюшмаси ­раиси ўринбосари бўлиб ишлайди.

Архитектура соҳасида қатор илмий мақолалари 70 дан ортиқ журнал, халқаро ҳамда республика  конференцияларининг тўпламларида чоп этилган.

– Жисмоний имконияти чекланган фуқаролар партиямиз электоратининг муҳим қисми ҳисобланади, – дейди у. – Мен айнан уларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ўз сайловолди дастуримни ишлаб чиқдим. Аввало ногиронларнинг ижтимоий мослашувини ташкил этиш ишларини янада такомиллаштиришимиз, уларнинг ўз имконияти даражасида иш билан таъминланишига эришишимиз керак. Шунинг билан бирга уларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан, турар жой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Депутат бўлиб сайлансам, мен парламентда айнан шу масалалар бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш учун курашаман.

Дилшода Султонова ташаббускор, жонкуяр устоз. Ўзига нисбатан талабчан ва изланувчан. У жамоат ишларида фаол иштирок этади. Агар сайловчилар ишонч билдирса, у депутат сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатишига ишонамиз.

 

Абдуғани ЭЛМУРОДОВ (51-Сўғдиёна сайлов округи)

1969 йилда Оқдарё туманида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Мутахассислиги – агроном. Қиш­лоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган институтда кичик илмий ходимликдан бошлаган. 1992-2012 йилларда аспирантурада ўқиган, «Ўсимликшунослик» кафедрасида ассистент, доцент, инс­титут ўқув бўлими бошлиғи, агрономия факультети деканининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, «Генетика, селекция ва уруғчилик» кафедраси доценти, институт ўқув-методика бўлими бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2012 йилдан институтнинг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори.

Кейинги йилларда олий ўқув даргоҳида таълим тизимини модернизация қилиш, инновацион таълим технологияларини жорий этиш, янги ахборот ва педагогик технологияларни ўқув жараёнида қўллаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Иш берувчиларнинг кадр­ларга бўлган истиқболдаги (2016-2020 йилларга) эҳтиёжлари бўйича «Буюртмалар портфели» шакллантирилди. Битирувчилар тўғрисидаги маълумотлар потенциал иш берувчиларга тақдим этилди.

Бу каби ишларда изланувчан олим Абдуғани Элмуродовнинг алоҳида ҳиссаси бор. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган ғояларни илгари сураяпти.

– Аҳолини экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бутун дунёда катта муаммога айланиб бораяпти, – дейди у.  – Шу жиҳатдан мен ташқаридан кириб келаётган қишлоқ хўжалик экинлари уруғларининг экологик жиҳатдан назоратини янада кучайтириш таклифини илгари сурмоқчиман. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини янада ошириш борасида қилинаётган ишларни қўллаб-қувватлаб, замонавий агротехнологияларни қўллаш, ҳосилдорликни оширишнинг комплекс чора-тадбирлар изчил олиб борилишини таъминлашга қаратилган қонунчиликни янада ривожлантириш зарур, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, ўрта-махсус ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини тўлиқ таъминлаш учун якка тартибдаги хусусий тадбиркорликни имтиёзли кредит билан рағбатлантиришни янада кучайтириш лозим бўлади.

 

Сахобиддин  АРЗИКУЛОВ (52-Булунғур сайлов округи)

1969 йилда Иштихон туманида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини бухгалтерия ҳисоби ихтисослиги бўйича ҳамда Банк-молия академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси иқтисодиёт инс­титутида бошлаган. Самар­қанд вилоят агросаноат уюшмаси молия бўлими бош мутахассиси, вилоят Молия бошқармаси биринчи даражали тафтишчи-назоратчиси, бўлим бошлиғи, вилоят Иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Самарқанд филиали директори вазифаларида ишлаган. 2014 йилдан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ­Самарқанд филиали директори.

Вилоятда қурилаётган бир қанча ижтимоий объектларни молиялаштиришда унинг таклифлари инобатга олинган. Негаки, у доимо сифат ва тежамкорлик тарафдори. Малакали мутахассис вилоятда барпо этилган кўплаб намунавий лойиҳадаги уйларнинг қурилишида бош-қош бўлди. Коллеж битирувчиларини қурилиш йўналиши бўйича иш билан таъминлаш, вилоятда болалар спортини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

– ЎзХДП Сайловолди дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда саноатни ривожлантиришга кўмаклашувчи жамғармалар ташкил этиш эвазига янги иш ўринлари очишни янада қўллаб-қувватлаш тарафдориман, – дейди у. – Бу бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бундан ташқари, таълим муассасалари битирувчиларининг ўз мустақил ишини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш бўйича янада самарали механизм яратиш зарур, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, номзод жойларда болалар спортини оммавий тарз­да ривожлантириш борасида ҳам қатор таклифларни илгари сурмоқда.

Сахобиддин Арзикулов ташаббускор раҳбар, малакали мутахассис сифатида вилоят жамоатчилиги орасида ҳурмат-эътибор қозонган.

 

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ (53-Иштихон сайлов округи)

1983 йилда Оқдарё туманида туғилган. Тошкент давлат юридик институти (университети)да бакалавриат, магистратурани тамомлаган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши (Давлат бошқаруви) академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолиятини 2005 йилда Адлия вазирлигида бошлаган ва Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бош­қармаси бош маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари вазифаларида ишлаган. 2010-2014 йилларда ­Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўл­ган. 2014 йилдан Адлия вазирлигининг Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бош­қармаси бошлиғи.

Депутатликка номзод ўз сайловолди дастурида ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳавола нормаларсиз қабул қилинишига эришиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш  масалаларини асосий вазифалар қаторида белгилаган.

— Мамлакатимизда ҳар бир соҳа жадал ривожланмоқда, — дейди у. — Айниқса, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган аҳолининг аграр соҳа ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муносиб ҳиссаси бор. Шундай экан, қишлоқ хўжалигида банд бўлган кишилар манфаатини ҳимоялаш бўйича қонунчиликни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳи­моя­га эҳтиёжманд кишилар, айниқса, вақтинча ишсиз хотин-қизларга кўмак беришнинг аниқ механизмлари сифатида касаначилик, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш зарур.

Дилмурод Саъдуллаев ўз соҳасини пухта билиши, меҳнатсеварлиги билан адлия идоралари жамоатчилиги ўртасида катта ҳурмат қозонган. Ҳар бир масалага масъулият билан ёндашади. Шу боис ҳам уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига муносиб номзод, деб ҳисоблаймиз.

 

Замира КУВАНОВА (54-Каттақўрғон сайлов округи)

1963 йилда Пахтачи туманида туғилган. Тошкент давлат маданият (ҳозирги Санъат ва маданият) институтини тамомлаган. Мутахассислиги — кутубхонашунос-библиограф.

Меҳнат фаолиятини 1980 йилда Пахтачи туманидаги Боғолон қишлоқ кутубхонаси мудирлигидан бошлаган. 1987-2009 йилларда туман марказий кутубхонаси хизмат кўрсатиш бўлими мудири, туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси бўлиб ишлаган. 2009 йилдан туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

У кутубхонада ишлаган даврида турли маънавий-маърифий тадбирларни уюштиришда ташкилотчилик қилди. Айни пайтда туманда истиқомат қилаётган хотин-қизлар турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан кўплаб ташаббусларни амалга оширмоқда.

— Юртимизнинг ҳар бир маҳалласида тадбиркор, ҳунарманд­лар бор, — дейди у. — Соҳани ривожлантириш эвазига кўплаб иш ўринлари яратиляпти. Таҳлиллар кўрсатаяптики, тикувчилик, тўқимачиликни ривожлантиришга янада кенг йўл очиш кўпроқ хотин-қизларимизни иш билан таъминлашга хизмат қилади.

Шундан келиб чиқиб, сайлов­олди дастуримда аҳолининг давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари билан бирга, қишлоқ жойларида хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўпроқ эътибор қаратишга ҳаракат қилдим. Якка тартибда уй меҳнати билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг меҳнатини расмийлаштириш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун уларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини яратиш ғояларини илгари сураяпман. Агар Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлансам, айнан шу масалаларда қабул қилинадиган қонунларнинг янада мукаммал бўлишида иштирок этаман.

Замира Куванова янгиликка интилиб яшайди. Аёллар манфаатини ҳимоя этишни ўзининг асосий вазифаси, деб ҳисоблайди.

 

Абдалим РАЖАББОЕВ (55-Қорадарё сайлов округи)

1966 йилда Иштихон туманида туғилган. Ҳозирги Тошкент Ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Мутахассислиги — радио алоқа, радио эшиттириш ва телевидение муҳандиси.

Меҳнат фаолиятини «Ўз­бектелеком» акциядорлик ком­пания­си Самарқанд филиали Иштихон телекоммуникация боғламаси муҳандислигидан бошлаган. 2003-2005 йилларда шу корхона бош муҳандиси, бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2014 йилдан «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ­Са­марқанд филиали директорининг биринчи ўринбосари.

— Мен қишлоқда туғилиб, қишлоқда ўсганман. Қувонч­лиси, кўз ўнгимизда қишлоқларимиз тобора обод бўлиб гўзаллашиб бормоқда. Бугунги кунда қишлоқ жойларида саноатни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш аҳоли турмуш даражасини юксалтиришнинг энг муҳим йўналишларидан биридир. Бу ишлар, аввало, унинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш билан самарали амалга оширилади. Агар депутат бўлсам, айниқса, қишлоқ аҳолиси фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқилишига ҳисса қўшаман.

Ташаббускор ва талабчан, жамоат ишларида фаол раҳбар Абдалим Ражаббоев халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати сифатида ҳам ЎзХДП электорати манфаатларини ҳимоя қи­лиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, унинг ташаббуси билан туман кенгаши сессиялари муҳокамасига аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилган масалалар киритилган. Агар сайловчилар ишончини қо­зонса, унинг шу вақтга қадар тўп­лаган тажрибаси депутат сифатида самарали фаолият кўрсатишига асос бўлади.

 

Шоира БОБОҚУЛОВА (56-Нарпай сайлов округи)

1960 йилда Иштихон туманида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — филолог ўқитувчи.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Нарпай туманидаги 67-ҳунар-техника билим юртида ўқитувчиликдан бошлаган. Тумандаги 61-мактабда ўқитувчи, туман ёшлар ташкилоти масъул ходими, жамоа хўжалиги раиси ўринбосари, туман халқ таълими бўлими педагогика жамияти раиси ўринбосари, туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари, мониторинг бўлими бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2004 йилдан туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси ­раиси.

Самарали меҳнатлари туфайли у 2013 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Туман марказидан узоқда жойлашган олис қишлоқларда яшаётган хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини оширишга, меҳнат шароитини яхшилашга, уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этишга эришиш Шоира Бобоқулова иш фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Айниқса, унинг ташаббуси билан қаровсиз жойларда спорт иншоотлари ташкил этилиб, хотин-қизларни спортга жалб этиш ишлари изчил олиб борилаётгани эътиборлидир.

— Мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор,  яратилаётган шарт-шароитлардан мамнунмиз. — дейди у. — Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дас­турида ҳам аёллар масаласига жиддий эътибор қаратилган.

Шундан келиб чиқиб мен хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, давлат ва жамият бошқарувини янада демократлаштиришда улар иштирокини кучайтириш бўйича қонунчилик базасини янада ривожлантириш ғояларини илгари сураяпман. Айниқса, қишлоқ жойларида хотин-қизлар турмуш шароитларини янада енгиллаштириш, меҳнатини муҳофаза қилиш масаласига эътибор қаратмоқчиман. Шоира Бобоқулова катта ҳаётий тажрибага эга. Айниқса, қишлоқ муаммоларини яхши билади. Депутат этиб сайланса, самарали фаолият кўрсатишига ишонамиз.

 

Суннатилла ХУДЖАМҚУЛОВ (57-Оқдарё сайлов округи)

1958 йилда Оқдарё туманида туғилган. Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтини тугатган. Мутахассислиги — инженер-қурувчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Оқдарё политехника техникумида директор ўринбосари вазифасидан бошлаган. 1982-1984 йилларда ҳарбий хизматда бўлган. Сўнг тумандаги 153-МПМК омбор мудири, ишлаб чиқариш ишлари бошлиғи, бош таъминотчи, мазкур корхона қошидаги бетон заводи раҳбари вазифаларида ишлаган. 2002 йилдан «Меъмор Алишер Кумушкент» хусусий корхонаси раҳбари.

— Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим масалалардан бири, — дейди у. — Шундай экан, уларнинг мустақил равишда иш ўринлари ташкил этишига янада кенг шароит яратиш лозим. Бунинг учун имтиёзли микрокредитлар ажратиш тизимини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман. Сайловолди дастуримда бу каби масалалар алоҳида ўрин олган.

Мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш борасида адолатли қонунлар қабул қилинишида муносиб иштирок этишни мақсад қилганман.

Шунинг билан бирга, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоб қилишга замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир. Коммунал хизматлар нарх­лари ва тарифлари шаклланиши жараёнларининг очиқлигини таъминлаш, бу борада давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Бундан ташқари, қурилиш ишларини лойиҳалаштириш вақтида унинг атрофи инфратузилмасини ҳар томонлама ривожлантириш масаласи ҳам долзарбдир.

Суннатилла Худжамқулов малакали қурувчи, изланувчан, талабчан,  дунёқараши кенг раҳбар. У мамлакатимизда амалга оширилаётган  иқтисодий, сиёсий, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни доимо қўллаб-қувватлайди ва уларни тар­ғиб қилишда фаол иштирок этади. Суннатилла Худжамқулов сайловчилар ишончини қозониб, депутат этиб сайланса, партиямиз Сайлов­олди дастури ҳамда ўзи илгари сураётган ғояларни амалга ошириш учун курашишни мақсад қилган.    

 

Абдикодир ШАХРИЕВ (58-Пастдарғом сайлов округи)

1974 йилда Пастдарғом туманида туғилган. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги — врач-педиатр.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда Самарқанд шаҳридаги Болалар хирургияси илмий марказида бошлаган. Кейинчалик мазкур марказ навбатчи шифокори, торакал хирургияси хирурги, Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-болалар хирургияси кафедраси клиник ординатори,  госпитал болалар хирургияси кафедраси ассистенти, болалар хирургияси кафедраси доценти вазифаларида хизмат қилган. 2011 йилдан Самарқанд давлат тиббиёт институтининг врачлар малакасини ошириш факультети декани.

— Соғлиқни сақлаш соҳасини изчил ислоҳ қилиш натижасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолига тиббий ёрдам ва хизмат кўрсатишнинг яхлит замонавий инфратузилмаси шакллантирилди, — дейди у. — Соҳа ривожига йўналтирилаётган бюджет харажатлари йил сайин ортиб бормоқда. Мен сайловолди дастуримда мазкур йўналишни қўл­лаб-қувватлаган ҳолда аҳо­лига бепул бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатишни янада кенгайтириш ва унинг сифатини ошириш масалаларини белгиладим.

Жисмоний имконияти чекланган кишилар, олис қишлоқлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни кучайтириш, тиббий маданиятни янада яхшилаш, профилактика ишларининг самарадорлигини оширишга оид кўплаб таклифларим бор. Депутат этиб сайлансам, парламентда тиббиёт қонунчилигини айнан шу нуқтаи назардан янада ривожлантиришга, тиббиёт ходимлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этаман.

Абдикодир Шахриев ўз вазифасига сидқидилдан ёндашади. Унинг илгари сураётган ғоялари тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда ниҳоятда муҳимдир.

 

Ёқуб УМАРОВ (59-Пайариқ сайлов округи)

1972 йилда Пайариқ туманида туғилган. Санкт-Петербург давлат университетини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши (Давлат бош­қаруви) академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — сиёсий-иқтисод, халқаро муносабатлар магистри.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида иккинчи тоифали иқтисодчи вазифасидан бошлаган, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари, департамент директори ўринбосари, департамент директори вазифаларида ишлаган. Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Тошкент вилоят бўлими бошқарувчиси ўринбосари, бош бухгалтери, Сирдарё вилоят бўлими бошқарувчиси, Лойиҳаларни молиялаш маркази Халқаро кредитлар бошқармаси бошлиғи, «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати» ОАЖда Қимматли қоғозлар ва мулкни бошқариш бўлими бошлиғи, 2008-2011 йилларда «Асака» банк Ички аудит хизмати бошлиғи ўринбосари ва Самарқанд вилоят филиали бошқарувчиси лавозимларида фаолият кўрсатган. 2014 йилдан «Асака» давлат-акциядорлик тижорат банкининг Иқтисодий таҳлил ва стратегик ривожланиш департаменти бошлиғи.

— Мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишида банк-молия муассасаларининг муносиб ўрни бор, — дейди у. — Мен молия бозорини шакллантириш ва такомиллаштириш бўйича бир неча бор халқаро конференцияларда қатнашдим. Жумладан, Швейцария, Япония, Туркия, АҚШ давлатларида ана шундай анжуманлардаги иштироким бу борада кўплаб мамлакатлар банк тизимлари фаолияти билан яқинроқ танишишга имкон яратди. Шундан келиб чиқиб, тижорат банкларининг инвестицияларини янги иш ўринлари яратиш мақсадларига янада самарали йўналтиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, бошланғич сармояни шакллантириш учун кредит ажратиш тизимини янада соддалаштириш, микрокредитлар ҳамда микромолиявий хизматлар кўрсатиш ҳажмини янада ошириш кўплаб янги иш ўринлари яратишга асос бўлади.

Ёқуб Умаров Марказий банкдаги меҳнат фаолияти давомида қимматли қоғозлар бозори ва банклар фаолиятига оид қонун ва қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни амалда қўллаш жараёнларида бевосита иштирок этди. Жумладан, «Қимматли қоғозлар тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларининг яратилиши ҳамда республика қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга доир давлат дастурларининг тайёрланишида унинг муносиб ҳиссаси бор. Бу мисоллар у депутат сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатишига ишонч билдириш учун асос бўлади.

 

Мухаббат АХРОРОВА (60-Самарқанд сайлов округи)

1960 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — филолог-ўқитувчи.

Меҳнат фаолиятини 1979 йилда Самарқанд шаҳридаги 5-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 2002 йилдан Самарқанд туманидаги 21 ва 42-мактабларда ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2006 йилдан Самарқанд туманидаги «Оқмачит» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг Диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Меҳнат фаолияти давомида хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг гиламчилик, қандолатчилик, сартарошлик, нов­войлик, тикувчилик, зардўзлик, каштачилик, сандиқсозлик каби ҳунарлар билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратишга ҳисса қўшиб келмоқда. Натижада сўнгги уч йилда ҳудудда 100 нафарга яқин аёл иш билан таъминланди.

— Юртимизда қўлида бирор-бир ҳунари бўлган хотин-қизлар жуда кўп, — дейди у. — Биз улар ўз ишини кейинчалик кичик бизнес, оилавий тадбиркорликка айлантиришига кенг шароит яратиб беришимиз, шунга хизмат қиладиган механизмларни такомиллаштиришимиз зарур, деб ҳисоблайман. Бунинг натижасида бир ҳунарманд нафақат ўзи, балки оила аъзоларининг ҳам бандлигини таъминлайди, бундай оилаларни нафақат қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳожат қолмайди, балки улар давлат бюджетининг даромадларини кўпайтиришнинг ҳам муҳим манбаига айланади.

Мухаббат Ахророва тумандаги энг фидойи, тажрибали педагог ва маънавият тарғиботчиларидан ҳисобланади. У иш фаолияти давомида маҳалла аҳолисининг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш­ларни миллий қадриятларимизга ҳурмат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги ишларда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

 

Фарход ТУРСУНОВ (61-Тайлоқ сайлов округи)

1968 йилда Пайариқ туманида туғилган. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши (Давлат бошқаруви) академиясини битирган. Мутахассислиги — муҳандис-иқтисодчи. 2007-2008 йилларда Австрия мамлакати гранти доирасида Зальцбург шаҳридаги Туризм ва меҳмонхона менежменти институтида стажировка ўтаган ва «Туризм менежменти» бўйича диплом олган.

Меҳнат фаолиятини ҳарбий хизматдан сўнг 1992 йилда ўзи таҳсил олган институтда стажёр-ассистент­ликдан бошлаган. Самарқанд вилоят ҳокимлигининг иқтисодиёт ва статистика бош бошқармасида бўлим бошлиғи, вилоят ҳокимлиги Ахборот-таҳлил гуруҳи, Ташкилий ишлар ва кадрлар масалалари бўйича гуруҳи бош мутахассиси, «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси бош мутахассиси бўлиб ишлаган. 2004 йилдан Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида катта ўқитувчи, сервис ва туризм факультети декани вазифаларида фаолият кўрсатди. 2010 йилдан инс­титутнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори.

— Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, модернизациялаш ҳамда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш жараёнлари изчил амалга оширилмоқда, — дейди у. — Бу эса ўз навбатида, мамлакатда ижтимоий инфратузилманинг ривожланишига туртки бўляпти. Барпо этилаётган ижтимоий инфратузилма объектлари халқимиз турмуш даражасини янада кўтаришга хизмат қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, сайлов­олди дастуримда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини, айниқса, қишлоқ жойларида жадал ривожлантириш, бу соҳага инвестицияларни жалб этиш имкониятларини янада кўпайтириш каби масалаларни белгилаганман. Бу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш имкониятларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, жойларда кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилишига хизмат қилади.

Фарход Турсунов иқтисодиёт соҳасида бугун қайси масала долзарблигини яхши билади. Агар сайловчилар ишонч билдириб, депутат этиб сайланса, ЎзХДП Сайловолди дастури ижроси юзасидан кўплаб ташаббуслар билан чиқади ва сайловчилар ишончини оқлайди.

 

Шавкат  ХАСАНОВ (62-Ургут сайлов округи)

1974 йилда Булунғур туманида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Мутахассислиги — бухгалтерия ҳисоби ва молия бўйича иқтисодчи. Иқтисод фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1996 йилда Булунғур туманидаги жамоа хўжалигида иқтисодчиликдан бошлаган. Самарқанд қишлоқ хўжалик институти қишлоқ хўжалик иқтисодиёти ва бошқаруви кафедраси ассистенти сифатида фаолият кўрсатган. 2008 йилдан доцент ҳамда ўриндошлик асосида институт халқаро алоқалар бўлими бошлиғи.

Ҳозирги кунда «Чекланган ресурслардан фойдаланиш самарадорлигининг методологик масалалари (Зарафшон водийси қишлоқ хўжалиги корхоналари мисолида)» мавзусидаги докторлик диссертацияси устида ишламоқда. Шу кунгача 30 дан ортиқ илмий-услубий иши чоп этилган. АҚШ, Голландия, Германия, Жанубий Корея, Польша, Миср ва Россия мамлакатларининг нуфузли университетларида малака оширган. Бир қатор грантлар координатори ва иштирокчисидир.

— Юртимизда агротуризмни ривожлантиришнинг имкониятлари жуда катта, — дейди у. — Масалан, вилоятимизнинг тоғли ва тоғолди ҳудуди бўлган Ургут тумани қишлоқларида тегирмон, жувоз каби ноёб қурилмалар, тарихий ёдгорликлар кўп. Қолаверса, бу ҳудудда қадимдан ҳунармандчилик ҳам ривожланган. Бошқа жойларда ҳам шундай имкониятлар етарли. Хорижлик сайёҳлар, ишбилармонларнинг бу каби ёдгорликлар билан танишишга иштиёқи баланд. Қишлоқларимизда эса ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг аксарият қисми хомашё ҳолида сотилмоқда. Агар агротуризмни ривожлантирсак, қишлоқларимизга инвестиция оқими кучаяди. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш янада кўпа­йишига олиб келади. Бунинг натижасида қанчадан-қанча янги, юқори ҳақ тўланадиган ва барқарор иш ўринлари очилишини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Сайлов­олди дас­туримда мана шу масалаларга эътибор қаратдим.

Шавкат Хасанов қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир меъёрий ҳужжатларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Депутат этиб сайланса, унинг бу борадаги имкониятлари кенгайиб, айниқса, қишлоқ жойларида аҳоли фаровонлигини янада оширишга хизмат қиладиган масалалар қонунларда акс этиши учун курашишга қарор қилган.

 

Акмал САФАЕВ (63-Қоратепа сайлов округи)

1963 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-қурувчи.

Меҳнат фаолиятини 1987 йилда 1-«Ўзагроқурилиш» трестида бошлаган. Кейинчалик иш юритувчи, бош муҳандис, 1-«Самвилагроқурилиш» трестининг «Искандар» давлат ижара кичик корхонаси директори, Тайлоқ қурилиш бошқармаси бошлиғи, Тайлоқ туманидаги 4-механизациялашган кўчма колоннаси бошқарма бошлиғи, «4-механизациялашган кўчма колонна» масъулияти чекланган жамияти бошлиғи, Самарқанд вилоят «Бунёдкор» қурилиш ишлаб чиқариш компания­си раиси вазифаларида ишлаган. 2008 йилдан вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси директори.

Вилоятда кўплаб касб-ҳунар коллежлари, мактаб ва лицейларни реконструкция қилишда, спорт заллари, сузиш сув ҳавзалари барпо этишда, инженерлик коммуникация иншоотлари, автомобиль йўллари қурилишида бевосита фаол иштирок этди.

Депутатликка номзод сифатида ўз сайловолди дастурида шу вақтгача тўплаган тажрибаларига асосланиб, долзарб ғояларни илгари сурмоқда.

– Мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши борасида амалга оширилаётган муҳим ижтимоий йўналиш аҳоли турмушининг сифатини оширишга қаратилган, — дейди у. — Кейинги йилларда қишлоқ аҳоли пунктларида замонавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуришга қаратилган кенг кўламли дастурлар аҳоли турмуши ва яшаш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мен депутатликка сайлансам, эътиборимни айнан шундай уй-жойлар қурилишининг янада такомиллаштирилиши, уларнинг муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмасини жадал тараққий эттиришга, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатлами учун уй-жой фондини ташкил этиш каби масалаларга қаратаман.

Қурилиш, бунёдкорлик ишлари мамлакат қандай ривожланаётганини кўрсатадиган, аҳоли турмуш даражасини юксалтирадиган муҳим  омиллардан биридир. Шу сабабли фуқароларни уй-жой билан таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш, якка тартибда уй-жой қуриш ишларини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш каби масалалар доимий диққат-эътиборимда бўлади.

Акмал Сафаев ҳар бир ишга жонкуярлик билан ёндашади. Шу сабабли унинг сайловолди дастури, ўзи илгари сураётган ғояларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида изчил курашишига ишонамиз.



DB query error.
Please try later.