02.12.2014

БОШ ҚОМУСИМИЗДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори бўлмиш Конституция қабул қилинганига бу йил йигирма икки йил тўлади. Янги демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш ҳамда фуқаролик  жамиятини қарор топтириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимиз Бош Қомусимизда кафолатланган қонунларимизнинг амалдаги намойишидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ва давлатнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда инсон ҳуқуқлари устуворлиги, давлат билан фуқаронинг ўзаро сиёсий-ҳуқуқий масъуллиги принципларига асосланувчи тамомила янги концепцияга таянган бўлиб, унда илк бор инсон ҳуқуқлари категорияси конс­титуциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқларининг янги концепцияси конституциявий қонунчилигимизда ўз юридик тасдиғини топган бўлиб, улар Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқий мақоми сифатида муайян принципларга таянади. Ушбу принциплар универсал хусусиятга эга бўлиб, улар қаторига қуйидагилар киради.

Биринчидан, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлари тенглик ҳам­да тенг ҳуқуқлилик асосида амалга оширилади. Бу принцип Конституцияда уч жиҳатдан таърифланган: барча фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги; фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг тенглиги; эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳу­қуқлилиги.

Иккинчидан, Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолатланганлиги принципи. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 2-моддасига асосан Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар дейилган.

Шунингдек, Конституцияда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар давлат томонидан муҳофаза қилиниши алоҳида эътироф этилган. 13-модданинг 2-қисмида демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, 19-моддада фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги қонуний мустаҳкамланган. Шунингдек, Конституциямизнинг иккинчи бўлими бевосита инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқларига бағишланганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Учинчидан, муҳим принциплардан яна бири, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига йўл қўйилмаслиги. Мазкур принцип инсонга туғилишидан табиатан тегишли бўлган унинг ажралмас ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан тан олинишидан келиб чиқади. «Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мус­таҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди» (43-модда). Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат жамият ҳамда давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан, аҳолининг сиҳат-саломатлиги, халқнинг ахлоқи ва маънавияти, ижтимоий тартибот манфаатлари нуқтаи назаридангина қонунда белгиланган даражада чекланиши мумкин. Аммо, фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи, шахсий қадр-қимматини муҳофаза этиш ҳуқуқи, шахсий ҳаёт дахл­сизлиги ҳуқуқи, виждон эркинлиги ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи кабилар чекланиши мумкин эмас.

Тўртинчидан, фуқароларга бериладиган  ҳуқуқ ва мажбуриятлар бирлиги принципи. Шахс нафақат муайян ҳуқуқ ва эркинликларга, балки мажбуриятларга ҳам эга ҳисобланади. Турли-туман ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси бўл­миш фуқаро фақат ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиб қолмасдан, жамият, давлат ва бошқа фуқаролар олдида муайян мажбуриятларни ҳам ўтайди.

Конституциянинг 20-моддасига кўра, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ­лари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциянинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилгандай «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади». Бош Қомусимизнинг 19-моддасида эса, фуқароларнинг Конс­титуция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги таъкидланган.

Мамлакатимизда «Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши, 2008 йил 1 январдан бошлаб эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга берилганлиги Конституцияда назарда тутилган нормаларга тўлиқ мос келади. Амалдаги қонунларга кўра, бу жараён томонларнинг ўзаро тортишуви таъминланган ҳолда амалга оширилади. Яъни, судда гумон қилинаётган шахсга ўзини ҳимоя қилишга барча шароитлар яратилди. Конституциямизнинг 80-моддаси 10-бандига ҳамда 93-моддаси 23-бандига асосан, анъанавий тарзда қабул қилинаётган амнистия акт­лари ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганлигининг ёрқин далилидир.

Конституциямизнинг 24-моддасида эса «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир», дейилган. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаёт инсонга Аллоҳ таоло томонидан бахшида этилган энг буюк неъматдир. Ундан маҳрум этиш эса инсонпарварликка зиддир. Жиноий жазони либераллаштириш борасидаги муҳим ютуқларимиздан бири, мамлакатимизда 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо сифатида ўлим жазоси бекор қилинди. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши инсоннинг яшаш ҳуқуқини эълон қилувчи умумэътироф этилган халқаро тамойиллар ва меъёрлардан келиб чиққан Бош Қомусимизнинг 24-, 25-моддалари талабларига тўлиқ мос келади.

Маълумки, Конституциявий ҳуқуқ мақоми тизимида сўз ва эътиқод эркинлиги муҳим ўрин тутади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини либераллаштиришга, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Лекин, ҳар қандай демократик жамиятда демо­кратия­нинг бу шартлари амалдаги қонунларга асосан, ўз чегара меъёр ва  мезонларига эгадир.

Конституциянинг муҳим жиҳатларидан яна бири, фуқароларга берилган ижтимоий ҳуқуқларнинг қонуний мустаҳкамланганлигидир. Асосий Қонунимизнинг 39-моддасида «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаё­қатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳу­қуқига эга», деб белгилаб қўйилган. Хусусан, парламентимиз томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ва бош­қа шу каби қонунлар фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари бўлиб хизмат қилмоқда.

Бош Қомусимизда қонуний мустаҳкамлаб қўйилган яна бир муҳим масала фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларини самарали муҳофаза этиш масаласидир. Бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий заминини яратиш манфаатларидан келиб чиқиб, Конс­титуция хусусий мулк дахлсизлиги ва унинг давлат томонидан ҳимояланишини (53-модда) ҳамда ҳар кимнинг мулк­ка эгалик қилиш ҳуқуқини (36-модда) мустаҳкамлади.

Асосий Қонунимизда билим олиш, фан-техника тараққиёти масалаларига алоҳида эътибор берилиб: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир», дейилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Бош Қомусимизнинг муқаддимасидан охирги моддасигача мустақиллик, демо­кратия, инсон ҳуқуқлари ва ­Ватан равнақи ғоялари мустаҳкам ўрин олган.

Бугунги кунда жамиятимиз ҳаётининг қайси жабҳасини олмайлик, Конституциямиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий демократик давлат ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантириш мамлакатимиз Конституциясининг асосий мақсадидир.

Мухтасар айтганда, Конституциямиз мустақил давлатимизнинг буюк келажак сари интилишининг ҳуқуқий пойдевори ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда самарали таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.

 

Абдуғафур САТТАРОВ,

Тошкент давлат юридик университети ҳуқуқий тадқиқотлар маркази

етакчи илмий ходими, юридик фанлар доктори.



DB query error.
Please try later.