02.12.2014

МАСЪУЛИЯТ ВА ЖАВОБГАРЛИК

кучайтирилиши қонун ва адолат устуворлигини таъминлайди

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлатимиз томонидан коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, коррупция жамият ва давлат тараққиётининг нормал ­фаолиятига, миллий иқтисодиёт ривожига тўсқинлик қилади. Фуқароларда давлат бошқаруви органларига нисбатан ишонч­сизлик туйғусининг кучайишига ҳамда мамлакатнинг халқаро доирадаги обрўсига путур етишига сабаб бўлади.

Яқин кунларга қадар бундай кураш асосан мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш билан чегараланиб келинди.

Ўз навбатида, мансабдор шахсларни пора олишга қизиқтирувчи, воситачилик қилувчи ва бевосита пора берувчилар аксарият ҳолатларда жиноий жавобгарликдан қутулиб қолишди ҳамда жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлик тамойили бузилди. Шунинг баробарида бу турдаги жиноятларни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳар доим ҳам кутилган ижобий натижаларни бермади.

Шуларни эътиборга олиб, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги 2014 йил 14 май куни қабул қилинган қонун билан Жиноят кодексининг пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш учун жавобгарлик белгиланган 211-, 212-моддаларига ўзгартишлар киритилди.

Пора берувчи пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахсларга нисбатан тайинланадиган жазо тури, миқдори ва муддатлари ўзгартирилиб, уларнинг жавобгарлиги пора олувчи мансабдор шахснинг жавобгарлигига тенглаштирилди.

Амалдаги Жиноят кодексининг 211-моддасида пора берувчи шахс, 212-моддасида пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахс, башарти, жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилишига оид рағбатлантирилувчи қоида мавжуд эди.

Янги қонун билан ушбу қоидага ҳам ўзгартириш киритилиб, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар учун белгиланган мазкур рағбатлантирувчи қоиданинг қўллаш асослари чегаралаб қўйилди. Эндиликда пора берувчи ва жиноят ҳақида ҳар қандай муддатда хабар берганлиги учун жавобгарликдан озод этилмайди. Балки жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилсагина жавобгарликдан озод қилинади.

Хуллас, янги қонун пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахсларда жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳиссини, порахўрлик жиноятлари профлактикасини оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда, мазкур қо­нун талабларининг тушунарли бўлиши учун, пора берган ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш шартларига алоҳида эътибор бериш зарур бўлади.

Чунончи, пора сўраб товламачилик қилган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсни жавобгарликдан озод қилиш шартлари Жиноят кодекси 211-моддасининг 4-қисми ва 212-моддасининг 4-қисмида қатъий белгиланган талабларнинг барчаси мавжуд бўлсагина, яъни:

— товламачилик йўли билан пора талаб қилинган ҳолат далиллар асосида тўлиқ тасдиқланса;

— ариза қонунда назарда тутилган муддатда, яъни ўттиз сутка ичида тақдим қилинса;

— ҳар қандай ноқонуний ташқи таъсирлардан (жисмоний, руҳий ) холи тарз­да ўз ихтиёри билан арз қилинса;

— пора берганлик ва воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса;

— пора берганлик ва воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс ушбу жиноятни очишда фаол иштирок этса жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Қонуннинг ушбу бешта талабидан бирортаси мавжуд бўлмаса, пора берганлик ёки воситачилик қилганлик ҳақида ариза берган шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Шу ўринда, порахўрлик жиноятларига қарши курашда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг масъулиятини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидламоқчимиз. Чунки бу бутун ҳокимиятнинг обрўси ва халқимизнинг адолатга бўлган ишончини белгилайди. Ҳеч шубҳасиз, мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг амалий самараси кўп жиҳатдан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимининг ўзида бу иллатга қарши қандай кураш олиб борилаётгани билан таққосланган ҳолда баҳоланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, мазкур қонунни қабул қилишдан асосий мақсад — коррупциянинг, айниқса порахўрлик жиноятларининг туб илдизини қир­қиш, жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва бу турдаги жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш баробарида жамиятда қонун ва адолат устуворлигига эришишдир.                     

 

Исматулла МАМАНОВ,

Санжар ДУСМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят cуди судьялари.




DB query error.
Please try later.