29.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Тошкент вилояти

Алия ЮНУСОВА (77-Ангрен сайлов округи)

1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Мутахассислиги  — ҳуқуқшунос. Юридик фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясида ҳуқуқ фани ўқитувчилигидан бошлаган. 1989 йили  И.Мўминов номли фалсафа ва ҳуқуқ институтининг аспирантурасига ўқишга кирган ва уни битириб, ушбу институтнинг «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» бўлимида кичик илмий ходим бўлиб ишлаган. 1995-1999 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг бош мутахассиси, Диний ташкилотлар билан ишлаш шўъбаси мудири, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим мудири вазифасида ишлаган.

2005 ва 2009 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси. Алия Юнусова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган қонунлар лойиҳалари бўйича асосли таклифлар билдириб, уларни янада такомиллаштиришга самарали ҳисса қўшиб келмоқда. Бу, айниқса, «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар лойиҳалари муҳокамаси вақтида яққол намоён бўлди.

Депутатликка номзод фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, шу орқали уларнинг иқтисодий жараёнларда бевосита иштирокини кучайтириш бўйича аниқ мақсад ҳамда вазифаларни ўз сайловолди дастурида алоҳида белгилаган.

— Бозор иқтисодиётини ривожлантириш билан боғлиқ ислоҳотлар жадал тус олаётган бугунги кунда бу алоҳида аҳамиятга эга, — дейди у. — Масалан, жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, қўлидан иш келадиган, меҳнат қилиш истаги кучли бўлган фуқаролар ҳам бор. Уларни иш билан таъминлаш учун ногиронлар меҳнат қилишига ихтисослашган корхоналарни ташкил этиш зарур, деб ўйлайман. Фақат бунга эришишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш керак бўлади. Ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш чораларини кўришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни асосий йўналиш қилиб белгиладим.

Алия Юнусова катта тажрибага эга ҳуқуқшунос ва депутатдир. У ўз бурчига садоқат билан хизмат қилиб келаётгани туфайли жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган. Агар сайловчилар унга яна бир бор ишонч билдиришса, ишончимиз комилки, бундан партиямиз электорати ҳам, жамият ҳам фақат наф кўради.


Омилхон ИСМАИЛОВ (78-Бекобод сайлов округи)

1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент кимё технология институтини тамомлаган. Мутахассислиги — инженер-технолог. Иқтисод фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда «Носирхон ота» масъулияти чекланган жамиятида директорликдан бошлаган. 1998-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш бош бош­қармасида мутахассис, кейинчалик етакчи мутахассис, Давлат мулки қўмитаси қошидаги бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий тадқиқот институтининг хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўлими ва сектори мудири, бўлим мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ислоҳотлар ва инвестициялар бўйича махсус идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ишчи комиссияси аъзоси, Солиқ академиясининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультети декани ўринбосари, иқтисодиёт бўйича проректори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган.

2010 йилдан Низомий номидаги ТДПУ иқтисодиёт назарияси кафедраси мудири.

У ҳозирда «Ўзбекистон озиқ-овқат саноатида тадбиркорликнинг рақобатбардошлигини ошириш муаммолари» мавзусида докторлик илмий диссертацияси устида иш олиб бормоқда. Бугунги кунга келиб унинг 60 дан ортиқ илмий ишлари, 2 та монографияси ҳамда 2 та ўқув қўлланмаси чоп этилган.

Депутатликка номзоднинг сай­лов­­олди дастурида иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини ошириш, ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд кишилар манфаатларини ҳимоялаш билан боғлиқ бир қатор вазифалар белгиланган.

— Аҳоли орасида бозор иқтисодиёти шароитига мослаша олмаган, вақтинча ишсиз юрган, тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолган, аммо ишлаш қобилиятига эга, энг муҳими, касаначилик билан шуғулланиш имконияти бўлган кишилар бор, — дейди у. —  Меҳнатнинг бу тури қўшимча даромад топиш, иш вақтининг қатъий белгиланмаганлиги, махсус биноларга эҳтиёж йўқлиги билан қатор қулайликларга эга. Демак, соҳани ривожлантириш орқали электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишимиз мумкин. Сайловчилар ишонч билдириб, депутат этиб сайлансам, ана шу тоифа кишиларнинг бандлигини самарали таъминлашга хизмат қилувчи қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ниятидаман.

Омилхон Исмаилов тажрибали иқтисодчи, нафақат ҳудудлар, балки республика миқёсида иқтисодий-ижтимоий масалаларни таҳлил этиб, таклифлар бериш салоҳиятига эга. Сайловчилар унинг бу иқтидорини ҳисобга олиб, унга албатта овоз беришади, деб ўйлаймиз.

 

Исраил СУЛТАНОВ (79-Бўка сайлов округи)

1983 йилда Бўка туманида туғилган. Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. ­Мутахассислиги — иқтисодчи.

Меҳнат фаолиятини Юқори Чирчиқ туманидаги «Олтин водий» фермер хўжалигида бошлаган, ҳисобчи, фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаган. Туман иқтисодиёт бўлимининг мутахассиси, молия бўлими мутахассиси, статистика бўлими мутахассиси сифатида меҳнат қилган. 2013 йилдан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Юқори Чирчиқ туман Кенгаши раиси.

Депутатликка номзод ёшлар орасида ижтимоий-ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш  ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан қатор ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.

— Ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларни иш билан таъминлаш партиямиз эътиборидаги муҳим масалалардир, — дейди у. — Очиғини айтиш керак, жойларда, айниқса, қишлоқ ҳудудларида ёшлар бандлигини таъминлашда муаммолар бор. Шуни ҳисобга олиб, бу борада қатор таклифлар билан чиқмоқчиман. Масалан, касб-ҳунар коллежларида мутахассисларни тайёрлашда ҳудудлар эҳтиёжини ҳар томонлама ҳисобга олиш амалиётини янада такомиллаштиришга жиддий аҳамият бериш керак. Шунда коллежни тамомлаган йигит-қизлар ташкилотлар эшигини тақиллатиб иш излаб юрмайди. Шунингдек, қишлоқ жойларида саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш тармоқларини кенгайтириш, касаначиликни ривожлантириш ҳам ёшларни иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман. Бу орқали нафақат қишлоқ ёшлари иш жойига эга бўлади, балки олис ҳудудларда ҳам ишлаб чиқариш ривожланади, иқтисодий барқарорликка эришилади. Депутатликка сайлансам, ана шу масалаларга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш иш­ларига ўз ҳиссамни қўшаман.

Қишлоқ одамлари, уларнинг муаммоларидан яхши хабардор киши улар ечими бўйича ҳам аниқ таклифларга эга бўлади. Исраил Султанов ана шундай мутахассислардан ҳисобланади.

 

Абдуҳаким АБДУЛЛАЕВ (80-Бўстонлиқ сайлов округи)

1976 йилда Бўстонлиқ туманида туғилган. Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Мутахассислиги — автоматизациялаштириш муҳандиси.

Меҳнат фаолиятини 1999 йилда Чирчиқ шаҳридаги «Сувоқава» ишлаб чиқариш шўъба корхонасида катта уста сифатида бошлаган. Шундан сўнг мижозлар билан ишлаш бўлими мудири вазифасида фаолият юритган. 2009 йилдан Қибрай туманидаги «Yalan­g’och g’isht zavodi» масъулияти чекланган жамият раҳбари.

Абдуҳаким Абдуллаевнинг қайд этишича, аҳолининг юксак даражада ижтимоий ҳимояланганлиги одамлар фаровонлиги ва жамият барқарорлигининг асосий пойдеворидир. Бунда меҳнатга қобилиятли аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда жисмоний имконияти чекланган кишиларни мақсадли ижтимоий ҳимоялашнинг самарадорлигини ошириш лозим. Бироқ жисмоний имконияти чекланган кишиларни мақсадли ижтимоий ҳимоя қи­лиш — бу улар фақат давлат бюджетидан ажратилаётган ижтимоий нафақаларни олса бўлди, дегани эмас. Жамиятда боқимандалик кайфияти келиб чиқмаслиги учун жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, қўлида касби, ҳунари бор, ишга лаёқатли кишилар ҳам меҳнат қилиши, шунинг ортидан оиласи даромадига улуш қўшиши жуда муҳим.

— Шу боис сайловолди дастуримда кишилар дастлаб ўз ишини бошлаб олиши учун кўп маблағ талаб этмайдиган ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш, одамларнинг муносиб ҳақ тўланадиган ишга интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббуси ва тадбиркорлигини рағбатлантириш масаласини устувор вазифа сифатида белгиладим, — дейди у. — Хусусан, катта сармоя талаб қилмайдиган соҳаларни, жумладан, касаначиликни ривожлантириш, шу тариқа аҳолини иш билан таъминлаш олдимизда турган асосий вазифалардан биридир. Айтайлик, кўпчилик қизларимизда чеварликка қизиқиш ва истеъдод бор. Агар уларни қўллаб-қувватлаб, ўз ишини бошлаши учун кўмаклашсак, бу орқали кўплаб янги иш ўринлари яратиш имкони кенгаяди. Аҳамиятли жиҳати, устоз-шогирд анъанаси орқали маълумоти, малакаси ва ишлаб чиқариш тажрибаси етарли бўлмаган ишга лаёқатли аҳолининг анчагина қисмини ишга жойлаштириш учун шароит яратилади.

Абдуҳаким Абдуллаев бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганини кўпчилик қўллаб-қувватлайди, деб ҳисоблаймиз. Чунки булар энг долзарб ҳаётий вазифалардир.

 

Отабек МУТАЛОВ (81-Зангиота сайлов округи)

1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент кимё-технология институти, давлат гранти асосида Туркиядаги Истанбул университетини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-технолог.

Меҳнат фаолиятини 1996 йилда «Ўзсаноатқурилишбанк»да мутахассис сифатида бошлаган ва биринчи тоифали мутахассис бўлиб ишлаган. «Ўзгўштсутсаноат» давлат акциядорлик уюшмасида бошқарма бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. 1998-2005 йилларда «Royal Food-Toshkentgo’sht» қўшма корхонаси раҳбари бўлиб ишлаган. 2005 йилдан «Master delikatesov» масъулияти чекланган жамияти бош директори.

Депутатликка номзод ўз сайлов­олди дастурида янги иш ўринлари ташкил этиш масалаларини устувор вазифа қилиб қўйди.

— Ҳар йили парламент томонидан тасдиқланадиган махсус дастур асосида минглаб янги иш ўринлари ташкил этилиб, одамларнинг фаровон яшаши учун мустаҳкам кафолат яратилаяпти, — дейди у. — Бироқ айрим ҳудудларда аҳоли банд­лигини таъминлашда муаммолар сақланиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб, қатор таклифлар тайёрладим. Масалан, аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш даражасининг мувозанатини сақлаш учун импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада рағбатлантириш керак, деб ҳисоблайман. Бу, шунингдек, меҳнат бозорида барқарор иш жойларини кўпайтириш, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд бўлган аҳоли сонининг кўпайиб кетишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Касб-ҳунар коллежларида таълим йўналишлари бўйича мутахассис-педагог ва ўқитувчиларни кўпайтиришни назарда тутиш, умуман, таълим сифатини изчил амалга ошириш чораларини янада такомиллаштириш заруратини ҳисобга олиш лозим, деб ўйлайман.

Сайловчилар ишонч билдириб депутатликка сайлансам, бу таклифларимни қонунларда акс эттиришга ҳаракат қиламан.

Кўриниб турибдики, Отабек ­Муталов дастурида қатор долзарб масалаларга эътибор қаратилган. Хусусан, ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи кўпчиликка дахлдор экани туфайли сайловчилар унинг номзодини ёқлаб овоз беришига ишонамиз.

 

Наргиза НАЗАРОВА (82-Олмалиқ сайлов округи)

1972 йилда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган. Тошкент вилояти давлат педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги — тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси. 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши (Давлат бошқаруви) академиясини тугатган.

Меҳнат фаолиятини 1988 йилда Тошкент шаҳар 2-Мурувват уйида ишчи вазифасидан бошлаган. 1991-2004 йилларда Ангрен шаҳар суд мажлиси котиби, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия масъул котиби бўлиб ишлаган. 2004 йилдан Ангрен шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

У хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишида фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, шунингдек, меҳнат қилиши учун муносиб шарт-ша­роит яратиш асносида уларнинг турмушини фаровон этиш масаласини асосий вазифа этиб белгилаган.

— Партиямиз мамлакатимизда ижтимоий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этади ҳамда бундай сиёсатни қўллаб-қувватлайди, — дейди у. — Биз, айниқса, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига янада жиддий эътибор қаратмоғимиз керак. Масалан, аёл ўз қобилиятини юзага чиқариши, орзу-ҳавасларига етиши учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиши, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билиши керак. Шу боис сайловолди дастуримда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касбга йўналтириш, ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, уларга фаол меҳнат шароитини яратиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратдим. Хусусан, аёлларнинг томорқа ерларидан унумли фойдаланиш орқали оиланинг даромадини кўпайтириши учун шароит яратиш, норасмий тарзда уй меҳнати билан шуғулланаётган аёллар учун меҳнат дафтарчалари очиш, улар меҳнатини расмийлаштириш масаласида ҳам ўз таклифларим билан чиқмоқчиман. 

Наргиза Назарованинг ҳаёт йўлига қарасангиз, оддий ишчиликдан масъул ходим, туманда хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимигача кўтарилган. Бу унинг ғайрати, ташкилотчилигидан дарак беради, албатта.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ (83-Паркент сайлов округи)

1970 йилда Юқори Чирчиқ туманида туғилган. Волгоград давлат педагогика институтини битирган. Мутахассислиги — рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини 1987 йилда Юқори Чирчиқ туман маиший хизмат уйида ишчиликдан бошлаган. 1993-2010 йилларда тумандаги 1-мактабда ўқитувчи, ёшлар ташкилоти раҳбари, халқ таълими бўлими методисти, Тошкент вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси, Юқори Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари, туман халқ таълими бўлими мудири, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали бош мутахассиси ҳамда Қурилиш-иқтисод касб-ҳунар коллежи директори вазифаларида фаолият юритган.

2009 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб сайланган. Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

Шуҳрат Турсунбоев мамлака­ти­мизда таълим тизимини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техника ҳолатини мустаҳкамлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришга доир қатор қонунлар қабул қилинишига ўзининг бевосита ҳиссасини қўшиб келмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси «Меҳнат» Кодексининг 84-моддасига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини синов муддатисиз ишга қабул қилиш бўйича қонуний меъёр киритилишида ташаббускорлардан бири бўлди.

— Агар иккинчи маротаба Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлансам, амалдаги қонунларимизни такомиллаштиришда янада фаол қатнашаман, — дейди у. — Айниқса, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим давлат муассасалари тармоғини кенгайтириш, кўп болали, кам таъминланган оилалардан бўлган ва тўлов-конт­ракт асосида ўқиётган талабалар учун имтиёзли таълим кредитлари бериш, ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш, жисмоний имкониятлари чекланган талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш масаласини сайловолди дастуримда устувор вазифа сифатида белгиладим.

Шуҳрат Турсунбоев бугун мамлакатимизда фан-таълим, маданият ва спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлардан чуқур хабардор, ютуқ ва камчиликларни яхши билади. Сайловчилар ишонч билдирса, у мазкур соҳаларга дахлдор қонунларни янада такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшади. 

 

Нилуфар ЮЛДАШЕВА (84-Тўйтепа сайлов округи)

1968 йилда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетига «Ёш адабиётчилар» республика фан олимпиадаси ғолибаси сифатида имтиёзли қабул қилиниб, уни 1990 йилда битирган.

Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 185-мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. 1996 йилдан Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида ташкилотчи, катта ўқитувчи, бўлим бошлиғи, доцент, кафедра мудири, институтнинг маънавий-маърифий ва илмий ишлар бўйича проректори вазифаларида ишлаган.

2002 йилда умумий ўрта таълим мактабларида синонимларни янгича педагогик технологиялар асосида ўқитиш методикаси бўйича номзодлик ишини ёқлаган. Нилуфар Юлдашева ҳозирда изланувчан илмий тад­қиқотчи сифатида адабий таълим тизимида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг илмий-методик асослари (умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими мисолида) мавзусида докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда.

2011 йилдан Тошкент вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида маънавий-маърифий ва илмий ишлар бўйича проректор бўлиб ишлаб келмоқда.

Унинг 1 монографияси, 20 дан ортиқ қўлланма, 100 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалари чоп этилган.

Депутатликка номзод мамлакатимизда сифатли таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш механизмларини ишлаб чиқиш, бепул ва муайян имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим давлат муассасалари тармоғини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда қатнашишни ўз сайловолди дастурининг асосий йўналиши қилиб белгилаган.

Нилуфар Юлдашева одамлар манфаати йўлида елиб-югурадиган, куюнчак инсон сифатида вилоят зиёлилари ҳамда жамоатчилик орасида ҳурмат қозонган. У таълим соҳасининг етук мутахассиси сифатида қатор долзарб масалалар ечими бўйича ўз таклифларига эга. Сайловчилар ишончини қозонса, таълим тизимини янада такомиллаштиришга, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қиладиган қонунларни тайёрлашда фаол иштирок этишга қарор қилган.

 

Ҳожиакбархон АХМЕДОВ (85-Чиноз сайлов округи)

1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини бухгалтерия ҳисоби, назорат ва хўжалик фаолияти таҳлили мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг кредитлаш бўлими мутахассиси сифатида бошлаган. Ўзи таҳсил олган университетнинг аспирантурасига ўқишга кириб, ассистент, катта ўқитувчи ва доцент, ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи вазифаларида меҳнат қилган.

Шунингдек, у 2002-2004 йилларда Германиянинг Гётинген университетида илмий изланишларни давом эттириб, ўз малакасини оширган. 2008 йилда «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий натижаларининг ҳисоби ва таҳлили» мавзусидаги диссертациясини муваффақиятли ёқлаб, иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига муваффақ бўлган.

2014 йилдан Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Молия ва иқтисодиёт ишлари бўйича проректори.

Депутатликка номзод сайло­в­олди дастурида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор долзарб вазифаларни илгари сурган.

— Мамлакатимизда таълим, илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда, — дейди у. — Натижада малакали, етук, замонавий билимларни эгаллаган, профессионал кадрлар етишиб чиқмоқда. Улар ўз касби бўйича ишга жойлашишида камчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, шундай ҳолатлар учрайдики, педагогик маълумотга эга бўлган айрим аёллар бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайди. Биз уларнинг меҳнат фаолиятини ташкил этишга ҳаракат қилишимиз керак. Масалан, бундай аёллар учун оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этиш лозим, деб ўйлайман. Бу орқали нафақат оила даромадига улуш қўшилади, балки педагогик маълумотга, малакага эга мутахассис ижтимоий муҳофазаси кучаяди.

Ҳожиакбархон Ахмедов ўз соҳасининг моҳир устаси, изланувчан мутахассис. Ўз позициясини қатъий туриб ҳимоя қила оладиган олим.

 

Арофат ХУДАЙБЕРДИЕВА (86-Чирчиқ сайлов округи)

1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университети(ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган. Мутахассислиги — физика фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-текшириш институтида илмий ходим сифатида бошлаган. 2003-2012 йиллар давомида Қибрай молия-иқтисодиёт коллежида физика ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

2011 йилда педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган, 30 дан ортиқ илмий мақола, 3 та ўқув қўлланма ва 1 та услубий қўлланмаси чоп этилган.

2012 йилдан Тошкент кимё-технология институтининг Чирчиқ академик лицейи директори.

— Мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясини янада кучайтириш имкониятлари кенг, — дейди у. — Мактабгача таълим, ўрта-махсус таълим, олий таълим тизимида ўзаро алоқа ва ҳамкорликни кучайтириш лозим. Бунинг учун амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш талаб қилинади. Жамиятимизнинг ҳар бир соҳасида билимли, ўз устида мунтазам ишлайдиган, машаққат ва синовлардан чўчимайдиган, танлаган соҳасини ривожлантириш йўлида тинимсиз изланадиган кадрларни тайёрлашимиз керак. Бунинг учун таълим тизимини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда янгиликни жорий этганлик учун нафақат хўжалик юритувчи субъектлар, балки давлат томонидан рағбатлантиришни янада кучайтириш керак, деб ўйлайман. Агар депутатликка сайлансам, ана шу мақсад йўлида таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш ниятидаман.

Шунингдек, қишлоқ ёшларини иш ўринлари билан таъминлаш борасида ҳам бир қатор таклифларим бор.

Арофат Худайбердиеванинг фикрича, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун дунё билан баравар қадам ташлаш керак бўлади. Бу масалада таълим даргоҳлари масъулиятини оширишнинг қонуний асосларини такомиллаштириш зарур.

 

Абдумажид ХОЛМУРОДОВ (87-Қибрай сайлов округи)

1983 йилда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Ҳозирги Тошкент ирригация ва мелиорация институтини (бакалавр, магистратура) тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини «Экосан» хал­қаро ташкилоти Тошкент шаҳар филиалида туманлар бўйича ваколатхона директори вазифасидан бошлаган. 2007 йилдан Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ер ва сув манбаларини муҳофаза қилиш махсус инспекциясида 1-даражали мутахассис, инспекция бошлиғи, қўмита раиси ўринбосари бўлиб ишлаган. 2014 йилдан Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида фаолият юритмоқда.

Тажрибали мутахассис, интилувчан раҳбар сифатида Тошкент вилоятининг ер, сув ва бошқа табиат бойликларини асраб-авайлаш, уларга зарар етказадиган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда фаол қатнашиб келмоқда.

Унинг иштирокида «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг вилоятдаги ижроси  ўрганилган ҳамда масала ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 2013 йил май ойида бўлиб ўтган сессияси муҳокамасига киритилган. Сессиянинг тегишли қарори ижроси бўйича вилоятнинг барча ҳудудларида маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш юзасидан талай ишлар амалга оширилди. Шаҳар ва туманлардаги ободонлаштириш бўлимлари моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, зарур ихтисослаштирилган авто­транс­порт воситалари билан таъминланди. Натижада шаҳар ва қишлоқларда ободонлаштириш ишларининг самарадорлиги ошди.

Абдумажид Холмуродовнинг сайловолди дастурида қишлоқлар шароитини шаҳарга яқинлаштириш, намунали лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишини яхшилаш, ҳар жиҳатдан қулай ва мақбул ижтимоий инфратузилмани шакллантириш, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масалалари асосий ўрин эгаллаган.

У Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурига мувофиқ равишда табиий монополия субъект­лари бўлган корхоналарнинг хизматлари — электр энергияси, иссиқлик қуввати, газ таъминоти, ичимлик суви ва канализация хизматларига нарх ва тарифларни ўрнатишнинг иқтисодий асосланган аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ғояларини амалга оширишда фаол қатнашишни мақсад қилган.

Абдумажид Холмуродов дастуридан ҳаётий муҳим масалалар ўрин олган. Бу борада аниқ таклифларни билдиришга унинг билими ва тажрибаси етарли.

 

Шуҳрат РАҲИМОВ (88-Янгийўл сайлов округи)

1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент кимё технология институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси)ни тамомлаган. Мутахассислиги  — педиатр, дон маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича технолог.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда «Вита Капитал» МЧЖ раҳбарлигидан бошлаган. 1997-2011 йилларда «Росси СА» қўшма корхонасига раҳбарлик қилган. 2011 йилдан ЎзХДП Янгийўл туман кенгаши раиси.

2009 йили халқ депутатлари Янгийўл туман Кенгаши депутатлигига сайланиб, тумандаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Масалан, у депутатлик фаолияти давомида айрим ўқув муассасаларида спорт инвентарлари камлиги, қиз-болалар спорт билан шуғулланиши учун спорт мураббийлари етишмаслиги муаммоларини аниқлади ва бу масалани халқ депутатлари Янги­йўл туман Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқди.

Депутатликка номзод сайловолди дастурида халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтириш, жумладан, янги уй-жойлар, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш лозимлигини алоҳида қайд этган.

— Кишиларнинг яхши яшаши ва муносиб турмуш шароитига эга бўлишида коммунал соҳа ривожи муҳим аҳамиятга эга, — дейди у. — Бироқ, жойларда бу борада қатор камчиликлар бор. Хусусан, совуқ сув ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш, замонавий ҳисоблагич ва назорат асбоблари билан таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида муаммолар оз эмас. Сайловчилар ишончини қозониб, депутат бўлсам, мазкур муаммоларни ҳал этиш, уй-жой-коммунал хўжалигига оид қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламан.

Шуҳрат Раҳимовни янгийўлликлар фаол, ўз вазифасига масъулият билан ёндашадиган депутат сифатида яхши билишади. У ўзининг амалий ишлари билан ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган.

У Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланса, айнан коммунал соҳани ривожлантириш, замон талаблари асосида фао­лият кўрсатилишига хизмат қиладиган қонунлар яратилиши учун ҳаракат қилиш ниятида.

 

Акмалжон УМАРАЛИЕВ (89-Дўстобод сайлов округи)

1974 йилда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида туғилган. Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси. Тошкент давлат техника университетини муҳандислик, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини молия-иқтисодчи мутахассисликлари бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Олмалиқ шаҳар 345-сонли механизациялашган қурилиш колоннасида ишчи-дурадгорликдан бошлаган. 1997 йилдан Тошкент вилояти ёшларининг «Камолот» жамғармаси ташкилий бўлим мудири, Олмалиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғининг катта ёрдамчиси, Олмалиқ шаҳар молия бўлими иқтисодчиси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Олмалиқ шаҳар кенгаши раиси, Тошкент вилоят кенгаши раисининг ўринбосари вазифаларида ишлаган. 2007 йилдан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Маънавият тарғибот маркази Тошкент вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган. 2013 йилдан Ўзбекистон Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Акмалжон Умаралиев ўзининг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги, ишга масъулият билан ёндашиб, республика ёшлари орасида намуна кўрсатган. Ёшларни жипс­лаштириш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида қатор лойиҳаларни ишлаб чиққан. Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ташкил этиб келинаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг ташаббускорларидан биридир.

2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирланган.

У ўз сайловолди дастурида ёшларнинг касб танлаши, замонавий таълим олиши, ўқишни тамомлагач, албатта иш жойига эга бўлиши, бунинг учун тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Акмалжон Умаралиев мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар давлат ва жамият ғамхўрлигини ҳис қилиши керак, шунда улар янада масъулиятли бўлиб, тараққиётга катта ҳисса қўшади, деб ҳисоблайди.

Ёшлар орзу-ниятлари ва муаммоларини яхши билгани, сиёсий партия­лар фаолиятидан чуқур хабардорлиги унинг катта имконияти, албатта. Унинг дастуридан ёшлар ҳаёти билан боғлиқ масалалар юзасидан эътиборга молик таклифлар ўрин олган.



DB query error.
Please try later.