29.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Наманган вилояти

Шукуржон КЕНЖАБОЕВ (39-Дўстлик сайлов округи)

1963 йилда Чортоқ туманида туғилган.  Ҳозирги Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Мутахассислиги – муҳандис-механик. Техника фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини Наманган шаҳридаги ғишт заводлари бошқармасига қарашли таъмир-механика цехида бошлаган. 1985-1990 йилларда шу бошқармада таъмир-механика цехи бошлиғи, карьер бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.

1994 йилдан Наманган муҳандислик-педагогика институтида ассистент, 1994-2008 йилларда катта ўқитувчи, кафедра мудири, факультет декани муовини лавозимларида меҳнат қилган. 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъдод» жам­ғармаси танлови ғолиби.  

2008-2011 йилларда Наманган муҳандислик-педагогика инсти­тути механика факультети декани, Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича проректор лавозимларида ишлаган.

Номзод ўз сайловолди дастурида таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишнинг адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларини илгари сурган.

– Ўрта махсус ва олий таълим муассасалари битирувчилари учун квоталанган иш ўринларини ташкил этиш механизмини ишлаб чиқиш, кўп болали, ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларнинг тўлов-контракт асосида ўқиётган фарзандлари учун имтиёзли таълим кредитлари бериш тизимини янада такомиллаштириш бугунги кунда долзарб масалалардан бири, – дейди у. – Агар сайловчилар менга ишонч билдириб, депутат этиб сайлансам, партия сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, ушбу масалалар қонунчилигимизда ўз ифодасини топиши учун курашаман.  Мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ва ташкилотлар эҳтиёжи учун мутахассис кадрлар тайёрлашда олий ўқув юртларига грантлар ажратилишини қўшимча рағбатлантириш масалалари ҳам доимий эътиборимда бўлади.

Номзод бугунги долзарб масалалар ечими устида фикр юритмоқда. Жамиятдаги муаммоларни теран билиш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар билдириш учун кишида чуқур билим, ҳаётий тажриба бўлиши керак. Шукуржон Кенжабоевда бу имкониятлар етарли.


Насиба ДАДАБАЕВА (40-Сардоба сайлов округи)

1969 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги – врач-педиатр.

Меҳнат фаолиятини 1992 йилда Наманган шаҳар 1- туғруқхонасида бошлаган. 1993-2006 йилларда Наманган шаҳар 2-туғуруқхонасида врач неонотолог, шаҳар 2-болалар поликлиникасида болалар врач педиатри вазифаларида ишлаган. 2006 йилдан 9-оилавий поликлиникада бош врач ўринбосари.

Фаолияти давомида поликлиника худудига қарашли аҳоли ўртасида аҳолини репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшиб келаяпти.

У мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида сифатли тиббий хизмат тизимини назоратга олиш баркамол авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Шу боис сайловолди дастурида бу каби масалаларга алоҳида ўрин ажратган.

– Хотин-қизлар, айниқса, меҳнат билан банд аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя этишни ўзимга мақсад қилиб қўйганман, – дейди у. – Чунки ишлаб чиқаришда санитария-гигиена шароитларини яратишга барча корхона ва ташкилотларда ҳам етарли эътибор берилаяпти, деб бўлмайди. Назаримда Қонунчилик палатасининг қўмиталари мазкур масалалар билан бевосита шуғулланишлари, тегишли ташкилот ва идораларнинг бу борадаги фаолияти устидан мониторинг ўтказиб, аҳволни яхшилаш учун зарур чоралар кўришлари, керак бўлса, депутатлар қонунчилик ташаббуслари билан чиқишлари лозим. Агар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлансам, оила, хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларига доир қонунлар ижросини таъминлашда депутатлар масъулияти, тар­ғиботчилик-ташкилотчилик фаолиятини кучайтиришга оид таклифларни илгари сурмоқчиман.

Насиба Дадабаева ўз дастурида кўпчилик ҳар доим ҳам эътибор бермайдиган, аммо зарур ҳаётий масалаларни илгари сурмоқда. Ҳақиқатан ҳам жойларда электоратимиз вакиллари бўлган оддий ишчи-хизматчилар учун меҳнат шароитларини яхшилаш, хусусан, санитария-гигиена шароитларини талаб даражасида яратиш борасида қилинадиган ишлар оз эмас.

Депутатликка номзодимизга овоз берилса, ушбу масалалар қонун орқали ўз ечимини топишига ишонамиз.


Гулнора ОМОНИЛЛАЕВА (41-Тошбулоқ сайлов округи)

1966 йилда Наманган туманида туғилган. Ҳозирги Наманган давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини Наманган туманидаги 12-мактабда бошлаган. 1990-2013 йилларда ўқитувчи, директор ўринбосари, директор лавозимларида фаолият кўрсатган. 2013 йилдан Наманган туманида ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Меҳнат фаолияти жараёнида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар фаоллигини янада ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган тадбирларнинг ташаббускори бўлди.

У аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган инсонларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида моддий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий нафақаларни тўлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини микрокредитлаш ва микромолиялаш тизимининг янада самарадорлигини ошириш масалаларини ўз сайловолди дастурига киритган.

– Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш идоралари томонидан аҳолининг банд бўлмаган вакилларини ўз ишини очиш ва бизнес юритиш кўникмаларига ўргатиш мақсадида жойларда маслаҳат марказларини ташкил этишга оид  қонунчилик меъёрларини такомиллаштириш зарур, деб ўйлайман, – дейди у. – Шунингдек, ташкил этилаётган маслаҳат марказлари мақбуллигини таъминлаш, кам даромадли ва ишга жойлашишда қийналаётган фуқароларнинг улардан фойдаланишлари учун тенглик яратилиши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш муҳим. Депутат этиб сайлансам, фаолиятимни электорат манфаатлари асосида ташкил этмоқчиман.

Гулнора Омонуллева дастурида оддий одамлар манфаати ҳимояси кўзда тутилмоқда. Ёрдамга муҳтож оила, ўз мустақил ишини бошламоқчи бўлган кишиларни ҳар томонлама қўллаш ижтимоий адолатни ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга. Депутатликка номзод тажрибали инсон, она тили ва адабиёт ўқитувчиси сифатида бу масалаларни чуқур анг­лайди. 


Собитхон ТУРҒУНОВ(42-Косонсой сайлов округи)

1965 йилда Чортоқ туманида туғилган. Ҳозирги Фарғона давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – умумтехника фанлари ва меҳнат таълими ўқитувчиси. Педагогика фанлари доктори, профессор.

Меҳнат фаолиятини 1986 йилда Чортоқ туманидаги 3-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1991-1998 йилларда ҳозирги ­Наманган давлат университети умумтехника кафедраси ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, доценти вазифаларида ишлаган. 1998-2001 йилларда Наманган муҳандислик-педагогика институти кафедра мудири, факультет декани, 2001-2005 йилларда Наманган вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори, 2011-2012 йилларда Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот инс­титути директори лавозимларида ишлаган. 2012 йилдан Наманган вилоят халқ таълими бош­қармаси бошлиғи.

Номзод ўз сайловолди дастурида жисмоний имкониятлари чекланган ёшларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ўрта ва олий педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан маш­ғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишнинг қонуний асосларини  мустаҳкамлаш юзасидан ташаббуслар билан чиқишни мақсад қилган.

– Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида сайловолди дастуримни тузар эканман, партиямиз илгари сураётган долзарб вазифалар, шу куннинг талабларини ҳисобга олишга ҳаракат қилдим, – дейди у. – Аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш учун, аввало, одамларга меҳнат қилиш имкониятини янада кенгайтириб бериш керак. Бунинг учун бандлик дастурлари ижросини қатъий таъминлаш, номига эмас, юқори даромадли иш ўринлари яратиш ҳақида кўпроқ бош қотиришимиз зарур.

Собитхон Турғунов ўзининг чуқур билими, меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги билан вилоят жамоатчилиги орасида ҳурмат ва эътибор қозонган.

 

Дилорам РАҲМАТОВА (43-Поп сайлов округи)

1958 йилда Поп туманида туғилган. Ҳозирги Тошкент аграр университетини тамомлаган. Мутахассисилиги – агроном. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор».

Меҳнат фаолияти давомида 1973-2006 йилларда Поп туманидаги «Сирдарё» жамоа хўжалиги ишчиси, механизатор, пахтачилик бригадаси бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2006 йилдан тумандаги «Тошпўлат-Турғунбой-Расулжон» фермер хўжалиги раҳбари.

У туманда ва вилоятда пилла, пахта ва ғаллачиликда юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган илғор фермерлардан ҳисобланади. Ҳозирги вақтда фермер хўжалиги 60 гектарга яқин майдонда деҳқончилик қилиб келмоқда. Хўжаликда 2010-2013 йиллар давомида 34,5 гектар майдонга чигит экилиб, ўртача 37,9 цент­нердан ҳосил олиниб, белгиланган режа 100,5 фоизга бажарилди.

У фермер хўжалигидан олинган даромадлар ҳисобидан кам таъминланган оилалар, ногиронларга мунтазам ёрдам бериб келади. Ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар бандлигини таъминлашнинг самарадорлигига эришиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастуридан келиб чиққан ҳолда бу борада кўплаб вазифаларни ўз сайловолди дастурида белгилаб олган.

– Аҳоли кўп бўлган минтақаларда бандликни таъминлаш мақсадида саноатни ривожлантириш керак бўлади. Янги иш ўринлари ташкил қилишни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ихтисослашган махсус минтақавий инвестицион фондларни ташкил этишни рағбатлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда ўз ҳиссамни қўшмоқчиман, – дейди у. – Корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрлар тайёрлаш амалиётини ривожлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш керак. Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз мустақил ишини бошлашига кўмаклашиш бўйича ҳуқуқий механизмларни янада мус­таҳкамлаш зарур, деб ҳисоблайман.

Дилорам Раҳматова қишлоқ одамлари ҳаётини яхши билади. Умр мазмунини уларга ёрдам кўрсатиш, турмушини фаровонлаштиришга ҳисса қўшишда, деб билади. Агар у депутат этиб сайланса, бу борадаги ниятларини амалга ошириш учун катта имкониятга эга бўлади.

 

Гулзода АБДУЛЛАЕВА (44-Тўрақўрғон сайлов округи)

1967 йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. Ҳозирги Наманган давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги – рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. 2009 йилда халқ депутатлари Тўрақўрғон туман Кенгаши депутати этиб сайланган.

Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Тўрақўрғон туманидаги 34-мактабда бошлаган. 1990-2006 йилларда тумандаги 13-сонли мактабда ўқитувчи, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаган. 2006 йилдан мазкур мактаб директори.

Номзод ўз сайловолди дастурида қишлоқ жойларда хотин-қизлар учун, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизлари учун иш ўринлари яратишга кўмаклашиш, халқ таълими ва тиббиёт ходимлари, хусусан, аёллар учун меҳнат шароитларини янада яхшилаш масалаларини илгари сурган.

– Электоратимиз, яъни аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш бўйича қатор ташаббуслар билан чиқишни мақсад қилганман, – дейди у. – Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг фаолиятини такомиллаштириш, жойлардаги депутатлик бирлашмаларининг ташаббускорлигини ошириш мақсадга эришишнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Аҳолининг кам таъминланган қатлами учун иш ўринлари яратиш ва шу соҳада қабул қилинган давлат ва ҳудудий дас­турларда иштирок этиш, дастурларнинг жойларда бажарилишини таъминлаш устидан парламент назоратини ўрнатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундан таш­қари, биз аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари вакиллари учун янги иш ўринлари яратиш, молиявий имтиёзлар ва енгилликлар беришга эришиш тарафдоримиз. Агар Қонунчилик палатасига депутат бўлиб сайлансам, партиямиз дастуридан келиб чиқадиган шу каби мақсад-ғояларнинг қонуний асосларини ишлаб чиқишга ҳисса қўшмоқчиман.

У билимли, изланувчан, талабчан, шу билан бирга, меҳрибон устоз. Фидойилиги ва меҳнатсеварлиги туфайли ҳамкасблари ўртасида катта ҳурмат қозонган.

 

Комилжон МАМАТЧАЕВ (45-Уйчи сайлов округи)

1966 йилда Уйчи туманида туғилган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ­Наманган филиалини тамомлаган. Мутахассислиги – инженер-технолог.

Меҳнат фаолиятини Уйчи йигирув-тўқув фабрикасида бошлаган. 2002-2009 йилларда ­Наманган шаҳридаги «Аснам­текс­­тиль» қўшма корхонасида бош механик, ишлаб чиқариш бошлиғи, техник директор, Наманган шаҳридаги «Оқ-олтин» йигирув фабрикасида ишлаб чиқариш бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2009 йилдан «Мега-Текстиль» хорижий корхонасида ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи.

У меҳнат фаолияти даврида асосий эътиборини енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратган. Юртимизда пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шу орқали иқтисодиётимизнинг самарадорлиги, рақобатбардошлигини муттасил ошириб бориш жараёнларида иштирок этиб келмоқда.

Депутатликка номзод сифатида у енгил саноатни юқори даражада ривожлантириш орқали тараққиётни янада жадаллаштириш, кўплаб янги, юқори ҳақ тўланадиган ва барқарор иш ўринлари ташкил этиш ғояларини илгари сурган.

– Депутатликка сайлансам, шу масалалар бўйича бир қатор таклифларимни тақдим этмоқчиман, – дейди у. – Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида енгил саноатни равнақ топтириш бўйича етарли имкониятлар мавжуд. Бизда мўл хомашё, тайёр, хилма-хил харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш асослари бор. Ҳар бир ҳудудда ҳунармандчилик, пахтачилик, матога ишлов бериш анъаналари ўзига хос. Бу борада тўпланган тарихий тажрибадан унумли фойдаланиш муҳимдир. Таҳлиллар енгил саноатнинг истиқболи порлоқ эканини кўр­сатмоқда. Демак, ана шу тизимда яратилган иш ўринлари барқарор, ишга тўланадиган ҳақ юқори бўлади.

Комилжон Маматчаев меҳнат фаолияти давомида ўзини етук мутахассис сифатида кўрсата билди. Ташкилотчилик қобилияти, фаол сиёсий ва фуқаролик позициясига эгалиги билан жамоа ўртасида ҳурмат-эътиборга эга.

 

Камолиддин МАТКАРИМОВ (46-Учқўрғон сайлов округи)

1968 йилда Косонсой туманида туғилган. Ҳозирги Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги – автомобиль транспорти эксплуатацияси ва таъмири бўйича муҳандис-муаллим.

Меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган институтда ассистентликдан бошлаган ва катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири, ҳозирги Наманган муҳандислик-технология институтининг доценти, кафедра мудири, ички назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи, «Менежмент» факультети декани лавозимларида ишлаган. 2011 йилдан институтнинг «Муҳандислик-технология» факультети декани.

У таълим муаммолари, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларини татбиқ этиш, автотранспорт-йўл мажмуаси корхоналари иш самарадорлигини оширишнинг долзарб ­масалаларига бағишланган 120 дан ортиқ илмий-услубий иш ­му­ал­лифи. Унинг касб-ҳунар коллежлари учун «Автомобилларда ишлатиладиган ашёлар», «Автотранспорт қонунчилиги асослари» ва «Автотранспортда ҳисоб ва ҳисобот» номли қўлланмалари нашр қилинган.

У ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароит яратишга жиддий эътибор бермоқда.

— Ёшларни баркамол авлод қилиб тарбиялашни кучайтириш, таълим жараёнларини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифларим бор, – дейди у. – Бугунги тараққиёт, глобаллашув жараёнлари, мамлакатимизнинг дунё халқ­лари билан ўзаро ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бораётган бир вақтда катта ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир йигит-қиздан хорижий тилларни билиш, эркин ёзиш ва сўзлай олиш талаб этилмоқда. Шунинг учун мен ёшларга хорижий тилларни ўқитиш соҳасидаги шарт-шароитларни янада яхшилаш борасидаги таклифларимни илгари сурмоқчиман.

Унинг сайловолди дастуридан шунингдек, ўрта-махсус ҳамда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган йигит-қизларнинг амалиётда самарали ишлаб кетиш, мустақил бизнес юритиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган махсус фанлар киритиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан боғлиқ долзарб таклифлар алоҳида ўрин олган.

 

Нурдинжон ИСМОИЛОВ (47-Чортоқ сайлов округи)

1959 йилда Учқўрғон туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган. Мутахассислиги – ҳуқуқшунос. Юридик фанлари номзоди.

1980-1985 йилларда Наманган вилояти прокуратураси идораларида турли лавозимларда ишлаган. 1985-1989 йилларда Уйчи тумани прокурори, 1989-1995 йилларда Наманган вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи бўлган. 1995 йилда Олий Мажлис депутати этиб сайланганидан сўнг, Олий Мажлиснинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, қўмита раиси лавозимларида ишлаган. 2001-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳининг раҳбари, 2002-2005 йилларда Олий Мажлиснинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, 2005-2012 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритган. 2012 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Олий Мажлис, сиё­сий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича Давлат маслаҳатчиси.

Нурдинжон Исмоилов катта назарий ва амалий тажрибага эга ҳуқуқшунос сифатида жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларига тааллуқли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни парламент муҳокамаси учун тайёрлаш, қонунлар ижросини таъминлаш, суд-хуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш борасидаги давлат дастурларини амалга оширишга ҳисса қўшиб келмоқда.

У парламентнинг роли ва аҳамиятини янада ошириш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнини янада такомиллаштириш, унда жамоатчилик фикрини эътиборга олиш, қонунчилик жараёнида фракциялараро курашни фаоллаштириш, парламент назоратининг самарадорлигини янада ошириш, суднинг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларимизнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатларини янада кенгайтиришни долзарб масалалар, деб ҳисоблайди.

 

Акрамжон САЪДУЛЛАЕВ (48-Чуст сайлов округи)

1966 йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги – инженер-геофизик.

Меҳнат фаолиятини Наманган вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ер захираларини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш давлат инспекциясида бошлаган ва мутахассис, етакчи мутахассис, инс­пекция бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2010-2012 йилларда Наманган вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг давлат экологик экспертизаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган, 2012 йилдан мазкур қўмита раиси.

— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларини ташвишга соладиган энг долзарб муаммолардан бири, шубҳасиз, ўй-жой масаласидир, – дейди у. – Шу сабабли мен давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисмини аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари учун уй-жой қуришда самарали ишлатишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш муҳим, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан турар-жой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни янада яхшилаш, шунингдек, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда улар учун қулайликлар яратишни албатта ҳисобга олиш керак.

Аҳолига хизмат кўрсатувчи транспорт тизимини, тежамкор ер усти транспорти инфратузилмасини янада ривожлантириш масалалари ҳам айни кунда долзарб аҳа­мият касб этмоқда. Шунингдек, қишлоқларда инфратузилмани ривожлантириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш, экин майдонларидан оқилона фойдаланиш орқали қишлоқ аҳолисининг  фаровонлигини таъминлаш бўйича тегишли меъёрий-ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш муҳим, деб ўйлайман. Агар сайловчилар мени депутатликка муносиб кўришса, бу масалалар қонунчиликда ўз ифодасини топиши учун бор билим ва тажрибамни ишга соламан.

Акромжон Саъдуллаев табиатан курашчан, ўзи илгари сурган ғояларни амалга ошириш бўйича астойдил ҳаракат қилади. Бу унинг иш тажрибасида бир неча бор исботланган. Қолаверса, у катта ҳаётий тажрибага ҳамда аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган кишиларнинг ҳаёт даражасини кўтариш бўйича аниқ таклифларга эга.

 

Абдугаппор КИРГИЗБАЕВ (49-Янгиқўрғон сайлов округи)

1962 йилда Учқўрғон туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (университети)ни тамомлаган. Мутахассислиги – тарих ва жамиятшунослик фани ўқитувчиси. Тарих фанлари доктори, профессор.

Меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳридаги 186-мактабда тарих ва жамиятшунослик фани ўқитувчилигидан бошлаган. 1986-1989 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ойбек номли Ўзбекистон халқлари тарихи музейида кичик илмий ходим, илмий ходим вазифаларида ишлаган. 1989-1992 йилларда Фанлар Академияси ­Тарих институтининг аспиранти бўлган. 1992-2005 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети доценти, тарих факультети декани ўринбосари, университет касаба уюшмаси раиси, Маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор, факультет декани бўлиб фаолият юритган. 2005-2009 йилларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Маънавий-ахлоқий тарбия ва спорт бўлими бошлиғи бўлган. 2010 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

– Депутат, аввало, ўз сайловчилари олдида ҳисобдордир, – дейди у. – Шунинг учун ўтган йилларда ўзим сайланган сайлов округидаги барча сайловчиларим, партиямиз электорати вакиллари билан мунтазам алоқада бўлдим. Учрашувларда парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар бериб бордим. Қонунлар лойиҳалари юзасидан фуқароларнинг фикрларини ўргандим ва ўринли таклифларни қабул қилинаётган қонунларда акс эттиришга ҳаракат қилдим.

Агар улар менга яна ишонч билдириб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлансам, қишлоқ ёшларининг манфаатларини таъминлаш борасида олис ҳудудлардаги йигит-қизларнинг имкониятларини юзага чиқаришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш, янада кучайтириш учун ҳаракат қиламан.

Абдугаппор Киргизбаев жамоатчиликка яхши таниш олим. У депутат сифатида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Айниқса, таълим соҳасидаги юқори билими, мустақил фикрлари билан жамоатчилик ўртасида ҳурмат қозонган.



DB query error.
Please try later.