29.11.2014

Термиз шаҳрига Ватанимизнинг юксак мукофоти топширилди

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 22 августдаги фармонига мувофиқ Термиз шаҳри Амир Темур ордени билан мукофотланган эди. 28 ноябрь куни Термиз шаҳрида ушбу юксак мукофотни топширишга бағишланган тантанали маросим бўлди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари Термиз шаҳрининг шонли тарихи, истиқлол йилларидаги тараққиёти, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётида тутган ўрни, Сурхондарё вилояти меҳнаткашлари қўлга киритаётган улкан ютуқлар ҳақида тўхталди. 

Бу замин халқининг юксак маданияти, ҳунармандлик ривожи ва савдо алоқалари Жайхун бўйида қадим Термиз шаҳрини вужудга келтирган. Буюк ипак йўли марказида жойлашган шаҳар турли маданият ва халқларни ўзаро боғловчи муҳим қўрғон бўлган. 
Истиқлол туфайли Термиз шаҳрининг шону шавкати тикланди, улкан маънавий ва иқтисодий салоҳияти юзага чиқди. 

Юртбошимиз раҳнамолигида маънавиятимизни юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида миллий қадрият ва анъаналаримиз, буюк аждодларимизнинг номи қайта тикланди, улар мангу қўним топган муқаддас қадамжолар ободонлаштирилди. Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота ёдгорлик мажмуалари таъмирланди. 

Янги бунёд этилган темир йўл бекати, Тадбиркорлар маркази биноси, Археология музейи, амфитеатр Термиз шаҳрининг чиройига чирой қўшди. Замонавий “Бахт уйи” мажмуаси, Термиз давлат университетининг муҳташам биноси, 10 минг томошабинга мўлжалланган стадион, “Дельфин” сузиш ҳавзаси, тиббиёт ва маданият масканлари, турар-жойлар вилоят маркази қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. 

Бугунги кунда ҳам Термиз шаҳрида замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, инфратузилма объектлари, янги мактаблар, лицей ва коллежлар, спорт мажмуалари бунёд этилиб, шаҳар янада гўзал ва обод бўлиб бормоқда. Кейинги йилларда фойдаланишга топширилган йирик саноат корхоналари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшмоқда. 

Бу йил Сурхондарё аҳли учун яна бир унутилмас йил бўлди. Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ мустақиллик йилларида шаҳар аҳлининг ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда эришган муваффақиятлари, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, халқимизнинг тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ёшларимизни улуғ аждодларимизга хос эзгу қадриятлар, мардлик ва жасорат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги катта хизматлари учун ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Термиз шаҳри Амир Темур ордени билан мукофотланди. 

Термиз шаҳри Ватанимизнинг бу юксак мукофоти билан тақдирланишида чуқур рамзий маъно бор. Термиз барча замонларда ёв қаршисида метин қўрғон вазифасини ўтаб келган. Бу заминда мард ва танти, Ватани учун жонини ҳам фидо этишга тайёр ориятли халқ яшайди. 

Президентимиз Ислом Каримов ушбу юксак мукофот – Амир Темур орденини топширди. 

Маросимда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раисининг ўринбосари Орзиқул Соатов, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори Шоҳида Орипова, кураш бўйича жаҳон чемпиони Тоштемир Муҳаммадиев, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, Термиз шаҳрини Ватанимизнинг юксак ордени билан мукофотлагани, Сурхондарё вилояти ривожига қаратаётган эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

А.Самадов, Х.Маматрайимов, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА


DB query error.
Please try later.