29.11.2014

Маънавият масканининг қутлуғ тўйи

Пойтахтимизда 28 ноябрь куни Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 22 январдаги «Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз маданий ҳаётида унутилмас воқеалардан бўлди. Ушбу ҳужжат театр жамоасининг нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида профессионал театр санъатига асос солиш ва уни ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодни эзгу қадриятлар, ватанпарварлик, фидойилик руҳида камол топтириш, ёш истеъдодларни тарбиялаш борасидаги улкан хизматларининг ёрқин эътирофидир. 

Шу қутлуғ санага бағишланган тадбирга вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчилари, санъат ва маданият намояндалари, ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар, мухлислар таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди. 

Мамлакатимизда театрлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси юксак инсоний ғояларни тарғиб этувчи, замонамиз қаҳрамонлари образи яратилган мукаммал саҳна асарларини яратишдек долзарб вазифани ижодкорлар зиммасига юкламоқда. 

Президентимиз қарори ижроси бўйича капитал таъмирланган Ўзбек Миллий академик драма театри биноси санъат ихлосмандлари, театр фидойилари, кенг жамоатчилик учун ўзига хос туҳфа бўлди. 

Театр биносининг ташқи қисми, томоша залидаги ўриндиқлар, саҳна остидаги ҳаракатлантирувчи механизмлар тўлиқ янгиланди. Саҳнада махсус эффектли ёритгичлар, овоз кучайтириш ускуналари, томошабинларга янада қулайлик яратиш мақсадида залда иккита йирик монитор ўрнатилди. Кичик зал драматурглар, режиссёрлар билан ижодий учрашувлар, талаба-ёшлар учун маҳорат сабоқлари, уларнинг илк ижодий ишлари намойишини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. 

Театр музейи янги экспонатлар, саҳна санъати ривожига юксак ҳисса қўшган актёрлар, режиссёрлар, театр рассомлари, пардоз, грим ва декорация усталарининг портретлари, шахсий буюмлари, китоблар, қимматли фотосуратлар билан бойитилган. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 27 ноябрдаги «Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллиги муносабати билан театр ижодкорларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра ижодий жамоанинг бир гуруҳ ходимлари Ватанимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. 

Тадбирда Ватанимизнинг ана шу юксак мукофотлари топширилди. 

Маросимда театр директори М.Исмоилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон халқ артисти М.Холиқова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист А.Набиев, «Дўстлик» ордени соҳиби, театр рассоми С.Цой ва бошқалар миллий маънавиятимиз, маданиятимиз ва санъатимиз ривожи йўлидаги улкан эътибори учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Давлатимиз раҳбарининг театр юбилейи муносабати билан йўллаган табриги театр жамоасининг қалбини фахр-ифтихорга тўлдиргани таъкидланди. 

– Юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, маънавий-маърифий соҳалардаги буюк ўзгаришлар театр санъати ривожида ҳам асосий омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ артисти, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Тўти Юсупова. – Камтарона меҳнатим юксак қадр ва эъзоз топганидан ғоят мамнунман. Биз – санъаткорларга қаратаётган иззат-эҳтироми, ёшлар маънавиятини юксалтириш, театр ижодкорларини янги парвозлар сари руҳлантириш борасида кўрсатаётган улкан ғамхўрлиги учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз. 

Бадиий кечада Миллий театрнинг 100 йиллигига бағишлаб киноижодкорлар томонидан яратилган ҳужжатли фильм, вилоятлар ва пойтахтимиздаги театр жамоалари, санъат усталари иштирокида тайёрланган театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди. 

* * * 

Шу куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Ўзбекистон театр санъати: тарих, тараққиёт ва истиқбол» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, театршунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, драматурглар, режиссёрлар, талабалар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири вазифасини бажарувчи Б.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Б.Сайфуллаев, Ўзбекистон халқ артисти Т.Азизов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий театр санъатимизни ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлади. 

Ўтган йиллар мобайнида Миллий театримизда саҳналаштирилган кўплаб асарлар халқимиз қалбидан жой олди. 

Конференцияда драматургия ва театр репертуари, Миллий театр режиссураси истиқболлари каби мавзулардаги маърузалар тингланди. 

Анжуман доирасида «Ўзбек Миллий академик драма театри» китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида чоп этилган ушбу китоб-альбом ўқувчиларнинг театр тарихига оид билимини янада кенгайтиришга хизмат қилади. 

Назокат Усмонова, ЎзА


DB query error.
Please try later.