29.11.2014

Президент Ислом Каримовнинг Термиз шаҳрига Амир Темур орденини топширишга бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, қадрли дўстлар! 

Аввало, бугун сиз, азиз Сурхон воҳаси вакиллари билан дийдор кўришиб, барчангизни соғ-саломат, бардам-бақувват кўриб турганимдан хурсанд бўлганимни билдириб, сизларга, сизлар орқали бутун вилоят аҳлига ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромим, эзгу тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз. 

Сизлар билан қачон учрашмайлик, Сурхондарёнинг бугунги ҳаёти, аҳолининг ҳол-аҳволи, кайфияти, эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш, вилоятнинг келажаги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар учрашувларнинг асосий мавзусини ташкил этиши ҳаммамизга маълум. 

Бундай мулоқотларнинг маъно-мазмуни, авваламбор, вилоятни янада ривожлантириш, унинг ноёб ер ости ва ер усти бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шу юртда яшаётган 3 миллионга яқин аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан узвий боғлиқ эканини ҳам барчамиз яхши англаймиз. 

Сурхондарё деганда, инсоният цивилизациясининг бешикларидан бири, буюк тарих ва бой меросга эга бўлган қадимий ва бетакрор ўлка кўз ўнгимизда намоён бўлади. 

Афсуски, дунёга қандай тенгсиз маданият дурдоналарини, не-не мумтоз зотларни берган бу замин мустабид тузум даврида собиқ Марказнинг беписанд сиёсати, “Сизларга бўлаверади” деган қараши туфайли узоқ йиллар давомида ривожланишдан ортда қолиб келгани ҳеч кимга сир эмас. 

Фақатгина мустақилликка эришганимиздан кейин мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Сурхондарё ҳам ўтган қисқа даврда жуда катта, айтиш мумкинки, илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган тараққиёт йўлини босиб ўтди. 

Бу ҳақда гапирганда, сўнгги йилларда бу ерда ўнлаб замонавий корхоналар, магистрал йўл ва кўприклар, савдо ва маиший хизмат объектлари, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, янги турар-жойлар, майдон ва хиёбонлар барпо этилганини таъкидлаш ўринлидир. 

Бугунги кунда нафақат вилоят маркази Термиз шаҳри, балки Денов бўладими, Шеробод, Музработ бўладими, бошқа туман марказлари ва қишлоқлар бўладими, барчасининг қиёфаси тубдан ўзгариб, ҳар томонлама обод бўлиб бораётгани ҳаммамизга, аввало, шу заминда яшаётган одамларга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга катта ғурур ва ишонч бағишламоқда. 

Асрий тоғу тошлар, дашту биёбонлар бағрида 223 километрлик Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўлининг барпо этилгани фақат Сурхон воҳаси эмас, бутун мамлакатимиз ҳаётида, ҳеч шубҳасиз, улкан, тарихий бир воқеа бўлди, десак, ўйлайманки, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган қурувчиларимиз, жумладан, сурхондарёлик бунёдкорларнинг маҳорати билан денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда ўнлаб кўприклар, йўл ўтказгичлар каби ўта мураккаб инженерлик иншоотларини барпо этишга, катта маблағ, куч ва имкониятни, юксак билим ва тажрибани талаб қиладиган шундай йирик ва ноёб лойиҳани амалга оширишга эришганимиз ҳар қандай одамни ҳам қойил қолдириши муқаррар. 

Оғир иқлим шароитига қарамасдан, Сурхон воҳаси деҳқон ва фермерларининг кейинги йилларда қўлга киритаётган ютуқлари барчамизни қувонтиради. 

Бу ҳақда гапирганда, бугунги кунда юртимизда етиштирилаётган пахта хомашёсининг 10 фоизи, ғалланинг қарийб 8 фоизи мана шу саховатли замин ҳиссасига тўғри келишини алоҳида таъкидлаш лозим. Вилоятда жорий йилда 335 минг тоннадан зиёд пахта, 477 минг тонна ғалла етиштирилгани, сўзсиз, машаққатли ва мардона меҳнат натижасидир. 

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятнинг миришкор деҳқон ва фермерларига, барча қишлоқ хўжалиги ходимларига фидокорона меҳнатлари учун ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз. 

Биз учун энг муҳим, энг устувор вазифа бўлмиш соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлида Сурхондарёда ҳам ўнлаб янги-янги мактаблар, лицей ва коллежлар, санъат ва спорт масканларини, айниқса, Термиз давлат университетининг замонавий, муҳташам биноси каби улкан иншоотларни бунёд этганимиз нафақат вилоят қиёфасини, айни вақтда, одамларимиз, фарзандларимизнинг онгу тафаккурини, бутун ҳаётимизни тубдан ўзгартиришга хизмат қилаётгани ҳақида ҳар қанча тўлқинланиб гапирсак, арзийди, албатта. 

Шулар қаторида Сурхон воҳасининг қадимий ва бетакрор маданияти, урф-одат ва анъаналарини, нуфузли ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан юксак эътироф этилган номоддий мероснинг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича қилган ишларимиз ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. 

Бу борада Ўрта Осиё минтақасида ягона бўлган Термиз давлат археология музейини бунёд этганимиз, “Алпомиш” достонининг 1000 йиллик тўйини, Термиз шаҳрининг 2500 йиллик юбилейини қандай баланд руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтказганимиз барчамизга мамнуният етказади. 
  
Термиз шаҳрида 2011 йили энг замонавий архитектура талабларига жавоб берадиган муҳташам “Сурхон” спорт мажмуасини воҳанинг ўзига хос табиий ва иқлим шароитини ҳисобга олиб барпо этганимиз шу юртда улғайиб, уни жонидан азиз кўрадиган, жисмоний ва маънавий камолотга интилиб яшаётган минг-минглаб ёшларимиз учун аҳамияти ва моҳиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган катта воқеа бўлганини ҳеч ким инкор этолмайди. 

Бугунги кунда бу ерда “Баркамол авлод” спорт ўйинлари, кураш бўйича жаҳон чемпионати каби йирик ва нуфузли беллашувлар мунтазам ўтказилмоқда, бу ноёб мажмуа қанчадан-қанча ёш спортчиларимиз учун парвоз майдони бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мен илгари ҳам айтган бир фикрни яна такрорлашни жоиз деб биламан: нафақат юртимизда, балки бутун минтақамизда маълуму машҳур бўлган “Алпомиш”дек қаҳрамонлик достонининг айнан Сурхон заминида яратилгани асло тасодиф эмас. 
  
Агар мендан, энг кучли, энг бақувват полвонлар қаерда яшайди, деб сўраса, ҳеч иккиланмасдан, аввало Сурхондарёда, деб айтган бўлардим. 

Ўзбек курашининг ватани, макони ҳам аслида Сурхон воҳасидир. Ҳаммамиз яхши биламизки, мана шу кураш беллашувларида “ҳалол” деган сўз энг олий баҳо сифатида янграйди. Шахсан менга бу ибора бамисоли бутун халқимизга, жумладан, Сурхон элига мансуб энг улуғ фазилатни ифода этаётгандек бўлиб туюлади. 

Азиз дўстлар, чиндан ҳам Сурхон элининг лафзи ҳалол, меҳнати ҳалол эканини тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам кўп-кўп мисоллар яққол тасдиқлайди. Бундай мард инсонларнинг табиатида сира ғирромлик бўлмаган, чала иш бўлмаган. 

Умуман айтганда, Сурхон заминида вояга етган, унинг ғурур ва ифтихорини улуғлаб, бу юртни бутун дунёга танитиб келаётган, Яратганимиз ато этган куч-қуввати, истеъдоди ва маҳорати билан узоқ ва яқин мамлакатларда шуҳрат қозонган спортчи ўғил-қизларимиз халқимизнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда. 

Шулар қаторида Абдулла Тангриев, Давлат Чориев, Санжар Тўхташев, Гўзал Эгамова, Суҳроб Турсунов, Барно Мирзаева, Яҳё Имомов, Раъно Абдуҳалимова, Шоҳиста Сафарова каби ўнлаб азму шижоатли ёшларимиз бугунги кунда ўзбек спортининг, ўзбек халқининг довруғини бутун дунёга таратаётгани барчамизни хурсанд қилади. 

“Алпомиш” достонининг қутлуғ тўйида мен Сурхон воҳасининг кураги ерга тегмаган паҳлавонларига чин қалбдан ҳурматимни билдириб, машҳур Тоштемир полвонни бағримга босиб, даст кўтарганимни ҳозир ҳам катта завқ билан эслаб юраман. 

Буларни барчасининг замирида фақат битта нарса, яъни самимийлик, бир-биримизни яқин кўриш, бир-биримизга ҳурмат ва эҳтиром мужассам, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз. 

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари! 

Кейинги йилларда Сурхондарёда, унинг маркази Термиз шаҳрида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилаётгани, аввало, заҳматкаш Сурхон аҳлининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида янги-янги уй-жойлар, инфратузилма объектлари барпо этилаётгани натижасида шаҳарнинг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб бораётганини барчамиз мамнуният билан эътироф этамиз. 

Буни сўнгги пайтда вилоятда намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда 3 минг 772 та шинам уй-жойлар қурилгани, биргина Термиз шаҳрида маҳаллий шароитга ҳар томонлама мос бўлган, 1 минг 41 та квартирадан иборат 36 та замонавий кўпқаватли уйлар бунёд этилгани ҳам тасдиқлайди. 

Айни вақтда шаҳарни кўкаламзорлаштириш, ноёб манзарали дарахтларни танлаб экиш ва парвариш қилиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳисобидан бутун шаҳар яшил либосга бурканиб, барчанинг кўзини қувонтирадиган, ҳавасини тортадиган бетакрор қиёфа касб этгани жанубнинг жазирама қуёши остида яшайдиган одамларга қандай қулайлик туғдирганини тасаввур қилиш қийин эмас, деб ўйлайман. 

Азиз дўстлар! 

Сурхон воҳасининг кўҳна тарихи, минг йиллар давомида шу заминда ётган ва бугун ўзбек олимлари билан бирга турли мамлакатлардан келган олимларнинг археологик қазишмалари, илмий изланишлари натижасида очилаётган ва илму фан оламини ҳайратда қолдираётган ноёб ашёлар, қадимий маданият ёдгорликлари бу тупроқ ўз бағрида ҳали қанча-қанча сирларни сақлаб келаётганидан далолат беради, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. 

Мисол учун, эрамиздан аввалги I минг йиллик ўрталарида Бақтриянинг биринчи подшоси Зороастр Термиз шаҳрига асос солган. Термиз дастлаб Тарамата деб аталган. 

Шаҳарнинг ғоят қулай географик шароити, Шарқни Ғарб билан боғлайдиган савдо чорраҳасида жойлашгани унинг тез суръатлар билан ривожланишига замин яратди. Шу боис турли-турли босқинчилар Термизни қўлга олиш, унга эгалик қилишга доимо интилиб келган. 

Эрамиздан аввалги 327 йилда Александр Македонский, яъни бизнинг тилимизда Искандар Зулқарнай шаҳарни босиб олиб, унга Александрия номини берган. Термиз қалъаси милоддан аввалги даврларда Юнон-Бақтрия давлати, Кушонлар империяси, милоддан кейинги V-VI асрларда Эфталитлар, Сосонийлар ҳукмронлиги остида бўлган. VIII аср бошида эса бу ерни араблар забт этган. 

Термиз тарихи ҳақида сўз юритар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, бу шаҳар унинг тарихига ёрқин саҳифалар битган Амир Темур бобомизнинг муборак номи билан чамбарчас боғланиб кетганини эсга олишимиз табиийдир. 

Термиз шаҳри Соҳибқирон бобомиз Турон заминида барпо этган буюк ва қудратли давлатнинг мустаҳкам қўрғонига, салтанат таянчига айланган. 

Бугунги кунда бу ерда яшаётган барча-барча инсонлар Сурхон тарихининг ана шундай шонли саҳифаларини ғурур ва ифтихор билан эслайди. 

Барчамиз учун муқаддас бўлмиш Термиз тупроғида қандай улуғ аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар яшаганини, улар Термизий деган ном билан ислом дунёсида қандай ёрқин из қолдирганлари ҳаммамизга яхши маълум. 

Ҳақиқатан ҳам, бу табаррук диёрдан етишиб чиққан буюк аллома Ҳаким Термизий, дунёдаги энг ишончли олтита ҳадис тўпламларидан бирини яратган машҳур муҳаддис Абу Исо Термизий, теран мазмунли асарлари билан Шарқда ном қозонган Адиб Собир Термизий, ислом фалсафаси ривожига муносиб ҳисса қўшган Абу Бакр Варроқ Термизий каби мумтоз зотлар наинки халқимиз, балки бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ҳисобланади. 

Бу заминнинг уруш ва босқинлар туфайли неча бор вайрон бўлиб, култепалар узра неча бор қайта тиклангани ҳақида ҳам албатта кўп гапириш мумкин. Лекин барчамизга чексиз ифтихор етказадиган ҳақиқат шуки, бу ерни ўзига муқаддас макон деб билган жасур аждодларимиз ёвларга ҳеч қачон бош эгмаган. 

Буюк тарихчи аллома Шарафиддин Али Яздий машҳур "Зафарнома" китобида Термиз аҳлининг мўғул босқинчиларига матонат билан, қаҳрамонларча қаршилик кўрсатганини тасвирлар экан, бу шаҳарни "Мардлар шаҳри" деб атаганида чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассамдир. 

Мустақиллик йилларида Термиз ҳар томонлама обод бўлиб, Ўзбекистонимизнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига, юртимизнинг жанубий сарҳадларидаги бош истеҳкомига, мустаҳкам дарвозасига айланди. 

Бугунги кунда Термиз шаҳри нафақат Сурхон воҳаси, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё минтақасининг иқтисодий, маданий ва коммуникация марказларидан бири десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. 

Муҳтарам юртдошлар! 

Биз бугун қандай мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимизни, дунёда нотинчлик ва қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётганини ҳаммангиз яхши биласиз. Айниқса, бизнинг ҳудудимизда, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка энг катта хавф-хатар – бу Афғонистонда 35 йилдан буён давом этаётган уруш экани ҳеч кимга сир эмас. 

Биз Афғонистон халқи билан неча-неча асрлардан буён ёнма-ён қўшни бўлиб, аҳил ва иноқ яшаганмиз. Қиз бериб, қиз олиб, қуда-андачилик қилиб келганмиз. Амударёнинг икки томонида туриб бир-биримизнинг ҳолимиздан доимо хабардор бўлиб турганмиз. Шунинг учун ҳам, афғон фожиасини бошқалардан ҳам кўра унга яқин бўлган бизнинг халқимиз хаёлидан, юрагидан мутлақо бошқача ўтказади. “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган нақл албатта бежиз айтилмаган. 

Мен ўзимнинг жуда кўп чиқишларимда, жумладан, нуфузли халқаро минбарлардан туриб, жаҳон ҳамжамияти вакилларига мурожаат қилиб, афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал этишнинг имкони йўқ, деб очиқ айтганимни, ўйлайманки, сизлар яхши биласиз. 

Агар афғон халқининг ўзига қўйиб берса, шак-шубҳасиз, бу уруш ҳеч қачон бунча узоқ давом этмасди. Афғон халқи – кўпни кўрган халқ. Бу халқ ҳам биз каби доимо тинчлик ва омонликни, оиласини тинч меҳнат билан боқишни, болаларининг бахтини кўришни хоҳлайди. 

Шундай экан, нима учун шунча вақтдан буён бу ерда уруш бормоқда? Бунга сабаб албатта кўп, лекин энг асосий сабаб – бу Афғонистонда урушни давом эттириш кимгадир керак. Бу урушни давом эттиришга уринаётганлар, биринчи навбатда, афғон халқининг манфаатини эмас, балки ўз манфаатини кўзлайди. Минг афсуски, дунёда мана шундай сиёсий ўйинлар тўхтамаяпти. 

Афғон заминида урушни давом эттириш тарафдори бўлган кучлар “Йиқилган курашга тўймас” деган мақолни ҳеч қачон эсидан чиқармаслигини истардим. Жафокаш афғон юртига турли кучлар келади-кетади, афғон халқи эса абадий қолади. Бу халқни зўравонлик билан бўйсундириб бўлмаслигини XIX асрдан бошлаб бугунги кунгача баъзи йирик давлатларнинг бу ерга қурол билан келиб, охир-оқибатда енгилиб кетгани ҳам яққол кўрсатиб турибди. 

Таассуфки, бугунги кунда фақат ҳарбий кучга таяниб сиёсат олиб бораётганлар бу ҳақиқатни тушунмаяпти. 

Мана, яқинда Афғонистонда Президент сайлови бўлиб ўтди. Бу давлатнинг янги раҳбарлари иш бошлади. Лекин мамлакатдаги вазият эртага қайси томонга ўзгаради, деган савол, афсуски, ҳамон очиқлигича, мавҳумлигича қолмоқда. 

Ўз-ўзидан аёнки, “АЙСАФ” деб ном олган халқаро тинчликпарвар кучларнинг бу жафокаш заминда давом этаётган тўқнашувларни бартараф этишни охирига етказмасдан туриб ва қарама-қарши кучларни муросага келтирмасдан туриб, Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши бу минтақада тинчлик ва осойишталик ўрнатишга олиб келиши гумон, деб ўйлайман. 

Мана шундай мураккаб бир вазиятда Ўзбекистоннинг бу масала бўйича позициясини яна бир бор эслатиб ўтишни зарур, деб ҳисоблайман. 

Бу борадаги бизнинг ёндашувимиз, сиёсатимиз аниқ ва равшан: биз ён қўшнимиз бўлган Афғонистон давлатининг ички ишларига аралашмаслик, афғон халқи ишонч билдириб сайлаган ҳукумат билан ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, тинч-тотув бўлиб яшашни ўзимизга маъқул деб биламиз. 

Тинчлик ҳақида, осойишталик ҳақида гапирганда, юртимиздаги ҳар қайси одам аввало ўз ишончини жанубий чегараларимизда Ватаннинг содиқ посбони бўлиб турган Термиз аҳлига, Сурхон воҳасининг мардларига қаратади. 

Чунки тарихнинг ўзи Термиз шаҳрига, унинг жасур халқи зиммасига юртимиз тинчлиги ва озодлиги йўлида метиндек мустаҳкам қўрғон бўлиш каби оғир ва масъулиятли вазифани юклаган. Ва сизларнинг барчангиз бу муқаддас вазифани бугунги таҳликали даврда ҳам шараф билан адо этиб келмоқдасиз, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан. 

Бундай юксак ишонч сўзларини давом эттириб, шу тупроқда, шу заминда хоклари ётган улуғ аждодларимизнинг хотираси олдида, мана шундай буюк ўтмишнинг ворислари бўлмиш халқимиз олдида бош эгиб таъзим қилишни ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан. 

Қадрли юртдошлар! 

Энди рухсатингиз билан менга юклатилган шарафли ва қувончли бир вазифани адо этишга ўтсам. 

Мустақиллик йилларида шаҳар аҳлининг ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳаларда эришган муваффақиятлари, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, халқимизнинг тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ёшларимизни улуғ аждодларимизга хос эзгу қадриятлар, мардлик ва жасорат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан хизматлари учун берилган Амир Темур орденини катта мамнуният билан Термиз шаҳрига топширишга ижозат бергайсиз. 

Муҳтарам дўстлар! 

Термиз шаҳрининг мана шундай юксак давлат мукофотига сазовор бўлишида сиз азизларнинг, шу гўзал юртга фарзандлик меҳри ва садоқатини бериб яшаётган, ўз тақдири ва келажагини ўз қўли, фидокорона меҳнати билан яратаётган эзгу ниятли, олижаноб барча инсонларнинг ҳиссаси ва хизмати беқиёсдир, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. 

Бугун нафақат Термиз аҳли учун, айтиш мумкинки, бутун Ўзбекистонимиз учун катта байрам. Қадимий ва навқирон Термиз шаҳри ҳаётидаги бу қутлуғ кун, ҳеч шубҳасиз, унутилмас бир воқеа бўлиб тарихда қолади ва барчамизни янги-янги уфқларга даъват этади. 

Мамлакатимизнинг барча навқирон ёшлари қаторида сурхондарёлик ўғил-қизларимга – менинг болаларимга айтадиган даъватим шуки, сизлар бугун Амир Темур орденига сазовор бўлган шаҳарлар сафига қўшилган Термиздек ўтмиши буюк, келажаги шарафли шаҳарда, қандай ноёб, Худонинг назари тушган муқаддас заминда яшаётганингизни асло унутманг, ота-боболаримизнинг шаъну шавкатига доимо муносиб бўлинг. 

Сизларни яна бир бор бағримга босиб, азиз фарзандларимиз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмайди, биз бошлаган буюк ишларни давом эттиради, барча соҳаларда энг юксак марраларни албатта забт этади, деб катта ишонч ва ғурур билан айтмоқчиман. 

Азиз ватандошларим, қадрдонларим! 

Мана шу унутилмас лаҳзаларда сизларни, бутун Сурхон аҳлини давлатимизнинг юксак мукофоти билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик ва қут-барака тилайман. 

Юртимизнинг фахру ифтихори бўлмиш Термиз шаҳри дунё тургунча турсин! 

Термиздек буюк шаҳарларни бунёд этган халқимиз доимо омон бўлсин! 

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!  


DB query error.
Please try later.