27.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

БУХОРО ВИЛОЯТИ

Фарҳод ЖУМАЕВ (28-Ғиждувон сайлов округи)

1963 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг биология-тупроқшунослик факультетини битирган. Биология фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1986 йилда мактабда ўқитувчиликдан бошлаган ва ўзи таҳсил олган университетда илмий-тадқиқот ишлари олиб борган. 1989-1992 йилларда университетнинг Генетика кафедраси лаборанти, 1993-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси генетика ва ўсимликлар экспериментал биология институти илмий ходими, 1998-2001 йилларда Бухоро давлат университети аграр факультети доценти, илмий ишлар бўйича декан ўринбосари, 2001-2013 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази Бухоро бўлими раҳбари лавозимларида ишлаган. 2013 йилдан Бухоро вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи.

Унинг бир неча илмий мақолалари журналларда, тўпламларда чоп этилган. У пахтачиликни ривожлантиришга бағишланган бир неча халқаро анжуманларда иштирок этган. Қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва ердан унумли, оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги  ислоҳотларни чуқурлаштиришда илғор ютуқлардан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар бўйича илмий тадқиқотлар яратган. 

У аграр соҳани илмий асосда ривожлантириш, атроф-муҳитни тоза сақлаш, ўсимликлар дунёсини асраш, экология бузилишининг олдини олишда жамиятда ижтимоий бирдамликни кучайтириш жуда муҳим, деб ҳисоблайди.

Депутатликка номзод ўз сайлов­олди дастурида аҳолининг кам таъминланган қатламларини манзилли ҳамда аниқ мақсадли ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришни илгари сурмоқда. Бунинг учун қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган фуқароларга томорқа ерларидан самарали фойдаланиш учун янада кенг шароит яратиш, қишлоқ хўжалигидан тушган маблағлар ҳисобидан ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ механизмларини яратишни асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаган.

— Биз қандай масалани илгари сурмайлик, партиямиз электорати манфаати доимо диққат марказимизда бўлиши керак, — дейди у. — Депутат бўлиб сайлансам, кам таъминланган оилалар, ногиронлар муаммоларини ҳал этишга асос бўладиган қонунлар устида ишлашни бурчим, деб ҳисоблайман.

 

 Қаҳрамон ФАТИЛЛАЕВ (27-Жилвон сайлов округи)

1962 йилда Бухоро туманида туғилган. Ҳозирги Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган. Мутахассислиги — инженер-гидротехник.

Меҳнат фаолиятини 1984 йилда «Амубухороканалқурилиш» бошқармасида усталикдан бошлаган ва етакчи мутахассис, бўлим бошлиғи, бош муҳандис, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2009-2011 йилларда эса «Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси» бошлиғи вазифасида меҳнат қилган.

2011 йилдан «Ўзмахсуссувқурилиш ихтисослашган компания»си давлат корхонаси директори бўлган. 2009 йилда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати этиб сайланган.

У ЎзХДП ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, аграр соҳани ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббусларни илгари сурмоқда.

— Қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олишда ер-сув ресурсларидан унумли фойдаланишнинг аҳа­мия­ти беқиёс, — дейди у. — Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада барқарор ривожлантириш эса ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини ошириш, шунингдек, мелиорация ишларини ташкил қилиш ва молиялаштириш механизмини такомиллаштириш билан бевосита боғлиқ.

Биз аҳолининг сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг асосий омилларидан бири — қишлоқ хўжалигини ривожлантириш эканлигини яхши тушунамиз. Мамлакатимиз бу борада катта салоҳиятга эга. Фақат ундан оқилона фойдаланиш керак. Қишлоқ ҳудудларида бўш турган ерлардан самарали фойдаланиш, ҳар бир оила учун ўз томорқа ерларида кичик иссиқхоналар ташкил этиш, юқори технологияларга асосланган маҳсулотлар етиштириш учун янада қулай шароитлар яратиб бериш зарур, деб ҳисоблайман. Депутат бўлиб сайлансам, бу борада ўз таклифларимни билдирмоқчиман.

 

Дилафруз  ЮЛДАШЕВА (26-Пайкент сайлов округи)

1973 йилда Қоракўл туманида туғилган. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1996 йилда Бухоро вилоят болалар шифохонасида бошлаган. 1997-2008 йилларда Қоракўл туман Марказий шифохонаси болалар поликлиникасида врач-педиатр,  Марказий туғуруқхона комплексида неонотолог шифокор сифатида фаолият олиб борган. 2008 йилдан Қоракўл туман тиббиёт бирлашмаси 1-болалар бўлими мудири.

Дилафруз Юлдашева ўз сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кенгайтириш масалаларини илгари сурган.

— Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фуқаролар соғлиғини таъминлаш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди, — дейди у. — Бу ислоҳотларни янада ривожлантирган ҳолда жисмоний имконияти чекланган кишилар ва бошқа айрим тоифаларга имтиёзли асосда бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар рўйхатини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори воситалари ва тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан назоратни кучайтириш зарур, деб ўйлайман.

Шунингдек, ривожланиши суст бўлган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қи­лиш сифатини янада ошириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли қатнашишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.

Депутат бўлиб сайлансам, бу йўналишдаги ишларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашда фаол иштирок этаман.


Илҳом ҚИЛИЧЕВ (25-Варахшо сайлов округи)

1971 йилда Бухоро туманида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-механик.

Меҳнат фаолиятини Бухоро туманидаги ғишт ишлаб чиқариш заводида муҳандислигидан бошлаган. 1995-1998 йилларда Бухоро туман молия бўлимида иқтисодчи вазифасида ишлаган. 1998 йилдан Бухоро вилоят Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида тафтишчи, вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бирлашмаси раиси, вилоят Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш  бошқармасида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари, Хусусийлаштириш, монополия­дан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифаларида ишлаган. 2013 йилдан «Амубухороканалқурилиш» очиқ акция­дорлик жамиятининг 1-сон кўчма механизациялашган калоннаси бошлиғи.

— Партиямиз Сайловолди дастурида давлатнинг монополияга қарши тартибга солувчи ролини янада такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматлар нархларини шакллантириш устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш тизимини янада соддалаштириш масалаларини илгари сурмоқда, — дейди у. — Бу аҳолининг ижтимоий ҳи­моя­га эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгадир. Шундан келиб чиқиб, мен ўз сайловолди дастуримда айнан ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратдим. Монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, кўрсатиладиган хизматлар нарх­лари бизнинг электоратимиз учун ҳам мақбул бўлиши керак. Сайловчилар ишонч билдирса, бу борада қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ташаббусини илгари сурмоқчиман.


Фарҳод УМАРОВ (24-Ибн Сино сайлов округи)

1977 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти, Тошкент молия институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис, банк иши.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти ходимлар бўлимида бошлаган. 1999-2002 йилларда Бухоро шаҳар иқтисодиёт ва банк коллежида ўқитувчи, «Тошкент-Коттон» қўшма корхонасига қарашли 3-сон «Чақмоқ» фабрикасида иш юритувчи, бош ҳисобчи бўлиб, фаолият кўрсатган. 2002-2012 йилларда Бухоро шаҳар молия бўлими, вилоят молия бошқармасида турли вазифаларда ишлаган, вилоят ғазначилик бошқармаси бошлиғи бўлган. 2012 йилдан Бухоро вилоят молия бошқармаси бошлиғи.

У депутатликка номзод сифатида якка тартибдаги меҳнат фаолиятини микрокредитлаш тизимини янада ривожлантириш,  кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи нав­батда, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам маблағлари манзиллилигини таъминлаш каби масалаларни илгари сурмоқда.

— Ижтимоий ҳимояга эҳтиёж­­манд кишилар фаровонлигини таъминлашнинг яна бир йўли уларнинг ўз ишини, оилавий бизнесини йўлга қўйишида ёрдам беришдан иборат, — дейди у. — Бу борада мамлакатимизда катта имкониятлар яратилмоқда. Йилдан-йилга аҳолига ўз ишини бошлаши, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун микро­молия­вий сармоялар билан таъминлаш ишлари кенгайиб бормоқда. Агар депутатликка муносиб кўрилсам, бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар яратилиши ғоясини илгари сураман. Юртимизда ижтимоий соҳани молиялаштиришга сарфланаётган давлат бюджети маблағларининг самарали ва манзилли ишлатилишига эришиш, солиқ базасини кенгайтириш борасида таклифлар ишлаб чиқишни ният қилганман.


Матлаб ТИЛАВОВА (23-Шоҳруд сайлов округидан)

1968 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Ҳозирги Бухоро давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — умумтехника фанлари ва меҳнат таълими ўқитувчиси. Педагогика фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини Бухоро шаҳридаги 1-мактаб интернатда ўқитувчиликдан бошлаган. 1993-2008 йилларда Бухоро давлат университети педагогика факультети ўқитувчиси, катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 2009 йилда «Ўқувчиларда гендер тенглик ва фарқлар асосида умуммеҳнат кўникмаларини шакллантиришнинг педагогик асослари» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Шу йилдан бошлаб Бухоро давлат университетида бошланғич таълим асослари кафедраси мудири вазифасида фаолият юритган. 2012 йилдан Бухоро педагогика  коллежи директори.

Илмий изланишлари давомида 40 дан ортиқ мақола ва рисолалари, 4 та ўқув-услубий қўлланмаси, 1 та монографияси чоп этилган. «Бошланғич синф меҳнат дарсларини ташкил этиш технологиялари» қўлланмаси ҳамда «Гендер тенглик ва фарқлар асосида ўқувчи фаолиятини ривожлантириш имкониятлари» монографиясидан умумтаълим мактаби ва касб-ҳунар коллежларининг меҳнат таълими ўқитувчилари, тадқиқотчилар фойдаланиб келмоқда. Умумтаълим мактаблари бош­ланғич синфларида меҳнат дарслари самарадорлигини оширишга доир бир қатор қўлланмалари ўқитувчиларга фойдаланиш учун тавсия қилинган.

— Ёшлар мамлакатимиз келажаги, — дейди у. — Улар таълим олиши, касбий малакасини ошириб, етук мутахассис бўлиб мустақил ҳаётга кириб келиши учун қўллаб-қувватлашимиз керак. Бунинг учун эса ёшларнинг таълим-тарбияси билан боғлиқ турли йўналишларда тадқиқотлар олиб боришни рағбатлантириш ҳамда уларнинг хулосалари ва натижаларини мамлакатимиз таълим тизимига изчил жорий этиб бориш зарур, деб ўйлайман. Бугунги ўқитувчи чет тилларни билиши жаҳон таълим жараёнларидан хабардор бўлиши, интернет, компьютер техникасини мукаммал ўзлаштириши давр талабидир. Бу жараёнда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари алоҳида ўрин тутади. Сайловолди дастуримда шу масалаларга эътибор қаратдим.


Ҳафиза АРТИКОВА (22-Когон сайлов округи)

1976 йилда Бухоро туманида туғилган. Бухоро давлат университети аграр факультетини тугатган. 2005 йилда тупроқшунослик мутахассислиги бўйича илмий иш ёқлаган.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда ўзи таҳсил олган университетда ўқитувчиликдан бошлаб, катта ўқитувчи, кимё-биология факультети декани ўринбосари бўлиб ишлаган. 2011 йилдан кимё-биология факультети декани вазифасида фаолият юритмоқда.

40 дан ортиқ илмий мақола, монография, услубий қўлланмалар муаллифи. Вилоят, республика ва халқаро даражадаги ёш олимлар анжуманларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Унинг илмий раҳбарлиги остида Ўзбекистон давлат ер лойиҳалаш институти Бухоро филиали билан ҳамкорликда тупроқ шўрланиш харитаси тузилиб, чоп этишга тавсия қилинган.

Ҳафиза Артикова хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳоли орасида партия ғояларини тарғиб қилиш ва таълим тизимини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларда фаол қатнашмоқда.

— Йирик корхоналарда касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали аҳоли, жумладан, аёллар ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни, айниқса, ногирон аёлларни касаначиликка жалб қилиш ишларини кенгайтириш зарур, — дейди у. — Шунингдек, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун имтиёзли микрокредитлар олиш механизмларини янада соддалаштириш масаласи дастуримда алоҳида ўрин олган. Албатта, бунда жисмоний имконияти чекланган фуқаролар манфаатини алоҳида ҳисобга олиш лозим. Агар биз жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, қўлидан иш келадиган хотин-қизларни аниқлаб, уларни қўл­лаб-қувватласак, амалий кўмак берсак, партиямиз дас­турий мақсадлари ижросига хизмат қилиши билан бир қаторда, электоратимиз турмуш фаровонлиги ортишига ҳисса қўшган бўламиз.


Санжар ФОЗИЛОВ (21-Бухоро сайлов округи)

1979 йилда Когон туманида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Мутахассислиги — иқтисодчи.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда ўзи таҳсил олган университетда ўқитувчиликдан бошлаган. 2002-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида иқтисодчи, вазирлик ҳузуридаги Солиқ-бюджет сиёсати марказида етакчи илмий ходим вазифаларида ишлаган. 2003-2004 йилларда Халқаро валюта фондининг стипендияси орқали Япония тадқиқотлар миллий инс­титутида таҳсил олган. 2004-2010 йилларда Молия вазирлигида етакчи иқтисодчи, «Ўзсаноатқурилишбанк»да етакчи мутахассис, бўлим бошлиғи, Ўзбекистон — Корея ривожланиш банкида молиявий назорат бўлими бош мутахассиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Бухоро вилоят Бош бошқармасида етакчи иқтисодчи, бош иқтисодчи, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. 2010 йилдан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг Бухоро вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

У Ўзбекистон расмий делегацияси таркибида АҚШ, Германия, Япония, Австрия, Швецария ва Корея давлатларида ўтказилган халқаро конференциялар, илмий анжуман ва ўқув семинарларда қатнашган. Меҳнат фаолияти давомида молия-банк, пул-кредит соҳаларида яхши тажриба тўплаган.

Юртимиздаги ижтимоий соҳани молиялаштиришга давлат бюджетининг салмоқли қисми сарфланаётгани мамлакатимизда амалга оширилаётган бюджет ва молия сиёсатининг муҳим ютуғи, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз сайловолди дастурида ишлаб чиқаришни ташкил этиш, модернизациялаш ва технологик жиҳатдан янгилашда тижорат банк­ларининг инвестициявий фаоллигини янада ошириш, иқтисодиётнинг реал сектор корхоналаридаги таркибий ўзгартиришларни банкларнинг кўмаги асосида изчил давом эттириш, ҳудудларда барқарор иш ўринлари ташкил этиш каби вазифаларни амалга оширишни устувор мақсад деб белгилаган.

 



DB query error.
Please try later.