27.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ

Гулчеҳра ИСЛАМОВА (67-Оқолтин сайлов округи)

1971 йилда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. Гулистон давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Самар­қанд вилояти Пайариқ туманида бошлаган. 1996-2005 йилларда Оқолтин туманидаги 8-, 22- умумтаълим мактабларида ўқитувчи, 10-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2009 йилдан ҳозирги кунга қадар мазкур мактаб директори лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

У меҳнат фаолияти давомида ҳар томонлама баркамол ёшларни тарбиялаш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Гулчеҳра Исламова ўз сайлов­олди дастурида имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун таълим кредитлари бериш тартибларини янада соддалаштириш, шунингдек, корхона ва ташкилотларда эҳтиёж сезилаётган мутахассисликлар бўйича олий ўқув юртларига мақсадли қабул қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби партиямиз сайловолди дастурида белгиланган масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

— Депутат бўлиб сайлансам, жисмоний имконияти чекланган талабаларнинг олий ўқув юртларида имтиёзли таълим олишининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқчиман, — дейди у. — Бундан ташқари, хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд­лигини таъминлаш учун ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, ҳудудда етиштирилаётган маҳсулотларни ўша ернинг ўзида қайта ишлаш ҳисобига кичик саноатни ривожлантириш бўйича таклифларимни илгари сураяпман. Бу эса аҳолининг иш билан таъминланиши, турмуш фаровонлиги ортиши, энг муҳими, мамлакат тараққиётига хизмат қилади.


Шоҳида ҚАРШИЕВА (66-Янгиер сайлов округи)

1965 йилда Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида туғилган. Маълумоти – олий. 1992 йилда ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Янгиер шаҳар марказий шифохонаси реабилитация бўлимида терапевт вазифасидан бошлаган. 1996 йили 1-сон поликлиникада терапевт, 2000 йилдан терапевт, эндокринолог бўлиб ишлаган. 2005 йилдан Янгиер шаҳар кўп тармоқли Марказий полик­линика мудири, шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори, 2013 йилдан вилоят Эндокринология диспансери бош шифокори вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Шоҳида Қаршиева қаерда, қайси вазифада бўлмасин, соғ­лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, она ва бола саломатлиги муҳофазаси, соғлом ва баркамол авлод тарбияси ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишларда фаол иштирок этиб келмоқда.  Шу билан бирга, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, маҳаллалар, корхона-ташкилотлар, таълим муассасаларида санитария гигиена талабларига амал қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тар­ғиб этиш бўйича кўплаб ташаббусларни илгари сурмоқда.

Шоҳида Қаршиева ўз сайлов­олди дастурида асосий эътиборни Янгиер шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, эҳтиёж­манд қатламлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-маиший муаммолар ечимига қаратган.

— Депутат бўлсам, ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жаҳон талаблари даражасида ривожлантириш бўйича аниқ таклифларимни қонунчиликда акс этишига ҳаракат қиламан, — дейди у. — Шу орқали янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишни мақсад қилганман. Шу билан бирга, меҳнатга кам ҳақ тўланадиган жойларда иш берувчи ва ходимлар ўртасида очиқ меҳнат муносабатларини ўрнатиш, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ва бошқа кафолатларга амал қилинишини рағбатлантириш масаласи сайловолди дастуримнинг асосий йўналиши ҳисобланади.


Зулхумор ХОЛИҚОВА (65-Сайхун сайлов округи)

1959 йилда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида туғилган. Ҳозирги Гулистон давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Жиззах вилояти Зомин туманида ўқитувчиликдан бошлаган. 1981-1994 йилларда Сирдарё туманидаги 13-мактабда тарих фани ўқитувчиси, 1994-2007 йилларда эса маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, 2007 йилдан ҳозирги кунгача мазкур мактаб директори лавозимида  ишлаб келмоқда.

У нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда вояга етмаган ногирон болаларни жамиятда ўз ўрнини топиши борасида кенг кўламли ишлар олиб бормоқда. Шу билан бирга, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишиларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ўзининг муқобил таклифларига эга.

Зулхумор Холиқова камтарлиги, хушмуомалалиги, меҳнатсеварлиги билан ҳамкасб­лари орасида ҳурмат-эътибор қозонган.

Унинг сайловолди дастурида ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрлар тайёрлаш амалиётини янада ривожлантириш, хусусан, ўқувчиларнинг юқори касбий малакасини кафолатловчи ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш борасида корхона ва ташкилотлар масъулиятини ошириш устувор вазифа этиб белгиланган.

— Депутат бўлиб сайлансам, ҳозирда муҳим масала ҳисобланган бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахсларнинг меҳнат фаолияти қонуний асосларини такомиллаштиришга ҳаракат қиламан, — дейди у. — Шунингдек,  пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни режалаштирганман. Ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этиш, жумладан, бу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан шу каби корхоналар тармоғини ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича таклиф бермоқчиман.

Зулхумор Холиқова Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига асосан 2006 йилда «Дўстлик», 2014 йилда «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.


Мавлюда МАМАТКАРИМОВА ( 64-Гулистон сайлов округи)

1966 йилда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. Педагогика институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Гулистон туманидаги 5-ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1994-1996 йилларда Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими педагогика кабинети мудири, 1996-1997 йилларда туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитасида бош мутахассис сифатида фаолият кўрсатган. 1997-2013 йилларда эса Деҳқон­обод шаҳарча фуқаролар йиғини масъул котиби, 2013 йилдан ҳозирги кунга қадар мазкур фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаб келмоқда.

Унинг ташаббуси билан Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Мавлюда Маматкаримова сайловолди дастурида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, келажакда улар учун бюджетдан ташқари моддий ёрдам фондларини шакллантириш ва маҳаллани, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш марказига айлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, унинг дастурида қонунчиликда аҳолининг банд бўлмаган қатлами вакиллари ўз ишини очиш ва бизнес юритиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида маслаҳат марказлари ташкил этиш бўйича белгиланган меъёрларни амалга оширишга кўмаклашиш, ижтимоий хизматлар, ташкил этилаётган маслаҳат марказлари мақбуллигини таъминлаш устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.

Мавлюда Маматкаримова 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.

 

 



DB query error.
Please try later.