27.11.2014

ИСТЕЪДОДЛАР ОЗ ЭМАС УЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ, ШАРОИТ ЯРАТИШ БЎЙИЧА КЎП ИШЛАР ҚИЛИНМОҚДА...

Яқинда пойтахтимизда велотрек бўйича нав­батдаги Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган велоспортнинг — омниум йўналиши бўйича ўтган ушбу мусобақада Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан келган юз нафарга яқин спортчи ўртасида ғолиблик учун кескин кураш борди.

Эркаклар ўртасида Темур Гумеров олтин медаль билан тақдирланди. Владимир Тўйчиев, Руслан Фёдоровлар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Аёллар баҳсида Ольга Дробишева Ўзбекистон чемпиони бўлди. Алла Безуглова, Ольга Жамтугановалар эса совриндорлар сафидан жой олишди.

Мусобақада ўттиз нафарга яқин ўсмир ва қиз иштирок этди. Айниқса, унда кўп карра Ўзбекистон чемпиони ва қатор халқаро турнирлар ғолиби, хал­қаро тоифадаги спорт устаси Олег Волоцковнинг қатнашгани ёшлар учун унутилмас воқеа бўлди. Кейинги йилларда бир қатор хорижий спорт клубларида фаолият кўрсатиб келаётган бу мутахассис 52-рақам остида ўз маҳоратини намо­йиш этди. Волоцков кучлилар сафидан ўрин олмаган бўлса-да, ёш спортчилар билан танишиб, ўз тажрибаларини ўртоқлашганидан мамнун.

— Ўзбекистон — дунёда спорти жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири саналади, — дейди Олег Вольтович. — Буни ўзбек спортчилари қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида эришаётган юксак натижалар ҳам исботлаб турибди. Мен Тошкентнинг «Қоратош» маҳалласида туғилиб, вояга етганимдан фахрланаман. Профессионал спортдаги фаолиятимни якунлаган бўлсам-да, тақдиримни барибир шу соҳа билан боғлаганман. Хал­қаро майдонларда ўзбек велоспортчилари иштирокини доимо кузатиб боришга ҳаракат қиламан.

Шу йилнинг 21-28 сентябрь кунлари Испаниянинг Понферра шаҳрида велопойга бўйича ўтказилган нав­батдаги жаҳон чемпионатида мутахассис сифатида бевосита иштирок этдим. Ана шу мусобақа доирасида Ўзбекис­тон велопойгачилари билан учрашдик, фикрлашдик. Айнан уларнинг таклифи билан Тошкентга келдим.

— Мутахассис сифатида юртимизда ушбу спорт турини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикрингиз қандай?

— Ўзбекистонда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб улғайишини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айлангани, бу жараёнда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Агар ўзим велоспорт билан шуғулланган давр билан бугунни таққослайдиган бўл­сам, ҳозирги ёшларга ҳавас қиламан. Эндиликда нафақат Тошкентда, балки республиканинг турли вилоятларида бу спорт тури жадал оммалашиб бораётганлиги кишини қувонтиради. Бугун болалар спортига берилаётган эътибор, шаҳар ва туманларда замонавий спорт иншоотлари, спорт майдонлари барпо этилаётгани келажакда ўз самарасини бериши табиий, албатта.

— Велотрек бўйича ўтказилган мусобақада ўзингиз ҳам ёшлар билан тенгма-тенг баҳслашдингиз. Спорт­чиларимизнинг имкониятлари ҳақида нима дейсиз?

— Охирги пайтларда жаҳонда велоспорт жадал ривожланмоқда. Кўплаб мамлакатлар ушбу спорт тури бўйича миллий турнирларни қитъа ва хал­қаро мусобақалар тақвимига мувофиқ ҳолда ўтказаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Мамлакатингизда спортнинг ушбу ва бошқа турлари изчил ривожлантирилаётгани, спортчилар халқаро даражада тайёрланаётганидан хабардорман. Жамолиддин Абдужабборов, Зулфия Забирова, Фатима Галиулина, Сергей Лагутин, Владимир Тўйчиев, Муроджон Холмуродов каби моҳир спортчилар номини бугун нафақат Ўзбекистонда, балки чет элларда ҳам яхши билишади, танишади.

Бу ерда юксак савиядаги тажрибали мутахассис ва мураббийлар талайгина. Кўплаб истеъдодли ёшларни тарбиялаган Мануэль Тўйчиев, Людьмила Маркелова, Андрей Лисяк, Сергей Лагутин каби устоз-мураббийларнинг беқиёс хизматлари туфайли анъаналар давом этмоқда. Спортчилик фаолиятимда улардан жуда кўп нарсаларни ўрганганман. Чемпионат давомида айнан ана шу таниқли мураббийларнинг шогирдлари билан куч синашдик. Менинг иштирокимни эса рақибларим маҳорат дарси сифатида қабул қилишди. Мусобақа давомида уларни қизиқтирган саволларга жавоб беришга, айрим билмаганларини ўргатишга ҳаракат қилдим. Наманганлик Дилмуроджон Сиддиқов, тошкентлик Валерий Липин сингари ёш велопойгачиларнинг интилиши ва шижоатини кўриб, ўзбек велоспортининг порлоқ истиқболига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

— Велоспортчиларимизнинг жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида юксак марраларни забт этишлари учун яна қандай ишларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайсиз?

— Бу ўлкада истеъдодли ёшларнинг кўплиги — Ўзбекистоннинг ютуғи! Юқорида таъкидлаганимдек, жаҳонда велоспорт жуда тез ривожланиб боряпти. Бу спорт тури бош­қалардан ўзининг техник томонлари билан ажралиб туради. Тошкентда велотрек учун махсус барпо этилган велодромда ўтган мусобақаларда қатнашдим. Бу иншоот барпо этилганига анча бўлган.  Агар Ўзбекистон спортчиларининг янада катта ютуқларни қўлга киритишини истасак, бу каби иншоотлар халқаро андозалар асосида қайта таъмирланса, айни муддао бўларди. Мени бир нарса ўйлантиради. Машҳур халқаро велотур баҳсларида ҳам ўзбекистонлик велопойгачилар кўзга ташланмаяти.

Ҳозирда Испания, Франция, Италия йўллари бўйлаб ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган жаҳон миқёсидаги велотурлар иштирокчиларидан ўзбек велопойгачиларининг ҳеч қандай кам жойи йўқ. Гарчи, бу мусобақаларда бош совринни қўлга киритиш осон бўлмаса-да, уларда ЎЗБЕКИСТОН номидан майдонга чиқишнинг ўзи катта шараф, деб биламан.

Шунингдек, велопойга баҳслари ўзининг оммабоплиги ва томошабоплиги билан ҳам ажралиб туради. Мисол учун, дунёнинг машҳур телеканаллари «Тур де Франс» каби велопойга мусобақаларини намойиш этишга катта аҳамият қаратадилар. Бу эса велоспортни ривожлантириш орқали мамлакатни жаҳонга янада кенгроқ танитишда жуда қўл келади. Бундан ташқари, велоспорт инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, чиниқтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ҳа, юртимизда истеъдодли ёшлар талайгина. Бугун мамлакатимизда уларни қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун Президентимиз ва давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Юқорида мутахассис таъкидлаганидек, қаердаки, мустаҳкам моддий-техника базаси яратилса, қўлга киритилаётган ютуқлар янада залворли бўлади. Жумладан, айни пайтда велопойгачиларимиз бир қатор йирик мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишяпти. Эндиликда уларнинг Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида ўзларини кўрсатиш фурсати келди. Бунинг учун эса, аввало, Ўзбекистон велоспорт федерацияси мутахассислар малакасини ошириш, халқаро тажрибага эга етук кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади. Ўз нав­батида замонавий технологиялар билан таъминланган махсус велоспорт клублари ташкил этишга эътибор қаратиш лозим. Чунки буни давр тақозо этмоқда. Зеро, улкан ғалабалар ўз-ўзидан қўлга киритилмайди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 



DB query error.
Please try later.