25.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ

Тоҳир САИДБОБОЕВ (76-Узун сайлов округи)

1971 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. 1994 йилда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика, 2003 йилда ҳуқуқшунослик факультетларини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида бошлаган. 1997-2000 йилларда Ўзбекистон миллий телерадио­компания­си «Ахборот» Бош муҳарририятида сиёсий шарҳловчи ва бошқа вазифаларда фаолият кўрсатган.

Тоҳир Саидбобоев Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси «Қонун ҳимоясида» бирлашган таҳририяти телегуруҳи раҳбари лавозимида ҳам самарали меҳнат қилган. 2007-2012 йилларда Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси етакчи маслаҳатчиси вазифасида, 2012 йилдан эътиборан Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари лавозимида ишламоқда.

У фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида қатор ташаббусларни илгари сурди. Мазкур соҳада ташкил этилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўзининг мустақил қарашларини баён этди.

Тоҳир Саидбобоев ижтимоий ҳамкорлар — «Нуроний» жам­ғармаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ногиронлар жамиятлари ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликни янада кучайтиришнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш тарафдори.

Шунингдек, у ўз сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасида фуқаролар, айниқса, кам даромадли кишиларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш учун судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, хусусан, улар томонидан даъво аризалари киритилганда олинадиган давлат божи миқдори мақбуллаштирилишига эришиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бундан ташқари, у суд ҳокимияти самарадорлигининг асосий мезони - суд қарорлари ижросини таъминлаш, деб ҳисоблайди. Шунинг учун суд қарорлари бажарилиши устидан тегишли назоратни кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари суришни мақсад қилган.

Алишер СОДИҚОВ (75-Сариосиё сайлов округи)

1963 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. 1988 йилда ҳозирги Тошкент давлат техника университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1979 йилда Сариосиё туманида бошлаган. 1988-2006 йилларда Дашнобод ширкат хўжалиги муҳандиси, 2006-2009 йилларда «Али Мир Содиқ Музаффар-Агро» фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаган. 2009 йилда 76-Узун сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси сифатида қатор қонунларни яратишда иштирок этган.

У депутат сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни доимо қўллаб-қувватлаб, уларни тарғиб қилиш ва амалга оширишда фаол қатнашиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида у сайловчилар билан 120 дан зиёд учрашув ўтказиб, уларнинг 140  га яқин ёзма мурожаатларини ўрганиб чиқиб, тегишли тартибда ҳал қилишга эришган.

Алишер Содиқов ўзининг ташкилотчилик қобилияти, фаол сиёсий ва фуқаролик позициясига эгалиги, атрофдагиларга нисбатан доимо эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиши билан жамоатчилик ўртасида обрў-эътиборга эга.

Унинг сайловолди дастуридан иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларини танлашда давлатнинг тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлаш, саноатнинг ёқилғи-энергетика, тоғ-кон саноати каби асосий стратегик тармоқларида давлатнинг етакчилик ролини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, давлатнинг монополияга қарши тартибга солувчилик ролини янада такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.

— Депутат бўлиб қайта сайлансам, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан, тураржой ва жамоат бинолари, транспорт коммунакацияларидан эркин фойдаланишлари учун шароитларни яхшилашга эътибор қаратаман, — дейди у. — Шунингдек, аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалартиришга давлат идоралари эътиборини жалб этишга ҳаракат қиламан.

Қахрамон МИРЗАЕВ (74-Денов сайлов округи)

1982 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. 2006 йилда ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2006 йилда Сурхондарё вилоят адлия бошқармасида инспекторликдан бошлаган. 2007-2008 йилларда вилоят Адлия бошқармасининг Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими катта маслаҳатчиси, бош маслаҳатчиси вазифаларида ишлаган. 2008 йилда Адлия бошқармасининг Хорижий инвестиция ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. 2011 йилда Адлия бошқармасининг Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бўлими бошлиғи этиб тайинланган. 2013 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Халқ демократик партия­си Марказий Кенгаши Юридик бўлими катта референти лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Қахрамон Мирзаев Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган давлат нотариал идоралари, адвокатлик тузилмалари ва ФҲДЁ бўлимлари томонидан фуқароларга самарали ҳуқуқий хизмат кўрсатишга ўз ҳиссасини қўшиш билан бирга, қабул қилинаётган қонун нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ўз таклифларига эга.

Қахрамон Мирзаев Сайловолди дастурида аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд қатлами ижтимоий манфаатларига оид қонунларни тайёрлаш ҳамда қабул қилишда очиқликни таъминлашга алоҳида аҳамият қаратган.

Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳавола нормаларсиз қабул қилинишига эришиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоя­га эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бош­қа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мажбурийлигини белгилаш учун ҳаракат қилади.  Шу билан бирга, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчилик қизиқишига сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурий эканини белгилаб берувчи процессуал механизмлар яратишни  қўллаб-қувватлайди.

Фирдавс ШАРИПОВ (73-Шўрчи сайлов округи)

1983 йилда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида туғилган. Маълумоти олий. 2007 йил Термиз давлат университетини «Миллий истиқлол ғояси: ҳуқуқ ва маънавият асослари» йўналиши бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Денов туманида бошлаган. 2007 йилдан бошлаб Термиз ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежида ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси, 2012-2014 йилларда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари ривожланишини мониторинг қилиш» гуруҳи катта мутахассиси, 2014 йил март ойидан институтнинг «Аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик ўзлигини англаши шаклланишини мониторинг қилиш» гуруҳи етакчи мутахассиси, ҳозирда музкур гуруҳ раҳбари — бош мутахассис ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш курсида ўқитувчи вазифасида ишлаб келмоқда.

Унинг 70 дан ортиқ илмий-публицистик мақолалари, 10 га яқин таржималари республика даврий нашрларида эълон қилинган. 2012 ва 2013 йилларда ёшлар ўртасида ўтказилган «Парламентаризм билимдони» ON-LINE танловида фаол иштироки учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси дипломи билан тақдирланган.

Фирдавс Шарипов ўз сайловолди дастурида бандлик ва иш ўринлари яратиш ҳудудий дастурлари ва муайян тармоқлар талабига мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда жойларда товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли инвестиция дастурлари ишлаб чиқиш масаласига эътибор қаратган.

— Депутат бўлиб сайлансам, ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган кишилар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратаман, — дейди у. — Хусусан, олий ўқув юрти ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари кўп бўлган минтақаларда саноат корхоналарини ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил қилишни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган минтақавий фондларни ташкил этишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига эришишни режалаштирганман.

Эшдавлат АЗИМОВ (72-Қумқўрғон сайлов округи)

1972 йилда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида туғилган. Тошкент автомобиль-йўллар институтини тамомлаган. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Меҳнат фаолиятини 1994 йилда Қумқўрғон туманидаги «Гулистон» маҳалласида котибликдан бошлаган.

1995-2007 йилларда Жарқўрғон туманидаги Какайди транспорт ва алоқа касб-ҳунар  коллежида даст­лаб ишлаб чиқариш устаси, махсус фан ўқитувчиси, кейинчалик бош уста ва касбий таълим ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2007 йилдан ҳозирги кунга қадар Қумқўрғон  иқтисодиёт ва транспорт касб-ҳунар коллежида директор лавозимида ишлаб келмоқда. 2005-2006 йилларда Германияда касбий педагогика бўйича малака ошириб келган.

Эшдавлат Азимов ўз соҳасининг чуқур билимдони, изланувчан, дунёқараши кенг раҳбар. Сиёсий ва маънавий етук, халқ фаровонлиги  жамият тараққиёти йўлида ўз билими ва тажрибасини аямайдиган фидойи инсон сифатида жамоасида ҳурмат қозонган. Коллежда янги педагогик технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда намунавий дарслар ташкил этишга эътибор қаратиб келмоқда.

Эшдавлат Азимов ўз сайловолди дастурида корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрлар тайёрлаш амалиётини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзлари мустақил равишда иш ўрнига эга бўлишларини таъминлаш, якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда имтиёзлар бериш масаласига эътибор қаратган.

У бу жараёнда энг муҳим масала корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларини такомиллаштириш, деб ҳисоблайди.

Турсунпўлат НАРБОЕВ (71-Жарқўрғон сайлов округи)

1961 йилда Жарқўрғон туманида туғилган. Ҳозирги Тошкент ирригация ва мелиор­ация институтини иқтисодчи-муҳандис ихтисослиги бўйича тамомлаган. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Меҳнат фаолиятини 1985 йилда Жарқўрғон туманидаги «Сурхон» давлат тажриба хўжалигида иқтисодчиликдан бошлаган. 1990 йилдан мазкур хўжалик касаба уюшма қўмитаси раиси ўринбосари, 1997 йилдан касаба уюшма қўмитаси раиси, 1998 йилдан тумандаги «Сурхон» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси лавозимида меҳнат қилган. 2014 йилдан буён «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят бўлими бошқаруви раиси вазифасида ишлаб келмоқда.

Турсунпўлат Нарбоев «Маҳалла» хайрия жамоат фонди иш фаолиятини ривожлантириш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ишини янада такомиллаштириш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, урф-одатлар, анъаналар ва тарихий меросимизни сақлаш ва бойи­тиш масалаларида ташаббускорлик кўр­сатиб келмоқда.

Турсунпўлат Нарбоевнинг сайловолди дастуридан фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш билан боғлиқ ҳуқуқларини кенгайтириш, маҳаллаларда бюджетдан ташқари моддий ёрдам фондлари ташкил этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.

— Депутат этиб сайлансам, маҳаллаларда аҳолининг банд бўлмаган ва кам таъминланган қатламини оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кўмак берадиган марказлар ташкил қилинишининг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳаракат қиламан, — дейди у. — Бундан ташқари, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарур, деб ўйлайман.

Икромжон АШУРОВ (70-Термиз сайлов округи)

1969 йилда Термиз туманида туғилган. Термиз давлат университетини умумтехника фанлари ва меҳнат ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Термиз туманида бошлаган. 1998 йилдан буён Термиз озиқ-овқат саноати коллежида махсус фан ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқда.

Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Президентимиз Фармонига мувофиқ, 2009 йилда «Шуҳрат» медали, 2014 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Икромжон Ашуров касб-ҳунар таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини яхши тушунади. Уни ҳаётга татбиқ этиш борасида ташаббускор. Тажрибали муаллим доимий равишда янги педагогик ва ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда, таълим сифатини ошириш устида иш олиб бормоқда. Унинг раҳбарлигида 6 та ўқув-услубий ишланма, 10 дан ортиқ кўргазмали қурол ва 70 га яқин тест банклари тайёрланган.

Бундан ташқари, у коллеж қошида «Автомобиль тузилиши» тўгарагини ташкил қилиб, ҳозирги кунда дарсдан ташқари вақтларда ўқувчларга касб-ҳунар сирларини ўргатмоқда.

Икромжон Ашуров ўз сайловолди дастури орқали ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назорати институтини кучайтириш, жумладан, парламент томонидан янги тайинланган ҳукумат фаолияти дастурини маъқуллашнинг процессуал механизм­ларини такомиллаштириш ва Вазирлар Маҳкамасининг ушбу дастур бажарилиши тўғрисидаги йиллик ҳисоботини Олий Мажлис томонидан эшитиш амалиётини кенг жорий қилишни илгари сурмоқда.

— Депутат сифатида жамиятга ахборот-коммуникация тех­но­логия­ларини жорий этиш орқали ёрдамга муҳтож қатламларнинг интерфаол давлат хизматлари ягона портали ва бошқа тегишли тармоқ ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга эришишни мақсад қилганман, — дейди у. — Шунингдек, аҳолига қонунлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар манфаатига оид меъ­ёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матни билан танишиш имконини берадиган тармоғ ташкил қилинишига ҳаракат қиламан.

Фахриддин АБДИРАСУЛОВ (69-Ангор сайлов округи)

1968 йилда Шўрчи туманида туғилган. Тошкент давлат Техника университетини муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1985 йилда Қумқўрғон туманида бошлаган. 1993 йилдан Қумқўрғон тумани коммунал фойдаланиш бошқармаси бош муҳандиси, 2000 йилдан хусусийлаштириш бўлими бош мутахассиси, 2002 йилдан ижтимоий мослашув маркази бошлиғи, 2003 йилдан эса Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қумқўр­ғон туман бўлимида бош мутахассис бўлиб ишлаган. 2011 йилдан эътиборан Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси Сурхондарё вилоят филиали директори вазифасини бажарувчи, 2012 йилдан ҳозирги вақтга қадар директори вазифасида фаолият олиб бормоқда.

Фахриддин Абдирасулов болалар ўртасида спортни тарғиб этиш, унга меҳр уйғотиш, соғ­лом турмуш тарзини шакллантириш борасида муҳим ишларни амалга оширмоқда. Айниқса, марказдан олис ҳудудларда болалар спортини ривожлантириш, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ишларини тизимли ташкил этиб келмоқда.

Фахриддин Абдирасулов иш жараёнида талабчан, билимли, соҳадаги ислоҳотларни чуқур тушунган ҳолда, амалиётга татбиқ этмоқда. У тўғрисўз, изланувчан, ўз ҳамкасбларига нисбатан доимо меҳрибон ва ғамхўр, маънавий етук раҳбар.

Ўзининг сайловолди дастурида у қишлоқ ҳудудларида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт билан шуғулланиши учун мўлжалланган инфратузилмани янада ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, айниқса, қиз болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун ташкилий-ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни кучайтиришни мақсад қилган.

Шунингдек, у спорт мажмуалари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, замонавий спорт анжомлари билан таъминлаш орқали иқтидорли спортчиларни тарбиялаш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича кўплаб таклифларни илгари сурмоқда.

Насиба ДАДАЕВА (68-Шеробод сайлов округи)

1969 йилда Шеробод туманида туғилган. Термиз давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — биология фани ўқитувчиси.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

Меҳнат фаолиятини Шеробод туманида бошлаган. 1995-2006 йилларда Шеробод туманидаги Миллий ҳунармандлик лицейи­да маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, 2006 йилдан Шеробод қурилиш ва халқ ҳунармандчилиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, 2008-2012 йилларда эса мазкур коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. 2012 йилдан Шеробод туманидаги 28 мактаб директори.

«Таълим тўғрисида»ги қонун, «Кадрлар тайёрлаш миллий дас­тури» ижросини таъминлаш ишларида фаол қатнашмоқда. Хусусан, замонавий педагогик технологияларни таълим жараёнига татбиқ этиш бўйича ташаббус кўрсатмоқда.

Насиба Дадаеванинг сайлов­олди дастурида барқарор даромадга эга бўлмаган оилалардаги қобилиятли ва истеъдодли болаларни эрта аниқлаш ва давлат грантлари ажратиш ор­қали уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш, шунингдек, ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ходимларига имтиёзлар жорий этиш билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олган.

— Депутат бўлиб сайлансам, қишлоқда ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда спорт билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишларни тизимли давом эттириш бўйича таклифларимни илгари суришни мақсад қилганман, — дейди у. — Шунингдек, йирик корхоналарда касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахс­­ларни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича таклифлар киритмоқчиман.

 

 



DB query error.
Please try later.