25.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ

Хайрулла РУЗМЕТОВ (111-Шовот сайлов округи)

1964 йилда Хива шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос, юридик фанлари доктори.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Ўзгидроводхоз лойиҳа институтида бошлаган ва ёшлар ташкилотида турли вазифаларда ишлаган. 1991-1992 йилларда «Ўртоқ» фабрикаси юристи, 1992-2003 йилларда Тошкент давлат юридик институти аспиранти, ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, доценти, 2003-2006 йилларда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси) докторанти бўлган. Бир вақтнинг ўзида 2004-2010 йилларда Фуқаролик жамиятини ўрганиш инс­титути (ҳозирги Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти) лойиҳа раҳбари лавозимида меҳнат қилган. 2010 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг кафедра мудири.

Илмий-педагогик фаолияти давомида 100 дан ортиқ илмий, илмий-оммабоп ва ўқув-услубий ишлар муаллифи.

У Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда норматив-ҳуқуқий актларни ишлаб чиқиш комиссияси аъзоси ва эксперт гуруҳи раҳбари сифатида фаол иштирок этмоқда. 2013 йил 22 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда масъул бўлди. Бир гуруҳ депутатлар қаторида «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритди.

Сайловчилари билан 100 дан ортиқ учрашув ўтказди ва улардан тушган мурожаатларнинг 50 дан ортиғи ижобий ҳал этилишига эришди. Умуман, у депутат сифатида катта тажриба тўплади.

ЎзХДП электорати ҳисобланган аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами ҳаёти даражасини кўтаришнинг энг самарали йўлларидан бири улар ўрта синфга кириши учун кенг шароит яратиб беришдан иборатдир, — дейди у. — Шунинг учун мен кичик бизнес, оилавий тадбиркорликка электоратимиз вакилларини кенг жалб этиш бўйича махсус давлат дастури ишлаб чиқиш бўйича таклифларимни илгари сурмоқчиман. Бунинг натижасида улар нафақат ўзини ўзи, балки оила аъзолари, иш қобилаятига эга бошқа кишиларнинг бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшади.

Мансурбек РАҲМАТУЛЛАЕВ (110-Хива сайлов округи)

1978 йилда Янгиариқ туманида туғилган. Тошкент архитектура ва қурилиш институти, Урганч давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — қурилиш муҳандиси, иқтисодчи.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда Хоразм вилоят монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармасида биринчи тоифали иқтисодчи сифатида бошлаган ҳамда етакчи иқтисодчи, етакчи тафтишчи, бош тафтишчи, бош­қарма бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган. 2007-2013 йилларда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасида етакчи мутахассис, бош мутахассис, бош тафтишчи, бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2013 йилдан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.

Мансурбек Раҳматуллаев ЎзХДПнинг иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш ғоясини фаол қўллаб-қувватлаб, уни амалга ошириш юзасидан таклифларини илгари сурмоқда.

— Ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларга нархларнинг шаклланиши устидан давлат назорати самарадорлигини янада ошириш тарафдориман, — дейди у. —Айниқса, барчамизни бирдек қизиқтирадиган коммунал хизматларнинг нарх ва тарифлари ўсиши ойлик маош, пенсия, стипендиялар ҳамда ижтимоий нафақаларни ошириш кўрсаткичларидан юқори бўлмаслиги зарур.

Шу мақсадда минимал давлат ижтимоий стандартлари — бепул таълим, тиббий ёрдам, уй-жой таъминоти, ижтимоий нафақа ва бош­қаларни белгилаш тартибини ишлаб чиқиш ва қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйиш партия­миз электорати манфаатини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эгадир. Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар бозорида устун мавқега эга бўлган субъектларнинг монополис­тик фаолиятини чеклаш самарадорлигини ошириш лозим, деб ҳисоблайман. Монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларга нарх ва тарифлар белгилашда кам даромадли аҳоли қатламларининг тўлов имкониятларини албатта ҳисобга олиш керак. Бундан таш­қари, уй-жой ва коммунал хизматлар, ижтимоий инфратузилма объектларидан фойдаланиш ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд, кам даромадли кишилар учун мақбул бўлиши зарур.

Одилбек АДАМБАЕВ (109-Хонқа сайлов округи)

1973 йилда Боғот туманида туғилган. Урганч давлат университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — физика-математика фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Хоразм вилоят телерадиокомпаниясида сухандонликдан бошлаган ва муҳаррир, катта муҳаррир вазифаларида ишлаган. 1999-2014 йилларда Хоразм вилоят ҳокимлиги ижтимоий масалалар мажмуи референти, вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири, директор ўринбосари, директори вазифасини бажарувчи лавозимларида меҳнат қилган. 2014 йилдан Хоразм вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари.

У ўзининг ташкилотчилик қобилияти, фаол сиёсий ва фуқаролик позициясига эга экани билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари ва жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган.

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ҳали кўпгина қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш керак, — дейди у. — Мен бу жараёнда фаол иштирок этиб, янги қонунларда жамиятда ижтимоий-ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга қаратилган меъёрларни чуқур акс эттиришга ҳаракат қиламан. Ижтимоий аҳамиятга эга муносабатларни тартибга соладиган қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳавола нормаларни қисқартиришга эришиш зарур, деб ҳисоблайман.

Бизнинг партиямиз учун муҳим принципиал масалалардан бири эса аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишни мажбурий этиб белгилашдир. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш зарур. Бунда ҳукумат сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари билан, жойлардаги ҳокимликлар эса партияларнинг тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказишининг ҳуқуқий асосларини яратиш керак бўлади.

Купалбай ТАНГРИБЕРДИЕВ (108-Хазорасп сайлов округи)

1976 йилда Хонқа туманида туғилган. Ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалини даволаш иши мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини ўзи битирган ўқув юртида ассистентликдан бошлаган. 2001-2007 йилларда Хоразм вилоят кардиология маркази шифокори, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали клиник ординатори, 2007-2008 йилларда Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси «Саломатлик-2», «Аёллар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш» лойиҳаларини амалга ошириш бюроси директори, 2008-2012 йилларда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Хонқа туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ловозимларида ишлаган. 2012 йилдан Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи.

У вилоятда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўпгина ташаббусларни илгари сурди. Бунинг натижасида соғ­лом болалар туғилиши, жисмоний ва маънавий ривожланган авлодни тарбиялаш, она ва бола соғлиғини сақлаш, аҳолининг репродуктив соломатлигини яхшилаш бўйича қатор натижаларга эришилди.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида шу вақтга қадар тўплаган тажрибаларига асосланиб, Купалбай Тангрибердиев қатор долзарб ғояларни илгари сурмоқда. Унинг сайловолди дастуридан аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлам имкониятларини ҳисобга олган ҳолда мақбул тиббий хизмат кўрсатишни янада кенгайтириш ва унинг сифатини ошириш масалалари ўрин олган.

Тиббиёт муассасалари ходимларининг аҳоли билан ишлаш, тиббий маданият тарғиботи борасидаги фаолиятини янада кучайтириш турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга, — дейди у. — Айниқса, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ўткир юқумли хасталикларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-тушунтириш, профилактика ишларининг самарадорлигини янада ошириш лозим. Агар мен депутат этиб сайлансам, тиббиёт қонунчилигини ана шу нуқтаи назардан янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш ҳамда тиббиёт ходимлари манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган янги нормаларни уларда акс эттириш учун курашаман.

Барно БЕРДИЕВА (107-Гурлан сайлов округи)

1974 йилда Урганч шаҳрида туғилган. Урганч давлат университетининг бошланғич таълим методикаси ва педагогикаси факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Урганч туманидаги 44-мактаб ўқитувчилигидан бошлаган ва маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2008-2010 йилларда Урганч туманидаги 6-мактабда ўқитувчи, маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари, Урганч туман Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси лавозимида ишлаган. 2010 йилдан туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

У ўз сайловолди дастурида сифатли таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифларини ўртага ташламоқда.

— Жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олиб, мактабгача, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш зарур, — дейди у. — Шунинг билан бирга, бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш талаб этилмоқда. Чунки болаларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш учун уларни имкон қадар тўлиқ мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш муҳим аҳамиятга эгадир. Мактабгача таълим муассасаларидан узоқ аҳоли пунктлари ёки бундай муассасалар бўлмаган жойларда педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёллар учун оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этишни таклиф этамиз. Бу ҳам вақтинча ишламайдиган педагог аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини, ҳам болаларнинг мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим механизми бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Бундан ташқари, ногирон болаларни махсус адабиёт ва қўлланмалар билан тўлиқ таъминлаш, инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ҳамда инклюзия таълим берадиган ўқитувчиларга имтиёзлар жорий этиш, жисмоний имкониятлари чекланган йигит-қизларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳам олдимизда турган энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Реймажон НУРМЕТОВА (106-Боғот сайлов округи)

1960 йилда Янгиариқ туманида туғилган. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги — шифокор-педиатр.

Меҳнат фаолиятини 1984 йилда Хоразм вилоят болалар шифохонасида бошлаган. 1985-1996 йилларда Хонқа туман болалар шифохонасида шифокор, Боғот туман марказий шифохонасининг туғуруқхона бўлимида болалар шифокори бўлиб ишлаган. 1996-2014 йилларда «Соғлом авлод учун» хал­қаро хайрия жамғармаси Боғот туман таянч маскани директори лавозимида фаолият кўрсатган. 2014 йилдан Боғот туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар кўмитаси раиси.

2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги кўкрак нишони, 2013 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

У Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий ғояларидан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини ошириш, давлат ва жамият бош­қарувида фаол иштирокини таъминлаш ишларида бевосита иштирок этиб келмоқда. Депутатликка номзод сифатида ўз сайловолди дас­турида аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари билан боғлиқ қатор долзарб масалаларни илгари сурмоқда.

— Биринчи тиббий ёрдамдан барча қулай ва тезкор фойдаланиши, кам даромадли одамлар учун ҳам унинг мақбуллигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш керак, — дейди у. — Бунинг учун қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, одамларнинг тиббий-ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Ҳар қандай жамиятда ҳам жисмоний имконияти чекланган кишилар алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож бўлади. Шундай экан, ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналар ташкил этишнинг аниқ механизм­ларини ишлаб чиқиш, шу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш керак. Шу билан бирга, йирик корхоналарга касаначилик иш жойлари ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имконияти чекланган шахсларни касаначиликка жалб қилиш уларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлашнинг энг самарали шаклидир.

Мураджон ВАИСОВ (105-Урганч сайлов округи)

1973 йилда Гурлан туманида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси) Олий Бизнес мактабида таълим олган. Мутахассислиги — иқтисодчи.

Меҳнат фаолиятини 1992 йилда Қўқон шаҳар Давлат суғурта идорасида суғурта агенти вазифасидан бошлаган ва бош ҳисобчи, Фар­ғона вилояти Давлат суғурта бош­қармасида етакчи тафтишчи, етакчи мутахассис сифатида фаолият кўрсатган. 1998-2005 йилларда «Ўзагросуғурта» ДАСК Фарғона вилоят дирекцияси бўлим бошлиғи, директор ўринбосари, 2005-2008 йилларда «Ўзагросуғурта» ДАСК Хоразм вилояти дирекцияси директори лавозимларида ишлаган. 2008 йилдан «Мегасфера» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона бош директори.

У партиямиз Сайловолди дастуридаги меҳнатга лаёқатли аҳоли кўп бўлган ҳудудларда саноат корхоналарини ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган махсус минтақавий жам­ғармалар тузиш ғоясини амалга ошириш учун курашишни мақсад қилган.

— Бундан ташқари, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнатининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир, — дейди у. — Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотли кадр­лар тайёрлаш амалиётини янада ривожлантириш талаб этилмоқда. Бунда ўқувчиларнинг юқори касбий малакасини кафолатловчи ишлаб-чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш бўйича корхона ва ташкилотлар масъулиятини ошириш лозим, деб ҳисоблайман.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзлари мустақил равишда иш ўрни яратишига янада кенг йўл очиш талаб этилмоқда. Ўз хусусий иши, мустақил бизнесини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш тизимини янада ривожлантириш зарур. Улар ташкил этаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда мавжуд тўловлардан озод этиш уларнинг ўзини ўзи иш билан таъминлашини рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Депутат этиб сайлансам, ана шу масалалар юзасидан қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш устида иш олиб бораман.

 

 



DB query error.
Please try later.