25.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ НОМЗОДЛАРИГА ОВОЗ БЕРИНГ!

Қорақалпоғистон Республикаси

Гулчехра ЕРНИЯЗОВА (8-Ақманғит сайлов округи)

1971 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Нукус давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Меҳнат фаолиятини Кегейли тумани «Даруаза кум» хўжалигида бошлаган. 1990-2007  йилларда  Кегейли туманидаги 22-мактабда қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2007 йилдан мазкур мактаб директори. 2012 йилда халқ депутатлари  Кегейли туман Кенгаши депутати этиб сайланган.

У депутат сифатида сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда астойдил меҳнат қилиб келмоқда. Шу билан бирга, жойларда кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этиб, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиб, мавжуд муаммо ва камчиликларнинг ечими устидан депутатлик назоратини ўрнатган.

Депутатликка номзод меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларни ўз мутахассисликлари бўйича иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароит яратиш масалаларини илгари сурмоқда.

— Биз нима учун ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдоримиз, — дейди у. — Ҳар гал сайловчилар билан учрашганимда, қишлоқдошларим билан суҳбатлашганимда улар орасида кам даромадли, вақтинча ишсиз, ногирон, аммо, тадбиркорлик қобилиятига эга бўлганлари кўплигини кўраман. Биз бозор иқтисодиёти шароитида ана шу қатлам манфаатларини албатта, инобатга олиниши учун курашмоқдамиз. Агар депутат бўлсам, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлам вакиллари ўрта синфга киришини таъминлашга қаратилган механизмларни янада такомиллаштириш бў­йича ташаббуслар билан чиқаман.

Қуатбай ҚУРБАНБАЕВ (7-Арал  сайлов округи)

1978 йилда Хўжайли туманида туғилган. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги — қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. 

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Хўжайли туманидаги 55-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 2001-2012 йилларда тумандаги 70-мактаб ўқитувчиси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хўжайли туман кенгаши раиси ўринбосари, «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси, 15-мактаб директори ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хўжайли туман кенгаши раиси лавозимларида фаолият олиб борган. 2010 йилдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси. 2014 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланди.

Ўз фаолияти давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлар, кам даромадли оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорларнинг ижроси юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича қатор ташаббуслар кўрсатди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни ташкил этиш масалалари тўғрисида»ги Қарори ижроси юзасидан мониторинг ишларини олиб боришда ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган ва аниқланган камчиликларни бартараф этишда фаоллик кўрсатган.

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси, аввало, инсон, халқ манфаати, аҳоли ижтимоий муҳофазаси учун курашади, — дейди у. —  Агар депутат этиб сайлансам, шу тамойилга риоя қилган ҳолда партия­миз электоратининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини дадил ҳимоя қилиш учун курашаман. Шунингдек, ҳар бир инсоннинг даромади унинг фаровон яшаш даражаси талабларига жавоб беришига эришиш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган, пухта ўйланган лойиҳалар амалга оширилишининг изчиллигини таъминлаш, нафақадаги ва кам таъминланган фуқароларимиз ижтимоий муҳофазасини, уларга эътибор, меҳр, ғамхўрлик кўрсатишни янада кучайтириш каби долзарб масалаларнинг қонунчилик даражасида ечим топиши учун бор билим ва имкониятимни ишга соламан.

Райхан КАРМИСОВА (6-Чимбой сайлов округи)

1964 йилда Қораўзак туманида туғилган. Нукус давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — журналист.

Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Қораўзак тумани болалар боғчасида тарбиячиликдан бошлаган. Сўнг Қораўзак туман газетаси мух­бири, тумандаги 1-мактабда қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 2003 йилдан Қораўзак тумани ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар кўмитаси раиси. 

У хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, фаоллигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, уйда ўтирган аёлларнинг ўз мустақил бизнесини бошлаши, уларни касаначилик меҳнатига жалб қилиш ишларига катта эътибор бериб, бу борада қатор ташаббуслар билан чиққан. Бундан ташқ­ари, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларнинг эрта турмушга чиқишининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

— Партиямиз электорати вакиллари ўз ишини очиши учун имтиёзли ссуда ва грантлар бериш институтини ривожлантириш йўли билан уларнинг тадбиркорлик фаоллигини давлат томонидан рағбатлантиришнинг меъёрий асосларини такомиллаштириш зарур, — дейди у. — Шунда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида давлат бюджетидан ортиқча маблағ ажратишга ҳожат қолмайди. Бундан ташқари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кам даромадли аҳоли қатлами, биринчи навбатда, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини янада кенгайтириш лозим, деб ҳисоблайман. Депутат этиб сайлансам, партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бюджетдан ташқари моддий ёрдам фонд­ларини шакллантириш ва маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айлантириш бўйича мавжуд механизм­ларни янада такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратмоқчиман.

Салауатдин ХУДАЙБЕРГЕНОВ (5-Хўжайли сайлов округи)

1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Бердақ номидаги ­Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида етакчи мутахассисликдан бошлаган ва етакчи маслаҳатчи, бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган. 1999-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида катта маслаҳатчи,  етакчи маслаҳатчи, бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи, сўнг Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Назорат бўлими етакчи мутахассиси лавозимларида меҳнат қилган. 2009-2012 йилларда бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий вакили ва Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Котибияти инспектори бўлиб ишлаган. 2012 йилдан Қорақалпоғис­тон Республикаси Адлия вазири.

У адолат тамойилларига асосланган эркин демократик жамиятни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишни долзарб вазифалардан, деб ҳисоблайди.  

Салауатдин Худайбергенов фуқароларнинг, айниқса, кам даромадли қатламнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиш имкониятларини кенгайтириш, хусусан, даъво аризалари киритилганда олинадиган давлат божи миқдорларини мақбуллаштиришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш вазифаларини ўз сайловолди дастурига киритган.

— Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўли билан аҳолининг ёрдамга эҳтиёжманд қатламларининг интерфаол давлат хизматлари ва бошқа тегишли тармоқ ресурсларидан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш тарафдориман, — дейди у. — Бунда, айниқса, жисмоний имконияти чекланган кишилар, пенсионерлар манфаатларини алоҳида эътиборга олиш, улар ўз ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиши учун янада қулай шароит яратишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш керак, деб ҳисоблайман.

Айбек МАШАРИПОВ (4-Амударё сайлов округи)

1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини битирган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолиятини 2002 йили Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш бўлимида катта маслаҳатчи вазифасидан бошлаган. Мазкур бўлимда кейинчалик етакчи маслаҳатчи бўлиб ишлаган. 2005 йилдан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Шартномавий ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бошқармасида катта маслаҳатчи, Тошкент вилоят Адлия бошқармасининг Шартномавий ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими бошлиғи, Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш Бош бошқармаси Қорақалпоғис­тон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи.

У ўз фаолияти давомида фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда қонуний манфаатлари, эркинликларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Айбек Машарипов ҳар бир инсонга унинг шахсий фазилатлари ва истеъдодини ривожлантириш, фуқаролик ва умуминсоний ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берадиган зарур шароитларни яратиш лозим, деб ҳисоблайди. Бу масалалар унинг сайловолди дастурида ҳам ўз ифодасини топган.

– Аҳолининг ижтимоий ҳи­моя­га эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишни мажбурий этиб белгилаш керак, — дейди у. — Бу ғоя амалга ошса, ижтимоий ёрдамни аниқ манзилга, аниқ мақсадга йўналтириш, бу жараёнда адолатлиликни таъминлашнинг кафолатлари мустаҳкамланади. Агар депутат этиб сайлансам, ваколатим ҳамда ҳуқуқларимдан фойдаланиб, бу борада қонун ташаббуси билан чиқаман ҳамда партиямиз Сайловолди дастурини амалга ошириш учун курашаман.

Айша МАТНИЯЗОВА (3-Элликқалъа сайлов округи)

1970 йилда Элликқалъа туманида туғилган. Ҳозирги санъат ва маданият институтини тамомлаган. «Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси», «Ўзбекис­тон Республикаси мустақиллигига 20 йил» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туман маданият уйида режиссёр вазифасидан бошлаган. 1995-2010 йилларда Эллик­қалъа туманидаги 27-мактабда мусиқа ўқитувчиси, мактаб директори ўрин­босари, Элликқалъа санъат ва педагогика коллежи Халқ рақси кафедраси мудири, туман Маънавият тарғибот маркази раҳбари лавозимларида меҳнат қилган. 2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси (ҳозирги Давлат бошқаруви академияси)ни битирган. 2010 йилдан Эллик­қалъа туман Маданият ва спорт ишлари бўлими мудири.

У ўз фаолияти давомида ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг бевосита ташаббуси билан жойларда болалар спортини ривожлантириш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбия­сини юксалтириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди.

– Кам даромадли, барқарор даромад манбаига эга бўлмаган оилаларда вояга етаётган қобилиятли ва истеъдодли болаларни қўллаб-қувватлаш, улар истеъдодини намоён этиши учун янада кенг шароит яратиб бериш борасида қатор таклифларим бор, — дейди у. — Айниқса, ногирон болаларни махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва бу соҳада хизмат қилаётган ўқитувчиларга маълум имтиёзлар жорий этиш масалалари  бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораяпти.

Олис қишлоқларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда спорт билан шуғулланиши учун мўлжалланган инфратузилмани янада ривожлантириш, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, айниқса, қиз болаларни спорт анжомлари ва кийимлари билан таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиямиз дас­туридан ҳам алоҳида ўрин олган. Мен депутат бўлсам, ана шу ишлар изчил амалга ошиши учун курашаман.

Санемхан ЖУМАМУРАТОВА (2-Тўрткўл сайлов округи)

1981 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини  тамомлаган. Мутахассислиги — иқтисодчи.

Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Хўжайли туманидаги 40-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 2008-2011 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» Қорақалпоғистон минтақавий филиалида назоратчи-кассир ва мутахассис вазифаларида ишлаган. 2011 йилдан Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси.

У хотин-қизларнинг ҳуқу­қий, ижтимоий-сиёсий билим ва фаоллигини ошириш мақсадида қатор ижтимоий ло­йиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳаси доирасида вақтинча ишсиз аёллар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этиш, касаначиликни ривожлантириш борасида илгари сурган ташаббуслари натижасида кўп­лаб хотин-қизлар бандлиги таъминланди, ижтимоий фаоллиги ортди.

Санемхан Жумамуратова ўз сайловолди дастурида йирик корхоналарда касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали аҳоли, жумладан, аёллар ва жисмоний имконияти чекланган кишилар, айниқса, ногирон аёлларни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш, улар тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириши учун имтиёзли микрокредитлар беришнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш масалаларини илгари сурмоқда.

— Сайловчиларнинг ишончини қозониб, депутат бўл­сам, ЎзХДПнинг дастурий ғоялари ва Сайловолди сиёсий позицияси, сайловчиларнинг учрашувларда берган таклифлари фаолиятимнинг асосий йўналиши бўлади, — дейди у. — Шунингдек, оролбўйи минтақасида истиқомат қиладиган хотин-қизлар манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар ишлаб чиқмоқчиман. Шу билан бирга, тўплаган тажрибам асосида хотин-қизларнинг манзилли ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ қонунчиликни янада тако­мил­лаштириш ишларида фаол иштирок этаман.

Гулнар КАЙПАНОВА (1-Нукус сайлов округи)

1973 йилда Нукус шаҳрида туғилган. 1990 йилда Астрахан давлат тиббиёт институтига ўқишга кирган ва ўқишни Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида давом эттирган. Мутахассислиги — шифокор-педиатр. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси,

«Шуҳрат» медали соҳиби.

Меҳнат фаолиятини 1996 йилда Нукус шаҳар шифохонасида бошлаган. 1997-1999 йилларда Нукус шаҳридаги республика туғуруқ уйи неонатолог шифокори, 1999-2005 йилларда «Она ва бола» скрининг марказида шифокор-эндокринолог вазифаларида ишлаган. 2005 йилдан «Соғлом авлод учун» халқ­аро хайрия жамғармаси Қорақалпоғистон филиали Тиббий-ижтимоий патронаж бригадасида олий тоифали педиатр-шифокор.

У «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси дастури, баркамол авлодни вояга етказишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш, оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, соғлом болалар туғилиши ва уларни тарбиялашга йўналтирилган дастурларни изчил амалга ошириш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

— Агар мен Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлансам, ЎзХДП Сайлов­олди дастуридан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламига малакали тиббиёт-санитария ёрдами ва асосий тиббий хизматларни бепул кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларим билан чиқишни мақсад қилганман, — дейди у. — Шунингдек, биринчи тиббий ёрдамдан қулай ва тезкор фойдаланишни таъминловчи қишлоқ врачлик пунктларини малакали мутахассислар билан таъминлаш масалаларини ҳам ўз сайловолди дастуримга киритганман.

Иш тажрибамдан келиб чиқиб, олис овул, қишлоқлардаги тиббиёт муассасаларини диагностика учун зарур тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш, ҚВП тармоғини кенгайтириш, жисмоний имконияти чекланган ва ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд бошқа кишиларга имтиёзли асосда бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар рўйхатини кенгайтиришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалаларини ўртага қўй­моқ­чиман.

 

 



DB query error.
Please try later.