22.11.2014

АҲОЛИНИНГ МАНЗИЛЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ ТАРАФДОРИМИЗ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ билан суҳбат.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлатимизнинг демократик ривожланиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида жорий йилги сайловларда ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қандай стратегик мақсадларни илгари суради?
— Аввало, Ўзбекистонда мамлакатни ислоҳ этиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш ишлари босқичма-босқич, изчил ва тизимли равишда олиб борилаётганини таъкидлаш зарур. Давлат бошқарувини такомиллаштириш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни янги ғоялар асосида ривожлантиришда сиёсий партияларнинг ролини кескин оширишга қаратилган қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётгани сиёсий партияларни том маънода етук сиёсий кучларга айлантирмоқда.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг изчил амалга оширилиши эса “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш механизмини янада ривожлантирди. Концепцияга асосан, қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Олий Мажлиснинг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтирди, ижро ҳокимияти органларининг жавобгарлигини оширди, жамоатчилик ва парламент назоратини янада кучайтирди. Бунинг натижасида сиёсий партияларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш ва жамият ҳаётига таъсир кучи сезиларли даражада ошди.
Шундан келиб чиққан ҳолда ҳамда ўтган йигирма уч йил давомида ЎзХДП тўплаган тажрибага таяниб, партиямизнинг яқинда бўлиб ўтган VIII қурултойида биз сайловолди сиёсий позициямизни эълон қилдик.
Аввало, шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўз электорати манфаатини ҳимоя қилиш бўйича доим ўзининг аниқ мақсадларига эга бўлиб келган. Партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари орқали ўзининг келгуси даврдаги устувор вазифаларини Ўзбекистон тараққиётининг бош стратегик мақсади — аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган демократик давлатлар қаторига қўшилиш вазифаларидан келиб чиқиб белгилади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, жумладан, пенсионерлар ва ногиронлар, шунингдек, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган бюджет ташкилотлари ходимлари, ижтимоий соҳа вакиллари манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда фаол иштирок этишни ўзининг ўта муҳим вазифаси, деб билади.
Унга кўра, партиямиз стратегик йўналиш — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини янада юксалтириш ғояларини илгари суради. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатга таянган ҳолда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолининг барқарор ва муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг таълим олиши, касб танлаши, ўз мутахассислиги бўйича мукаммал амалий кўникмага эга бўлиши учун тўлақонли шарт-шароитларни яратиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битиргач, уларни кафолатланган биринчи иш ўринлари билан таъминлаш, ижтимоий таъминотга эҳтиёжманд аҳоли, кам таъминланган оилалар, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақалар тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, Ўзбекистон ХДП манзилли ижтимоий ҳимояга оид вазифаларни биргина давлат бюджети маблағлари ҳисобига ҳал қилиш мумкин эмаслигини яхши тушунади. Шундай экан, бу борада биз, аввало, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг иқтисодий фаоллиги ва ташаббускорлигини рағбатлантирувчи ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Яъни давлат ва жамият томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам аниқ мақсадга йўналтирилиши ҳамда одамларнинг ўз ишини ташкил этиш, мустақил фаолият бошлаш бўйича ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилиши керак.
Биз халқ демократиясининг умумэътироф этилган — ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойилларига асосланиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини ошириш тарафдоримиз. Чунки фақат шу йўл билан кишиларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, даромади ва турмуши даражасини ошириш ҳамда ҳаёти фаровонлигини самарали таъминлаш мумкин.

— ЎзХДП кўпчилик юртдошларимизнинг ҳаётий манфаатларидан келиб чиқиб, ўз олдига долзарб вазифаларни қўймоқда. Одамларнинг партияга ишончи унинг аввалги сайловларда берган ваъдалари қай даражада бажарилганига боғлиқ...
— Жуда тўғри масалани кўтардингиз. Бугунги кунга келиб, ҳамюртларимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий билимлари сезиларли равишда ўсган. Ҳар бир қарорни қабул қилишдан аввал чуқур мулоҳаза қиладилар. Шунга кўра, сайловда одамлар қайси партия номзодларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида бир қарорга келиши ўтган даврда партия ўз ваъдаларини қай даражада бажарганига бевосита боғлиқ.
2009 йилги сайловларда Ўзбекистон ХДП кўрсатган номзодларнинг 32 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган эди. Ўтган давр мобайнида улар томонидан қонунлар лойиҳалари устида ишлашга алоҳида эътибор қаратилди ва партиямизнинг Сайловолди платформасида қонунчилик соҳасида белгиланган аксарият вазифалар бажарилди. Фракциямиз аъзолари қонунчилик ташаббуси сифатида 30 дан зиёд қонунлар лойиҳалари устида иш олиб борди. Фракция беш йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 185 та қонун лойиҳаси, Давлат бюджети лойиҳаси, Бандлик дастури лойиҳаси ва уларнинг ижросини кўриб чиқди ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилди. Қонунлар лойиҳаларида партиянинг дастурий ғоялари ва электорати манфаатларини акс эттириш мақсадида Қонунчилик палатасига 2010 — 2014 йилларда киритилган қонунлар лойиҳалари юзасидан 1170 дан зиёд таклифлар тегишли қўмиталарга тақдим этилди. Бу таклифларнинг аксарияти қабул қилинаётган қонунларда ўз ифодасини топди.
Гап партиямиз Сайловолди платформасининг жойлардаги ижроси ҳақида борар экан, бу борада ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларидаги депутатларимиз муҳим роль ўйнаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида 41 фоиздан ортиғини ташкил этадиган бизнинг депутатларимиз, ҳақиқатан ҳам, катта кучга эга эканини амалда кўрсатди. Уларнинг ташаббуси билан янги иш ўринлари ташкил этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, аҳоли яшаш пунктларида ижтимоий инфратузилмани, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, уй-жой-коммунал хизматлари сифатини ошириш ва бошқа кўплаб долзарб ижтимоий масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилди. Буларнинг натижасида жойларда жуда кўп ижтимоий масалалар ўз ечимини топди, партиямиз электорати вакилларини ташвишга солаётган муаммолар ҳал этилди.
Умуман олиб қарайдиган бўлсак, бугунги Ўзбекистон ХДП бундан беш йил олдинги партия эмас, балки у ўз сафини тобора кенгайтириб бораётган, фаол фуқаролик позициясига эга аъзоларни бирлаштирган, мамлакатнинг барча туманлари, ҳатто олис қишлоқларини ҳам қамраб олган кучли партиявий тизимга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташаббускор фракцияга эга бўлиб, давлат ва жамият ишларини бошқаришда сезиларли таъсир кўрсата оладиган сиёсий кучга айланди.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, айтишимиз мумкинки, биз катта ишонч ва масъулият билан сайлов кампаниясида иштирок этаяпмиз ҳамда келгусида ҳам партия тузилмалари, хусусан, 10 мингга яқин бошланғич ташкилотларимиз, туман, шаҳар, вилоят партия кенгашларимиз кучини, вакиллик ҳокимиятида эга бўладиган салоҳиятимизни сайловолди ваъдаларимизни бажаришга қаратамиз.

— Таъкидлаганингиздек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини илгари суриб келмоқда. Бу борада партиянинг янги Сайловолди платформасида қандай аниқ вазифалар белгиланган?
— Шуни алоҳида қайд этиш керакки, биз ижтимоий адолат ва ижтимоий тенглик каби халқ демократияси тамойилларига амал қилган ҳолда, давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд, касбий малака, доимий иш жойи ва маошга эга бўлмаган ёлланма ишчилар, иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилганмиз.
Партиямиз иқтисодий ислоҳотларга — ижтимоий самарадорлик шиорини илгари суриб, бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ва энг аввало, жамият манфаатларига қаратилган бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ХДП учун асосий сиёсий йўналиш, бу — электорат манфаати учун кучли ижтимоий сиёсат амалга оширилишини янги босқичга кўтаришдан иборат.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли муносиб ҳақ тўланадиган ишга эга бўлиши зарур. Уларнинг шахсий ташаббуслари ҳамда тадбиркорлигини рағбатлантириш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг шарт-шароитларни яратиш, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз аҳоли, меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлар ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг янада самарали тизимини вужудга келтириш, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсатни олиб боришда давлатнинг тартибга солувчилик ролини мустаҳкамлаш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Биз мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини ошириш, банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, жумладан, ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан самарали таъминлаш, бандлик дастурларининг асосий параметрларини ишлаб чиқишда фаол қатнашиш ва уларнинг ижро этилиши устидан самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга кўмаклашиш бўйича янги вазифаларни белгилаб олдик.
Аҳолининг кам даромадли қатламлари ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишиларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашда электорат вакиллари учун микрокредитлаш ва микромолиялаш тизимини янада ривожлантириш, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятларини кенгайтиришнинг меъёрий асосларини ишлаб чиқиш муҳим ҳаётий аҳамиятга эгадир.
Партия аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишни мажбурий этиб белгилаш зарур, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, Ўзбекистон ХДП давлатнинг монополияга қарши тартибга солувчи ролини янада такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматлар нархларини шакллантириш устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий ёрдам ва хизматлар сифати ва оммабоплигини янада ошириш, тўлов-контракт асосида таълим олаётган кам даромадли оилалардаги талабалар учун имтиёзли таълим кредитлари ажратиш тизимини янада соддалаштириш масалаларини муҳим, деб ҳисоблайди.
Партия соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бандлик, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бошқа масалалар юзасидан давлат дастурларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари янада фаол иштирок этишини рағбатлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда фаол иштирок этишни режалаштирмоқда.

— Табиийки, ҳар бир сиёсий партия сайловларда муносиб иштирок этиб, вакиллик ҳокимиятидан энг кўп депутатлик ўринларини эгаллашга интилади. Бундай мақсадга эришиш партия ўз сайловолди кампаниясини қай даражада ташкил этишига ҳам боғлиқ, албатта...
— Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларини шакллантиришда ЎзХДПнинг иштирокини кенгайтириш бугунги кунда бизнинг энг асосий вазифамиздир. Бунинг учун партиянинг сайловолди тарғиботини энг замонавий сиёсий технологиялар, жамоатчилик билан алоқаларнинг илғор усуллари асосида ташкил этиш, муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий масалалар юзасидан партиянинг позициясини ёритишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш талаб этилади. Бундан ташқари, бошқа сиёсий кучлар билан рақобатда партия ғоялари, мақсад ҳамда вазифаларини қатъий ҳимоя қилиш муҳим принципиал вазифадир.
Сиёсий кучлар вақти-вақти билан ўз қарашлари, мамлакатни ривожлантириш бўйича позициясини янгилаб олади, одамлар турмуш даражасини яхшилаш бўйича таклифларини, ғояларини илгари суради. Биз ҳам янги Сайловолди платформамизда одамлар турмуш даражасини кўтариш бўйича долзарб ғояларни илгари сурдик. Сайловларда аҳолининг қанча кўп қисми бизнинг номзодларимизни қўллаб-қувватласа, биз илгари сураётган ғояларнинг амалга ошиши кафолатлари ҳам шунча мустаҳкам бўлади.
Шунинг учун ҳам сайловчиларни Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодларига овоз беришга чақирамиз.

Фирюза КУБАРЕВА 
суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.