20.11.2014

БЮДЖЕТ ИЖРОСИ УСТИДАН ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИНИ КУЧАЙТИРИШ ЗАРУР!

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг позицияси шундай

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев депутатлар олдида маъруза қилди.

Йиғилишда жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифа ва устувор йўналишлари бўйича ҳукумат томонидан тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Ҳисобот даврида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатлари таъминланган, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқлари янада мувозанатли ривожланаяпти.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,4 фоизга, шу жумладан, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 11,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоизга, қурилиш ишлари 18,9 фоизга, чакана товар айланмаси 14,2 фоизга, пулли хизматлар ҳажми эса 11,1 фоизга ўсган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари саноати, енгил ва озиқ-овқат саноатининг барқарор ўсиши кузатилган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 22,5 фоизни, харажатлари эса 22,4 фоизни ташкил қилган, яъни Давлат бюджети 0,1 фоиз профицит билан ижро этилган.

– Фракциямиз ҳисоботни кўриб чиқишда Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигига алоҳида эътибор қаратди, – деди фракция аъзоси Зиёвуддин Мансуров. – Таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилаётган маблағлар юртимиздаги ҳаёт даражасини кўтаришда, жумладан, таълим ва тиббий хизматлар сифатини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Дунёдаги молиявий-иқтисодий муаммоларнинг салбий таъсирига қарамасдан, иш хақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ҳамда биринчи даражали тўловлар ўз вақтида молиялаштирилаётганини эътироф этамиз. Бу ҳолатлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатларига мос келади.

Бюджет ижроси бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар, хулосалар умумлаштирилиб, фракциянинг позицияси ва таклифлари шакллантирилди. Давлат бюджети ижросида кўзга ташланаётган айрим камчиликларни, мисол учун, бюджет муассасаларида маблағларнинг мақсадсиз сарф­ланиши, ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича парламент назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси ва бошқа тегишли қонунларга тўлиқ риоя қилиниши юзасидан тавсиялар тайёрланди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.