Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
18.11.2014

САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ

қандай олиб борилишини биласизми?

Сайловолди кампаниясининг энг муҳим босқичи — бу сайловолди ташвиқоти ҳисобланади. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия­лар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди. Демак, энди сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотига киришади.

Қонунчилигимизда сайловолди ташвиқоти олиб бориш тартиби, турлари, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот қилиш қоидалари аниқ нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Тошкент давлат юридик университети доценти вазифасини бажарувчи Хушвақт ХАЙИТОВга шу масалада мурожаат қилдик.

— Сайловолди ташвиқотининг ҳуқуқий асослари, уни олиб бориш турлари, шакллари ҳақида гапириб берсангиз.

— Сайловолди ташвиқоти сайлов жараёни қатнашчилари учун муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб, депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўзига хос синов ҳисобланади. Сайловолди ташвиқотининг муваффақиятли ўтиши сиёсий партиянинг тарафдорлари кўпайишига, унинг жамиятдаги мавқеи ортишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида 2012 йил 19-декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунга мувофиқ сайлов эркинлиги ҳуқуқи принципини тўлиқ жорий этиш ва сайлов тизимининг янада демократлашувига хизмат қиладиган нормалар амалиётга татбиқ этилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддаси янги таҳрирда баён этилди.

Унда сайловолди ташвиқоти тушунчасига қуйидаги таъриф берилган. Яъни, сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.

Янги меъёрга кўра, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Бу эса сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳларини аниқлаб олиш, уларнинг кимга ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида онгли равишда аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча вақт берилишига имкон яратади. Мазкур норма бир қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, қонунда сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланган.

Сайловолди ташвиқоти қуйидаги тарзда олиб борилади. Яъни, сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш, шунингдек, депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатишга рухсат этилади.  Сайловолди ташвиқоти омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, депутатликка номзод, сиёсий партия тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти оммавий ахборот воситалари, шунингдек, телевидение, интернет, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бош­қа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

— Сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш тартиби қандай? Шунингдек, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали сайловолди ташвиқотини юритиш мезонлари ҳақида тўхталсангиз.

— «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига биноан, сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан бошланади. Қонунчилигимизда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилган.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат ­оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Депутатликка номзодларга, сиё­сий партияларга давлат ­оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши ҳам назарда тутилган.

Сайлов кампаниясида иштирок этувчи оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлиши белгиланган.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган, шунингдек, депутатликка номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Сайловолди ташвиқоти мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Шунингдек, қонунчиликда ­сиёсий партияларга босма, кўр­газмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тар­қатиш учун тенг шароит­лар яратиб берилган. Таъкидлаш лозимки, ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

— Сайловолди ташвиқотининг энг самарали ва таъсирчан усулларидан бири — сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳи­собланади. Шу ҳақида гапириб берсангиз.

— Амалдаги қонунчилигмизда сайловчилар йиғилишлари сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилиши белгиланган. Сайловчиларнинг йиғилишлари ўтказиладиган жой ва вақт, қоида тариқасида, участка сайлов комиссиялари билан келишиб олинади. Маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари депутатликка номзодларга йиғилишлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналар ажратишлари, уларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт. Йиғилишлар ва учрашувларнинг ўтказиладиган жойи ҳамда вақти ҳақида сайловчиларга олдиндан хабар қилинади.

Сайловолди ташвиқоти жараёнида ҳар бир сиёсий партиянинг ўз қиёфасига, жамиятнинг ўзи суя­надиган қатламлари манфаатларини ифода қилувчи аниқ дастурлари билан сайловчилар олдига чиқиши зарур.

— Сайловолди ташвиқоти олиб боришда ривожланган демократик давлатлар тажрибаси ҳақида тўхталсангиз.

— Сайловолди ташвиқоти олиб бориш тартиби ҳар бир давлатнинг ҳуқуқий тизими, тарихий тараққиёти ва бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Бироқ, аксарият давлатларда бу борада ўхшаш қоидалар мавжуд. Мисол учун, Литва, Молдова, Арманистон каби бир қатор давлатларда сайловолди ташвиқоти номзодлар рўйхатга олинган вақт­дан бошланади. АҚШ, Италия, Франция каби давлатларда сайлов куни ташвиқот олиб боришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, Францияда овоз бериш кунига 7, Венгрияда 8 кун қолганида жамоатчилик фикри сўровлари, сайлов натижалари прогнозлари ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотлар нашр этилишига йўл қўйилмайди.

Айрим мамлакатлар, хусусан, АҚШ ва Польшада сайловолди ташвиқоти олиб бориш учун давлат томонидан маблағ ажратилиши кўзда тутилмаган. Греция, Исроил ва Францияда эса оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда эфир вақти сиёсий партияларнинг парламентда тутган ўрни ва ижтимоий фаоллигига қараб ажратилади.

Сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар қонунларда белгиланган талабларга қатъий риоя қилиш, бош­қа ­сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар билан ҳалол рақобатга киришиши муҳим аҳамиятга эга. Ҳаққоний кураш сиёсий партияларнинг халқ, жамият ўртасидаги обрўсини янада оширишга тарафдорлари кўпайишига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.