18.11.2014

САЙЛОВГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШДА

участка ва округ сайлов комиссиялари қатор ҳуқуқ ҳамда ваколатларга эга

«Менга участка сайлов комиссиясининг ваколатлари ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Моҳинисо ФАРМОНОВА, Бухоро вилояти, Бухоро тумани».

Саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвар Бойқулов жавоб беради:

 Унинг ваколатларига тўхталадиган бўлсак, мазкур комиссия участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади. Сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништириб, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади, шунингдек, рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади. Сайлов куни ўз турар-жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан сайлов варақаси солинган ёпиқ ҳолдаги коньвертларни қабул қилиш ҳам айнан участ­ка сайлов комиссиясининг ваколатига киради.

Бундан ташқари, бу комиссия аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этиб, овоз бериш биноси, сайлов қутилари ҳамда бошқа сайлов ашёлари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди, сайлов куни сайлов участкасида овоз беришни ташкил этади. Сайлов участ­касида берилган овозларни ҳисоблаб чиқиш, сайловга тайёргарлик кўриш, овоз беришни ташкил этиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳам участка сайлов комиссияси ваколатига кириши қонунчиликда ўз аксини топган.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунда яна бир муҳим меъёр белгиланган. Унга кўра, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида ташкил этиладиган участка сайлов комиссияси раиси вазифасини идора раҳбари амалга оширади.

«Округ сайлов комиссиясининг вазифалари нималардан ­иборат?

Наима ОРЗИЕВА, Наманган вилояти, Чуст тумани».

Саволга юридик фанлари доктори, профессор, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Сотиболди Бобоқулов жавоб беради:

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунга асосан, округ сайлов комиссияси тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва олти — саккиз нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади. У қатор ваколатларга эга. Хусусан, сайлов округи ҳудудида ушбу қонун ижросини назорат қилади. Шунингдек, сайлов участкаларининг манзилини округ сайловчилари эътиборига етказиб, депутатликка номзодларнинг сайлов кампаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлайди, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган депутатликка номзодларга гувоҳномалар беради.

Биламизки, депутатликка номзод сайлов кампанияси даврида сайловчилар билан учрашувлар ўтказади, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради. Округ сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади. Бундан ташқари, мазкур комиссия депутатликка номзодларнинг ишонч­ли вакилларини рўйхатга олиб, уларга тегишли гувоҳномалар беради.

Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш ҳам округ сайлов комиссияси вазифасига киради.

Шунингдек, юқоридагилардан ташқари, округ сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари тузилиши ва ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради, сайлов округи бўйича сайлов бюллетени матнини тасдиқлайди ва участка сайлов комиссия­ларини сайлов бюллетенлари билан таъминлайди.

Сайлов ўтганидан кейин ҳам мазкур комиссия олдида қатор вазифалар туради. Масалан, комиссия сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаб, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этади, такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринга сайлов ўтказишни ташкил этади. Участка сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан ариза ҳамда шикоят тушса, уларни кўриб чиқади ва шу юзасидан қарорлар қабул қилади.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида олти нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади. Бунда округ сайлов комиссиялари ваколатларининг айрим жиҳатлари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларидан фарқ қилади.

Масалан, маблағларни участка сайлов комиссиялари ўртасида тақсимлаш, участка сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт, алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилиш ва сайлов округида сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқиш округ сайлов комиссияси ваколатига киради. Шунингдек, сайлов округи бўйича Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган намунага мувофиқ, сайлов бюллетени матнини тасдиқлайди, бюллетенлар тайёрланиши ва участка сайлов комиссиялари улар билан таъминланишини ташкил этади, сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ва Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш ҳам округ сайлов комиссияларининг вазифалари этиб белгиланган.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди. 



DB query error.
Please try later.