Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
18.11.2014

АМНИСТИЯ

инсонпарварликнинг амалдаги ифодаси

Ҳар бир миллат ўзининг урф-одатлари, миллий анъаналари, қадриятлари билан бошқалардан ажралиб туради. Миллатга таъриф берилаётганда унинг ана шу ўзига хос жиҳатлари эътироф этилади.

Ўзбек халқининг энг муҳим, қон-қонига сингиб кетган фазилатларидан бири бағрикенглиги, раҳм-шафқатлилиги, кечиримлилиги экани ҳаммага аён. Жазо беришга шошилмаслик, гуноҳидан ўтиш, авф этиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.

Бироқ яқин ўтмишда, мустабидлик даврида бу қадриятлар оёқости қилинди, инсон ҳақ-ҳуқуқи билан ҳисоблашилмади, шафқатсиз жазолашлар авжига чиқди. Мамлакатимиз мустақил бўлгач, ўзлигимизга қайта бошладик. Инсонни инсон ўрнида кўриш, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланди. Бу тамойиллар мустақил давлатимизнинг Конституциясида кафолатланди. Инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш бош мақсад этиб белгиланди. Мустақиллик йилларида, қайси соҳада бўлмасин, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий-сиёсий ёки маънавий-маърифий соҳами, бундан қатъи назар, амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти таҳлил этилиб, хулоса чиқариладиган бўлса, уларнинг барчаси замирида ягона мақсад — инсонни қадрлаш, улуғлаш ётганини кўрамиз. Конституциямиз қабул қилинган кун арафасида эълон қилиниб келинаётган амнистия ҳам инсон манфаати ҳимояси йўлида қилинаётган хайрли иш, эзгу иш, Бош Қомусимизда белгиланган инсонпарварлик тамойилининг амалдаги ифодасидир.

Аввало шуни айтиш керакки, амнистия эълон қилинишини нафақат озодликдан маҳрум этилган шахслар, балки уларнинг оила аъзолари, минг-минглаб яқинлари интиқлик билан кутади. Айниқса, фарзандлари тақдиридан қайғураётган, бағри қон бўлган ота-оналар учун амнистиянинг баҳоси қандайлигини изоҳлаш қийин. Ота ёки онаси меҳридан жудо бўлиб яшаётган болалар учун, уларнинг келажаги учун амнистия қандай аҳамиятга эга эканлигини бир тасаввур қилиб кўрайлик. Бола тарбия­сида ҳеч ким ота-она ўрнини боса олмаслигини тан олиб айтадиган бўлсак, амнистия жамиятнинг маънавий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга қарордир.

Шунинг учун ҳам қабул қилинган ҳар бир амнистия актини нафақат озодликдан маҳрум этилганлар ва уларнинг яқинлари, балки кенг жамоатчилик хурсандчилик билан кутиб олади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг амнистия тўғрисида қабул қилган қарори ҳам кўплаб оилаларга қувонч бағишлади, барча-барчани мамнун этди.

Амнистия тўғрисидаги қарорга эътибор билан қаралса, унинг ҳар бир банди чуқур ўйлаб қабул қилингани аён бўлади. Қарорнинг биринчи бандида аввало аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган ёшлар жазодан озод қилиниши белгиланган. Бу бежиз эмас, албатта.

Бизда аёл зоти ҳар доим ҳимоя этилган, асраб-авайланган, эъзозланган. Аёлни оиласидан, фарзандларидан ажратишнинг ўзи кўнгилга нохушлик солади, юракни оғритади. Қолаверса, бундай ҳолатлар оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаганларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўсмир бола ҳали мустақил фикрга эга бўлолмайди, қилаётган ҳаракатига жавобгарликни тўла ҳис этмайди, англамайди. Қонунни яхши билмаслик ёки ўз ҳаракати жиноят эканини, унга жазо муқаррарлигини тушунмаслик оқибатида жиноят содир этганлар оз эмас. Лекин қонунни билмаслик жазодан озод этмайди. Бу ўринда айнан инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб, ўн гулидан бир гули очилмаган, 18 ёшга тўлмаганларнинг ҳаёти олдинда экани ҳисобга олиниб, улар кечирилмоқда, хатодан хулоса чиқариб, тўғри йўлга ўтиш учун уларга имконият берилмоқда, ишонч билдирилмоқда.

Қарорга мувофиқ, шунинг­дек, 60 ёшдан ошган эркаклар ва чет давлатлар фуқаролари ҳам маҳкумликдан озод этилмоқда. Ёши бир жойга бориб қолган пайтда қамоқда ётган инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолатини ҳис этиш қийин эмас. Унинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги, оиласи бағрига қайтишининг аҳамияти ҳисобга олинмоқда.

Инсонпарварлик тамойилига амал қилиниб, 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари, Амнистия тўғрисидаги ушбу қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган, деб топилганларга ҳам мурувват кўрсатилмоқда.

Маҳкумлар орасида эҳтиётсизлик сабабли жиноят содир этганлар, шунингдек, қасд­дан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этгани учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод этилмоқда.

Қарорнинг 3-бандида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар ҳам жазодан озод этилмоқда. Бироқ бу банд жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганларга нисбатан қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинмоқда.

Бу ўринда «биринчи марта» ва «тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар» сўзларига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Тинчлик ва хавфсизликка қарши содир этиладиган жиноятлар аслида оғир жиноятлар саналади. Аммо бунда бузғунчи ҳаракатга биринчи марта аралашиб қолган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтганлар кечирилмоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, ушбу қарорнинг 1- ва 2-бандларида қайд этилган жиноят ишлари тугатилмоқда. Бу қарор кўплаб одамларни судланганлик тамғасидан ва жиноий жавобгарликдан асраб қолади.

Ҳаётда ҳар хил хатолар бўлади. Бирини кечириш мумкин, бошқасини кечириб бўлмайди. Жиноятлар тури, даражаси ҳам ҳар хил. Ҳеч қачон кечириб бўлмайдиган жиноятлар ҳам бор. Масалан, ушбу амнистия акти ўта оғир ва хавфли жиноятларни содир этиб, узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум этилганларга, ўта хавфли рецидивист деб топилганларга, жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган, жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган, муқаддам авф этиш ёки амнистия қўлланиб, жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга, шунингдек, ўлим жазоси авф этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Қарорнинг ҳар бир банди диққат билан ўқилиб, фикр юритиладиган бўлса, инсон тақдири тўғрисида жиддий қайғурилаётгани, билиб-билмай жиноятга қўл урган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлганларни имкон қадар кечиришга ҳаракат қилинаётгани билинади.

Демак, адашганларга, тўғри йўлга қайтмоқчи бўлганларга давлатимиз томонидан катта мурувват кўрсатилиб, уларга имкон берилмоқда. Бундан чуқур хулоса чиқариб олмоқ керак бўлади.

Ушбу Қарор матбуотда эълон қилинган кундан кучга кирди. Қарорнинг қўлланилишида бевосита иштирок этиш ҳамда бу жараён очиқ-ошкора амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш сенаторлар ва депутатлар корпусининг вазифалари этиб кўрсатилди. Бу унинг ўз вақтида ва адолатли қўлланилишини таъминлайди.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

 



DB query error.
Please try later.