15.11.2014

САЙЛОВЛАРДА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТИШ

бош мақсадимиздир

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VIII қурултойида янги Сайловолди дастури тасдиқланди, сайлов кампаниясини муносиб ўтказиш, шунингдек, партия ҳаёти билан боғлиқ бошқа масалалар муҳокама этилди. Маҳаллий партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдига муҳим стратегик вазифалар қўйилди. Ҳозирда барча даражадаги партия ташкилотларида қурултойда белгиланган вазифалар ижроси, айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларда муносиб иштирок этиш учун аниқ режа асосида иш олиб борилмоқда.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

Қурултойда мамлакат умуммиллий манфаатлари, дастурий мақсадларимиздан келиб чиққан ҳолда, партия электорати вакилларининг узоқ муддатли манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларини ўрганиш, шунингдек, оммавий-сиёсий, тар­ғибот-ташвиқот ишлари, сиёсий маърифат тизимида замонавий интерфаол усуллар, сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш орқали ўқувлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шуларни инобатга олган ҳолда, маҳаллий партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ишини кучайтириш, улар ўртасида ўзаро изчилликни таъминлаш, муаммоларни шунчаки таъкидламасдан, амалий ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни доимий мониторинг қилишда депутатлар ва бошланғич ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича зарур режалар ишлаб чиқилмоқда.

Энг асосийси, сайловларда муносиб қатнашиш учун зарур ташкилий тадбирларни ўз вақтида ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Хоразм вилоятида 60 сайлов округи, 455 сайлов участкаси ташкил этилган. Ҳозирда 416 сайлов участкаси учун биттадан ваколатли вакил ва кузатувчи танлаб олиш ишларини якунлаяпмиз. Бундан ташқари, депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган учрашувлар ўтказилмоқда.  

Диёр МУРОДОВ, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

Сайлов жараёнида барча партия ташкилотлари бир бутун механизм сифатида ишласагина, кўзланган мақсадга эришса бўлади. Қурултойда бу борада аниқ вазифалар қўйилган эди. Асосийси, партиямизнинг янги Сайловолди дастуридаги долзарб масалалар мазмун-моҳиятини сайловчиларга чуқурроқ тушунтиришимиз лозим. Мисол учун, сайловчиларга партиянинг парламентдаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ўтган беш йилда берилган қонуний ваколат ва ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда амалга оширган ишлари, аҳоли, айниқса, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ташаббусларини ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб бериш зарур.

Ўтган сайловда вилоят кенгашимиздан кўрсатилган бирорта номзод Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланмаган эди. Шу боис йўл қўйган хато ва камчиликларимизни таҳлил қилган ҳолда, бу сафарги сайлов кампаниясида уларни такрорламаслик, фаолиятимизни ҳар томонлама изчил йўлга қўйишга интилаяпмиз. 

Бу йилги сайловларда вилоятимиз бўйича 41 минг нафарга яқин йигит-қиз биринчи марта иштирок этади. Шунинг учун улар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Обиджон ЖЎРАЕВ, ЎзХДП Ангор туман кенгаши раиси:

— Партиямиз қурулто­йида маҳаллий партия ташкилотлари ташаббускорлигини ошириш сайлов жараёнида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. Шу боис сайлов билан боғлиқ жараёнларга жиддий масъ­­­улият билан ёндашаяпмиз. Туманимизда пар­тиямизнинг икки мингга яқин аъзоси 46 бошлан­ғич ташкилотга бирлашган. Сайловда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда сайловолди ташвиқоти бошланади. Сайловолди ташвиқотини турли мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, шунингдек, депутатликка номзод ҳамда партиямиз тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб боришни режалаштираяпмиз.

Бундан ташқари, босма, кўргазмали, аудиовизуал материаллар, фоно­граммалар, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини тарқатиш орқали ташкил этиш кўзда тутилган.

Халқ депутатлари Ангор туман Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодларимизнинг ўз сайловолди дастурлари туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларидан келиб чиқиб, тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Нафиса МАМАСОЛИЕВА, Уйчи туман спорт коллежи директори, ҳудудий бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

— Қурултойда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш бўйича фикрлар билдирилди. Дарҳақиқат, электорат билан иш олиб боришнинг муҳим бўғини бўлган бошланғич ташкилотлар фаоллигини ошириш, сайлов жараён­ларида уларнинг салоҳиятидан, етакчи аъзолар имкониятларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис биз бошланғич ташкилотларни тегишли сайлов ҳудудларига – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайлов бўйича сайлов округлари ҳамда сайлов участкалари ҳудудларига бириктиришга эътибор қаратаяпмиз.

Сайлов кампанияси даврида бош­лан­ғич ташкилотимиз аъзо­­­­­­­лари кўмагида ҳар бир аҳоли яшаш жойларида ЎзХДП­нинг қатъий тарафдори бўлган инсонларнинг доирасини кенгайтириш, сайловда номзодларимизни қўллаб-қувватлашларига эришишга ҳаракат қи­ламиз.

Айни пайтда сайлов жараёнлари муҳим паллага кириб бормоқда. Шу боис бошланғич ташкилотлар, туман ва шаҳар кенгашлари, партия аъзолари, хайрихоҳлари ҳамда ижтимоий шериклар ўзаро тизимли механизм асосида иш олиб бориши лозим. Бу сайлов кампаниясининг муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.   

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.