Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
15.11.2014

МЕКСИКА: САЙЛОВ НАТИЖАЛАРИ

мамлакат тақдирини ҳал қилади

Бугунги кунда жамиятнинг демократлашуви, иқтисодиётнинг тараққий этиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши кўп жиҳатдан сиёсий партиялар фаолияти билан боғлиқдир. Қайси давлатда сиёсий кучлар фаол бўлса, ўша юрт фуқароларининг сиёсий-ҳуқуқий дунёқараши юқори бўлади, демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топади.

Дунёда ҳар томонлама ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилаётган Мексика сиёсат майдонида 10 га яқин партия ўз ғоялари учун кураш олиб бормоқда. Мексика парламенти икки палатали бўлиб, Сенат ҳамда депутатлар палатасидан иборат. Сенат 128, қуйи палата эса 500 нафар депутатдан ташкил топган. Охирги сайловларда 6 етакчи сиё­сий партия парламентда депутатлик ўринларини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Мазкур мамлакатда нуфузли сиёсий куч ҳисобланган Институциявий инқилоб партияси сўнгги сайловларда парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритган. Хусусан, 2009 йилда бўлган сайловда қуйи палатада 241 мандатга эга бўлди. Аҳамиятли томони, мамлакат Президенти Энрике Пенья Ньето 2012 йилда ўтказилган сайловларда айнан мазкур партиядан номзод сифатида кўрсатилган эди. Бундан кўриниб турибдики, ушбу сиёсий партия­нинг ғоялари, мақсад-вазифалари халқ томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Партиянинг мафкурасига эътибор қаратадиган бўлсак, унда асосан социал-демократик тамойиллар устувор эканини кўрамиз. Институциявий инқилоб партияси ўзининг тарихий тараққиёти давомида мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, ўрта синф вакилларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, сиёсий партияларга тенг имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 1992 йилдан эътиборан эса партия мафкурасида «социал-либерализм» ғояси муҳим ўрин тута бошлади.

Маълумотларга қараганда, Мексикадаги оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу партия фаолиятини доимий равишда ёритиб, қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бу эса унинг жамиятда юқори нуфузга эга бўлиши, тарафдорлари янада кўпайишига хизмат қилмоқда.

Мексикада социал-демократик ғоялар тарафдори бўлган яна бир йирик сиёсий ҳаракат — бу Ишчи партияси ҳисобланади. Ушбу партия 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрнига эга. Айни вақтда Ишчи партияси парламент қуйи палатасида 13, Сенатда эса 5 депутатлик ўрнига эга.

Партия Сайловолди дастурида фикрлар хилма-хиллиги, ижтимоий адолат, мамлакатда демократик принципларни қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, партия банк-молия тизимини ислоҳ қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳам кураш олиб бормоқда.

Парламентда энг кўп депутатлик ўринларидан бирини қўлга киритган Миллий ҳаракат партияси ўз атрофида асосан консерватизм ғоялари тарафдорларини бирлаштирган. 1939 йилда тузилган партия ўз мавқеини ҳозиргача сақлаб келмоқда. Уларнинг қуйи палатада 114, Сенатда эса 38 нафар депутати фаолият кўрсатади. Ушбу сиёсий куч асосан социал-демократик ғоялар тарафдори бўлган партиялар билан рақобатга киришади. Консерваторлар азалий қадриятларни сақлаб қолиш учун курашгани боис жамиятда асрий анъаналар ва қонун устуворлигини таъминлаш, ёшларни аждодларга муносиб ворис этиб тарбиялашга жиддий эътибор беришади. Шунингдек, хусусий мулкчиликни қўл­лаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, таълим, фан, маданият соҳаларини ривожлантириш, йирик бизнесменлар ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш улар ғоясининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бироқ, мамлакат президентлигига ўтказилган охирги сайловда омад консерваторлардан юз ўгирди. Миллий ҳаракат партиясидан президентликка номзоди кўрсатилган Хосефина Васкес Мота муваффақиятсизликка учради. Мамлакат тарихида президентликка кўрсатилган илк аёл номзод сайлов натижасига кўра, фақатгина учинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўл­ди.

Бундан ташқари, Мексикада Яшил экология, Демократик инқилоб ҳамда Коммунистик партиялар ҳам ўз мав­қеига эга. Улар ўз олдига қўйган мақсади, сайловолди дастури, амалга ошираётган ишлари билан бир-биридан тубдан фарқ қилмайди. Аксинча бир-бирини тўлдириб боради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда дунёда юксак суръатлар билан ривожланаётган давлатларда, энг аввало, сиёсий партиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мамлакатнинг эртанги куни кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг ҳаракати, олдига қўйган мақсадларини қай даражада амалга оширишига боғлиқ. Шу боис фуқаролар энг муҳим жараён — сайловларда фаол иштирок этади. Чунки сайлов натижаси мамлакат тақдирини ҳал қилади.

 

Нурали ПИРИМҚУЛОВ



DB query error.
Please try later.