13.11.2014

МИЛЛИЙ САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ

демократик андозаларга тўла мос келади

Сайлов жараёни уюшқоқлик билан очиқ ва ошкора, адолатли ўтиши кўп жиҳатдан аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билимига боғлиқ.

Таҳририятимизга келаётган хатларда сайлов қонунчилигига оид турли саволлар қўйилаётгани фуқароларимизнинг сайловларга қизиқиши ортиб бораётгани, сиёсий маданияти юксалаётганини кўрсатади.

«Мен бу йил 18 ёшга тўлдим. Конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларда илк маротаба ўз овозим билан иштирок этаман. Менга овоз бериш тартиби ҳақида тушунча берсангиз?

Шаҳноза ЖЎРАЕВА,

Андижон вилояти, Избоскан тумани, «Намуна» қишлоғи».

Саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси, Дилбар Холиқова жавоб беради:

— Албатта, жуда ўринли савол. Чунки сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёшлар овоз бериш тартиби, қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши зарур.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддасида овоз бериш тартиби белгилаб берилган. Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг у ерда ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақли.

Сайловда сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган депутатликка номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги қўяди. Шундан сўнг овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди. Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра, янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган бюллетенлар ҳи­собга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

«Сайлов куни чет элда бўлган ёки ўз яшаш жойида бўлмаган фуқаролар қандай тартибда овоз бериши мумкин?

Юлдуз ҚОДИРОВА, Қашқадарё вилояти, Китоб тумани».

Саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Ҳожибеков жавоб беради:

— Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчилар, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участ­ка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қў­йилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади.

Сайлов куни овозларни санаб чиқиш вақтида мазкур конверт очилади ҳамда ҳисобга олинади.

Айрим сайловчилар ­саломатлигининг яхши эмас­лиги ёки бошқа сабабларга кўра, овоз бериш биносига кела олмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда, уларнинг илтимосига биноан, участка сайлов комиссияси комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади. Бу эса мамлакатимизда инсон манфа­атлари ва ҳуқуқларини таъминлашга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА

ёзиб олди



DB query error.
Please try later.