13.11.2014

ИШОНЧНИ АМАЛИЙ ИШЛАР БИЛАН МУСТАҲКАМЛАШИМИЗ КЕРАК

Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Халқ демократик партияси VIII қурултойида келтирилган таҳлиллар, билдирилган фикр-мулоҳазалар партиянинг ҳар бир ташкилотидан ўз фаолияти бўйича хулоса чиқаришни, келгуси устувор вазифалар бажарилишида фаол иштирок этишни тақозо этмоқда. Айниқса, сайловга тайёргарлик жараёни кетаётган шу кунларда бунинг аҳамияти каттадир.

Қурултой кун тартибида муҳокама қилинган айрим масалалар юзасидан Фарғона вилоят партия кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамовнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

— Халқ фаровонлиги ортишининг муҳим кўрсаткичларидан бири жамиятда ижтимоий ва моддий ёрдамга муҳтож қатламнинг босқичма-босқич қисқариб боришидир, — дейди у. — Қурултойда партиямизнинг беш йиллик фаолияти таҳлили бу борада катта ютуқларга эришганимизни кўрсатди. Партиямизнинг янги Сайловолди дастури шу йўналишдаги ҳаракатларимиз кўламини янада кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли. Иқтисодиётда бозорнинг чексиз ҳукмронлигига йўл қўйиб бўлмайди, бозор иқтисодиёти жамиятдаги ижтимоий ислоҳотларга йўналтирилган бўлиши зарур.

Ўтган фаолиятимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган кишилар, пенсионерлар, иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган фуқаролар манфаатлари ҳимояси асосий эътиборда бўлди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал қилишга қаратилган қатор масалалар ўрганилди ва доимий комиссиялар ҳамда сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди. Хусусан, доимий комиссияларда 149 та, сессияларда 64 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Бунинг натижасида аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож кишиларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ кўпгина масалалар жойларнинг ўзида ҳал этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партия­си вилоят ташкилоти томонидан ўтган йиллар давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 5 та чора-тадбир режаси ва 2 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Уларни амалга ошириш натижасида қиймати 22 млрд. 584 млн. сўм бўлган 197 та лойиҳа амалга оширилиб, 2600 дан ортиқ барқарор янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Партиямизга одамлар ишончини мустаҳкамлашда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг таъсири ҳақида нималар дея оласиз?

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоятимизнинг энг чекка жойларида истиқомат қилаётган фуқаролар орасига ҳам айнан Жамоатчилик қабулхоналари орқали кириб бормоқда. Бу бизнинг энг катта ютуғимиз, деб ўйлайман. Чунки қабулхоналар электорат манфаатларини ҳимоя қилишнинг тажрибадан ўтган самарали, таъбир жоиз бўлса, замонавий воситасига айланди. У орқали электоратни ўйлантираётган масалалар ўрганилади, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича иш олиб борилади, одамларнинг партияга ишончи ортади.

Ўтган давр мобайнида вилоят бўйича Жамоатчилик қабулхоналарига 4 минг­дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2,5 мингдан кўпроғи ёки қарийб 65 фоизи партия ташкилотларимиз, депутатларимиз фаоллиги билан ҳал этилган. Қолганларига юридик маслаҳатлар берилди. Мурожаатлар юзасидан депутатлар томонидан 400 га яқин сўров юборилган.

Ҳеч ким қабулхоналарга шунчаки келмайди, ҳар бир мурожаат ортида кишини ўйлантирадиган бирор бир муаммо, ижтимоий масала ётади. Баъзида электорат вакиллари ўз ҳуқуқлари, манфаатларини амалга ошириш жараёнида айрим мансабдорларнинг совуққонлигига, ортиқча расмиятчиликка дуч келади. Шу сабабдан Жамоатчилик қабулхоналарига тушган ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор берамиз, у изсиз кетмаслиги учун ҳаракат қиламиз. Биргина мурожаатга бепарво муносабатда бўлиш ҳам одамларда ва умуман, жамоатчиликда ишончсизлик кайфиятини уйғотади. Шу боис ҳам қурултойда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

– Партиянинг дастурий ғояларини тарғиб қилишда, бошқа партия­лар билан баҳсга киришишда нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?

— Бизнинг таҳлилларимизга кўра, сайловдан сайловга сиёсий партиялар ўртасида рақобат янги босқичга кўтарилиб бормоқда. 2009 йилги сайловлар чоғида, айниқса, дастурлар кураши яққол сезилди. Бу жараёнда биз ўз камчиликларимизни ҳам билиб олдик. Аввало, дастурларни тарғибот қилиш ишларига жиддий қараш кераклигини тушуниб етдик. Ғоялар тарғиботини ҳаётий мисоллар асосида олиб боришни йўлга қўйдик.

Ўтган беш йил давомида биз «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови, «Мен нима учун ЎзХДПни танладим?», «Мен депутат бўлсам...»,  «Партия фаолиятида PR услублари» каби ва бошқа мавзулардаги дебатлар ташкил этиш орқали аъзоларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга ҳаракат қилдик. Бундай тадбирлар бошланғич партия ташкилотларидан тортиб, вилоят миқёсигача ўтказилди. Ўйлайманки, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар бу йилги сайловда ўз натижасини кўрсатади. Биз сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида иштирок этиш билан бирга, жамоатчиликка, партиямиз электорати вакилларига партия ташкилотларимиз ҳамда депутатларимиз қилаётган амалий ишлар тўғрисида ахборот бериб боришимиз зарур.

Одамлар партиямиз нима учун курашаётгани, шу вақтгача Сайловолди дас­тури ижроси юзасидан қандай ютуқларга эришганимиз ҳақида холис ахборотга эга бўлиши керак. Бу бизнинг ғояларимиз ва фаолиятимизни қўллаб-қувватловчилар кўпайишида муҳим аҳамиятга эга.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Муҳаммаджон ОБИДОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.