13.11.2014

ВАКИЛЛИК ҲОКИМИЯТИ ВАКОЛАТЛИ ҲОКИМИЯТДИР

Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, яъни вакиллик ҳокимияти органларига бўладиган сайловлар бутунлай янгича шароитда ўтади. Аввалги сайловлардан кейин қонунчиликка киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар вакиллик ҳокимиятининг ҳуқуқини янада кенгайтирди, давлат органлари тизимида мавқеини янада мустаҳкамлади. Парламент, халқ депутатлари туман, шаҳар ҳамда вилоят Кенгашларига сайланадиган бу галги депутатлар давлат ишлари, шунингдек, ҳудудлардаги муҳим масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда кенг имкониятга эга.

Одамларни кўпроқ қизиқтираётган масалалардан бири — вакиллик ҳокимияти тушунчасининг моҳияти ва аҳамияти ҳамда қонуний асосларини шарҳлаб беришни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги инс­титути бўлим бошлиғи, юридик фанлари номзоди Миравзал МИРАКУЛОВдан сўрадик.

— Вакилликни у ёки бу шахс номидан (муайян шахс, фуқаро ёки уларнинг бирлашган гуруҳи, сиёсий партия, ташкилот, халқ ёхуд давлат номидан) ҳаракат қилиш, қарорлар қабул қилиш, айни пайтда уларни бажариш имкониятини берадиган ваколат, деб таърифлаш мумкин, — деди у.

— Дунё конституцияшунослиги тарихи ва ҳозирги амалиётида халқ вакиллиги, корпоратив, конфессионал, минтақавий, ҳудудий каби турли вакилликлар таснифланади. Уларнинг ичида халқ ваколат берган вакиллик алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Яъни, бунда фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқариш, ўзлари номидан иш кўриш учун вакилларига ваколат беради.

Шу маънода, вакиллик ҳокимияти деганда, жамият ва давлат ишларини бошқаришда халқ номидан муайян муддатга иш кўриш учун сайланган вакилларнинг ваколатлар йиғиндиси тушунилади. Мазкур тушунча ҳокимиятнинг табиатини, уни амалга ошириш усулини тавсифлайди. Унинг муҳим аҳамияти шундаки, биринчидан, ҳокимият халққа тегишли эканлигини англатади, яъни унинг хоҳиш-иродаси давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилаб беради. Иккинчидан, халқ ўз вакилларини эркин ва адолатли сайловларда мустақил, муайян муддатга сайлаб, хоҳиш-иродаси, истакларини даврийлик асосда билдириб туриш имкониятини беради. Учинчидан, мазкур тушунча ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципига хизмат қилади. Тўртинчидан, мазмун-моҳиятига кўра, давлат ҳокимияти «халқ номидан», «халқ учун», «халқ манфаатлари йўлида» амалга оширилишини таъминлайди.

Вакиллик ҳокимиятига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Қорақалпо­ғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари киради. Вакиллик функцияси фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этишини таъминлаш шаклларидан бири сифатида парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг умумхалқ манфаатларини ифодалашини англатади. Шу боис уларнинг аъзоларига нисбатан «халқ вакили» атамаси қўлланилади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, вакиллик демократиясида парламент аҳолининг кўзи, қулоғи ва овози сифатида фаолият кўрсатиши лозим.

Маълумки, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига вакиллар, яъни депутатлар маълум муддатга (масалан, бизнинг мамлакатимизда 5 йилга) сайланади. Шу маънода, таркибнинг алмашиб туриш имкониятининг таъминлангани ҳам вакилликнинг муҳим белгиси саналади. Фуқаролар ваколат берган вакил муайян муддатда ишончни оқлай олмаса, сайлаш орқали вакиллик ваколати бошқага берилади. Яъни, ҳокимият кимда бўлишини фуқароларнинг умумий хоҳиш-иродаси ҳал қилади.

— Вакиллик ҳокимияти асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қандай кафолатланганини қисқача шарҳлаб берсангиз.

— Бош Қомусимизнинг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги қайд этилган. Бу меъёр мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти юзага келиши ва ривожланишининг энг муҳим асосларидан ҳисобланади. Конституциямизнинг 32-моддасида эса фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари ор­қали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар, деб белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, 117-моддада фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши, Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга экани кабилар конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциямизнинг XVIII боби олий давлат вакиллик органи бўлмиш қонун чиқарувчи ҳокимиятга бағишланиб, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палатадан иборат эканлиги,  уларнинг ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида 2011, 2014 йилларда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ижтимоий-сиё­сий вакиллик ҳокимияти ролини янада оширишда ўта муҳим аҳамият касб этди. Бoш вaзир лaвoзимигa нoм­зoд кўрсaтиш вa уни тaсдиқ­лaшнинг янaдa дeмoк­рaтик принциплaрини ифoдa­лaй­дигaн янги тaртиб ўрнa­тилди. Унга кўра, Бош вазир номзоди Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдорда энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади. Мазкур кoнс­ти­туциявий тaртибнинг бeлги­лaниши, Бош вазирга нисбa­тaн ишoнчсизлик вoтуми инс­титутининг жoрий этилиши халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳамда унинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилишига оид конституциявий принципни яна бир бор тасдиқлади.

Жорий йилда Конституция­мизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ички ва ташқи сиёсатнинг стратегик вазифаларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтирди, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро этувчи органлар фаолияти устидан қонун чиқарувчи олий органнинг, маҳаллий вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтирди. Асосий қонунимизнинг 78-моддасида палаталарнинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколати мустаҳкамланди. Асосий Қонунимизнинг 98-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда палаталарнинг парламент назоратини амалга ошириш ваколатини таъминлашнинг қўшимча реал механизмлари белгиланди. Гап Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекис­­тон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётганида Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши ва Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этиши ҳақида бормоқда. Бу орқали Ҳукумат фуқаролар сайлаган вакиллар сиймосида халқ билан ўзи режалаштираётган ишларини бамаслаҳат ҳал қилади.

Бундан ташқари, эндиликда Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлисга ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маъруза тақдим этади. Шу тартибда фуқаролар парламентдаги вакиллари орқали Бош вазирни тасдиқлаш, Ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган  фаолиятини мунтазам кузатиб, баҳо бериш имкониятига эга бўлади. Булар мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти ҳуқуқ ва ваколатлари илғор демократик парламентаризм тажрибасига мувофиқ равишда кенгайиб бораётганини англатади.

— Демак, ривожланган демократик давлатлар тажрибасига таянган ҳолда, мамлакатимизда вакиллик ҳокимиятининг юқори органи — парламентнинг ўрни ва таъсири мустаҳкамланди. Лекин шу ўринда вакиллик ҳокимиятининг муҳим бўғини бўлган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳуқуқий мақоми, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал қилишда уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари қатор қонун ҳужжатларида кафолатланган. Хусусан, халқ депутатлари Кенгаши ҳокимнинг тақдимига биноан ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дас­турларини, маҳаллий бюджетларни ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, ҳоким ва унинг ўринбосарлари фаолиятига доир ҳисоботларни, халқ депутатларининг сўровларини қараб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш, ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш каби ваколатларга эга. Бу «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасида белгиланган.

2007 йилда қабул қилинган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 7-моддаси халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ҳуқуқини беради. Бундай ташаббус етакчи партия гуруҳлари томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти бу ташаббуснинг халқ депутатлари Кенгашидаги муҳокамасини тайинлайди ва муҳокама натижаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

2014 йил январь ойида «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, партия гуруҳларининг мақоми ва ҳуқуқлари янада аниқлаштирилди. Ушбу Қонунга мувофиқ, партия гуруҳларининг давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи сессияси кун тартибини тузишда иштирок этиш, тегишли равишда давлат органларининг турли даражадаги идоралари раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиш, тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботини ёки ахборотини сессияларда эшитиш ҳақида таклифлар киритиш каби ҳуқуқлари янада мустаҳкамланди. Қонунга кўра, партия гуруҳларининг таклифи албатта кўриб чиқилиши зарур.

Маҳаллий вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳақи­да гап кетганда, жорий йил Конституциямизнинг 103-моддасига киритилган қўшимча алоҳида эътиборга моликдир. Унга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши белгиланди. Бу маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг маҳаллий вакиллик органлари олдидаги ҳисобдорлиги ва масъулиятини оширишнинг кафолати бўлди.

Юқорида келтирилган мисоллар ва фикр-мулоҳазалардан кўриниб турганидек, Ўзбекистонда вакиллик ҳокимияти самарали амалга ошиши учун етарли ҳуқуқий шароит, айтиш мумкинки, пухта механизм жорий қилинган. Эндиликда ҳамма гап халқ вакиллари — депутатлар салоҳияти ва масъулиятига боғлиқ. Шунинг учун ҳам сайловлар давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий, тарихий воқеа ҳисобланади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.