Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
11.11.2014

ИШ ЎРИНЛАРИНИНГ АСОСЛАРИ ВА КАФОЛАТЛАРИ

йилдан йилга мустаҳкамланмоқда

Яқинда парламент Қонунчилик палатаси мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари, хусусан, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини қабул қилди. Энди мазкур Дастур Олий Мажлис Сенатининг шу ҳафта бўлиб ўтадиган ялпи мажлисида кўриб чиқилади.

Мухбиримиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Фахриддин РАЖАБОВ билан Дастурнинг аҳамияти, уни амалга ошириш механизмлари ҳақида суҳбатлашди.

— Жаҳон оммавий ахборот воситаларида дунёнинг айрим давлатлари бандликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор бермаётгани ёки тўғри йўл тополмаётгани, оқибатда ишсизлик муаммоси янада чуқурлашиб кетаётгани ҳақида тез-тез таъкидланмоқда. Халқаро экспертлар ва мутахассислар ишсизликни камайтиришда энг муҳим вазифа — давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозим эканини айтяпти. 2015 йилга мўл­жалланган Дастурнинг умумий хусусиятларидан келиб чиқиб, шу масалалар хусусида нималар дея оласиз?

— Эътибор берган бўлсангиз, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури дунёда молиявий-иқтисодий инқироз кучайган пайтда, яъни 2009 йилдан бери ҳукумат ишлаб чиққан лойиҳа асосида парламент томонидан қабул қилиняпти.

Дастурнинг шаклланиши ҳам бир неча босқичда амалга оширилмоқда. Аввал унинг кўрсаткичлари туман, шаҳарлар, кейин эса Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятлар миқёсида муҳокама қилин­япти. Шулар асосида мамлакат бўйича таҳлиллар ва маълумотлар умумлаштирилиб, ҳукумат томонидан дас­тур лойиҳаси ишлаб чиқилаяпти. Дастурни шакллантиришда ҳудудларнинг ривожланиш ҳолати, иш ўринларига эҳтиёж, фуқаролар ва давлат имкониятлари ҳисобга олиняпти. Дастурнинг ижро жараёни ва уни назорат қилиш механизми ҳам такомиллашиб боряпти. Бошқача айтганда, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини самарали ҳал этишда барча ҳудудлар ва тармоқлар қамраб олиняпти, давлат ва жамиятимиз саъй-ҳаракатлари шу масалага йўналтирилмоқда.

Дастур йўналишлари Халқаро меҳнат ташкилоти тавсия­ларига мувофиқ келади. Хусусан, унда ёшлар, меҳнат мигрант­лари ва аёлларни ишга жойлаштириш юзасидан тегишли чоралар белгиланган. Умуман, бандлик дастури аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ва самарали ҳужжат экани мутахассислар хулосаларида ҳам, ҳаётда ҳам ўз исботини топмоқда.

Битта янги иш ўрни очиш, бир одамни ишли қилиш ҳам ўз-ўзидан бўл­майди. Бунинг учун ишончли иқтисодий асос керак. Шу маънода Дастурга мувофиқ, 2015 йилда ташкил этилиши кутилаётган иш ўринлари ва уларнинг иқтисодий асослари ҳақида маълумот берсангиз.

— Дастурда кўзда тутилган иш ўринлари ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга қаратилган дас­турлар билан узвий боғланган. Шу ўринда дастурнинг кўрсаткичларини иқтисодий жиҳатдан асослаш, яратилаётган иш ўринларининг ҳаққо­нийлигини таъминлаш бўйича ҳар йили жиддий ишлар қилинаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Келгуси йил мамлакатимизда жами 261,6 мингта янги иш ўрни ташкил этиш ҳамда 725,9 минг кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Янги иш ўринлари асосан саноатни, хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларини ривожлантириш ҳисобига яратилади. Иш ўринлари аниқ иқтисодий дас­турлар билан асосланган. Уларнинг манбаси, ҳудуди ва муддати аниқ. Яратилиши кутилаётган иш ўринлари таснифлаб чиқилган.

Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, уй меҳнатини ташкил этиш, фермер хўжаликларини янада ривожлантириш ҳамда ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига ҳам аҳоли бандлиги таъминланади.

Бу ўринда эътиборга молик масала шундаки, мамлакатимизда йилдан-йилга мақсадли дастурлар асосида яратиладиган иш ўринлари кўпайиб ­боряпти. Бундай иш ўринларининг барқарорлик кафолати мустаҳкам бўлади. Масалан, келгуси йил юртимиз бўйича саноатда 115 мингдан ортиқ, хизмат кўрсатишда 67 мингга яқин, ишламай турган корхоналар фаолиятини тиклаш орқали 30 мингдан кўпроқ иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда. Ушбу рақамлар ўз нав­батида иқтисодиётимиз бар­қарорлиги ошаётганини ҳам билдиради.

Парламент таклифларига биноан ўтган йилдан бошлаб Дастурда таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича чоралар кўзда тутилмоқда. Келгуси йилга мўлжалланган Дастурда меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш масалалари ҳисобга олинган. Шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

— Дастурга мувофиқ 2015 йилда янги яратиладиган, шунингдек, бўш (вакант) ва захира қилинадиган (квота) иш ўринларига касб-ҳунар коллежларининг 487,7 мингга яқин битирувчисини (уларнинг маълум қисми олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириши ва бошқа ҳолатларни инобатга олган ҳолда) ишга жойлаштириш мўлжалланган.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича махсус комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Уларни амалга оширишда манфаатдор вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳо­ким­ликлар, корхоналар ва ташкилотлар иштирок этади. Хусусан, корхоналар (иш берувчилар), коллежлар, битирувчилар ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар самарадорлигини ошириш ва шартнома шартларига риоя этилишини таъминлаш, коллежлар битирувчиларини ишга қабул қилаётган кичик корхоналар учун белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш кўзда тутилади. Барча вилоятлар марказларида, йирик шаҳар ва туманларда, салоҳиятли иш берувчиларни жалб этган ҳолда, 1200 га яқин ихтисослаштирилган иш ўринлари ярмаркалари ўтказилади.

Бу ўринда асосий масалалардан бири Меҳнат кодекси ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ жорий қилинган меъёрларни амалга ошириш ҳисобланади.

2015 йилда меҳнат мигрант­лари бандлигини таъминлаш бўйича махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади. Жумладан, меҳнат мигрантларига юқори малакани талаб этмайдиган бўш иш ўринларини таклиф этиш, ишлаб чиқаришни (хизмат кўрсатишни) ташкил этиш ва иш ўринлари яратиш шарти билан фойдаланилмаётган объектларни «ноль» қийматида топшириш, бўшаб қолган ер майдонларини бериш ва турли кредитлар ажратиш кўзда тутилмоқда.

— Келтирилган маълумотлар, рақамлардан ҳам кўриниб турибди, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури — кенг кўламли дастур. Фуқароларнинг устувор ҳуқуқларидан бўлмиш меҳнат ҳуқуқини рўёбга чиқаришда, турмуш фаровонлигини оширишда унинг аҳамияти беқиёс. Демак, Дастурнинг ижро механизми мукаммал даражада ва масъулият билан ташкил этилиши талаб қилинади. Дастур ижроси, унинг мониторинги бўйича йил давомида қандай ишлар қилиниши режалаштирилган?

— Дастур ижросини таъминлаш энг долзарб вазифа бўлиб қол­аяпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар йили тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитасининг электрон ахборот тизимидан фойдаланиб, Дастурнинг туман ва шаҳарлар, тармоқлар ва аниқ корхоналар бўйича бажарилиши тизимли ҳамда доимий мониторинг қилинади.

Дастур ижроси реал вақт режимида таҳлил этиб борилади. Ушбу механизм тасдиқланган иш ўринлари ташкил этиш параметрларидан ортда қолиши кузатилган корхоналар ва тармоқларни, бандлик йўналишларини, шунингдек, туманлар ва шаҳарларни аниқлаш имконини беради. Шу орқали дастур ижросини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Давлат статистика қўмитаси яратилган иш ўринлари тўғрисида тезкор маълумотлар ва давлат статистика ҳисоботларини мувофиқлаштириш чораларини кўради. Иш ўринларининг тугатилиши ва тугатилиш сабаблари бўйича статистик ҳисоб-китоб йўлга қўйилиши белгиланган.

Иқтисодиёт вазирлиги томонидан инвестиция, маҳаллийлаштириш, инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳамда бошқа дастурлар асосида яратиладиган иш ўринлари мониторинги амалга оширилади.

Дастур ижроси мониторинги ҳамда умумлаштирилган таҳлилий ахборот ҳар ойда Ҳукуматга киритиб борилади. Уларнинг натижалари Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишларида вазирликлар ва идоралар, ҳокимликлар ва йирик корхоналар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиниб, тегишли чоралар белгиланиши кўзда тутилган.

Шу ўринда айтиш керакки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва фракциямиз ҳамкорлигида бандлик дастури ижросини ўрганиш, бу борада депутатлик, парламент ва  жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича муайян тажриба тўпланган. Келаси йилда бу тажриба дастур ижросига муносиб ҳисса қўшишда, партиямиз электорати манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишда асқотади, деб ўйлайман.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

суҳбатлашди.




DB query error.
Please try later.