11.11.2014

ЯНГИ ТАКЛИФЛАР ВА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

Илгари хабар қи­лин­ганидек,  Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VIII қурултойи бўлиб ўтди. Унда партиянинг ўтган беш йилдаги фаолияти таҳлил этилди. Янги Сайловолди дастури қабул қилиниб, олдинда турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Қурултой кун тар­ти­бидан ўрин олган масалалар, делегатлар  билдирган фикр-мулоҳазалар партия фаоллари орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

Партиямиз раҳбари маърузасида қурултойдан-қурултойгача бўлган даврдаги ишлар чуқур таҳлил этилди, камчиликлар очиқ тан­қид қилинди. Шунингдек, эътибор қаратишимиз зарур бўлган масалалар кўрсатиб ўтилди. Масалан, партиямизнинг жамоатчилик орасидаги нуфузини ошириш энг муҳим вазифалардан биридир. Чунки бугунги одамларнинг фикри, дун­ёқараши ўсиб бораяпти. Ижтимоий психология ўзгаряпти, таъсир этиш усуллари ва йўллари  ривожланаяпти. Биз ҳам шундан хулоса чиқариб ишлашимиз зарур.

Ўтган давр мобайнида Сайлов­­олди дастури ижросини таъминлаш бўйича амалга оширган ишларимиз, одамлар эътироф этган ташаббусларимиз пар­тия­мизнинг жамиятдаги обрўси мустаҳкамланиши, жамоатчилик ўртасида эътибор қозонишида муҳим аҳамият касб этади, албатта. Маълумки, партиямиз турли лойиҳалар доирасида, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда хилма-хил тадбирлар ўтказиб, уларнинг мазмуни ва тафсилотини жамоатчилик, электорат вакилларига етказишда оммавий ахборот воситалари билан фаол ишламоқда.

Бироқ таҳлиллар кўр­сатяптики, оммавий ахборот воситаларида берилаётган материалларнинг асосий қисми партиямиз ўтказган тадбирлар ҳақидаги хабарлардан иборат бўлиб қолмоқда. Бугун одамларнинг дунёқараши, ахборотни қа­бул қилиш, таҳлил этиш психологияси тез ўзгармоқда. Тадбирлар ҳақидаги қуруқ маълумотлардан кўра, янги ташаббус, аниқ амалий иш ҳақидаги ахборот самаралироқ ҳисобланади.

Партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бў­ладиган сайлов учун ўз номзодларини кўрсатди. Энди партиямиз ғоялари, дастурий мақсадлари, номзодлар дас­турлари тарғиботи кучаяди. Бу жараёнда ҳар бир фаолимиз, ҳар бир номзодимиз оммавий ахборот воситаларида чиқиши пар­тиямиз имижини яхшилашда муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун пар­тия­миз жозибадор қиёфасини шакллантиришда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш чораларини кучайтиришимиз лозим бўлади.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— 2009 йилдаги сайловлардан кейин мамлакатимиз сайлов қонунчилиги янги меъёр ва қоидалар билан янада бойиди. Сайловларни очиқ ва ошкора, демократик принциплар асосида ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари умумэътироф этилган халқаро талабларга янада мослаштирилди. Бунда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғояларнинг амалга ошиши муҳим ўрин тутди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунлар ҳар томонлама такомиллашгани сайловларнинг демократик тартиб-қоидалар асосида ўтишига хизмат қилади. Қо­нунчиликка кўра, сайлов жараёнининг барча бос­қичларида сиёсий партиялардан кузатувчилар, ОАВ вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирок этади. Умуман, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик принциплар асосида ўтказиш борасида етарли шароит яратилган.

Шундан келиб чиқиб, сайлов кампанияси даврида улардан унумли фойдаланишимиз керак. Биз сайловлар жараёнида нафақат партия вакили, шу билан бирга сайлов қонунчилиги ижросига масъул кишилар сифатида иштирок этишимиз талаб этилади. Агар қонунларда белгиланган меъёрлар қай даражада бажарилаётганини ҳар бир бос­қичда кузатсак, жамоатчилик назорати ўрнатишда фаол қатнашсак, бу ҳам сайлов натижаларига ижобий таъсир этади. Яъни, биз қонунларни чуқур ўрганиш ва уларга риоя қилиш орқали пар­тия­миз муваффақиятига ҳиссамизни қўш­ган бўламиз.

Меҳрож ДАРХОНОВ, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Қурултойда таъкидланганидек, сайловларнинг натижалари сиёсий партияларнинг бу муҳим синовга қандай тайёргарлик кўрганига кўп жиҳатдан боғлиқ.  Ривожланган де­мо­к­ратик мамлакатларнинг тажрибасида сайлов­олди ишларини ташкил этиш­нинг самарали шаклларидан бири партиянинг сайлов штабларини тузишдир.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ЎзХДП Марказий сайловолди штаби ҳамда ҳудудий партия ташкилотларида сайловолди штабларини ташкил этиш ҳа­қида қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда ҳудудий партия ташкилотларида сайлов штаблари ташкил этилди, улар таркибида ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Мазкур штаблар таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, етарли даражада ҳуқуқий ва сиёсий тайёргарликка эга бўлган, тажрибали ҳамда обрўли ходимлардан иборат фаоллар мавжуд. Барча даражадаги партия ташкилотлари қошида тузилган сайлов штабларига унга тегишли кенгашлар раислари раҳбарлик қилади. Сайлов округлари қошида тузилган штабларга эса депутатликка номзод ёки унинг ишончли вакилларидан бири раҳбарлик қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, минтақавий ва маҳаллий партия кенгашлари ва сайлов округларида тузилган сайлов штаблари учун марказий сайлов штабининг қарорларини ижро этиш мажбурийдир. Айни кунларда ишчи гуруҳлар томонидан ҳу­дуд­ларда замонавий сайлов технологиялари ҳамда сайлов тарғиботига бағишланган қатор ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Сайлов округларига бошлан­ғич партия ташкилотларини бириктириш, штаб таркибини тузиш ва бош­қа масалаларни зудлик билан ҳал этишимиз зарур. Бу сайловларда муносиб иштирок этишимизда, депутатликка кўрсатилган номзодларнинг ғалабаси кафолатланишида принципиал аҳамиятга эга.



DB query error.
Please try later.