11.11.2014

«БИЗ САЙЛОВДА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТАМИЗ»

ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти ­«Менинг биринчи сайловим» лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ўтказди.

Унда Марказий Кенгаш масъул ходимлари, «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ёшлар ва педагог-психологлар иштирок этди.

Сайловларда биринчи марта қатнашадиган ёшларнинг сайлов қонунчилиги тўғрисидаги тушунчаларини бойитиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда сайлов кампанияси жараёнлари, сайловларга оид қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сайловларнинг ўрни ва роли ҳақида тушунчалар берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик ­палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Ҳафиза ­Каримова Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантиришнинг аҳамияти тўғрисида сўз юритди.

— Мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бош­қаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи Конс­титуция ва қонунлар билан мус­таҳкамланган, — деди у. — Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга экани барчамизга маълум. Хусусан, сиз, ёшлар ҳам бу жараёнларда ўз овозингиз билан муносиб иштирок этишингиз муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хайрулла Рўзметов ёшларнинг сайловда иштироки ва яратилган ҳуқуқий меха­низм­лар ҳақида фикр юритди.

— Ёшлар мамлакатимизда шаклланган демократик принципларга асосланган сайлов тизими, бу борадаги қонунчилик ҳақида яхши билишлари зарур, — деди у. — Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали сайловолди ташвиқоти тушунчаси тўла очиб берилди.

Сайловолди ташвиқоти сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзод ёки сиёсий партия учун овоз беришга ундашга қаратилган фаолият сифатида таърифланди ҳамда сайлов куни ва сайлов бошланишидан бир кун олдин сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Мамлакатимиз сайлов қонунчилигидаги бу каби ўзгаришлар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш борасида муҳим қадам бўлди.

Тошкент давлат шарқшунослик институти 3-курс талабаси Аҳмаджон Жўраев тадбир жуда фойдали бўлганини таъкидлади.

— Давра суҳбати давомида сайлов жараёнлари, сайлаш ва сайланиш тартиби, сайлов ҳуқуқлари, сайлов қонунчилиги ҳақида янада кўпроқ билиб олдим, — деди у. — Мен бу йил сайловда биринчи марта қатнашаман.

Тадбирда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Холиқова, Тошкент давлат шарқ­шунослик институти проректори Шавкат Орипов, ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Шоҳрух Абдураҳмонов мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.