11.11.2014

ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишдан кўзланган бош мақсад фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашдир. Ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, ярашув институтининг аҳамияти тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Бағрикенглик ва кечиримли бўлиш каби миллий анъаналаримизни инобатга олиб, ярашув институти жорий этилди.

Тошкент давлат юридик университети профессори Баҳром Аҳроров мухбиримизнинг ушбу долзарб масалага оид саволларига жавоб берди.

— Истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, —дейди у. — Жазолардан озод қилиш институтларининг такомиллаштирилгани эса жазо тизимини либераллаштиришга қаратилган ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил, тадрижий ва узлуксиз давом этаётганини кўрсатади.

Жиноят қонунчилиги либераллашувининг муҳим ютуқ­ларидан бири ярашганлик муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш институтининг жорий этилиши бўлди.

— Қандай тоифадаги жиноятларга нисбатан ярашув институти қўлланилади?

— Ярашганлик муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш ЖК 661-моддасида белгиланган бўлиб, шахс ЖК 661-моддасида кўрсатилган жиноятлардан бирини содир этса, айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса, етказилган зарарни бартараф этса, илгари оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланмаган бўлса, унга нисбатан жавобгарликдан озод қилишнинг мазкур тури қўлланилади. Жаво­бгарликдан озод қилишнинг бу тури бошқаларидан шуниси билан фарқ қиладики, унга кўра, жиноятни содир этган шахс жавобгарликдан озод қилиниши учун жабр­ланувчига етказилган зарарни тўла қоплаб, у билан ярашган бўлиши ва жабрланувчи ярашишга розилик бериши лозим.

Суд амалиётига 2001 йилдан бошлаб ярашув институти киритилди ва у самарали фаолият кўрсатмоқда. Ярашув институтининг талабига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

Жиноят қонунчилигининг либераллашуви давом этар экан, ярашув институти қўлланиши мумкин бўлган жиноятлар сони ҳам ортиб бораверади. 2013 йил 4 январда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига асосан киритилган ўзгартишлар натижасида ҳам ЖК 661-моддасига кўра, ярашганлик муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш мумкин бўлган нормалар сони кўпайиб, ЖК 180, 181, 189, 191-моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга  ҳам мазкур инс­титут қўлланиши киритилди. Бу жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар таснифига кириб, уларнинг содир этилиши жамият учун оғир оқибатларга сабаб бўлмайди. Аксинча, жиноят содир этган шахс билан ярашиш орқали етказилган зарарнинг қопланишидан жабр­ланувчи ҳам манфаатдор саналади. Жабр­ланувчининг бузилган ҳу­қуқининг тикланишига имконият яратади.

 ЖК 180, 181-моддаларида сохта банкротлик ва банк­ротликни яширганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳар икки жиноятда ҳам кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилиши жиноий оқибат сифатида назарда тутилади. Демак, бу жиноят натижасида келиб чиқадиган оқибатлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг (шартномавий) бажарилмаслигидир. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг асосларидан бирини мулкий муносабатлар ташкил этиб, кредитор ҳар доим ўзига тегишли бўлган мулкнинг қайтарилишидан ёки унга етказилган зарарнинг қопланишидан манфаатдор саналади. Қарздорнинг ўзини сохта банк­рот деб эълон қилиши ёки банкротлигини яшириш орқали жиноят содир этиб, жиноий жавобгарликка тортилишидан кўра, кредиторларга етказилган зарарнинг қопланиши қарздор учун ҳам, кредитор учун ҳам фойдалидир. Чунки ҳар қандай жиноят учун жавобгарликка тортилиш судланганлик оқибатини келтириб чиқаради.

Шу сабабли ушбу жиноятларга нисбатан ярашув инс­титутининг қўлланиши мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун жиноят содир этган шахс етказилган зарарни қоплаши, айбига иқрор бўлиши, жабрланувчи билан ярашиши муҳимдир.

ЖК 180, 181-моддаларида рағбатлантирувчи қисм мавжуд бўлиб, агар шахс етказилган зарарни уч карра миқдорида қоплаган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Бу қоида инсонпарварлик принципининг амалий ифодаси бўлиб, жиноят содир этган шахснинг етказилган зарарни уч карра миқдорда қоплашининг ўзи унинг ахлоқан тузалиш йўлига ўтганлигидан далолат беради.

Етказилган зарарни қопланганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бош­қа жазо билан алмаштирилиши ёки ярашувнинг қўлланилиши жиноят содир этган шахсга нисбатан жавобгарлик ва жазодан озод қилиш асосларини кенгайтириб, инсонпарварлик тамо­йилининг қонунчилигимизда ўз ифодасини топаётгани ва жиноят қонунининг янада либераллашиб бораётганидан далолат беради.

— Ярашув институтидан аввало ким манфаат кўради?

— Ярашув аввало жабрланувчи манфаатига хизмат қилади. Биринчидан, жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўла қопланиши таъминланади. Энг муҳими, ярашув жамиятда судланганлик ҳолатини камайтириш билан бирга, унинг узоқ давом этадиган оқибатларини бартараф қилиш имкониятларини беради. Энг асосийси, судланувчи бу орқали «судланган» деган тамғадан халос бўлади. Бу камида шунча жабрланувчининг бузилган ҳуқуқи тикланишига сабаб бўлади. Ярашув институти жорий этилиши амалиётда ўзининг ижобий жиҳатларини кўрсатаётганлигига кўп­лаб мисоллар келтириш мумкин. Айни пайтда дастлабки тергов ишларини олиб бориш ва ишни судда кўриб чиқиш учун сарфланадиган муддатлар анча қисқарди. Агар ўзбек тилининг изоҳли луғатига назар ташласак, «яраш», «ярашмоқ» сўзлари ўзаро жанжални тўхтатмоқ, урушмасликка аҳд қилмоқ, муносабатни яхшиламоқ, тотувлашмоқ маъносини беради. Шу маънода, адашиб хато қилганларни тўғри йўлга солиш, ҳаётда ўз йўлини топишида кўмаклашиш, кечиримлилик каби олижаноб мақсадларни ўзида мужассамлаштирган ярашув институти шуб­ҳасиз инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилган ислоҳотлар туфайли қонунларимиз либераллашиб, инсон ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинадиган бўлди.      

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Равшан ШОДИЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.