07.11.2014

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришни янги босқичга кўтариш тарафдоридир

Қурултойда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларининг конференцияларида 400 мингга яқин партия аъзоси номидан сайланган 150 нафар делегат иштирок этди. Шунингдек, партиянинг давлат ва жамоат ташкилотларида меҳнат қилаётган фаоллари, экспертлари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, бошланғич ташкилотлари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари етакчилари қатнашди.

Қурултойда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ партия­нинг ўтган беш йилдаги фаолиятини таҳлил этди. Партия етакчисининг маърузасида партия ташкилотлари ҳамда депутатлик тузилмалари қўлга киритган ютуқлар эътироф этилиб, йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди. Истиқболда партия олдида турган стратегик вазифалар илгари сурилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фаол иштирокини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Партия босиб ўтган йўлни таҳлил этар эканмиз, бугунги Ўзбекистон ХДП бундан беш йил олдинги партия эмас, балки, ўз сафини тобора кенгайтириб бораётган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган аъзоларни бирлаштирган, мамлакатнинг барча туман ва қишлоқларини қамраб олган кучли пар­тия­вий тизимга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташаббускор фракцияга ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида энг кўп депутатлик ўринларига эга бўлган ва айнан шу туфайли давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришда сезиларли таъсир кўрсата оладиган сиёсий кучга айланганини кўрамиз, — деди Ҳ.Кетмонов.

Таъкидландики, давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг амалга оширилиши «Кучли давлатданкучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш механизмини янада ривожлантирди, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб берди. Концепцияга асосан қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларни сезиларли даражада чуқурлаштиргани, Олий Мажлиснинг ҳуқуқлари ҳамда ваколатлари янада кенгайиб, Вазирлар Маҳкамасининг, умуман, ижро этувчи органларнинг жавобгарлиги ошгани, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтиришга доир меъёрлар қо­нунда ўз аксини топгани биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шундан келиб чиқиб, партия ўзининг сайловолди дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва демократик модернизациялашнинг энг муҳим йўна­лиш­ларини амалга оширишда иштирокини таъминлаш бўйича 2010-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини қабул қилди.

Мунтазам равишда пар­тия электорати ижтимоий таркиби ва узоқ муддатли ижтимоий манфаатларига оид долзарб масалалар ўрганиб борилди. Ушбу таҳлилларга асосланиб ҳамда аҳолини манзилли ижти­моий қўллаб-қувватлаш, электорат манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидан келиб чиқиб, партия томонидан қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

Бу борада «Маҳаллааҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Аёллар бандлигиобод турмуш гарови», «Коллеждан-корхонага» каби лойиҳалар амалга оширилди.

Аҳолининг кам даромадли, ишга лаёқатли қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекис­тон Республикаси Марказий Банки, тижорат банклари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган иқтисодий форумлар доирасида 1,5 минг­­га яқин кам даромадли оила ўз ишини очишида имтиёзли микрокредитлар олиш учун тижорат банк­ларининг сертификатларини қўлга киритди. 3000 нафарга яқин партия электорати вакилига ишга жойлашишида амалий ёр­дам берилди.

Партия «Фаол аёллар» қаноти томонидан амалга оширилган «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳаси хотин-қизлар банд­лигини таъминлаш, уларни касаначилик меҳнатига жалб қилиш масалаларини ўрганишга қаратилди.

Бугунги кунда партиямиз аъзоларининг 45,1 ­фоизи, Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги депутатларимизнинг 27,5 ­фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари ви­лоят­лар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатларнинг 14,8 фоизи, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларимизнинг эса 19 фоизини аёллар ташкил этади. Хотин-қизлар манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ҳамда ҳал этишда уларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ҳисобот даврида партиямизнинг «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳам партияга аъзо бўлган ёш­лар манфаатлари ва интилишларини амалга ошириш учун имконият яратиш, ижтимоий лойиҳа ва та­шаб­бусларни қўллаб-қувватлаш орқали уларда фаол фуқаролик қарашларини, дахлдорлик ҳиссини шакллантиришга қаратилди.

Шу боис ЎзХДП ташкилотларида сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан фаол, ислоҳотлар моҳиятини чуқур англайдиган, бу жараёнларда муносиб иштирок этаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда партия аъзоларининг қарийб 33 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда...

Партия раҳбари ўз маърузасида бошланғич ташкилотлар фаолияти ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. Бугунги кунда 10 минг­га яқин бошланғич партия ташкилотлари 400 мингга яқин аъзони бирлаштирган, — деди у. — Ўтган давр давомида бошланғич ташкилотлар таркибини мустаҳкамлаш, аъзолар сонини кўпайтириш, етакчилар фаолиятини жонлантириш ишларига жиддий эътибор қаратилди. Натижада ўтган беш йил давомида 70 минг нафардан ортиқ киши партияга қабул қилинди. Аъзоларимизнинг табиий ўсиши 26 минг нафарни ташкил этди.

Шунингдек. маърузада қайд этилдики, ўтган давр мобайнида партиямиз томонидан жойларда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга асосий эътибор қаратилди. Бунда партия тизимида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Маълумотларга кўра, Жа­моат­чилик қабулхоналарига ўтган беш йил давомида 45 мингга яқин фуқаро мурожаат қилиб, уларнинг 74 фоизида кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилди.

2009 йилги сайловлардан кейинги ўтган давр мобайнида маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари томонидан жойларда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш, ишлаб чиқариш корхоналарини янги технологиялар билан таъминлаш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, аҳоли яшаш пунктларида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, уй-жой-коммунал хизматлар сифатини ошириш борасида қатор масалалар кўриб чиқилди. Партия гуруҳларимиз томонидан жами 635 та масала ўрганилди. 365 та масала тегишли вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг доимий комиссияларида кўриб чиқиш учун киритилган бўлса, 275 та масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, жойларда партия гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида тегишли масалалар юзасидан 50 га яқин мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилди.

Шу билан бирга, партия раҳбари аксарият ҳокимият вакиллик органларида партиямиз йирик депутатлик ўрнига эга бўла туриб, айрим маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз жойларда қонунлар, электорат манфаатларини ифода этувчи Президент фармонлари, давлатнинг бошқа қарорлари бажарилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, долзарб ижтимоий масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида мансабдор шахсларга депутатлик сўрови юбориш ҳуқуқларидан етарли даражада фойдалана олмаганини таъкидлади. Ўтган даврда йўл қўйган бу каби хато ҳамда камчиликларимиздан сабоқ чиқариб олмоғимиз керак.

Биз сайлов кампаниясига киришар эканмиз, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига амал қилган ҳолда, давлат ҳокимиятининг сайланма органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд, касбий малака, доимий иш жойи ва маошга эга бўлмаган ёлланма ишчилар, иқтисодиётда банд бўлмаган аммо меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар, пенсио­нерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилганмиз.

Иккинчидан, партиямиз иқтисодий ислоҳотларга – ижтимоий самарадорлик шио­ри остида бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ва энг аввало жамият манфаатларига қаратилган бўлиши, меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган ишга эга бўлиши, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг шарт-шароитларни яратиш, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз аҳоли, меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлар ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг янада самарали тизимини вужудга келтириш, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсатни олиб боришда давлатнинг тартибга солувчилик ролини мустаҳкамлаш лозим, деб ҳисоблайди.

Учинчидан, Ўзбекистон ХДП мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини ошириш, банд бўл­маган меҳнатга лаёқатли аҳоли, жумладан ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, бандлик дастурларининг асосий параметрларини ишлаб чиқишда фаол қатнашиш ва уларнинг жойларда ижро этилиши устидан самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича вазифаларни белгиламоқда.

Маърузада, шунингдек, аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишиларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида электорат вакиллари учун микрокредитлаш ва микромолиялаш тизимини янада ривожлантириш, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятларини кенгайтиришнинг меъёрий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда электорат манфаати билан боғлиқ бошқа вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Партия ўз олдига аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш мажбурийлигини белгилаш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш учун маҳаллий ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан жойларда ижтимоий-иқтисодий вазият ва партия электорати кайфиятининг тизимли мониторингини ташкил этишни мақсад қилиб қўяди.

Қурултойда Ўзбекистонда вакиллик ҳокимияти органларини шакллантиришда ЎзХДПнинг иштирокини кенгайтириш бугунги кундаги энг асосий вазифалардан экани таъкидланди. Бунинг учун партиянинг сайлов­олди тар­ғиботини энг замонавий сиёсий технологиялар, жамоатчилик билан алоқаларнинг илғор усуллари асосида ташкил этиш, муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий масалалар юзасидан партиянинг позициясини ёритишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш талаб этилади. Бундан ташқари, бошқа сиё­сий кучлар билан рақобатда партия ғоялари, мақсад ҳамда вазифаларини қатъий ҳимоя қилиш муҳимлиги эътироф этилди.

Демократик ислоҳотларнинг чуқурлашиб бориши ҳамда фуқаролик жамияти ривожланишининг янги босқичи сиёсий партияларга талабларни янада оширди. Шундан келиб чиқиб ҳамда сиёсий ислоҳотлар натижасида юзага келган янги имкониятлар ҳар томонлама ҳисобга олиниб, сўнгги беш йилда ЎзХДП дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда унинг жамиятдаги мав­қеини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, Ўзбекистон ХДП учун асосий сиёсий устуворлик бу — Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, аҳоли манфаати йўлида кучли ижтимоий сиёсатни янада ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишдан иборат.

Сўзга чиққан делегатлар меҳнатга лаёқатли аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг асосий йўналиши бу — муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари яратиш ва уларнинг иш билан бандлигини самарали таъминлаш бўлиши кераклигини таъкидлашди. Бунда мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар учун касб танлаш, таълим олишда адолатли, барча учун тенг ва ижтимоий омма­боп шароитларни ҳамда ўқув юртларни тамомлаётганлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун кафолатли биринчи иш ўрнини яратиш масалалари партиянинг асосий диққат-эътиборида бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ХДП давлатнинг монополияга қарши тартибга солувчи ролини янада такомиллаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматлар нархларини шакллантириш устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий ёрдам ва хизматлар сифати ва оммабоплигини янада ошириш, тўлов-контракт асосида таълим олаётган кам даромадли оилалардаги талабалар учун имтиёзли таълим кредитлари ажратиш тизимини янада соддалаштириш масалаларини илгари суришни мақсад қилган.

Қурултойда таъкидлаб ўтилдики, Ўзбекистон ХДП мамлакат парламенти томонидан ҳар йили тасдиқланадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш Дастурини ишлаб чиқишда бундан кейин ҳам фаол қатнашади ҳамда унинг жойларда бажарилиши устидан самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини давом эттиради.

Партия соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бандлик, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бошқа масалалар юзасидан давлат дастурларини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари янада фаол иштирок этишини рағбатлантиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этишни режалаштирмоқда.

Қурултойда партиянинг олий органи ваколатларига тааллуқли бир қатор масалалар муҳокама этилди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг ўтган беш йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот маъқулланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолия­ти тўғрисидаги ахборот кўриб чиқилди. Партия Марказий тафтиш комиссияси ҳисоботи тинг­ланди. Ўзбекистон Халқ демо­кратик партиясининг Сайлов­олди дастури, шунингдек, янги таҳрирдаги Низоми қабул қилинди, партия Марказий Кенгаши ва унинг Ижроия қўмитаси таркиби тасдиқланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 135 та бир мандатли сайлов округи бўйича 135 нафар номзод кўрсатилди.

Қурултой кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан партия олий органининг қарорлари қабул қилинди.

Қурултойдан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Шу куни ЎзХДП Марказий Кенгашининг биринчи пленуми бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Ҳотамжон Кетмонов Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси этиб сайланди. Рустам Комилов, Улуғбек Вафоев ва Шарбат Абдуллаева Марказий Кенгаш раиси ўринбосарлари этиб сайланишди.

Шунингдек, партия Марказий тафтиш комиссиясининг ҳам биринчи йиғилиши ўтказилиб, ташкилий масалалар муҳокама этилди.

 

Бекзод ШУКУРОВ

 



DB query error.
Please try later.