07.11.2014

ЎЗХДП ФРАКЦИЯСИ: ТАЖРИБА, ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ

Қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев фракциянинг 2010-2014 йиллардаги фаолияти тўғрисида ҳисобот берди.

— 2009 йилда бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон ХДП кўрсатган номзодлар орасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 32 нафар депутат Қонунчилик палатасининг барча қўмиталари таркибида фаолият олиб борди, — деди у. — Бу даврда биз қонунлар лойиҳалари устида ишлашга алоҳида эътибор қаратдик. Партиямизнинг Сайловолди дастурида қонунчилик соҳасида белгиланган аксарият вазифалар охирига етказилди. Фракциямиз аъзолари қонунчилик ташаббуси сифатида 30 дан зиёд қонунлар лойиҳалари устида иш олиб борди ва 22 та қонун лойиҳаси тайё­р­ланди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши қонун ижодкорлиги ва қонунлар лойиҳалари устида иш олиб боришда сиёсий партиялар фракцияларининг ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш, қонунларни қабул қилишда уларнинг роли ва масъулиятини ошириш ор­қали парламент қуйи палатасида қонунчилик жараёнини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, фракция раҳбари айтиб ўтганидек, беш йилда 181 марта фракция йиғилиши ўтказилиб, уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 185 та қонун лойиҳаси, Давлат бюджети лойиҳаси, Бандлик дастури лойиҳаси ва уларнинг ижроси кўриб чиқилди ҳамда бошқа масалалар муҳокама этилди.

Қонунлар лойиҳаларида партиянинг дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларини акс эттириш мақсадида фракция томонидан ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда маҳаллий кенгашлари билан узвий алоқада иш олиб борилди. Натижада Қонунчилик палатасига 2010-2014 йилларда киритилган қонунлар лойиҳалари юзасидан электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда 1170 дан зиёд таклиф ёзма равишда тегишли қўмиталарга тақдим этилди. Бу таклифларнинг аксарияти қабул қилинаётган қонунларда ўз аксини топди.

— Мисол учун, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида ундаги айрим нормалар партиямиз дастурий мақсадларига ҳамда электорат манфаатларига тўлиқ жавоб бермаслиги аён бўлди, — деди фракция раҳбари. — Шу сабабли фракциямиз аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни ишлаб чиқди ва масъул қўмитага тақдим этди. Биз илгари сурган таклифлар қабул қилинган қонунда ўз ифодасини топди.

ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан 2011, 2012, 2013 йилларда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дас­турининг ижроси, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан Парламент сўрови юборилди ҳамда Қонунчилик палатаси мажлисларида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ҳисоботлари эшитилди.

Мамлакатимиз ҳудудларида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш механизмини янада такомиллаштириш бўйича фракция аъзоларининг таклифлари Қонунчилик палатасининг Қарорига киритилди.

Депутатлар таклифлари асосида мазкур дастур йилдан йилга такомиллашиб бораётгани, хусусан, унга касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ҳамда хорижда ишлаб қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича алоҳида бандлар киритилганини таъкидлаш жоиз.

2011 йилнинг 14 декабрь куни фракциямиз ташаббуси билан ижро этувчи ҳокимият органларининг соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва унда сифат ўзгаришларини таъминлашга доир фаолиятини ўрганиш мақсадида Парламент эшитуви ўтказилди. Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг аҳволи: муаммолар ва ривожланиш истиқ­боллари» тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг ҳисоботи тингланди.

Парламент эшитуви олдидан депутатлар жойларда ижро ҳокимияти идораларининг бу борадаги фао­лиятини ўрганиб чиқди. Эшитув жараёнида фракция аъзолари томонидан партия электорати манфаати билан бевосита боғлиқ кўплаб долзарб масалалар кўтарилди, ушбу соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар берилди ҳамда ушбу таклифлар Қонунчилик палатасининг Қарорида ўз ифодасини топди.

— Фракция фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши, бу — депутатларнинг ўз сайлов округларида олиб бораётган ишларидир, — деди У. Вафоев. — Фракция аъзолари 2010-2014 йиллар давомида сайловчилар билан 2500 мартадан ортиқ учрашув ўтказди ва уларда 321766 нафар фуқаро иштирок этди. Учрашувларда сайловчилар қонунларни такомиллаштириш ва янги конунлар қабул қилиш бўйича таклифлар билдирди. Шу асосда депутатларимиз айрим қонун лойиҳаларини тайёрлаш бўйича иш олиб борди.

Фракция фаолиятида ютуқлар билан бирга тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди. Аввало фракциямизнинг Қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш керак. Конституциямизнинг 83-моддасига асосан 8 та субъектга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилган. Агар таҳлил қиладиган бўлсак, энг кам қонун ташаббуси билан чиққан субъект бу Қонунчилик палатаси депутатлари ҳисобланади. Биз бу йўналишдаги фаолиятимизда яхлит бир тизим шакллантира олмадик.

Бугунги кунда қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар ва сиёсий партиялар фракцияларига жуда катта имкониятлар берилган. Албатта, ЎзХДП фракцияси ундан самарали фойдаланишга ҳаракат қилди. Лекин, бу ҳозирги талабга жавоб беролмайди. Шу билан бирга, электорат ўртасида қонунларни муҳокама қилиш амалиётини янада такомиллаштириш керак. Яъни, Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган қонунлар лойиҳаларида электорат манфаатларини тўлиқ акс эттириш мақсадида жойларда ўтказилаётган тадбирлар кўламини кенгайтириш лозим. Шунингдек, қонунлар ло­йиҳалари устида ишлашга экспертлар, олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш амалиётини танқидий қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.

Фракциямизнинг назорат-таҳлил фаолиятини ҳам янада кучайтириш зарур. Биз ҳар йили бир ёки иккита долзарб ижтимоий масалани парламент эшитувига киритдик. Лекин, бу етарли эмас. Партиямиз электоратини қийнаётган, ечимини кутаётган муаммолар бор. Ушбу масалаларни ҳал қилиш учун партиямизнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш керак.

Сиёсий партиянинг жамиятдаги ўрни ва обрўси кўп жиҳатдан унинг парламентдаги фракцияси фаоллиги ва ташаббускорлигига боғлиқ. Чунки, партия ўз дастурий мақсадларини, сайловчиларининг ҳоҳиш-иродасини парламент томонидан қабул қилинадиган қонунлар ва бошқа хужжатларда акс эттириш орқали рўёбга чиқаради.

Шунинг учун келгусида шаклланадиган фракциямиз Қонунчилик палатасида партиямиз ғояларини рўёбга чиқаришда шу вақтгача тўпланган тажрибадан унумли фойдаланиб, хато ва камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқарган ҳолда самарали фаолият олиб боришига ишонч билдирамиз.




DB query error.
Please try later.