07.11.2014

СЎЗ — ҚУРУЛТОЙ ДЕЛЕГАТЛАРИГА

Маҳмуд ТОИРОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири:

— Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги, адолатлилиги ва эркинлиги принциплари, уларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни таъминлаш, сайловларни жамоатчилик ва халқ­аро кузатувчилар иштирокида ўтказиш механизмлари Ўзбекистон сайлов тизими демократик тамоийилларга тўла мослигини кўрсатади.

Бугунги кунда сиёсий партиялар мамлакатнинг тараққиёт стратегиясига нисбатан ўзининг аниқ позициясига эга бўлиши, демократик  ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, жадаллаштириш борасида муқобил таклифларини илгари суриши зарур. Бунинг учун имкониятлардан тўла фойдаланиш талаб этилади.

Шу боис ЎзХДПнинг зиёлилардан иборат тарғибот гуруҳлари ҳар бир сиёсий тадбирни аниқ амалий мақсадлар билан ҳамоҳанг олиб бормоқда. Партия ғояларини тар­ғиб қилиш учун халқ орасида обрў-эътиборга эга кишилар, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари, журналистлар, сиёсатшунос олимлар, санъаткорлар,  руҳшунослар вакиллари танлаб олинган. Шу билан бирга, мазкур тарғибот ишларида ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига, улар орасида турли зарарли ғояларнинг тар­қалишига қарши курашишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Сайловлар жараёнида партия электорати билан янада фаолроқ ишлаш, уларнинг манфаатини ҳимоя қила оладиган аъзо ва хайрихоҳлар сонини кўпайтириш, ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини оширишга эътибор қаратиш талаб этилади. Шунингдек, фаол аъзолар орасидан сайлов жараёнларида партия томонидан кўрсатиладиган номзодлар учун курашадиган ваколатли ва ишончли вакилларни саралаб олишга жиддий эътибор бериш лозим. Улар ёрдамида сайловларга тайёргарлик кўриш, номзодларнинг сайлов­олди чиқишларини ташкил этиш, янги Сайловолди платформасини кенг тарғиб этиш зарур, деб ўйлайман.

Сафар ОСТОНОВ, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири:

— Бугунги кунда дунёдаги бирон-бир сайлов кампаниясини сайловолди тарғиботисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бунда сиёсий партиялар фаолияти, ғояси, дастурлари, сайлов жараёнлари тўғрисида жамоатчиликка ахборот берилади. Депутатликка номзодлар шахси, уларнинг дастурлари билан одамлар таништирилади. Ана шу жараёнда сайловчилар қайси сиёсий партия ғоясини қўллаб-қувватлашни, кимга овоз беришни белгилаб олади. Аниқроқ айтганда, сайловолди тарғиботи сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантиради.

Тажрибадан маълумки, бирорта сиёсий партия, бирорта сиёсатчи оммавий ахборот воситаларига таянмасдан туриб, муваффақиятга эриша олмайди. Одамларнинг сиёсий партия ёки депутатликка номзодга муносабати кўп жиҳатдан тарғиботга боғлиқ.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда сайлов жараёнларини оммавий ахборот воситаларида холис, адолатли, тезкорлик билан эркин ёритиш учун барча ҳуқуқий асослар яратилган.   

Маълумки, сайловолди тарғиботида, сиёсий курашлар жараёнида сиёсий партиянинг энг яқин ёрдамчиси, ишончли таянчи  унинг матбуотидир. Зеро, сиёсий партия матбуоти партия фаолияти, ундан кўрсатилган номзодлар тарғиботини чекланмаган миқдорда ёритиш имкониятига эга.

Ўзи мансуб бўлган партия ғояларининг бошқа партиялар илгари сураётган ғоялардан афзаллигини, ҳаётийлигини ҳам айнан ўша партия матбуоти кенг тарғиб қилади, партия манфаати учун курашади. Халқ демократик партия­си сайловолди тарғиботи бўйича бошқа партияларга кўра каттароқ имкониятга эга. Чунки республика миқёсида икки тилда — «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари ҳафтада тўрт марта нашр этилади. ЎзХДПнинг Қорақалпо­ғ­истон Республикаси ҳамда вилоят кенгашлари муассислигида тўртта газета чоп этилмоқда. Уларнинг умумий нусхалари ҳам бошқа сиёсий партиялар газеталарига қараганда бир неча бор юқори. Ҳамма гап — бу имкониятлардан сайлов кампанияси даврида қандай фойдаланишимизда. Партиямизнинг бошланғич ташкилотларидан тортиб барча фаоллари, депутатларимиз сайловдан сайловгача бўлган жараёнда амалга оширган ишларни кенг тарғиб қилиши, партиямизнинг янги Сайловолди Дастурининг ҳаётий аҳамияти ҳақида партия матбуотида чиқишлар қилишлари мақсадга мувофиқдир.

Партиямиздан депутатликка номзоди кўрсатилганларнинг дас­турларини замонавий услубларда кенг ва таъсирчан ёритиш масалалари устида ҳам чуқур ўйлашимиз керак. Сайловолди тарғиботи ишлари қандай бўлиши сайлов натижаларини белгилаб беришини унутмаслигимиз лозим.

Меҳриноз АББОСОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, ЎзХДП фаоли:

— Мен бугунги кўппартиявийлик шароитида ўз сиёсий эътиқодини айнан Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан боғлаган, унинг дастурий мақсадларини қўллаб-қувватлаган ва амалга оширишга аҳд қилган ёшлар вакили эканимдан бахтиёрман.

Ўзбекистон ХДП томонидан ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар тенгдошларимизнинг партия­га хайрихоҳлигини янада кучайтирмоқда.

Ўтган давр мобайнида партиянинг «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан 50дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Ёшлар орасида анча оммалашишга улгурган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг нуфузи ва салмоғи йилдан йилга ортиб бормоқда. Танлов иштирокчиларининг сони 2008 йилда 4000 нафарни ташкил этган бўлса, 2014 йилга келиб бу кўрсаткич 14600 нафардан ошди. Танловга тақдим этилган ло­йиҳалар натижасида шу йилнинг ўзида  янги иш ўринлари ташкил этила бошланди. Бундан ташқари коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилган «Коллеждан — корхонага» ва «Бугунги талаба — эртанги мутахассис» лойиҳалари ёки ўзининг мустақил фикрига эга, сиёсий ва ҳуқуқий билимларни пухта ўзлаштирган ёшларнинг сафини кенгайтирувчи «Депутат ва ёшлар», «Бўлажак депутат» каби лойиҳалар ижобий самара бермоқда.

Шу билан бирга, қанот олдида турган бир қатор муҳим вазифаларга эътибор қаратмоқчиман. Биринчи ўринда, ёшларнинг уюшмаган қатламларини ҳам сафларимизга кенг жалб этишимиз жуда зарур. Мисол учун, турли соҳаларда катта ютуқларга эришиб келаётган иқтидорли, билимли, салоҳиятли ёшлар билан мамлакатимизнинг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи тенгдошларимиз ўртасида жонли учрашувлар ташкил қилиниб, ёшларнинг ёшларга тарғиботи йўлга қўйилса, яхши бўларди. Шунда ёшлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик, уюшқоқлик янада мустаҳкамланади.

Бу ишлар партиямиз келажагига хизмат қилади.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугунга келиб, мамлакатимизнинг ижтимоий, сиёсий ҳаётида сиёсий партиялар сезиларли даражада таъсир кучига эга бўлди. Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолияти самарадорлиги кучайди. Натижада ижтимоий-иқтисодий жараённи чуқур таҳлил этиш, одамлар орасига кириб бориш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, бу борада аниқ таклифлар беришнинг ўзига хос механизми шаклланди.

Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: биз яратилган шароит ва имкониятлардан келиб чиқиб нималарга эришдик?

Аввало, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий партия кенгашлари ҳамда гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида ижтимоий-иқтисодий масалаларни изчил ўрганиш, таклифлар ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Нафақат парламент, балки халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳам партиявий позицияни билдириш, ҳимоя қилиш кўникмаси шакл­ланди. Бу ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Лекин ҳудудий ривожланиш дас­турларининг очиқлигидан етарли даражада фойдалана олмаяпмиз. Электорат манфаатлари билан боғлиқ муаммоларни туман, шаҳар, вилоят ва парламент даражасида тизимли муҳокама қилиш амалиётини ҳали анча ривожлантириш зарур. Ҳозиргача биргина Бандлик дастури ижроси бўйича бу борада муайян натижаларга эришдик. Ваҳоланки, ечимини кутаётган муаммолар ижросини назорат қилишимиз, таклифлар беришимиз зарур.

Депутатларимиз орасида катта ҳаёт тажрибасига эга, турли соҳаларда самарали фаолият кўрсатаётган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо дастурий мақсадларимизни амалга оширишда улар салоҳиятидан, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамда парламентдаги фракциямиз кучидан тўлиқ фойдалана олмадик. Қурултойда бу борадаги бошқа камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида қатор фикр-мулоҳазалар, таклифлар берилди. Улар келгусида партия гуруҳлари ва фракциянинг ҳамкорлик механизмини такомиллаштиришда асқотади, деб ўйлайман.

Матлубахон ТЎЙЧИЕВА, ЎзХДП Бўз туман кенгаши раиси:

—  ЎзХДП Бўз туман кенгаши сайлов жараёнларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида партия аъзолари ва электорат вакиллари орасида сайлов қонунчилигини кенг тарғиб қилиш, партиямиз дастурий мақсадларини тушунтириш борасида муҳим ишларни амалга оширди. Айниқса, сайлов жараёнида аниқ натижага эришиш учун, энг аввало, бошланғич ташкилотлар билан ишлаш, партия сафини янада кенгайтиришга алоҳида этибор қаратилди.

Шуни таъкидлашни истардимки, сиёсий партиялар олдида турган муҳим вазифалар ижроси кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотлар фаоллигига боғлиқ. Бошланғич ташкилот партиянинг асосий таянчи бўлиб, унинг фаоллиги кўплаб долзарб масалалар ечимига хизмат қилади. Шуни инобатга олган ҳолда, туман кенгаши томонидан бошланғич ташкилотлар фаолияти қайта ўрганилди ва янада такомиллаштирилиб, партияга қабул қилиш ишлари сезиларли даражада кучайтирилди. Хусусан, кейинги бир йил давомида 300 нафардан ортиқ фуқаро партия сафига қабул қилинди. Шу билан бирга, бошланғич партия ташкилотлари фаолияти механизми таҳлил этилиб, улар иши мувофиқлаштирилди. Натижада бошлан­ғич ташкилотлар сони 36 тага етди.

Бошланғич партия ташкилотларида тарғибот ишларининг таъсирчан ва тезкорлигини таъминлашда ахборот-маърифат хоналари имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Ҳозирда Ахборот-маърифат хонасида 300 дан ортиқ сиёсий, маънавий-маърифий адабиётлар мавжуд. Ушбу хона компьютер технологиялари билан таъминланган бўлиб, интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона маркази кўмагида элек­трон китоблар базаси ҳам шакллантирилди ҳамда электрон кутубхона ташкил этилган. Бу имконият сайлов тўғрисидаги ҳуқуқий меъёрлар ва партиямизнинг дастурий мақсад-вазифаларини элект­рон шаклда барча бошлан­ғич ташкилотларда тарғибот қилишда қўл келмоқда.

Аммо тўлиқ фойдалана олмаётган имкониятларимиз ҳам мавжуд. Жумладан, бошланғич ташкилотлар жойларда партиямиз ғоявий мақсадларини тарғиб қилиш билан биргаликда электоратни ташвишга солаётган муаммоларни аниқлаши, таҳлил қилиши ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан депутатлик корпуси билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириши лозим. Қаерда иш ана шундай ташкил этилган бўлса, ўша жойда партия­нинг нуфузи ошади. Шу боис бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш долзарб вазифа ҳисобланади.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Кўппартиявийлик шароитида сўзимиз, амалий ишларимиз билан сайловчилар ишончини қозона олдикми, электоратни рози қила олдикми? Бизга хайрихоҳлар сафини қай даражада кенгайтирдик?..

Ушбу қурултой арафасида шулар ҳақида ўйлаб, хулосалар чиқаришга ҳаракат қилдим. Назаримда, энг муҳим вазифалардан бири бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш масаласи партиямиз диққат марказида бўлди.

Айни пайтда партиямиз аъзоларининг 180 мингга яқинини хотин-қизлар ташкил қилади. Ўтган давр мобайнида ЎзХДПнинг барча бўғинларида ташкил этилган «Фаол аёллар» қаноти ўз атрофига маслакдошларини бирлаштира олди. Жойларда хотин-қизларни қизиқтирган масалалар ўрганилиб, таҳлил этилди. Уларнинг ижтимоий ҳимояси, турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қиладиган ташаббуслар олға сурилди. Партиямиздан сайланган аёл депутатларимиз ташкилотчилиги ва жонкуярлиги билан хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларга янги касб-ҳунар ўргатиш, қишлоқларда соғлом турмуш тарзини яратиш борасида ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Лекин ҳаёт фаолиятимизга танқидий ёндашиб, хулоса чиқаришни талаб этмоқда. «Фаол аёллар» қаноти кўпроқ марказий ҳудудлардагина иш олиб бораяпти. Туман, бошланғич ташкилотлар кесимида қа­нотнинг ташкилотчилиги, таъсир кучи талаб даражасида эмас. Хотин-қизларга ҳар томонлама имкониятлар берилаётган пайтда бу каби камчиликларга асло йўл қўйиб бўлмайди. Ишчанлик, ташаббускорлик руҳини қуйи бўғинларга етказа олмаяпмиз.

Фикримча, салоҳиятли, энг муҳими, ўз ишига фидойи аёл етакчиларни кўпайтириш керак. «Фаол аёллар» қаноти сайловлар даврида бор имкониятларини ишга солиб, партиямизнинг бу муҳим сиёсий жараёнда самарали иштирок этишига катта ҳисса қў­шади, деб ўйлайман.

Алишер ТОШМАТОВ, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Сирдарё вилоят партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳисобот даврида Сайловолди дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли фаолият олиб боришди.

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан 29 масала партия гуруҳларида, 13 масала доимий комиссияларда, 19 масала сессияларда муҳокама этилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ташаббуси билан сессияларда мансабдор шахсларнинг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш изчил йўлга қўйилди.

Албатта, бу рақамлар зиммамиздаги вазифаларни тўлақонли адо этдик, дейишимизга асос бўла олмайди. Шу боис фаолиятимизни янада кучайтириш зарур, деб ўйлайман. Партия гуруҳлари кўп ҳолларда ижтимоий йўналтирилган давлат Дастурлари ижросини мониторинг қилиш билан чегараланиб қолди. Ваҳоланки, бу борада муқобил лойиҳалар тайёрлаш, унда партиямиз электорати дуч келаётган масалалар, муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятида барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг иштирокини таъминлаш зарур. Мисол учун, аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиб, ҳудудлар учун хос бўлган масалаларни умумлаштирган ҳолда, юқори партия ташкилотларига олиб чиқиш лозим. Бошланғич партия ташкилотларимиз фаолият кўрсатадиган корхоналарда эса ишчиларнинг меҳнат шароити, ижтимоий ҳимояси қандайлигини  ўрганишимиз ёки  маҳалла фуқаролар йиғинларида эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий нафақа олиши ҳолатини мониторинг қилиб бориш жойлардаги муаммолар бўйича аниқ ечим топишга кўмаклашади.

Ушбу масалаларни ҳал этиш йўлларини барча манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда муҳокама қилиш, вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги доимий комиссияда, зарур бўлса, сессияда кўриб чиқиш талаб этилади. Шу ор­қали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзоларининг ўз сайлов округларидаги фуқаролар мурожаатлари билан ишлашини янги бос­қичга кўтариш мумкин, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдуғаффор Қир­ғизбоев ҳамда ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархоновлар ҳам сўзга чиқиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.



DB query error.
Please try later.