07.11.2014

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси жамоасига

Ҳурматли дўстлар! 

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда юртимиздаги барча темирйўл ходимларини мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги билан чин қалбимдан табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди. 

Ўзбекистон темир йўллари ўзининг 20 йиллик тарихи давомида мураккаб шаклланиш ва жадал ривожланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда юртимизнинг барча минтақаларини ишончли боғлаш учун бамисоли қон томирлари каби ҳаётий зарур бўлган темир йўл транспорти коммуникацияларининг мустақил, ягона ва яхлит тизими сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Агарки мана шундай темир йўллар бўлмаса, биз қандай ҳаёт кечиришимиз, иқтисодиётимизни қандай ривожлантириш мумкинлигини тасаввур қилишнинг ўзи ҳам қийин бўларди. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бўйича юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг эса 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали ташилмоқда. 

Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда. Маълумки, қадим замонлардан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон замини бўйлаб Буюк ипак йўли ўтган ва бу ҳудудда кўплаб савдо йўналишлари туташган, турли цивилизациялар ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик алоқалари амалга оширилган. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон магистрал темир йўл тармоқлари орқали Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни бирлаштирадиган салмоқли транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга. 

Мамлакатимизда темир йўл транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, темир йўл ташувларининг ишончлилик ва хавфсизлик даражасини ошириш бўйича “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида қайд этиш зарур. Кейинги йилларда темирйўлчиларимизнинг куч-ғайрати билан 1 минг 100 километрдан зиёд янги темир йўл тармоқлари барпо этилди, 3 минг 800 километрлик йўл модернизация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, қарийб 1000 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Ана шундай катта ишларимиз натижасида темир йўлларнинг умумий узунлиги 6 минг 500 километрга етди ва улар республикамизнинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди. 

Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Нукус-Султон Увайстоғ ва Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши мамлакатимизни узоқ истиқболни кўзлаган ҳолда, барқарор ривожлантириш йўлида стратегик аҳамиятга эгадир. 

Япониянинг Халқаро ҳамкорлик банки иштирокида мураккаб табиий ва иқлим шароитларида барпо этилган, денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликда жойлашган тоғ довони орқали ўтадиган 223 километр узунликдаги Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўли моҳият эътибори билан Марказий Осиёда ўхшаши бўлмаган ноёб иншоот ҳисобланади. 

Ҳозирги кунда Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўл тармоқларини электрлаштириш борасидаги ишлар ҳам жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. 

Янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши мамлакатимизнинг шимолий ва жанубий минтақаларининг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, минерал ресурслар, нефть ва газ, рангли металлар, қурилиш материаллари ва бошқа қимматбаҳо фойдали қазилмаларнинг бой конларини комплекс ўзлаштириш учун, ҳеч шубҳасиз, катта имкониятлар очади. Бу эса ўз навбатида янги иш ўринларини шакллантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларимизнинг даромадлари ва моддий фаровонлигини ошириш учун шароит яратишга қандай муҳим ҳисса қўшишини, ўйлайманки, изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. 

Биз транспорт коммуникация соҳасидаги яна бир йирик иншоот, яъни, 19 километрлик темир йўл тоннелини ўз ичига оладиган Ангрен-Поп йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғини хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда барпо этишга катта истиқболга эга бўлган муҳим лойиҳа сифатида қарамоқдамиз. 

Ушбу темир йўл тармоғининг 2016 йил июль ойида ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг марказий қисми билан ишончли тарзда боғлашга имкон яратади, республикамизнинг бутун ҳудуди бўйлаб ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш борасидаги ишларни якунига етказади, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади. 

Транспорт хизматларининг даражаси ва сифатини оширишда темир йўл паркининг ҳаракатланадиган таркибини энг замонавий, юксак самарали локомотивлар ва ҳар томонлама қулай вагонлар билан янгилаш бўйича ишлар ўта муҳим аҳамият касб этади. Фақатгина сўнгги ўн йилда 38 та замонавий электровоз ва 10 та йўловчи ташиш тепловози сотиб олинди, 150 та локомотив модернизация қилинди. 

Испаниянинг “Талго” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, замонавий, юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” электропоезди Ўзбекистоннинг ғурур-ифтихори ҳисобланади. Шуни айтиш жоизки, бундай поездлар дунёнинг атиги саккизта мамлакатида мавжуд. Бугунги кунда ушбу поезд ҳар куни Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича 344 километрлик масофани бор-йўғи икки соатда босиб ўтмоқда. Бу эса одамларимизнинг ана шу транспорт турига бўлган муносабати ва қарашларини тубдан ўзгартирмоқда. 

Юртимизда 11 та янги темир йўл вокзали барпо этилиши ва 7 та вокзалнинг реконструкция қилиниши натижасида улар бутунлай янгича қиёфа касб этди. Мазкур вокзаллар йўловчиларга энг юқори халқаро стандарт ва талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланганини қайд этиш лозим. 

Ўтган йиллар мобайнида темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш ва тегишли инфратузилмаларни ободонлаштиришга 6 миллиард доллардан ортиқ капитал қўйилмалар, жумладан, 1,8 миллиард долларлик хорижий инвестициялар йўналтирилди. 

Компаниянинг йўл хўжалиги, “Ўзтемирйўлйўловчи” очиқ акциядорлик жамияти йўловчилар ташиш бўлинмаси ва “Ўзтемирйўлконтейнер” юк ташиш тузилмаси, шунингдек, қурилиш ташкилотлари ва бошқа таркибий қисмлари мамлакатимиз темир йўл тизимини ривожлантириш ва унинг самарали фаолият кўрсатишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. 

Компания ташкил этилган кундан буён юк ташишлар 1,5 баробар, йўловчи ташиш эса 1,3 баробар кўпайгани, темир йўллар орқали 1 миллиард 400 миллион тонна юк ташилгани ва 350 миллион йўловчи ўз манзилига етказилгани унинг салоҳияти ва имкониятлари тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради. 

Бугунги кунда темир йўл тармоғининг жадал ривожланаётган, юксак технологияларга асосланган Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи, Қуюв-механика заводи, “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси каби саноат корхоналари ҳақли равишда компаниянинг байроқдорлари ва ифтихори ҳисобланади. Улар Европа мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея давлатлари ва бошқа етакчи хорижий компанияларнинг замонавий асбоб-ускуналари ва янги авлод технологик тармоқлари билан жиҳозлангани айниқса эътиборлидир. 

Мазкур корхоналарда локомотив ва йўловчи вагонларини таъмирлаш, модернизация қилиш ва қайта жиҳозлашдан ташқари, қисқа вақт ичида ўзимизнинг вагонсозлик саноатимизга муваффақиятли асос солинди ва бу ерда 2,5 мингта юк ва 150 та янги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилди, 735 та йўловчи вагонлари модернизация қилинди. 
Ўз таркибида юқори малакали 70 минг нафар инженер-техник ходимлар ва мутахассисларни, йўлсозлар, машинистлар, саноат ва қурилиш корхоналари, ижтимоий инфратузилма объектларининг ишчи ва хизматчиларини бирлаштирган аҳил меҳнат жамоаси компаниянинг бебаҳо бойлиги, олтин фонди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, билим ва тажрибангиз халқимиз орасида юксак обрў-эътиборга эга бўлиб, ҳар томонлама ҳурмат ва эҳтиромга муносибдир. 

Барчамизга аёнки, компаниянинг, бутун темирйўл тармоғининг келажаги аввало соҳага замонавий билимга эга, илғор технологияларни пухта ўзлаштирган, ўз касбига содиқ, Ватанимизга фарзандлик меҳри билан яшайдиган ёш мутахассис ва ишчиларни кенг жалб этиш билан бевосита боғлиқдир. Юртимиздаги олтита касб-ҳунар коллежи ва Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини ҳар йили уч мингдан зиёд ёш мутахассислар аниқ касб йўналиши бўйича битириб чиқиб, ҳаётга йўлланма олаётгани мамлакатимиз темирйўл транспортининг келгуси тараққиёти учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда темирйўлчилик касби мамлакатимизда ёшлар ўртасида қизиқиш ва талаб энг катта бўлган, шарафли касбга айланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.  

Азиз дўстлар! 

Сизларни бугунги қутлуғ айём билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, фидокорона меҳнатингиз, Ватанимиз равнақи ва фаровонлигига қўшаётган муносиб ҳиссангиз учун самимий миннатдорлик билдириб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман. Сизларга ва оилаларингизга тинчлик, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, эзгу ишларингизда янги-янги муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман. 

Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти 


DB query error.
Please try later.