Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
04.11.2014

СЎЗ — ҚУРУЛТОЙ ДЕЛЕГАТЛАРИГА

Назира МАТЯКУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Сайловдан-сайловгача бўлган даврда фрак­ция­миз фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, фракция қонунлар лойиҳаларида партия­миз электорати манфаатларини ифода этиш, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларда парламент назоратини кучайтириш борасида қатор ташаббусларни илгари сургани, амалий ишларни бажарганига иқрор бўламиз.

Аввало, шуни айтиш керакки, қонунлар лойиҳаларини партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилиш ва таклифлар тайёрлаш бўйича ўзига хос механизм яратилди. Биз учун муҳим ва принципиал аҳамиятга эга бўлган қонунлар лойиҳалари юзасидан ҳудудий пар­тия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари иштирокида муҳокамалар ўтказиш йўлга қўйилди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида фракциямизнинг позициясини ишлаб чиқиш амалиёти шакллантирилди. Натижада қатор қонунларда партиямиз электорати манфаатларининг кафолати таъминланди.

Мисол учун, Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутадиган қонун лойиҳасига фракциямиз томонидан муқобил қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент муҳокамасига киритилди. Қатор принципиал масалалар меҳнат қонунчилигида ўз ифодасини топишига эришилди.

Фракциямиз фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши ижтимоий ҳи­моя масалаларида парламент назоратини кучайтиришдан иборат бўлмоқда. Жумладан, ҳар йили мунтазам равишда фракциямиз ташаббуси билан Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича парламент эшитувлари ўтказиляпти. Бунинг натижасида дастур ижросидаги камчиликларни вақтида бартараф этиш ва дастурни такомиллаштириб боришга эришиляпти. Масалан, дас­турга касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича алоҳида банд киритилди, чет элдан қайтадиган фуқаролар бандлигини таъминлашга қаратилган алоҳида чора-тадбирлар белгиланди, дастурнинг иқтисодий асослари мустаҳкамланди.

Бироқ тан олишимиз керак, фаолиятимизда суст­кашликларга ҳам йўл қўйилди. Айрим қонун ло­йиҳалари бўйича таҳлилий таклифлар тайёрлашда фаоллик етишмади. Аҳоли, айниқса, партиямиз электоратини ўйлантираётган масалалар бўйича парламент назоратини кучайтириш масаласи эътиборимиздан четда қолган пайт­лар бўлди.

Жорий йилги сайловдан кейин сиёсий партиялар фракциялари, умуман, парламент бутунлай янгича демократик шароитда иш бошлайди. Партиямиз бунга ҳар томонлама тайёр бўлиши керак. Қурултойда бу масалаларни чуқур таҳлил қилишимиз, керакли хулосаларни чиқариб олишимиз лозим бў­лади.

Акрам ИНОМОВ, Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби:

Сиёсий партиянинг Сайловолди дастури ижросини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари муҳим ўрин тутади. Шу боис қурултойда жойлардаги партия гуруҳлари фаолияти яна бир бор чуқур таҳлил этилади, деб ўйлайман.

Ўтган сайловда ЎзХДП­дан халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига 14, туман ва шаҳар Кенгашларига 126 нафар депутат сайланган эди. Ўтган давр мобайнида партия гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида 21 масала муҳокама этилди. Энг муҳими, уларнинг 16 таси партиянинг 2011-2014 йилларга мўл­жаллаган Ҳаракат дас­турида кўзда тутилган вазифалар ижроси билан боғлиқ. Шунингдек, депутатлар томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига 400 га яқин сўров юборилди. Уларнинг асосий қис­ми ижобий ҳал этилди.

Тўғри, юқоридаги рақамлар амалий ишларимиз борлиги, ҳудудлардаги долзарб масалалар ечими юзасидан мустаҳкам позицияга эга эканимизни кўрсатиб турибди. Бироқ, сессияларда қабул қилинаётган қарорлар қай даражада ижро этилаётганига жиддий эътибор қаратишимиз керак. Халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгашларидаги пар­тия гуруҳлари сессияга киритилган масалалар ижросини тўлақонли таъминлашга эришса, бундан, энг аввало, партиямиз электорати манфаатдор бўлади.

Қурултойда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари қарорлари ижросини таъминлашнинг янги ва самарали механизмлари ҳақида ўз таклифларимни билдирмоқчиман.

Саида ЖЎРАЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари:

— Биз сайлов жараёнида иштирок этар эканмиз, аввало, ўтган сайловлардан ҳозирги кунга қадар олиб борган амалий ишларимизни, партиямиз Сайловолди дастури ижроси қай даражада таъминланганини танқидий таҳлил этишимиз зарур. Чунки сайловчи партиямиз ғоя ва дастурлари ҳаётда нечоғлик ўз аксини топганига қараб, депутатликка номзодларимизни қўл­лаб-қувватлайди.

2011 йилда партиямиз ўзининг Сайловолди дастурини изчил ижро этиш мақсадида Ҳаракат дастурини тасдиқлади. Бунда партия ташкилотлари ва депутатларнинг вазифалари ҳар бир ҳудуд кесимида аниқ белгиланди. Масалан, бир ҳу­дудда ичимлик суви масаласи муҳим, бошқа бирида аҳолини иш билан таъминлаш долзарброқ, баъзи жойларда эса одамларни кўпроқ тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масаласи ўйлантиради. Шуни инобатга олган ҳолда, Ҳаракат дастурида ҳудудлардаги долзарб масалаларга урғу берилди. Ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, айтиш керакки, Ҳаракат дастури пар­тия Сайловолди дастури ижросига қаратилган энг муҳим ҳужжат ва ўзига хос механизм бўлиб хизмат қилди.

Биргина Бухоро вилоятида дас­тур ижроси бўйича 50 га яқин масала партиямиз гуруҳлари томонидан доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига автотранспорт ва пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашига мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини яхшилаш, халқ депутатлари Қоракўл туман Кенгаши сессиясига маҳаллий хомашё ҳисобидан янги иш ўринлари яратиш тўғрисидаги масалалар олиб чиқилди.

Бироқ, айрим туманлардаги партия ташкилотлари, депутатлар ўз кучини электорат манфаатини ҳимоя қилишга йўналтира олмаяпти, Ҳаракат дастурида белгиланган вазифага етарли масъулият билан қаралмаяпти. Бу эса Сайловолди дас­тури ижросига таъсир қиляпти. Партиямизнинг айрим вилоят ва туман кенгашлари, депутатлик гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муқобил дас­турлар таклиф этишни изчил йўлга қўя олмаётганини ҳам очиқ тан олишимиз керак. Шундан келиб чиқиб, қурултойда ишимизга танқидий нуқтаи назардан ёндашиб, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишимиз керак, деб ўй­лайман. 

Камолиддин АКРОМОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар, Олмазор туман кенгаши раиси:

— Ўтган давр мобайнида партиямиз ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда катта тажриба тўплади. Хусусан, аҳоли орасида учраётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, электоратимиз вакилларига ҳуқуқий маслаҳат кўмаги кўрсатиш масалаларига бошланғич ташкилотлар, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари, депутатларимиз эътибори янада кучайди. Бу борада партия кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Биргина бизнинг туман мисолида оладиган бўлсак, ўтган беш йилда Жамоатчилик қабулхонамизга 500 дан ортиқ мурожаат бўлди. Уларнинг аксариятида кўтарилган ижтимоий масалалар ижобий ечим топди.

Одамларнинг мурожаатини ўрганиш, уларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига партиямиздан сайланган депутатлар фаол иштирок этмоқда. Жамоатчилик қабулхоналари ҳузуридаги ҳуқуқий маслаҳатхоналар фуқаролар саволларига малакали жавоб берилишига, айни чоғда ҳуқуқий билимини оширишга хизмат қилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кўп ҳолларда Жамоатчилик қабулхонаси фаолиятининг асосий мақсади мурожаат қилиб келган одамнинг муаммосини индивидуал ҳал қилиб беришдан иборат бўлиб қолмоқда. Аслида эса бу тузилма электорат муаммоларини таҳлил қилиб, хулоса чиқариладиган, уларни қонун, ижро ҳокимияти органлари қарорлари даражасида ҳал этиш бўйича асосли таклифлар тайёрланадиган марказларга айланиши керак, деб ўйлайман. Бу ме­нинг шахсий фикрим, албатта. Қурултойда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ойтўла АБДУРАИМОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзоси, «Истиқбол» ёшлар қаноти Самарқанд вилоят бўлими етакчиси:

— Биз ёшлар сайлов мамлакатимиз ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга эканини яхши тушунамиз. Шу боис ҳам бу жараёнда фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпмиз. Зеро сайланадиган депутатларимиз салоҳияти эртанги ҳаётимиз қандай бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Биз эса ўз тақдиримизга бефарқ эмасмиз.

Шунинг учун ҳам биринчи нав­батда тенгдошларимизга сайловлар тобора ривожланиб бораётган миллий қонунчилигимиз, дунёда эътироф этилган халқ­аро принциплар асосида бўлаётганини кенг тарғиб қилишимиз зарур. Ҳар бир йигит-қиз сайловда ўз фуқаролик бурчини муносиб адо этишини таъминлашимиз керак.

Маълумотларга кўра, вилоят ёшларининг 74 минг нафарга яқини сайловларда биринчи бор иштирок этади. Улар орасида «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан «Бўлажак депутат», «Менинг биринчи сайловим» лойиҳалари доирасида тарғибот ишлари қизғин кечмоқда. Айни пайтда Самарқанд вилояти бўйича барча маҳаллий Кенгашларга партиямиздан номзодлар кўрсатиб бўлинди. Уларнинг 21,2 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Бу бугунги ёшлар давлат ва жамият ишларида фаол иштирок этишга интилаётганини кўрсатади. Ёш номзодларимиз рақиблари кимлар бўлишидан қатъи назар, ҳалол курашиб, енгиб чиқишга қарор қи­лишган.

Бу борада партия ташкилотлари зиммасида муҳим вазифалар турибди. Биз партиямиздан кўрсатилган номзодларнинг дас­турлари ҳамда партиянинг VIII қурултойида қабул қилинадиган Сайловолди дастурини аҳо­лига кенг тушунтириш, пар­тиямиз ғояларининг афзаллигига сайловчиларни ишонтириш учун астойдил ҳаракат қилишимиз керак.

Вера ПАК, Хоразм вилояти, Хива туманидаги 20-Меҳрибонлик уйи директори, Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП аъзоси:

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил этилганидан буён унинг аъзосиман. Ўтган давр мобайнида партия­миз қатор синовлардан ўтди, ўзига хос тажриба тўплади. Бу тажриба сай­ловда муваффақиятли қатнашишимизни таъминлайди, деб ўйлайман.

Мен дунёда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларни мунтазам кузатиб, уларни таҳлил қи­либ бораман. Хулосам шуки, мамлакат тараққиё­ти, халқ фаровонлигини таъминлашда сиёсий пар­­тия­ларнинг фаоллиги муҳим ўрин тутади. Эътибор берсангиз, қайси давлатда сиёсий партиялар турли хил енгил-елпи сиёсий ўйинлар билан овора бўлса, ўша ерда ижтимоий барқарорликка, аҳоли фаровонлигига путур етяп­ти. Аксинча, қайси мамлакатда сиёсий пар­тиялар одамларнинг хоҳиш-истагини, кўнглини билиб ҳаракат қилаётган бўлса, масъулиятни чуқур ҳис этса, ўша ерда муаммолар тез ҳал бўляпти, тараққиёт олға қадам таш­лаяпти.

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзолари Хоразм вилоятида 31 минг нафардан ошди, мамлакатимиз бў­йича эса 400 минг нафарга яқинлашиб қолди. Бу катта куч, катта имкониятдир.

Тўғри, сайловдан-сайловгача бўлган даврда партиямиз кўплаб ташаббуслар билан чиқди. Электорат манфаатларини ҳимоя қиладиган лойиҳаларни амалга оширди.

Бироқ бугун дунёда бўлаётган воқеалардан, ҳаёт талабидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўл­сак, партиямиз фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш керак бўлади. Қурултойда бу масалага алоҳида эътибор қаратилади, деб умид қиламан.

Санам ЖУМАМУРАТОВА, ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ватанимизнинг эртанги куни билан бевосита боғлиқ бу долзарб масалалар пар­тиямиз Дастурида ҳам ўз ифодасини топган.

Партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, бу борада пар­тия дас­турий мақсадларини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, «Мустаҳкам оила — жамият таянчи», «Соғлом авлод  — соғлом оилада камол топади», «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» каби лойи­ҳалар амалга оширилиши натижасида нафақат сафимизда хотин-қизлар кўпайиб боряпти, балки уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳам ортаяпти.

Демак, биз хотин-қизлар ташаббусларини қўл­лаб-қувватлаш ва амалга оширишга ёрдам берадиган лойиҳаларимизни кўпайтиришимиз керак.

Тўғри, аёллар бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий-сиёсий билимини оширишга йўналтирилган тадбирларимиз кўпчиликка маъқул келди. Лекин тадбирларимиздан мақсад маъруза ўқишдан иборат бўлмаслиги керак. Хотин-қизлар билан эркин суҳбатлар, учрашувлар ўтказилганда, уларни ўйлантираётган масалаларни кўпроқ аниқлаш имкони бўлади.

Бу борада табиийки, бизнинг асосий кучимиз вакиллик ҳокимиятидаги депутатларимиздир. Шу вақтга қадар партиямиздан Қорақалпоғистон Республика Жўқорғи Кенгесига ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган 33 нафар хотин-қиз депутатлар жойларда аёллар манфаати билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериб келмоқда. Бизнинг бугунги кунда энг муҳим вазифамиз партиямиздан депутатликка номзоди кўр­сатилган хотин-қизларни фаол қўллаб-қувватлашдир.

Саид ЁРБЕКОВ, Сирдарё Иссиқлик электр станциясидаги ЎзХДП бошлан­ғич ташкилоти етакчиси:

Бошланғич ташкилот сиёсий партиянинг пойдевори ҳисобланади. Шу боис қурултойда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини самарали таш­­кил этиш, электорат манфаатларини ҳимоя қи­лиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида уларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайман.

Чунки партияни одамлар билан боғлаб турадиган бош бўғин бош­лан­ғич ташкилот саналади. Ҳозирги кунда корхонамизда партиямизнинг 500 нафардан ортиқ аъзоси бор. Уларнинг ҳар бири қурултойдан кўп нарса кутишаяпти. Айниқса, бошланғич партия ташкилотлари ваколатларини кенгайтириш, уларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш, электорат манфаатларига доир масалалар юзасидан юқори партия ташкилотларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш механизмини такомиллаштириш, фаол бош­лан­ғич ташкилотлар тажрибасини оммалаштириш, уларнинг етакчиларини рағбатлантириш масалалари устида ўйлаб кўриш керак.

Бошланғич ташкилотга бош бўғин сифатида янада кўпроқ эътибор қаратилса, партиянинг пойдевори шунчалик мус­таҳкамланади, бошланғич ташкилот партиянинг ҳақиқий таянчига айланади.



DB query error.
Please try later.